Сел йўли


Сақлаш
20:43 / 08.09.2021 971 0

Болалигимиздаўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошидаги бир кўклам жуда бесаранжом келган эди. Аниқ эсимда, бир кун завол пайти осмоннинг турқи ниҳоятда хунуклашиб кетди. Бутун кўкни қалин, қўрғошиндай оғир қора булутлар қоплаб, нурсиз осмон қатларидан бўғиқ, ваҳимали момақалдироқ овози кетма-кет янграй бошлади. Ҳали у, ҳали бу томондан чақмоқ, яшин ялтираб, аввал бошимизга бир-икки тарсиллаб тушган йирик совуқ томчилар бирданига жалага айланиб кетди. Бизроса соғинган баҳорги ўйинларимизни эндигина бошлаган болалар бу ҳолни аввал қизиқиб, атроф жавонибдаги ўзгаришларни бир-биримизга суюнчилаб кўрсатиб томоша қилган бўлсак, жала кучайиб, кўчаларни бўтана сел суви катта шиддат билан тўлдира бошлагач, ҳаммамиз уй-уйимизга чопиб қочишга тушдик. Уйдаги катталар ҳам хоналардан ташқарига отилишиб, осмоннинг хунук алфозига чўчиб боққанчаЛа илаҳо иллаллоҳдея, бизни баланд, усти ёпиқ сўриларга чиқиб олишга амр этишди. Ортимиздан ўзлари ҳам шу ердан жой олишиб, эгниларидаги қалинроқ кийимларини ечиб, елкамизга ташлашди. Жала шу даражада кучли ёғардики, ҳеч қанча ўтмай ҳовлимиз тизза бўйи сувга тўлди ва у дақиқа сайин кўтарила бошлади. Шунда дадам (Аллоҳ у кишини раҳматига олган бўлсин!) шимининг почаларини баланд шимариб сўридан пастга тушди. Омборхонадан йўғон лўм олиб чиқиб, ҳовлининг кўчага қараган девори пастини тандирнинг оғзидек қилиб бузиб ташлади. Ҳовлига тўлаётган сув ҳам кўчада жуда қаттиқ шиддат-ла оқаётган лойранг сел йўлига қўшилди

Умримда биринчи бор кўрганим бу селнинг чинакам талофатини эртасигау тинчиганидан кейингина ҳис қилдик. Кўчамизнинг қуйидан каттагина анҳорХўтанариқ оқиб ўтар эди. Ҳаммани лол қолдирган манзара шу бўлдики, кечаги кучли сел суви анҳор ўзанига бурилмай, тепадан қандай шиддат билан тушган бўлса, шу алфозда анҳорнинг нариги қирғоғида жойлашган ҳовлиларнинг хом ғишт ва пахсадан тикланган деворига урилган, уларнинг аксариятини қулатиб ташлаганди. Одамларнинг ҳовлилари бел баробар қора балчиққа тўлган, кетмонлаб чопиб олинаётган балчиқ бетида эса шаҳар тепасидаги адирларнинг сел сувида оқиб келган, кетмон тиғидан иккига бўлинган илону чаёнлари, каламуш ва юмронқозиқлари, яна ҳар турли жониворларининг қонталаш ўлиги кўринар эди

Ўша манзарани биз болалар билан бирга кузатган дадам айтган гаплар хотирамда бир умр муҳрланиб қолган: “Бошбошдоқ селнинг ўзининг шиддати, одам боласи йўлга сололмайдиган ёмон кучи бўлади. Унинг бўтана суви ариқнинг ҳам, анҳорнинг ҳам сувига қўшилмай, йўлида учраганки нарсани оқизиб, яксон қилишга тушади. Халқ “Сув балосидан асра” деганда худди шу сел сувини эслаб айтади…”     

Бугун аксарият инсон зотини ўзига жалб қилиб олган ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, у ерларда соат эмас, дақиқа эмас, сония ичида кетма-кет пайдо бўладиган гоҳ хуш, гоҳ нохуш хабарлар, фото ва видео шаклидаги манзаралар, юзминглаб тур кайфиятлар беихтиёр ёдимга ўша – болалигимда кўрганим сел шиддатини солаверади. Агар бир-икки мутахассис алоҳида ўрганиб билмаса, ўша вайронкор селга сабаб бўлган булутлар қай ерлардан йиғилиб келганини оломон билмаганидек, бу тармоқлардаги қай бир хабар қаердан келаётганини, уни ким ёзаётгани, суратга олаётгани, оммага тарқатишдан асл мақсад-муддаоси не эканини, бу хизмати учун ким томонидан қанча рағбатлантирилаётганини ҳатто унча-мунча мутахассис ҳам тагига етолмайдиган ҳолат вужудга келгани – аччиқ ҳақиқатдир. Мана шу – турли сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, мафкуравий, маънавий ҳамда маданий манфаатларни кўзлаб пешма-пеш тайёрланаётган, тарқатилаётган, бир мамлакат ёхуд миллат боши устида тўдалаштирилаётган ахборот булутлари омма онгу шуурига худди сел ёмғири янглиғ ёғдириляпти. (Дарвоқе, замонавий ахборот технологиялари тилида катта ҳажмли (ўртача 15 гигабайт) ахборот сиғими инглизчада “сloud”, русчада “облоко”, ўзбекчада бўлса “булут” деб номланади!)  

Энг хатарли жиҳати шундаки, мазкур фаолиятга дунёнинг энг ақлли, узоқни кўра биладиган, тажрибали психологлари, социологлари, сиёсатдонлари, сиёсий технологияларнинг пирлари ҳам катта-катта моддий рағбат эвазига жалб этилмоқда. Дуёнинг қай бир ҳудудига, минтақаси ёхуд мамлакатига айнан бугун қай мазмундаги хабарларни кўпроқ тарқатиш лозим, улар қай тарзда ва мазмунда шакллантирилса, омма эътиборини тезроқ ва кўпроқ тортади, унинг руҳиятига кучлироқ таъсир кўрсатади… деган масалалар ўша мутахассислар томонидан обдон ҳисобга олинади. Тарқатилган хабарнинг яна-да оммалашувига эса уни тарқатганларнинг ҳамтовоқлари хабар ёйилган мамлакатдаги одамлар исмига мос турли тахаллуслар билан кетма-кет “ёлқинли” комментлар – “шахсий фикрлар” ёзишадики, бу сердаромад касбнинг ҳозирги номи “тролл”ик аталади. Минг таассуфки, бу шонсиз ва орсиз ишни ўзига касб қилиб олган, шунинг ортидан бола-чақа боқаётган кимсалар орасида ўз юртдошларимиз, миллатдошларимиз ҳам анча-мунча топилади…

Агар бугун Ироқ, Сурия, Яман сингари, яқин-яқинларда ҳам дунёвий ва руҳоний маданиятнинг йирик ўчоқлари, аҳли илмни ўзига тортган марказлари бўлган юртлар мисли кўрилмаган фожиалар гирдобига туширилган, Афғонистондаги биродаркушлик уруши, мана, қирқ йилдан буён тинчимай алангаланиб ётган бўлса, бу аянчли ҳолатларнинг таг заминида айни шу фаолият – Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали халқнинг оломонга айлантирилаётгани, бир миллат, бир дин эгаларининг бир-бирига ёв турли гуруҳларга бўлиб ташланганидек кирдикорлар ётибди.

Ёдингизда бўлса, биз эслаган юртлардаги бу фоже ишлар аввалбошда “демократияни жорий этиш”, “инсон ҳуқуқларини тиклаш ва мустаҳкамлаш”, “халқ ҳокимиятини ўрнатиш” деган, аслида эзгу ниятлар номи билан аталган эди. Энди бугун холис, виждонни ўртага қўйиб ўзимизга ва бу ишларнинг бошида турган, биз ҳеч қачон юзма-юз бўлолмайдиганимиз кимсаларга савол берайлик:

Кўзланган гўё эзгу мақсадларнинг, ўртага ташланган “ёниқ даъватлар”нинг рўёби қани?

Хоҳлаган одам истаган кишини қатл этиши – демократиями?

“Ҳаммасини Худойимга айтиб бераман!” дея мурғак жони таслим бўлган болажоннинг оддийгина яшаш ҳуқуқини бу тўлотўм ичида ким, не йўл билан ҳимоя қила олди?

Халқ ҳокимияти дегани бугун кўраётганимиз ҳокимиятсизлик, бош-бошдоқлик, анархияни англатадими?

Миллионлаб фуқаролари дунё бўйлаб қочқин ҳолида дарбадар кезаётган бу халқлар берган қурбонлар, моддий ва маънавий йўқотишлар бадалини энди ким тўлайди?

Охир-оқибат, Иккинчи жаҳон уруши айбдорлари, Болқон (Югославия) уруши жиноятчилари устидан ўтказилганидек халқаро судлар араб ерларида вужудга келтирилган бу хунрезликларнинг чинакам айбдорлари устидан ҳам бўладими? Бу ҳақда кимдир, бирор бир халқаро ташкилот жиддий бош қотирадиган кун қачон келади? Умуман, келадими ўзи?..

Энди суҳбатимизнинг бирмунча чўзилиб кетган бу муқаддимасидан асл муддаога ўтайлик.

Кейинги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва ахборотдан тўсиқсиз баҳраманд бўлиш борасида вужудга келтирилган эркинлик йиллар давомида йиғилиб қолган кўплаб муаммоларнинг ошкор бўлиши, уларнинг бир қисми тезкор ижобий ечим топиши, умуман, аҳолининг ўз дарду ташвишларини бошқаларга эмин-эркин баён қилишидек ижобий муҳитни яратганини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро, яширилган дард ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаслиги эскидан маълум гап.

Бироқ ҳамма гап – ўша эркинликдан ким не мақсадда фойдаланаётганига, уни нималарга ишлатаётганига бориб тақалмоқдаки, бизнингча, бу масалада бутун жамият, айниқса, бошқарув аппарати жиддий бош қотириши талаб этилади.

Ёдингизда бўлса, ҳали истиқлолдан аввалроқ (1991 йил 14 июнда) юртимизда фуқароларнинг диний эркинлиги, эътиқод ҳурлигини таъминлаш мақсадида алоҳида қонун қабул қилиниб, бу йўналишда ғоят демократик, эзгу ҳаракат бошланган эди. Мазкур сиёсий ирода кўплаб инсонларда шукроналик ҳиссини уйғотган бўлса, бир қисм кимсалар бу ҳолни ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга ошириш имкони, деб билишди. Республиканинг бутун ҳудудида ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетган катта-кичик янги масжидларга, диний саводи бор мутахассислар етишмаганидан, ичимиздан чиққан кўрқорилардан тортиб, хориждан “холис хизмат” учун келган кишилар имомлик қила бошлашди. Ҳатто даҳрий шўролар замонида ҳам битта масжидда ёнма-ён намоз ўқиган, ягона мазҳаб остида бирлашган мусулмон халқимиз “янги масжид”ларда гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона янграйдиган “таъсирчан” даъватлар туфайли бир-бирига ола қарайдиган, “бу масалада менинг имомим ҳақ!” дейдиган аҳволга тушишди. Ундан кейинги воқеалар – гоҳ водийда, гоҳ пойтахтда, гоҳида эса воҳа вилоятларида юз берган террорчилик ҳаракатлари ва уларнинг оқибатларидан ҳурматли ўқувчиларимиз яхши хабардор.

Худди шу туфайли ҳам бугун кузатаётганимиз – ижтимоий тармоқлардаги тобора кучайиб, ғовлаб бораётган экстремистик даъватлар, ҳамма нарсани инкор этиш, ахлатбозлик, оғзи шалоқлик, ғийбат, уятсизлик тарзида намоён бўлаётган оломончилик ҳолати ҳам сиз билан бизни бефарқ қолдириши мумкин эмас.

Тармоқлардаги гап-сўзларга астойдил, синчков назар солайлик. Аксарият ҳолда ҳамма нарсадан ва ҳаммадан норозилик, улардан недир айб, қусур топишга, жуда топилмаса, қандайдир шубҳа ташлаб қўйишга иштиёқмандлик. У ёхуд бу воқеа сабаби ва оқибатини озгина ўйлаб, таҳлилдан ўтказмай турибоқ инкор қилишга ошиқиш. Фикр билдирилаётган, ҳақорат қилинаётган, лаънатланаётган кишилар ҳам конституциявий ҳуқуққа эга фуқаролар, қай бир оиланинг ё бошлиғи, ё оддий аъзоси экани, уларнинг-да инсоний ғурури ва шаъни бор эканлиги бояги – гўё “сўз эркинлигидан” фойдаланаётган, ўзича “жабрдийда” алфозига кириб олган кимсалар учун чикора. Бу оғзи ботир кишилар икки гапининг бирига халқ, миллат, мамлакат тақдири деган муқаддас тушунчаларни қўшишни унутмайдилар, гўё бутун фикри ва боягидай зикрлари ўшалар қайғусида эканига очиқ шаъма ҳам қиладилар. Бошқа томондан эса, куни кеча “уйида свети йўқ, гази йўқ, егани нони йўқ халқ” қайғусида “мардона бонг урган” бу кишилар бугун Фейсбук (ўзларининг тилидаги “Файзли боғ”)да  энг қиммат емакхоналардаги текин дастурхон устида еган-ичганигача кўрсатилган расмлар билан мақтанишдан зарра ҳижолат бўлмайдилар…

Саводи ҳаминқадар бу кимсалар бошқаларга ўхшаб камида тўрт йил ўқиб жуналист бўлишни замондан орқада қолиш, мутлақо шарт бўлмаган оворагарчилик деб билишса керакки, бир юмалаб ўзларига “блогер” деган ном қўйиб олишган. Уларнинг назарида, блогердан ҳамма – маҳалла фуқаролар йиғини раисидан бошлаб вилоят ҳокимигача қўрқиб, чўчиб туриши, унинг ҳар қандай талабига “лаббай” деб жавоб бериши, шунда ҳам у хоҳлаган тарзда гапириши лозим. Бўлмаса, ўша куни, (нима деяпсиз?!) ўша заҳотиёқ бу мутасадди бутун юртга шарманда қилинади (Альберт Эйнштейн “Билишни ҳамма нодон ҳам эплаши мумкин. Энг асосийси тушунишда” деганида қанчалар ҳақ бўлган!.   

Агар булар ўзимизнинг – “ички кадр”лар ижросида кўрилаётган ажабтовур томошалар бўлса, боя айтилганидек, аслида ташқарида, исм ёхуд тахаллусни бизникига мослаб танлаб олган кишилар қилмишлари хавфлилик жиҳатидан буларникидан ошиб тушади.

Улар ижтимоий тармоқларга қўйиб тарқатаётган хабарлар, ёзаётганлари комментлари орасида юртимиз кишиларининг фақат иқтисодий, ижтимоий ҳаётигагина эмас, балки миллий, диний, инсоний ҳис-туйғуларига кучли, кутилмаган тарзда дахл қилувчи, уларни мувозанатдан чиқаришга қаратилганлари кун сайин кўпаймоқда, тобора кучаймоқда. Муқаддас динларни ревизия қилиш, у ёхуд бу муаммога бирор бир диний таълимотга алоқаси бўлмаган талқинлар орқали “ечим таклиф этиш”, “фатво эълон қилиш”, диний конфессиялар орасида сунъий ихтилофлар келтириб чиқариш – бу кимсалар, махсус уюштирилган гуруҳлар фаолиятининг асосий мазмуни ва мақсадини ташкил этяпти.

Ўзбек миллати манфаатларининг “ҳимоячиси” ролини ўзига ўзлаштириб олган бошқа бир тўда эса узоқ ва яқин тарихда кечган воқеаларни (уларнинг чин сабаб ва оқибатларини мутлақо билмаганлари ҳолда!) дастак қилиб олиб, бутун бир миллатларни халқимизнинг душмани, деб эълон қилишдан тоймаяптилар…

Бошқа бир томонда эса “дунё моли”га ҳирс қўйган кимсалар нимани еб, нимани ичаётгани, нимани кийиб, нимани ечаётганигача – ҳаммасини намойиш қилиш орқали фарзандларимизни буюмпараст, молпараст, танапараст тўдага айлантириш илинжида ўлиб-тирилмоқдалар. Тана намойиши, ўша иркит танага солинган исқирт суратлар намойиши, ҳайвонникидан-да тубан фаҳш ишлар… – садизм ва мазохизмнинг шу сингари замонавий ҳадди аълоларини сиз билан менинг норасида болаларимиз, ўспирин ўғил-қизларимиз, кечагина келинлик ва куёвлик либосини кийган фарзандларимиз кўрмайди, билмайди, деб ўйлаш оддийгина соддалик эмас, бориб турган гўллик бўлур эди…    

Буларнинг ҳаммаси, минг таассуфлар бўлсинки, бизнинг руҳиятимизда инсоний ва раҳмоний эмас, балки шайтоний майлларнинг илдиз отишига, иймон-эътиқоднинг мўртлашувига, умумжамият миқёсида эса оломон психологиясининг кучайиб боришига олиб келиши тайин. Бу – шахс психологиясидан кескин фарқ қилувчи, ўз номи билан оломон – тўда психологиясидир. Унга эса, биринчи навбатда, томошага ўчлик, томошаталаблик иштиёқи хосдир. Ўзимизга, бугунги аҳволи руҳиямизга тик қараб, мана бу саволларга виждонан жавоб берайлик: эрталаб ижтимоий тармоқларга нима учун киряпмиз? Нега бунчалар ошиғич интиляпмиз унга? Ҳали юзни ҳам ювмасдан, нонушта ҳам қилмасдан излаганимиз нима ўзи?

Очиқ ва тўғри жавоб, тан оламизми-йўқми, мана бу: жуда кўпчилигимиз ушбу тармоқларга томоша учун киряпмиз. Ухлаб тургунимизга қадар дунёда не фалокат бўлгани, қайси кутилмаган ҳодисадан ҳаммадан аввал хабардор бўлиш мумкинлиги, ким нима қовун туширганини кўришдан қуруқ қолмаслик, ҳализамон ишхонада, ўқишхонада, кўчадаги хотинлар, чойхонадаги эркаклар ўртасида “ҳеч нарсадан хабари йўқ – гўл”, ёшлар тилида айтганда – “лох” кўринмаслик учун кирмоқдамиз бу арзон томошахоналарга.

Ва мана шу узлуксиз, худди кўкнорига ўрганиб қолган бангидек ҳамма нарсани унутиб бериладиганимиз машғулот таъсирида бизда психологик истаклар вектори ўзгариб бормоқда. Бир қисм одамларда эса ҳаётий, руҳоний эътиқодлар, дунёқараш, қадриятлар тизими, ҳаёт мазмуни хусусидаги тўхтамлар жиддий деформацияга учраяпти, қалбдаги, иймондаги айниш жараёни яққол намоён бўляпти.

Энг хавфлиси – саноғи анчагина салмоқ касб этиб бораётган одамларда, хусусан, ёшлар ўртасида миллий нигилизм пайдо бўлмоқда. (Нигилизм (лотинча nihil — “ҳеч нарса”, “ҳеч нима”) мавжуд ва умумэътироф этилган қадриятлар, идеаллар, ахлоқ-одаб нормаларини инкор этувчи қарашлар ва уларга асосланган амалиёт шакли; ижтимоий ҳаётда шаклланган, одат тусига кирган ҳар қандай қоида, тамойил ва қонунларни инкор қилувчи нуқтаи назар; ўтмиш даврлардан қолган маънавий қадриятлар ва маданий меросни инкор этиш. Ижтимоий-тарихий тараққиёт инқирозга учраган даврларда, айниқса, кенг ёйилади.)

Ўз халқи, миллатига тааллуқли барча ижобий хислатларни инкор этиш, унинг тарихига нописандлик, бугунги кунидан истеҳзо аралаш кулиш ва эртанги тақдирига бефарқлик ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзлар орасида яққол сезила бошлаган симптомлардир.

“Ўзи аввал ҳам зўр (уларнинг тилида – “гўр”) эмасдик, бугунги ҳолимиздан келажакда ҳам ҳеч бало бўлмаслигимиз аён”, “бизда ҳеч нарса ўзгармайди, ўзгартириб бўлмайди ҳам, ҳамма гап-сўз, ҳаракат хўжакўрсинга”, “бизнинг бошимизда бирор-бир бошқа миллат бўлмаса, ўшалар бизни йўлга солмаса, ўзимизнинг қўлимиздан бало ҳам келмайди”, “хуллас, бу юртдан суриш керак”… қабилидаги “ошкора ҳукмлар”нинг очиқдан-очиқ, ҳеч бир истиҳоласиз изҳор этилаётгани мавжуд воқеликка жуда жиддий ёндашиш, уни чуқур таҳлил этган ҳолда вазиятни ўнглаш ҳақида ўйлаш вақти аллақачон келганини англатади. Чунки воқеликлардан хулоса қилинса, бизнинг ёшлар (ҳатто бир қисм катта ёшдаги одамлар ҳам!) ўзининг халқидан, миллатидан безиб бораётгандек туюляпти. Бу борада вақтни озгина бой бериш ҳам ҳар жиҳатдан жуда катта йўқотишларга сабаб бўлишини чуқур ҳис қилмоғимиз керак.

Боягидек гапларни, ҳукмларни, хулосаю даъватларни кимдир билмасдан, бошқа кимдир эса жуда яхши билиб, онгли, тизимли, режали тарзда амалга оширмоқда. Зеро, омма орасида норозилик кайфиятининг кучайиб боришидан, охир-пировардида у ижтимоий портлашга олиб келишидан манфаатдор кучлар керагидан ортиқ топилади. Тўғриси, агар шундай кайфият бутун жамиятга тарқаб кетса, аҳолининг яна-да кўпроқ қисми руҳиятидан ўрин олса, бизни даҳшатли келажак кутаётганини сезиш ортиқча ақл ва фаросат талаб қилмайди. Агар бунинг олдини вақтида олмасак, бугунги кунларимиз, тушиб қолган аҳволимиз ҳолва бўлиб қолиши-да тайин гап…

Олдиндан тасаввур қилиш мумкинки, бизнинг бу мулоҳазаларимиз, агар улар юқорида айтганимиз ижтимоий тармоқларга қўйиладиган бўлса, кўпдан-кўп “чинакам демократия тарафдорлари”нинг бири-биридан шалақроқ, очиқдан-очиқ ҳақорат оҳангидаги ҳужумлари селига дуч келиши ҳам тайин. Улар ўзларининг “халқ томонида туриб” айтадиган бу иддаоларига реал ҳаётдан кўплаб мисолларни дастак қилиб кўрсатишлари-да аниқ. Ва шу билан улар гўё ўзларининг бошқалардан кўра ҳақроқ ва ҳукм айтишга муносиброқ эканликларини халққа намойиш ҳам қилишади, юзлаб, балки минглаб “лайк” олишга-да эришишади… (Аристотель “Ахлоқий фазилатлар одамнинг ниятида акс этади” дегани бежиз эмас-да.)

Бошқача айтганда, мавжуд вазиятни ақл ва тафаккур билан чуқур таҳлил қилиш, муаммоларни вазминлик ҳамда ўзаро бирдамлик ёрдамида кунма-кун ҳал этиб бориш таклифидан кўра (чунки ҳаёт бор экан, у шиддат-ла давом этар экан, бу муаммолар бирор бир соҳада узил-кесил ҳал бўлишини каромат қилиш – бориб турган хомхаёл!), ҳар қандай мулоҳазани ёппасига инкор этиш – оломон теграсига кўр-кўрона бирлашиш инстинкти бугун ҳар қачонгидан кўра кучайиб бораётгани – аччиқ ҳақиқатдир.

Демак, миллати ва мамлакати, она Ватани тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимиз боягидай кишилар, гуруҳлар, мафкуравий марказлар қўлида бизга қарши дастакка айланадиган ҳар қандай ноқонуний, ноинсоний хатти-ҳаракатдан ўзини тиймоғи, ёмон нафси, фалокатли кибри, инсон шаънини булғайдиган истак ва қарашларидан узил-кесил воз кечмоғи талаб этилади.

Зеро, сиз билан менга онабағирлик қилган (дунёнинг бошқа бирор ерида бизга бундай беминнат бағир йўқ!) жафокаш юртимиздаги ҳар бир инсон ўз вазифасини ҳалол бажарса – деҳқон, ишчи, инженер, олим, ўқитувчи ўз ишини вақтида, сифатли уддаласа; ёзувчи асарини, шоир шеърини виждонан ёзса-ю, қўшиқчи ҳам ўзининг зиёлилар қатламига мансублигини унутмаса; бошқарув идораларида хизмат қилаётганлар ўзининг маоши қабулини кутиб ўтирган адолатталаб халқ меҳнатидан йиғиладиган солиқлардан берилишини чуқур англаб фаолиятини йўлга қўйса… ишонаманки, ортиқча мажлисларга ҳам, минг турли дўқ-пўписа-ю, туну кун устида туриб назорат қилишга ҳам ҳожат қолмайди.

Ҳамма ўз ишини тўғри ва охирига қадар сифатли адо этса, имоним комилки, ўнгланамиз. Зеро, фаррош ўз юмушини тўла бажарар экан, атрофни ахлат босмайди, амалдор тўғри ишлар экан, бошқарув тизимида ҳам ахлат тўпланмайди. Чунки ҳаммаси, ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ.

Ана шу маънода суҳбатимиз аввалида эслаганимиз ҳолатни яна ёдингизга соламиз:

Биз сел йўлига тушиб қолмаслигимиз, бошимизга сел чақирмаслигимиз, миллий манфаатларимизни, миллий хавфсизлигимизни онгли муҳофаза қилмоғимиз лозим!

Мулоҳазаларимизни эса европалик бир файласуфнинг мана бу мазмундаги ибратли гапини келтириш билан якунлаймиз:

“Агар сиз тақдирнинг кафтларида эркаланиб, роҳатда яшаётган бўлсангиз, унутмангки, тақдирнинг ўша кафти ва оёқ бармоқлари орасидаги масофа жуда унчалик узоқ эмас. Агар оёқ бармоқлари орасида яшаётганлар ҳолидан хабардор бўлинмаса – оёқ чирийдиган бўлса, билингки, кафт ҳам, унга қўшилиб сиз ҳам қулайсиз…”.

Раҳмон ҚЎЧҚОР,

адабиётшунос

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//