Ёшларни қуллик психологиясидан қутқазиш керак – Маҳмуд Саъдийдан кейин ҳам яшаётган оғриқлари


Сақлаш
01:44 / 21.07.2022 1559 0

Маҳмуд Саъдий 1939 йили Самарқанд вилояти Норпой туманидаги Ғортепа қишлоғида туғилган. 1965 йили Тошкент давлат университетини тамомлаган. Узоқ йиллар “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналларида муҳаррир, адабий котиб, бўлим мудири лавозимларида ишлаган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг эл орасида кенг танилишига катта ҳисса қўшди. “Жамият ва бошқарув” журнали, “Тил ва дунё” газетасини шакллантирди. Яна, республикамиздаги кўпгина марказий газеталар (“Миллий тикланиш”, “Ҳуррият” ва бошқалар)нинг рўёбга чиқишида  жонбозлик кўрсатган.

 

Маҳмуд Саъдий – ўнлаб илмий, шеърий ва насрий асарлар, ўқув адабиётларининг масъул муҳаррири; адабий-танқидий мақола ва суҳбатлардан иборат “Теран томирлар” китоби ҳамда “Ўзбеклар ва дунё” туркум эшиттиришлар муаллифи. Бугунги кунда “Маърифат” газетасининг адабиёт ва санъат бўлимини бошқариб келмоқда, шу билан бирга, “Филология масалалари” илмий-методик журнали бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари (суҳбат “Жаннатмакон” журналининг 2009 йил 9-сонидан олинган).

 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдий муҳаррирлигида чоп этилган китобларнинг бир нечтаси турли мукофотларга сазовор бўлган. Устоз бугун етмиш ёшида ҳам адабиётимиз, матбуотимиз равнақи йўлида беминнат хизмат қилиб келаётир.

 

Тилимизда “жонфидо” деган салмоқли сўз бор. Бу сўз аксар ҳолларда ўз касбига чин дилдан берилган, умрини қарийб ўзгаларнинг оғирини енгил қилишга ёхуд хизмат соҳасининг обрўси, равнақига бахшида этган фидойи инсонларга нисбатан қўлланади. Илм-фаннинг, санъатнинг турли жабҳаларида бўлганидек, адабиётда, матбуотда ҳам жонфидо юртдошларимиз талайгина. Ана шундай устоз, мураббий, адабиётшунос ва моҳир муҳаррирлар қаторида Маҳмуд Саъдийнинг алоҳида ўрни бор.

 

Аҳмад ОТАБОЕВ:Ҳар кимнинг умри давомида босиб ўтган йўл ўзиники – армону севинчлари, йўқотганию топганлари... Назаримда, умрнинг маълум бир довонига етганида, инсон ўтган ҳаётини, яхши-ёмон кунларини тез-тез хотирлайди, баъзан ўйга толса, гоҳида қўли ишга бормайди. Бироқ мен сизда аксини кўраман: бунга ҳали ҳам вақтингиз йўқдек, қўлингиз ишдан бўшамайди… Бу ғайрат, иштиёқни қаердан, қандай топасиз?

 

Маҳмуд Саъдий:Ҳар бир одам дунёга келганидан кейин, нимадир қилиб кетиши, одамга ўхшаб яшаб ўтиши керак, деб ўйлайман. “Одамга ўхшаб” деганда нимани назарда тутаяпман? Бировнинг ҳақини емасангиз, бировга зиёнингиз тегмаса, қўлингиздан келса, бировга ёрдамингиз тегса, яхши касбингиз бўлса, ўша касбни севсангиз… Шундан ўзингизгаям, бошқаларгаям наф тегиши керак... Яна иккинчи умр, деган гап бор: инсоннинг умри фарзандларида, у амалга оширган яхши ишларда давом этади. Бунинг учун эса аниқ ва катта мақсадларни кўзлаб яшаш, ишлаш керак.

 

Мен журналистика соҳасида ишлайман. Бу касб умримнинг мазмунига айланган, дея оламан. Биласиз, кўпроқ таҳрир билан шуғулланаман. Таҳрирнинг аҳамияти ёзишдан кам эмас. Чунки бўлар-бўлмас нарсаларни ёзиб, ҳаммаёқни тўлдириб ётганлар сон мингта! Ўқувчига янгилик берадиган, фикрини уйғотадиган, дунёқарашини ўзгартирадиган, ундаги инсоний фазилатларни тарбиялайдиган бақувват, савияли мақолаларни уюштириб, таҳрир қилиб ҳам кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

 

Ҳозир ёзадиганлар ҳам, ўқийдиганлар ҳам кўп. Газеталар сероб. Баъзи бировлар айрим нашрларни “сариқ матбуот” деб номлаяпти. Менингча, бизда “сариқ матбуот” йўқ. Уларни, эҳтимол, кўча газетлари, десак тўғрироқ бўлади. Йўлда, транспортда эрмак учун ўқилади бундай газеталар. Аслида, булар ҳам керак. Давр талаб қилибдими, демак, одамларда шунга эҳтиёж бор, вақтини нима биландир ўтказиши лозим. Ҳаммадан фалсафий фикрлашни, дунёни теран тушунишни, юксак савияни талаб қилиб бўлмайди. Ҳар ким худо берган ақл, иқтидор билан яшаб ўтади. Умуман, инсонга жузъий ихтиёр берилган.

 

Менинг тушунишимча, одамни дунёда ушлаб турадиган, уни бахтга элтадиган воситалардан биттаси – унинг севган касби. Ҳаётда инсоннинг бошига ҳар хил савдолар тушиши мумкин, яхши-ёмон кунлар, дегандек. Шундай кезлари унинг жонига ора киради, овунтиради, ҳаётга боғлаб туради. Касбингизни пухта эгалласангиз, бу сизга таянч бўлади: ҳеч қаерда иложсиз, чорасиз қолмайсиз. Дўстингиз хиёнат қилиши мумкин, лекин касбингиз сизга ҳеч қачон хиёнат қилмайди. Пухта эгалланган касб   инсоннинг тақдирига айланиб кетиши мумкин.

 

Меҳнатдан қўлим бўшамаслигининг сабаби – ўз касбимни яхши кўраман. Касбимнинг менга куч-ғайрат берадиган томонлари кўп.  Дейлик, муҳаррир долзарб, етилган бир муаммонинг матбуотда кўтариб чиқилишига эришиши мумкин. Бунинг учун у шу масалани эплаб ёза оладиган муаллифни танлайди, мавзу бўйича мақолани ёздиради, кўнглидагидек қилиб ишлатади, кейин тағин ўзи таҳрир қилиб, очилмаган қирраларини очади… Мана шу жараённинг ўзи кишига ғайрат беради. Мен ана шундай ишдан куч оламан, шу ишларимдан маъно топаман. Эҳтимол, шунинг учун ҳам, сиз айтгандек, ишдан қўлим совушига имкон ҳам, вақт ҳам қолмас.

 

А.О.:Фаолиятингиз асосини таҳрир, муаллифлар билан ишлаш, муаллифларни тайёрлаш ташкил этади. Жумладан, сизнинг таҳрирингиз остида чиққан олий ўқув юртлари учун “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги, Ҳамид Зиёевнинг “Туркистонда Россия тажовузи”, Ҳасан Қудратуллаевнинг “Бобур армони” китоблари кўпчиликнинг эътиборига тушди, тақдирланди. Яқинда сиз масъул муҳаррирлик қилган “Бобурнома”нинг табдили ҳам  нашр этилди. Мумтоз асарлар табдилини ҳар ким ҳар хил қабул қилади. Умуман, табдил керакми?

 

М.С.: – Табдил – янгилик эмас. Масалан, Навоий асарлари ҳам шоир вафотидан кейин турли вариантларда кенг тарқалган, шарҳланган, тушунтирилган. Халқ китоблари шаклида ҳам шуҳрат топган, демоқчиманки, бу аввал ҳам бўлган. Шу боис табдил керак эмас, деб айтолмайман. Бировлар “Бобурнома”ни табдил қилмаслик керак, одамлар Бобурни ўқимай қўяди, дейдилар. Хўш, табдил қилинмаса, ўқийдими? Ўқийдиган одам табдил бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ўқийверади. Чинакамига ўқийдиган одам аслиятни, ҳатто танқидий матнни топиб ўқиши мумкин. Лекин, боя айтганимиздек, беш қўл баравар эмас, ҳеч қачон ҳаммани бир хил савияга кўтариб бўлмайди. Худо бировга ақлни кўпроқ, бировга камроқ беради – ҳамманинг насибасига яраша. Демак, табдилнинг ўқувчилари ҳамма вақт бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Мумтоз адабиётимиз намуналари табдил қилиниб, ҳозирги ўзбек тилига айлантирилса, бунинг нимаси ёмон. Мақсад мумтоз асарларни бугунги кенг китобхонлар оммаси ўқиши учун имкон яратиш экан, табдил керак ва зарур.

 

Табдилда мазмун, яъни асарнинг маъноси биринчи ўринда туради. Маънони аниқ ифодалаш керак. “Бобурнома”нинг табдилида шунга интилиш бўлган. Уни таҳрир қилиш шундан жуда кўп вақт ва меҳнат талаб қилди. Масалан, “Бобурнома”нинг Каромат Муллахўжаева табдил қилган қисмининг ҳар бир саҳифаси таҳририга бир-бир ярим соат, Ваҳоб Раҳмонов табдилининг бир саҳифасига икки-икки ярим баравар кўп вақт кетди. Гўё мен ишни атай чўзаётгандай, нашриётдагилар норози ҳам бўлишди. Ноширларни ҳам тушуниш мумкин, бироқ бунақа таҳрирни улар олдин кўрмаган… Ҳарқалай, кейинчалик улар менинг икки-уч кунда атиги етти-саккиз бетгина таҳрир қилганимнинг сабабини тушунишди. Чунки Ваҳоб Раҳмоновнинг табдилида “Бобурнома” матни шундайгина айлантириб олиб қўя қолинган, ҳозирги ўзбек тилига мосланмаган эди. 

 

Ваҳоланки, “Бобурнома”нинг табдили Бобур ғояларини, ўй-фикрларини, ички кечинмаларини, унинг гўзал қалбини халққа тушунарли тарзда етказиши керак. Табдилни ўқиган китобхон кўз олдида ростгўй ва мард Бобурнинг қиёфаси гавдаланиши керак. Бу буюк ибрат, айниқса, ёшларга намуна бўлиши мумкин. Бобур хатолар қилганини, ўз хатоларини тан олганини мардларча ёзади, уларни такрорламаслик пайида бўлади. “Бобурнома”нинг мана шу томонларини бугунги ўқувчи тушуниб етиши керак. Муҳими шу.

 

Албатта, “Бобурнома”нинг танқидий матнини, аслини ҳам нашр этиш керак. Шу билан бирга, асарнинг оммавий нашрлари ҳам зарур. Эҳтимол, табдилни – оммавий нашрни ўқиган китобхон кейинчалик асар тароватини тўла ҳис этиш учун “Бобурнома”нинг аслини ўқишга киришар.  Табдил “Бобурнома”нинг чуқурроқ ўрганилишига, кенг доирада ўқилишига имкон туғдиради.

 

Мумтоз адабиётимизда табдил қилиниши лозим бўлган асарлар кўп. “Қисаси Рабғузий”ни табдил қилиш керак. Эҳтиёткорлик билан, эъзозлаб, масъулиятни ҳис этиб, ҳар бир сўзнинг маъносинигина эмас, оҳангини ҳам сақлаб қолиб табдил қилиш керак. Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асари ҳали яхши табдил қилинган эмас. Ҳозиргача амалга оширилган табдилларни қайта бир кўриб чиқиш зарур. Раҳматли Абдуқодир Ҳайитметов “Ҳайрат ул-аброр”ни яна қайтадан кўра бошлаган эди. Чунки вақт ўтиши билан табдил ҳам эскиради. Қолаверса, шўро даври сиёсати тазйиқи остида айрим боблар, байтлар қисқартириб ташланган. Табдилни мумтоз адабиётни чуқур тушунадиган, юрагининг қўрини бериб ишлайдиган одамлар қилиши керак.

 

А.О.: – Адабиётда авлодлар алмашинуви табиий жараён. Кеча, бугун адабиёт майдонига кириб келган, энди қадам қўяётган талантли ёшлар орасида сизнинг шогирдларингиз ҳам бор. Уларнинг саъй-ҳаракатларидан кўнглингиз тўладими? Чунки баъзан: “Ишонган тоғда кийик ётмас”, деган мақолни ишлатиб қоласиз. Ўзингиз ишонч билдирган, китоблари, асарлари чиқишига жон куйдириб кўмаклашган шогирдларингиз ишончингизни оқламаганда уларга қандай муомала қиласиз?

 

М.С.: – Шубҳасиз, муносиб авлоднинг шаклланиши бевосита адабий муҳитга боғлиқ. Мен университетда ўқиб юрган кезларим адабий тўгарак олиб борганман, яхшими-ёмонми ҳарқалай адабий муҳит бор эди. Ҳамма интилиб ўқирди, муҳокама қиларди, ҳатто ошхоналарда, кўчаларда, транспортда ҳам одамларнинг китоб ўқиб ўтирганини кўрардингиз. Чоп этилган, газета-журналларда эълон қилинган янги асарлар тўгарагимизда қизғин муҳокама этиларди. Асарлар муаллифларини таклиф қилардик, саволга тутардик, баҳслашардик… Мутолаага қайтишимиз керак, китобхонликнинг жонланиши адабий, ижодий жараённи жонлантиради. Бугун баҳслашиладиган мавзулар жуда кўп. Оддий бир мисол: катта-катта унвон олган айрим шоирларнинг шеърларини ўқиб бўлмайди...

 

Бугун ижод эркинлиги таъминланган. Истаган мавзуда, кўнгилда кечган чин фикрларни ёзишингиз мумкин. Мавзу, муаммолар чекланмаган. Сўз эркинлиги чекланган десак, тўғри бўлмайди. Масалани тўғри қўйиб, яхшилаб ёзиш керак, холос. Бадиий бақувват асарлар яратиш керак. Матбуотда яхши асарни ҳам, саёз асарни ҳам очиқ-ойдин баҳолаб бориш лозим. Бироқ баъзан ҳайбаракаллачиликка, ошна-оғайнигарчиликка йўл қўямиз.

 

Эсингизда бўлса, Аҳмаджон, газетага бир материал келди, роман, деб бўлмайди, шунинг учун материал деяпман. Шундан бир парча танлаб бериш керак эди. Ўзингиз тайёрладингиз, кўриб турдим, жуда қийналиб кетдингиз. Шунда мен: “Аҳмад ҳам ғалати бўлиб қолибди, ахир, бу дуппа-дуруст ёзувчи бола эди-ку. Нима бало, Аҳмаднинг ғайирлиги келаяптими?”, деб ўйладим. Сўнг қўлёзмани олиб ўқисам, мақоладан хароб материал. Мақолада ҳам фактлар бўлади, масала кўтарилади… Бунда эса ҳеч гап йўқ, қуруқ қоронғига тош отиш, холос. Бадиий сўзга масъуллик йўқ. Бироқ шу қўлёзма китоб бўлиб чиққандан сўнг кап-катта, обрўли икки-уч танқидчи уни роса мақтади. Оқибатда, ёш ёзувчини бузишди, кейинги асарлари ундан ҳам саёз чиқди. Нима, фан доктори, профессорлар ўша асарнинг савиясини билмаган, тушунмаган, деб ўйлайсизми? Билган, тушунган, бироқ ошна-оғайнигарчилик деган нарса жуда яхши ривожланган, аслида, у бизни ортга судраётганини ҳамон ҳис қилмаймиз. Адабиёт тақдирини ўйласак, бунга чек қўйиш керак. Муаллиф сизнинг ўғлингиз бўладими, акангиз бўладими, ёмон ёзса, асарингиз ёмон, деб юзига айтиш керак. Фаросати бўлса, тўғри гапингизни тушунади.

 

Ҳозир синчиклаб қарасангиз, иқтидорли ёшлар кўп. Халқимиз орасидаги бу талантларни рўёбга чиқариш керак. Бунинг конкрет йўлини айтишим мумкин. Газета-журналларда аллақандай манфаати текканларни ҳадеб чиқаравергандан кўра ҳақиқий талантларга ҳам жой бериш керак! Таҳририятларда ўтирган муҳаррирлар, ходимлар биринчи галда истеъдодларга йўл беришлари лозим. Халтурачиларнинг йўлини тўсиш зарур.

 

Мен маслаҳат берган ёшлар масаласига келсак, уларнинг орасида ижодидан кўнглим тўлганлари ҳам, тўлмаганлари ҳам бор. Кўнглим тўлмаган пайтда, сиз айтгандек, “Ишонган тоғда кийик ётмас”, деб қўяман. Бошқа нимаям дердим.

 

Келинг, шу ўринда бир воқеани айта қолай. Бир ёш йигитча менга ҳикоясини олиб келди. Ҳикояни ўқиб, кўриб чиқиб, маслаҳат бердим, йўл-йўриқ кўрсатдим, ишла, дедим. У ҳикояни айтганимдан, кутганимдан ҳам зиёда қилиб ишлаб келди, жуда қувониб кетдим. Кейин унга: “Ука, сенга бир гапни айтиб қўяй, кўнглимга бир гап келди. Ҳикоянг менда умид уйғотди. Сенинг олдингда иккита йўл бор: бири – мана шу, ҳозир тушган йўлингдан кетсанг, ўзбекнинг яхши ёзувчиларидан бўлишинг мумкин; иккинчиси – ўзинг билган нафс масаласи, ўша томонга кетсанг – умринг кетди: мен сенинг биринчи йўлни тутишингни хоҳлардим”, дедим.

 

Энди унинг ҳаёти, тақдири шундай бўлгандир, у мен кутган йўлдан кетмади. Албатта, китоблари чиқди, ҳозир ҳам ёзиб туради, лекин халтурачи бўлди. Нима деймиз, ҳар кимнинг эрки ўзида. Хоразмликларнинг мақоли бор-ку: “Қозончининг ўз эрки қайдан қулоқ чиқарса”. Бундай воқеа, афсуски, ҳаётимда кўп бўлган. Кўплар ишончимни оқламаган. Шунинг учун ҳам баъзи бир дўстларимиз мени “Аллақандай кимсалардан даҳолар яратишга ҳаракат қилади”, дейди. Аслида, бу гапда жон бор. Лекин мен бундан тўхтамайман, ҳозир ҳам “даҳолар яратиш”га ҳаракат қиламан. Ахир, бу – орзули, умидли дунё. Юзтасидан битта-иккитаси ишончни оқласа ҳам яхши-ку! Етади шу! Худога шукр, чиқаяпти.

 

Ёшлар билан жиддий ишласангиз, уларнинг шаклланишига таъсир этолсангиз, агар ўзида бўлса, албатта, рўёбга чиқади. Кейинги йиллари эндигина университетни тугатган талабалардан бир нечтасининг китобларини чоп этишга эришдик. Булардан Беҳзод Фазлиддиновнинг “Сен қачон гуллайсан” шеърий тўпламини, Алишер Отабоев таржима қилган Сомерсет Моэмнинг “Чандиқли киши” ҳикоялари тўпламини, Зуҳра Бобохўжаеванинг “Яқиндаги узоқ одамлар” китобини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Яна талабаларим – “Ланжоуда ўтган кунларим” китоби чиқиш арафасида турган Фароғат Жабборова, Ориф Мадалиев, Элмурод Нишоновдан умидим катта.

 

 А.О.: – Кейинги даврда адабиётга кўплаб иқтидорли ёшлар кириб келди. Улар орасида сизнинг шогирдларингиз ҳам бор. Албатта, уларнинг талантига шубҳа йўқ. Бироқ аксарият ёш шоирлар ижодини кузатганда улар кўпинча ўз қобиғига ўралиб қолаётгандек, катта мавзулар, умуминсоний муаммолар уларга бегонадек таассурот қолдиради…

 

М.С.: – Бу хусусиятлар ҳаёт билан, воқелик билан боғлиқ. Истайсизми-йўқми, янги бир даврга ўтаётганимизда адашишлар, чалғишлар кўп бўлади. Чунки одам меҳнатининг натижасини дарров кўргиси келади, шекилли-да.

 

Қолаверса, шўро замонидан қолган ҳадиксирашлар ҳамон ҳам давом этмоқда. Ўша совет даврида генга ўтириб қолган қуллик психологиясидан ҳали қутула олганимиз йўқ. Шу боис, ижодкор фикрини очиқ айтолмайди-да, уни пардаламоқчи бўлади, оқибатда дилидагини баралла ифодалай олмайди. Айрим ҳолларда очиқ айтганида эса, баъзилар уни турлича талқин қилади. Шукрки, истиқлол бизга дунёга чиқадиган барча эшикларни очиб қўйди. Ҳозир ёшлар чет элларда ўқияпти, ишлаяпти, дунё кўряпти. Эркин дунё билан танишиш, албатта, ўзининг ижобий самараларини беради, юқорида айтганимиз, ўтмиш тузумидан “мерос” бўлиб ўтган иллатлардан қутулишимизда бир омил бўлади, деб ўйлайман.

 

Иккинчидан, илгари китоб кўп ўқиларди. Мана, бир мисол айтай. Турсун Парпиев деган курсдошим бўларди, у кейинроқ Рауф Парфи номи билан танилди. Биринчи курсда, университетда ўқишни бошлаганимда ҳали кўп русча китоблар менга нотаниш эди. Рауфнинг қўлида эса Случевский, Надсон, Блок, Андрей Белий, Зинаида Гиппиус, Соснора, Нозим Ҳикмат каби шоирларнинг китобларини кўрганман. Мана, натижаси: Ўзбекнинг ХХ асрдаги тўртта улкан шоиридан биттаси Рауф Парфи бўлиб қолди. Демак, мутолаа жуда кучли бўлиши керак. Лессингнинг бир гапи бор: ҳар бир ижодкор аввал тақлид қилади, қайсидир бир даражага етганидан сўнг ўзини ўзи инкор қилиб, тақлиддан воз кечади – мустақил даҳога айланади.   У энди мустақил фикрини ифодалаш имкониятларини намойиш қила бошлайди. Дунёга, ҳаётга, одамларга очиқ кўз билан қарайдиган ижодкор шахсга айланади. Тақлидга муккасидан кетган  шоир орқада қолиб кетади. Мана, ҳозир кўп ёш ижодкорларимиз шахсга айланиш йўлида. Бировлари шахсга айланади, бировлари айланмайди, ўзини “синдириб” қўяди.

 

Шу ўринда айтишга тўғри келади, шахсий манфаатлар ҳам уларнинг рўпарасида кўндаланг туради. Ўша шахсий манфаатни деб тилини тияди. Ваҳоланки, бирор ёмон гап йўқ, қўрққанидан эмас, шунчаки, бир нарса бўлиб қолмасин, деб тилини тияди. Ижод эркинликни талаб қилади. Эркинлик бўлмаган жойда ижод бўлмайди. Кўнгилга нима келса, ёзиш керак. Ёзганлари хато бўлиши мумкин. Нима, одамнинг хато қилишга ҳаққи йўқми? Ўзи адашиб, бошқаларни ҳам адаштиришга ҳаракат қилса, бу – ёмон. Ёзиб, ташлаб қўйиш мумкин, вақт ўтиб қайта кўриб чиқади, маъқул бўлса – эълон қилади, ёқмаса – йўқ.

 

Ҳозирги ёшларда, биринчидан, афсуски, катта билим етишмайди. Китоб мутолааси чатоқ. Кейин ҳадик, ўша ота-онадан ўтган гендаги, қондаги қўрқоқлик, мутелик, қуллик психологиясининг асорати ҳали ҳам турибди, ёшларда ҳам бор. Катта ёшдагиларнинг, ота-оналарнинг вазифаси – фарзандларини мана шу синдромдан қутқазиш керак, одамга ўхшаб фикрлашга ўргатиш керак.

 

А.О.: – Муҳаррир сифатида матбуотимиз ривожига кўп хизматингиз сингган. Ҳар бир жумла, сўз, ҳатто тиниш белгилари устида узоқ йиллар кўз нурингизни тўккансиз. Зеро, таҳрир маданияти шундай заҳматли меҳнатни талаб этади. Бугунги кунга келиб газета-журналлар сони яқин ўтмишдагидан юз баравар ортиб кетди. Хусусий нашрлар кўпайди. Бу жараёнда таҳрир маданиятининг савияси қай даражада?

 

М.С.: – Энди, очиғини айтадиган бўлсак, таҳрирнинг савияси анча тушиб қолгани сир эмас. Баъзи бир газеталарни, журналларни ҳисобга олмаса, умуман, таҳрирга эътибор жуда сусайди.

 

Бир муҳаррир бўларди, материал тайёрланаётганда, шошириб: “Нуқта, вергулига қарама!”, дерди. Пала-партиш бўлса ҳам, материаллар тез тушса-ю, газета чиқиб кетса бўлди! Бундай шошмашошарликни, қунтсизликни ўзининг иш услубига айлантирган бошлиқ, ҳеч шубҳасиз, газетанинг, журналнинг таҳрир маданиятини йўққа чиқаради.  Матбуот органида, у бош муҳаррир бўладими, оддий ходимми, таҳрир санъатидан хабардор, билимли, иложи бўлса бир неча тилни биладиган, ўз устида доим ишлаб, маҳоратини ошириб борадиган мутахассислар ишлаши керак. “Менинг деганим – деган, айтганим айтган”, дейдиган муҳаррирни газета ёки журналнинг савияси эмас, балки ўзи эгаллаб олган, ўтирган курсисининг мустаҳкамлиги кўпроқ қайғуртиради. Афсуски, ана шундай муҳаррирлар таҳрир маданиятига эътиборнинг сусайиб кетишига яхшигина “ҳисса” қўшмоқдалар.

 

Бугун сўзнинг қадрини тушириб юбордик. Сўз культи, сўз инончи, деган тушунчалар бор... Сўз муқаддас саналиши керак. Сўзи билан иши бир, деб бекорга айтилмаган. Демак, сўз моддий кучга эга. Бир оғиз гап билан одамни ўлдириб қўйиш, бир оғиз гап билан тирилтириш мумкин. Шундай бўлгандан кейин, таҳрир сўзга эъзозлаб қарашни талаб қилади.

 

А.О.: – Муҳаррирлик фаолиятингиз билан бирга, бевосита бўлажак журналистларга таълим ҳам бериб келаяпсиз. Мен бу ўринда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида ўн йилдан буён дарс бераётганингизни назарда тутаяпман. Мураббий сифатида бўлажак журналистларга айтадиган қандай муҳим гапларингиз бор?

 

М.С.: – Халқаро журналистика факультетида таҳрир санъатидан талабаларга дарс ўтаман. Биринчи дарс, албатта, кириш ва бошқа масалалар билан ўтади. Иккинчи дарсни “Муҳаррир виждони ва муҳаррирнинг билим даражаси” мавзусига бағишлайман. Муҳаррир виждони масаласини биринчи ўринга қўяман. Муҳаррир деганда – мен бош муҳаррирни, ходимни, умуман, материалларни таҳрир қиладиган одамни назарда тутаман. Муҳаррир, албатта, ўзининг соҳасини жуда пухта билиши керак. У қайси йўналишдаги газета ёки журналда ишласа, шу йўналишга доир соҳанинг баланд-пастини, нозик томонларини яхши билиши зарур. Дейлик, муҳаррир ўзига тегишли йўналишни зўр билса, билими кучли, таҳрири ҳам яхши бўлса-ю, виждони, иймони суст бўлса – бари бекор, у муҳаррир эмас! Мен талабаларга, муҳаррир, биринчи навбатда, виждонли одам бўлиши шартлигини уқтираман. Масалан, бир муаллиф сизга зўр мақола олиб келди, дейлик. Қачондир у сизни ранжитган, хафа қилган. Сиз унинг мақоласини чиқармайсиз, негаки, виждонингиз йўқ. Бу сизнинг шахсий газетангиз бўлса, ихтиёрингиз, чиқармаслигингиз мумкин, марҳамат. Лекин халққа тегишли газетада ишлаб, фалончи мени хафа қилган эди, деб яхши мақоланинг йўлини тўсишга ҳаққингиз йўқ.

 

Мен ёш журналистлар орасидан ўз манфаати, шахсий ғарази ёки аллақандай манфаатларини ўртага қўйиб ишлайдиган ходимлар чиқмаслигига умид қиламан. Дарсларимда журналист, биринчи галда, виждонли, билимли, энг муҳими, ўз касбининг фидойиси бўлиши кераклигини қайта-қайта таъкидлайман. Бу менинг бўлажак журналистларга айтадиган гапларим, талабим.

 

Аҳмад ОТАБОЕВ

суҳбатлашди.

 

“Жаннатмакон” журнали, 2009 йил 9-сон.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//