2020 йил якунида Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларга тўхталиб, 30 июл санасини Халқлар дўстлиги куни сифатида нишонлашни таклиф қилганди.
2021 йил 5 февралда Олий Мажлис Сенати “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. 2021 йил 10 февраль куни ушбу ҳужжат Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланди.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат, жумладан, 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилади. Конституциямизнинг 4-моддасида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиб беради.
Ҳозирги пайтда юртимизда 147 та миллий маданий марказ, шунингдек, 38 та дўстлик жамияти фаолият юритади. Республика давлат таълим муассасаларида дарслар 7 та тилда: ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилида олиб борилади. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилади. Газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилларда чоп қилиняпти.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июндаги қарори билан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилган. Кўкрак нишони билан миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва ОАВ вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланади. Ҳар йили Халқлар дўстлиги кунида топшириладиган мазкур кўкрак нишони билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади.
Маълумот учун, БМТ Бош Aссамблеяси 2011 йили қабул қилган резолюцияда халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш мақсадида 30 июл – Халқаро дўстлик куни (International Day of Friendship) сифатида белгиланган.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ