Ўзбек матбуотининг қулаши – 30 йилда газеталар обунаси қанчага камайди? (инфографика)


Сақлаш
03:50 / 17.07.2022 1845 1

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги ўнйилликда газеталар сони 283 тага камайган: 2010 йили 649 тани, 2021 йил 1 январда 366 тани ташкил этган.

 

“Газетанинг умри тугадими?” Бу савол ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида бот-бот муҳокама қилинади. Oyina.uz мустақиллик йилларида обуна кўрсаткичларидаги ўзгаришлар билан таништиради. Инфографикада бешта марказий газетанинг сўнгги ўттиз йиллик тиражлари орасидаги тафовутни кўришингиз мумкин.

 

“Халқ сўзи”нинг 1992 йил 1-сони (бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторов) 118 800 нусхада чоп этилган бўлса, 2002 йил 1-сони (бош муҳаррир Аббосхон Усмонов) 34 610 нусхада нашр қилинган. 2012 йил 1-сони (бош муҳаррир Ўткир Раҳматов) 106 447 тиражда, 2022 йил 1-сони (бош муҳаррир Ўткир Раҳматов) 35 742 ададда чиққан. Ўттиз йилда обуначилар сони 3,5 баробарга тушиб кетган.

 

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1992 йил 30 октябрдаги 44-сони (бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев) 210 723 дона чиқарилган (йил бошидаги сонларида тираж кўрсатилмаган), 2002 йил 1-сони 6 512 ададда нашр қилинган (бош муҳаррир ёзилмаган). 2011 йил 52-сони (бош муҳаррир Саъдулла Ҳаким) 4 415 нусхада чоп этилган. 2022 йил 1-сони (бош муҳаррир Салим Ашур) 925 нусхада босилган. Демак, обуна ўттиз йилда 227 баробарга озайган.

 

“Ёшлар овози” газетаси 1994 йил (“Туркистон”) 17-сонда 41 426 нусхада нашр қилинган (бош муҳаррир Ғаффор Ҳотамов). 2002 йилнинг 1-2-қўшма сони эса 4 694 ададда чиққан (бош муҳаррири Салим Ашуров).  2013 йил 1-сон 15 225 нусхада чоп қилинган (бош муҳаррири Салим Ашуров). 2022 йил аввалида 622 нусхада чоп этилган газетанинг обуначилари июль ойида 10 584 тани ташкил этяпти (бош муҳаррир Ҳамза Абдуллаев). Ўттиз йиллик фарқ 4 баробарни ташкил қилади.

 

“Ўзбекистон овози” газетасининг 1992 йил 3-сони (бош муҳаррир Расул Раҳмонов) 349 745 тиражда босилган бўлса, 2003 йил 1-сони (бош муҳаррир Сафар Остонов) 15 155 нусхада чиқарилган. 2012 йил 1-сон 20 075 ададда чоп этилган (бош муҳаррир Сафар Остонов). Газетанинг 2022 йил 1-сони 2 010 дона чиққан (бош муҳаррир Тўлқин Тўрахонов). Обуна кўрсаткичи ўттиз йилда 174 баробарга қулаган.

 

“Маърифат” газетасининг 1992 йил 1-сони  160 000 нусхада чиқарилган (бош муҳаррир ўринбосари Қамбар ота). 2002 йил 1-сони (бош муҳаррир Ҳалим Саидов) 27 539  тиражда босилган бўлса, 2012 йил 1-сони (бош муҳаррир Абдусамат Раҳимов) 56 361 нусхада нашр қилинган. Газетанинг 2022 йил 1-сони адади 3 276 дона (бош муҳаррир Ҳусан Нишонов). Тираж ўттиз йилда 48 баробарга камайган.

 

Матн: Наргиза Одинаева

Дизайн: Нуриддин Назруллоев

1 Изоҳ

Расулжон

12:01 / 01.01.1970

Журналистлар ўз йўлини ахтариш, келгусида замон ўзгариши, ўқувчиларни ўзларига жалб этишни жозибали томонларини излаш ўрнига ҳокимликлар ёрдамида обуна қилиш каби нотўғри йўлдан юришлари оқибатидир.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//