
“Шамс-қамар” театр-студиясининг “Мартин Иден” романидан илҳомланиб ишланган “Жайдари Мартин” спектакли Америка ҳаёти, турмуш-тарзи, романдаги воқеаларни саҳнага олиб чиқмай, балки ундаги бош қаҳрамон образи(икки актёр ижро этади) ёш ўзбек йигити ва у бошдан кечирган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. У қишлоқдан шаҳарга ёзувчи бўламан деб келиб, амаллаб ўқишга кириб, шартнома пулини тўлаш учун тўрт йилдан бери ғишт қуйиб келаётган ўзимизнинг Жайдари Мартин ҳақида.
Спектакль Хореография академиясининг рақс залларидан бирида намойиш қилинди – залнинг чап тарафи кўзгу билан, зал бўйлаб машғулотлар учун керак бўлган ускуна(станок) билан жиҳозланган. Саҳна кўринишлари бўладиган майдон томошабин учун мўлжалланган 25-30 та ўриндиқ жойлашган сатҳ билан бир чизиқда жойлашган. Стенография саҳна ўртасида жойлашган ҳаракатга келувчи махсус ускуна, бир уюм тупроқ, ускуна ортидаги куб ва ширма, чапроқда ёғоч нарвон, саҳнанинг ўрта икки четида жойлашган хом ғиштлар, Айшвария Рай ва Мерлин Монро суратлари, чап тарафда девор бўйлаб кўзгу, ўнг тарафда деворга илинган кичик кўзгудан иборат. Ундан ташқари саҳна олдидаги икки четда челак, ғиштқолип, дастшўй, обдаста ва сочиқдан иборат. Театр-студияда стенография ва реквизитлар асар бадиий ғоясини етказишда бир бутун бўлиб, реквизитлар олиб ишлатилмагунча ва ишлатиб бўлингандан кейин ҳам стенографиянинг бир бўлаги бўлиб қолади.
Саҳна ўртасида марказда “П” кўринишга эга ёғочдан ясалган ва арқонлар ёрдамида кўтарилиб тушадиган, бўз ўрнатилган ускуна жойлашган бўлиб, спектакль бошида у ерга туширилган ҳолда туради. Мартинлар уни секин-аста икки тарафдан қалин арқон ёрдамида кўтаради. Сўнг ускунадаги бошқа арқонлар ёрдамида бўз парда кўтарилади. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам ширмага, ҳам елканга айланади. Қаҳрамонларимиз вақти-вақти билан шу бўз тўсилган ширмадан кириб чиқиб ҳаракатланишади. Ширмадаги бўзнинг ҳолати спектаклдаги воқеалардан келиб чиқиб, уларни тўлдирган ҳолда ҳар хил кўринишда акс этади: спектакль бошида у денгиз тубини акс эттирса, сўнгроғида боқий дунёни; бир ҳолатда қурилишда тўсиб қўйилган бўз бўлса, бошқа ҳолатда хона пардаси. Мартинлар рақсга тушадиган ҳолатда саҳна пардаси бўлса, қўғирчоқ саҳнасида ширмага айланади. Спектакль сўнгида ускуна бўз пардаси – орзулар елкани пастга туширилмаган ҳолда ерга қулайди – чўкади...
Ускуна тагидаги бир уюм тупроқ турли ҳолатларда томошабинга турлича метафора бўлиб хизмат қилади. Ундан Мартин(Шаҳбоз Файзуллаев) спектакль бошида ғишт қуйиш учун фойдаланса, спектакль охирроғида айнан шу тупроққа орзу-умидларини кўмади. Мартин(Мухтор Асроров) тупроқда ухлаб туш кўришдан бошлаб, ижод ва шуҳратдаги абадий саволлар олдида бағри билан яна ўша тупроққа ётади, ундан иборат қабр ёнида ўзи билан ўзи гаплашади.
Саҳнанинг ўнг ва чап деворларида шарқ ва ғарб тимсоли сифатида Айшвария Рай ва Мерлин Монро суратлари илинган бўлиб, Мартинлар уларга овқат олиб келадиган, қўшиқ айтиб дўппи тикиб берадиган, уларда кўнгли бор оддий, лекин тирик қўшни қизга эътибор бермай, суратдаги юлдузларни орзу қилишади, улар билан яшашади.
Қўшни қиз саҳнанинг орқасида тўсилган парда ортида бўлиб, гоҳ супуриш учун, гоҳида овқат олиб келиш учун, гоҳида Мартинлар қарта ўйинини кўриш учун пайдо бўлиб туради. Юқорида айтилгандай саҳнанинг чап тарафида кўзгу бўлиб, ўнг тарафига ҳам думалоқ шаклда кўзгу илинган. Қаҳрамонларимиз ўзига-ўзи гапирганда, тўй саҳнаси олдидан ўзига зеб берганда, бутун бойлигини тўй учун совуриб, ўзи яланғоч қолганда кўзгуларга қараши орқали худди ҳар бир томошабинга кўзгу тутгандай нигоҳини ичкарига – қалбига қаратишга ундайди.
Реквизитларга келсак: авансценанинг бир четида челак ва ёғоч ғиштқолип, иккинчи четида обдаста, дастшўй ва сочиқ бўлса, саҳна ўртасидаги икки четда қуриш учун ёйилган ва қуриганлари тахланган хом ғиштлар, орқароқда ёзув машинкаси жойлашган. Ундан ташқари коса, чойнак, пиёла, кулдон, сигарет, бутилка, ёзув қоғозлари, конверт, пул тўлдирилган жомадон кўринади. Қизиғи, спектакль концепциясига кўра косада овқат, чойнакда чой, обдастада сув бўлмай, жомадондаги пуллар, қарта ва конвертдаги хатлар ўрнига оқ қоғоз, марказдаги лой ўрнига тупроқ бўлади. Денгизчи ҳақидаги воқеа бирорта сув белгисиз сўзлаб берилади. Денгиз ва чағалайлар овози ҳамда биргина чироқни чайқатиш ёрдамида саҳна ва томошабин зали денгиздаги кемага айланади. Хулоса қилганда, спектаклдаги ҳар бир ҳаракат ва реквизит бир неча маънони яширади ўзида. Томошабин мазмунга етиб бориш учун бош қотириши, тафаккур қилиши шарт. Бу эса асарни янада жозибали, таъсирчан қилади. Спектакль анъанавий театрлардаги саҳна асарларидан чарчаган мухлис учун янги дунёни очиб бера олади.
Жамшид ВАЛИЕВ
Жараён
Адабиёт
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ