Одамга бахтни жамият бермайди. “Фозил шаҳар” ёхуд “утопия ороли” ҳамиша хомхаёл бўлиб қолаверади


Сақлаш
11:05 / 10.05.2022 1246 0

Бу ёруғ дунёда яшамоқдан мақсад-муддао нима? Истисносиз ўлим билан якун топар экан, ҳаёт нимага керак ўзи? Шу хил саволлар мутафаккирларни азал-азалдан қизиқтирган. Бу соф фалсафий масаладек кўринади, лекин Ердаги ҳаётнинг давом этишидан тортиб жамият ривожию оддий кундалик турмушгача бўлган барча жабҳаларга таъсир кўрсатади. Дейлик, ҳаётни ўткинчи, унинг қаршисида ўзини ожиз-чорасиз деб билган одам бирон ишга астойдил қўл урадими? Тўрт кунлик дунё деб, сидирғасига айшу ишратга берилиб кетмайдими? Тап тортмай зўравонликка қўл урмайдими? “Барибир ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди”, деган кимса ноҳақлигу адолатсизликка, зулму ҳақоратга кўниб кетавермайдими?

 

Ҳа, ҳаётнинг асл маъносини англамаслик тушкунлик, лоқайдликка олиб келади. Умрида фалсафанинг кўчасидан ўтмаган кимса ҳам куни келиб “э, шу дунё нимага керак менга?” деб юбориши мумкин. Кези келганда, бу кайфият ўзини имтиёзларнинг бадалсиз эгаси – хос табақа санайдиган, тасаввурга сиғмас мол-мулк, шон-шуҳрат соҳибларини ҳам четлаб ўтмайди. Негаки, ҳеч биримиз ҳаёт синовлари, ғам-кулфат ва йўқотишлардан эмин эмасмиз. Зоҳирда турмуши тўкисдек кўринган зотларга ҳам тириклик гоҳо оғир юкка айланиб, яшаш ниҳоятда зерикарли машғулот бўлиб қолиши бор гап.

 

Фаранг файласуф адиби Альбер Камю (1913–1960) тафаккур истеъмолига олиб кирган абсурд таълимоти ҳам юқоридаги саволларга жавоб излайди. Абсурд умр маъноси, бақо ва фано, бахт ва инсон ихтиёри сингари барча замону маконларга дахлдор фалсафий масалаларга бағишлангандек кўринади. Айни чоқда, бу таълимотнинг ХХ аср биринчи ярмида пайдо бўлгани ҳам тасодиф эмас. Бу – дунёнинг мутлоқ ҳокими бўлмоқ ҳаракати авж олган, уруш ва зўравонлик сиёсати мазлумларни ҳам, золимларни ҳам маҳв этаётган бир давр эди.

 

Абсурд “бало”си миллий зиёлиларимиз эътиборига ўтган асрнинг сўнгги чорагида тушди. У чоғ бизда коммунизм идеали чириклиги фош бўлиб, ҳаммасини янгилаш эҳтиёжи туғилган эди. Қарангки, ушбу қараш ҳали-ҳануз зеҳну идрокимизни жодулаб турибди. Негаки, абсурд дегани турмушнинг овози етиб боролмайдиган юксаклардаги мавҳум тахайюлот эмас. У аслида жаҳондаги кескин ижтимоий воқеалар турткисидан туғилган. Унинг теграсидаги мунозара ва хулосалар кундалик турмуш билан қаттиқ боғланган.

 

Абсурд – кўламдор, айни чоқда мунозарали мавзу; шунга кўра, биз Сизиф тимсолига оид кузатувлари-ла чекландик. Бир жиҳати, расмона баҳсларга сабаб бўлган “Донишманд Сизиф” романи, адабиётшунос олим Йўлдош Солижоновнинг журналимизда эълон қилинган мақоласи ҳам фикримизни қоғозга туширмоққа ундади.

 

Гуноҳкорми ёхуд қаҳрамон?

 

Қадим юнон афсонасининг вариантлари турлича бўлса-да, умумий қолип битта: Сизиф оғир гуноҳга йўл қўядию маъбудлар қаҳрига учрайди. Қай йўсинда жазолангани маълум. У қандай гуноҳга йўл қўйди – турличалик мана шу нуқтада.

 

Талқинларнинг энг машҳур ва қадимийси буюк Ҳомернинг “Одиссея”сида учрайди: маккорлигу зеҳни ўткирликда тенги йўқ Сизиф дунё-дунё молу давлат йиғади. Вақти-соати етиб қарийди. Тўплаганларини ташлаб кетгани ҳам, бировга бергани ҳам кўзи қиймай, ажалга қандай чап беришни режалайди. Сираси, у “ўлим маъбуди” Танатни кишанбанд қилади. Оқибатда Ер юзида ўлим содир бўлмай, дабдабали мотам маросимлари таққа-тақ тўхтайди, ерости салтанати маъбудларига қурбонлик келтирилмайди – “бош худо” Зевс ерликлар ҳаётига жорий этган қоидаларга путур етади. Шунда Сизиф куч билан марҳумлар ўлкасига олиб кетилади. Лекин ўшанда ҳам бўш келмайди: хотинига жасадини кўммаслик, қурбонлик келтирмасликни тайинлайди. Маъбудлар ғазаб отига минади. Сизиф “мени қўйиб юбор, хотинимга сенинг шарафингга зўр қурбонлик қилишни тайинлайману ҳузурингга қайтаман” дея Аидни яна алдайди. Аёнки, у марҳумлар ўлкасига қайтмайди. Кайфу  сафо  қилиб, у дунёдан қайтишни фақат мен уддаладим дея мақтаниб юраверади. Пировардида, осийнинг жони иккинчи бор олинади ва макр-ҳийла, шаккоклик учун абадул­абад оғир жазога мустаҳиқ этилади.

 

Сизиф негадир бора-бора айёр, очкўз, осий кимсадан танти ва юртпарвар қаҳрамонга, олижаноб шахс тимсолига айланган...

 

Абсурд ва исён

 

Олиймақом Нобель мукофоти совриндори, “Оврупо виждони” дея улуғланган Альбер Камю абсурд назарияси билан дунёни ларзага солди. Адибни ўқиб-ўқиб, шундай хулосага келдим: абсурд – ўлимга маҳкумлик, одамнинг абадий ҳаётдан маҳрум экани (аслида ундай эмас, бу ҳақда кейинроқ сўз юритилади). Шу ҳол гўё инсон умрини маънисиз қилиб қўяди. Бояги гап: муқаррар ўлим билан якун топар экан, ҳаёт нимага керак ўзи? Ахир, вайрон бўлишини била туриб иморат қурмайди-ку одам. Бу дунёда қилинган яхшилигу ёмонлик-чи – ўлим билан ҳаммасининг устига қизил чизиқ тортиладими? Камю файласуф ва гуманист сифатида ҳам, “яшайман” деб дунёга келган одам сифатида ҳам бунга асло рози бўлмайди. У тақдирга маҳкумликдан маъно ахтаради ва Сизиф тимсолига мурожаат қилади.

 

Инсон умри “жарлик – чўққи – жарлик...” айланасидаги каби натижа ва мазмундан маҳрум жараён. Устига-устак, ҳаёт гўё одамнинг ўзиники-ю, лекин бир нимани ўзгартириш важҳида унда инон-ихтиёр йўқ! Шу диққинафаслик аро фақатгина абсурдни, яъни ўлимга маҳкумликни тан олган бандаи ожизгина эркиндир – одам боласи борлиқдаги ҳолатини ўзи учун шу тахлит айин этгандан кейин “ҳаёт маънисизлиги”га қарши курашиши, уни енгиши мумкин бўлади. Ажалга муте эканман, деб ҳаракатсизликни касб қилиб олмайди. Турмуш юкини енгиллатиш, маънисиз жараёнга маъно бағишлаш мумкинлигидан огоҳ бўлади – камюча абсурднинг лўнда тавсифи шу.

 

Файласуф адиб яшаган замонда ўзини оқсуяк санаган озчилик томонидан омманинг ҳаёти – қашшоқликка, меҳнати – натижасизликка, орзулари – ҳалокатга, умри – зулм ва уруш қучоғига улоқтирилган эди. Одам одам саналмасди. Камю зулм, ҳақсизлик ва нотенглик аламларини ўз бошидан кечиради. Фикрчанлик ва куюнчаклик билан бу ҳолдан қандай қутулиш мумкин, деб ўйлайди. Ечим тополмагач, дунё илму донишини муккасидан кетиб ўрганади. Йўл ахтариб коммунистик партияга киради, марксча ғояларнинг мафтуни бўлади; ўша олийшон шиорларнинг-да амалга мутлақо терслигини кўради... Улардан ҳам кетади. Яна ўзича ечим ахтаради.

 

“Сизиф ҳақида афсона”га оид илк тезис 1936 йилда ёзилиб, асар 1942 йилда тўлиқ нашр этилади. Ўша 30-йиллар адиб учун оғир келади: хасталиги сабаб Эколь Нормаль олий мактабига қабул қилинмайди, турмушидан ажралади, моддий аҳволи танглашиб, ўпкасидаги сил зўрайиб кетади. Яқинларининг шоҳидлик беришича, мазкур эссе ғояси ва худкушлик мавзуси айни шу шахсий турмуш муаммолари заминида пайдо бўлган. Лекин уни ўшанда ҳам умидворлик, некбинлик тарк этмаган. На турмушда маза-матра, на эртанги кунга умид қолган кунлар тафаккур даҳосини яшаш маъноси ҳақида ўйлашга мажбур этган. Қоронғилик – нур борлигининг далили-ку! Камю бу ҳақиқатни, эҳтимол, ўша кунларда кашф этган ва кўргилик ичидан шодлик ахтарган. Буларнинг бари одамдан қанча ирода, қанча юксак руҳий куч талаб қилади! Сўқир турмушнинг арзир-арзимас сабаблари боис ўзи ё ўзганинг жонига зомин бўлаётганларни кўриб турибмиз-ку! Эссе, балки Камюнинг ўз-ўзига таскини бўлгандир...

 

Сўнгроқ, 1948 йилда эса: “Шак-шубҳасиз, бизнинг авлод чекига шунчалар кўп кўргилик тушдики, улар кўзидаги “қирмизи ойнак”лар ечилиб кетди. Улар қамоқхона нималиги, тонг маҳалидаги қатлларни, гуноҳинг йўқлиги эътиборга олинмаслиги ва ёлғоннинг музаффарлигини билишади. Лекин бу – умидсизлик эмас! Бу – бор ҳақиқат. Ҳақиқий умидсизлик – сўқирлик демак. У нафрат, зўравонлик ва қотиллик билан муроса қилади. Бу хил умидсизлик билан мен ҳеч қачон келишолмайман”, деб ёзади адиб.

 

Алҳол, мутафаккир ёзувчи реал воқелик билан қатъий исботланиб турган, “одам ҳаёти ҳеч нимага арзимайдиган маънисизликдир” қабилидаги тушкун хулосага дуч келди. Бу хулоса адибни ҳамиша руҳлантириб турган “инсон – олий мавжудотдир” деган ҳақиқатга зид эди. Зидми, демак, бу ерда бошқа гап бор... Камю ўша “бошқа гап”ни излади, топди; уни Сизиф мисолида ҳаммага тушунарли тилда айтмоқчи бўлди.

 

Бизнингча, тафаккури занг босмаган ҳар бир инсон вақти келиб абсурдни англаб етади. Гап – уни қандай енгишда. Камюга кўра, одам ўшанда танлов қаршисида қолади: ё абсурдга бўйсуниб яшамоқ, ё унга қарши исён. Албатта, фикрловчи одам ўзи мантиқсиз санаган ҳодисага бўйсуниб яшаёлмайди. У ҳолда, иккинчи йўл – исён қолади. Хўш, исён нима? Ахир, ўлимга маҳкумликдек қудратли ҳақиқатни ўзгартириб бўлмаса... Унда исён дегани – худкушликми? Йўқ, Камюга кўра, ўз жонига қасд қилмоқ ечим эмас; бу – абсурд олдидаги чорасизликдир.

 

Фалсафанинг асосий масаласи – “Ҳаёт яшашга арзийдими?” деган саволга жавоб топишдир; “олам уч ўлчовлими, бошқами; ақл-идрок тўққиз ё ўн икки табақалими” қабилидаги мулоҳазаларнинг бари иккинчи даражали, дейди адиб. Унинг учун ҳатто энг улуғвор ғоялар ҳам ҳаётингизни тикишга арзимайди. “Галилей илмий ҳақиқатни муҳим деб билди, лекин ҳаётига хавф туғдириши билан ўз ғоясидан осонгина воз кечиб қўяқолди, – деб ёзади адиб. – Бу хил ҳақиқат ўтда ёниш бадали бўлолмайди. Ер Қуёш атрофида айланадими ёки аксинчами – нима фарқи бор? Бир сўз билан айтганда, бу арзимас масала”. Ҳа, муқаррар ўлим туфайли маънисиз туюладиган инсон ҳаёти Камю учун шу қадар улуғ қадрият эди. Шунинг учун ҳам у абсурдни худкушлик билан енгишга қатъий қарши бўлди.

 

Абсурд гўё ўлимнинг муқаррарлигидан туғилар, буткул йўқ бўлиб кетиш тайин экан, унда яшаш – маълум муддат мавжудлик – маънисизликми? Ўлим билан тугайдиган ҳаёт аслида йўқлик ёки ўлимнинг айнияти эмасми? Бу каби саволларнинг барчасига “йўқ” деган жавоб – абсурдга қарши исён саналади. Камюдаги исён – умрни унинг маъносизлигига қарши ўлароқ маъно билан тўлдириш, чорани чорасизлик ичидан топмоқ, демак. Халқона айтганда, сопини ўзидан чиқармоқдир.

 

Мантиқан таҳлил этилса, уруш, касаллик ё муҳтожлик бўлмаганда ҳам одам барибир бир кун оламни тарк этади. Барибир кетар эканман, ҳаётнинг нима кераги бор, қабилидаги тушкунлик исённи, кураш туйғусини сўндиради. Боз устига, ўзини “элита” санаганларнинг ҳукмронлиги дастидан яшаш кўпчилик учун машаққатга айланади. Бутун жамиятни-ку қўятурайлик, оддий кундалик турмушнинг бир қадар яхшиланишига-да ишонч йўқолиши, чорасизлик одамни ҳаётдан бездиради. Руҳий қувватни сездирмай емира боради. Кишини оғир хаста каби ҳафсаласиз қилиб қўяди.

 

Тушунишимча, мутафаккир шундай қарашда бўлган: жамиятдаги тенгсизлик ва зулмнинг охири йўқ; табақаланиш, юқори-қуйи ўртасидаги зиддият йўқолмайди. Одамга бахтни жамият бермайди. “Фозил шаҳар” ёхуд “утопия ороли” ҳамиша шириндан-ширин хомхаёл бўлиб қолаверади. Бунга тарих шоҳид. Хулоса: бу ечимсизликка қарши исён – бахтсизлик ичидан бахт топа олишдир.

 

Бахтнинг камюча формуласи

 

Фаранг мутафаккири диққатини тортган воқелик – ижтимоий фаолият намояндаларининг турли-туман идораю маҳкамаларда одамларга сариқ чақалик фойдаси бўлмаган юмушлар билан бандлиги. Унингча, шу юмушбозлик – абсурд, уни англаш эса фожиадир. У бош-кети йўқ шу бенаф машғулликни мажозан мақсаддан маҳрум этилган “Сизиф меҳнати”га муқобил қўяди.

 

Альбер Камюнинг кўпчиликни мафтун айлаган кашфиёти – тош думалаб пастга тушган муддатда Сизиф хаёлидан кечган ўйлар. Қаҳрамоннинг маҳкум бўлса-да, ўзини озод ҳис этиши. Тафаккур қилиши, абадий жазо ичидан мазмун топиши! Сизифнинг Камю кашф этган исёни, ирода кучи, эркинлиги мана шу.

 

Адибга кўра, ҳаётда инсонга бахт-саодат учун берилган муддат – тошнинг чўққидан пастга тушиш вақтига тенг. Атиги шу, холос. Одам боласи ўзига аталган ана шу бахт лаҳзалари мавжудлигини фаҳму идрок этса, умри мазмун касб этади.

 

Айнан Сизиф ўша фурсат – фикр юритиш лаҳзаси эканини билиб қолади. Адоқсиз машаққат ичидан ҳаёт барқ урган дақиқаларни топа олади. Жазо зулумоти шу муддат хаёли билан ёришиб туради. Ҳа, Сизифнинг бахти – ўша яширин имконни топа олгани, саноқли лаҳзаларнинг соҳибига айланганида. Йўқ, бу лаҳзалар унга берилган эмас. Уни Сизифнинг ўзи – поёнсиз кўргилик ҳалқаларини узиб, ўзиники қилиб олган.

 

Камю Сизифни бизга олий инсон тимсоли ўлароқ ўрнак қилиб кўрсатади: қисмат рўбарў қилган ҳар қандай воқеликка сўқирларча итоат – одамиятдан эмас. Инсон яшашдан завқланмоғи, ўз қарори ва хатти-ҳаракатларида озод бўлмоғи керак. Ғофиллик – бахтсизликдир; инсоннинг бахти – тафаккур қилишида. Бахтнинг камюча формуласи шу. Адиб, таъбир жоиз бўлса, ҳақиқатнинг афсона сатрлари орасида учиб юрган кўринмас қушини тутиб олади ва уни кафтига қўндириб бизга шоён кўрсатади.

 

Сизиф нега жазоланди? У қисматга кўнмади. Ўлим муқаррарлиги туфайли юзага келгувчи абсурдга қарши исён қилди. Лекин яна маънисизликка маҳкум этилди. У бу “янги абсурд”дан ҳам маъно топди, унга бўйсунмади – мана, Сизиф хазинасидан Камю топган дурри ятим!

 

Тўғри тушунган бўлсак: абсурдга қарши исён – худкушлик билан ўлимни доғда қолдириш эмас. Билъакс, ўткинчи бўлса-да, ҳаётни ҳар қандай ҳолатда ҳам завқли, фойдали жараёнга айлантиришдир.

 

Сизифга шарқона қараш

 

Исломий ҳақиқатга кўра, инсон ҳаёти – муқаррар равишда абадий; фано – шу мангуликнинг бир қисмидир; икки дунё чегарасини ўз хоҳиши билан белгилашга банданинг ҳаққи йўқ. Берилган умрни муносиб яшаб ўтиш керак. Фано – бақога тайёргарликдир, холос.

 

“Тирик қолмоқ ё ўлмоқ” – мазкур масаланинг ечими эътиқодимизга кўра ҳам, Камюга кўра ҳам бизнинг ихтиёримизда эмас. Бу биринчи ҳолда – шаккоклик, иккинчисида – иродасизликдир. “Дунё машаққати ичидан қандай қилиб бахт топса бўлади?” – мана абсурд таълимотидаги асосий масала. Шу нуқтада Камю фалсафасининг Уйғониш даври томошанависига қараганда ниҳоятда баландлиги олий гуманизм билан изоҳланади.

 

Аммо... Сизифни иродали, ўжар, мақсад сари собит интилувчи қаҳрамон санайдиганлар унутмасинларки, унинг гуноҳи – ўлимни тан олмагани, қазо-қадардан бош тортгани, фоний ҳаётда абадий яшамоқчи бўлганида. Илоҳий ақидага кўра, бу – кибр, шаккокликдир. Демак, Сизиф – аввалбошдаёқ салбий тимсол бўлган. У бу дунёда бандаликни тан олмагани учун у дунёда жазоланган. Тош – бу жазо, бошқа нарса эмас. Буни унутсак, “Сизиф ҳодисаси”нинг туб моҳиятидан узоқлашамиз. Жазо ноҳақ берилган, маъбудлар исёнкор қаҳрамондан ўч олган, деб талқин қилиш зўракиликдан бошқа нарса эмас.

 

Гап шундаки, Сизифнинг замонлар ўтиши билан гуноҳкордан қаҳрамонга айланиши сабаби фано ва бақонинг чалкаштириб юборилганида – ўртадаги узилган ҳалқа ана шу. Ижод аҳли жозибали афсонани ўз мақсадига мослаб чимдим-чимдим ўзгартириб кетаверганга ўхшайди.

 

Овруполик адиб тақдирни – ўлимга маҳкумликни тан олгани, қолаверса, инсон ҳаётида тафаккурнинг ўрни масаласида руҳимизга жуда яқин. Аммо у одамзод ҳаёти бу дунё билан тугайди деб ишонган. Унингча, афсонадаги жами воқеалар фанода содир бўлади, тош билан боғлиқ жазо ҳам бу дунёдаги ҳодиса ўлароқ талқин қилинади. Сираси, мафтункор абсурд фалсафаси чегараси фано тугаган жойгача – бақо унга бегона.

 

Агар Камю талқинидаги Сизифда руҳиятимизга зид нимадир ҳис этаётган бўлсак, уни ўрнак ўлароқ қабул қилмоқни ғайри­шуурий истамаётган бўлсак, гап – шу чегарада, Сизифнинг у дунёдаги ҳаёти одам боласининг бу дунёдаги ҳаёти ўлароқ талқин этилганида. Шаккоклик учун берилган ҳақли жазодан заминий маъно ахтарилганида, илоҳий ҳукм тафтиш қилинганида...

 

Бизнинг вазифамиз – берилган умрни имкон деб билиб, уни яхши амаллар билан муносиб яшаб ўтишдир. Шунда яхши-ёмон қилмишларимиз масъулиятини тақдир зиммасига юклашдан тийиламиз. Хатоларимизни “пешонага ёзилган” дея хаспўшламай, мудом жавобгарликни ҳис этамиз.

 

Қанчалик ғалат туюлмасин, “ақллар ҳукмдори” деб улуғланган адибдан фарқли ўлароқ, биз Сизиф тоши қаршисида бош эгамиз. Сизифга берилган жазо ҳақли ва абадий – илоҳий ҳукмга бошқа маъно-моҳият юклаб бўлмайди.

 

Ҳа, турли таълимотлару фалсафалар ўз йўлига. Аммо тўғри йўл ўлароқ юборилган қонун-қоидалар билан яшаб, умумжаҳон тинчлигига эришмоқ ҳам, ўзимизникими, ўзганикими – ҳаётнинг қадрига етмоқ ҳам мумкин. Ана шунда балки бир-биримизга меҳру шафқат кўзлари билан қарармидик? Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлармидик? Тунда жигаргўшамизнинг устини кўрпа билан ёпиб қўйишни дин йўлидаги жиҳоддан улуғроқ амал деб билармидик?

 

Ислом Шарқининг Сизифдан жозибадор, ҳаёт нафаси уфуриб турган тимсоллари нақадар кўп, десак, умидвормизки, маҳдудлик дея тушунилмас...

 

Лирик чекиниш

 

Фольклоршунослар ғалати бир қонуниятни илғаганлар: дунёнинг турли нуқталарида яшайдиган халқлар оғзаки ижодининг қадимий намуналарида муштарак мотивлар, ўхшаш қаҳрамон ва уйқаш кечмишлар тез-тез учраб туради. Муштарий “Халқлар қадим-қадимдан ўзаро қизғин робитада-ку! Элчилар, савдогару қароқчилар – дунё кезиб, матал, афсона ва чўпчакларни эллараро достон қилиб юраверган. Бунинг нимаси ғалати?” деб эътироз билдириши мумкин. Гап шундаки, олимларнинг аниқлашича, бу ғаройиб ҳодисот – йўллари тарихда ақалли бир марта ҳам кесишмаган, бир-бирининг боридан бехабар элатларни ҳам четлаб ўтмаган экан. Тадқиқотчилар текшира-текшира, шундай фаразни илгари сурган: бу ўхшашлик ё шунчаки тасодиф, ё ўша халқларнинг тарихий ривожи бир-бирига монанд бўлган.

 

Мен ҳам ўзимча турли тасаввурга бериламан. Лекин улардан сўз очмакка журъат етмайди. Негаки, улар ўта мунозарали, ўта баҳсталаб...

 

Менга дунёнинг барча қадим халқ асотирлари илоҳий китоблардан ибтидо олгандек туюлади. Фақат... оғиздан-оғизга ўтиб ўзгариб кетган. Дарвоқе, Сизиф афсонасидаги бу дунё ҳаётининг ўткинчилиги, ўлимнинг муқаррарлиги, гуноҳ учун жазоланиш ва жазонинг абадийлиги... каби мотивларнинг бари илоҳий китобларда битиб қўйилмаганми? Танталнинг маъбудларни зиёфат қилмоқ учун ўз ўғлини сўйиши таниш қиссани эслатмаяптими? Дунё тўфони ҳақидаги юнон афсонаси-чи?

 

Майли, қадим илоҳий китоблар аслиятини тиклаш имконияти энди йўқ. Лекин аниқ исботлаш мумкин бўлган мисоллар бор-ку. Нима сабаб бўлганини билмадик, лекин одам боласи ўз хаёлида Исо алайҳиссаломни Худонинг ўғлига айлантириб, Айюб алайҳиссаломнинг вужудини жирканч қуртларга талатмадими? Ўша қийшиқ кўзгу Юсуф алайҳиссаломни Зулайхо билан “қўша қарит”мадими? Сизиф воқеаси ҳам “таҳрирчилар” қўлига тушмаган деб ким айта олади? Википедия энциклопедиясида ёзилишича, даврлар ўтиши билан “Сизиф образи одамларда ҳамдардлик, ачиниш туйғуларини уйғотадиган бўлди.... Унинг гуноҳлари унутилди, юнон аристократияси таомилида эса Сизифни ўзининг афсонавий аждодларидан билиш шон-шараф саналадиган бўлиб қолди. Оғир жазо энди гуноҳга яраша ажр эмас, худоларнинг ўч ва қасоскорлиги рамзига айланди”. Ким билсин, нафси аммора ҳукмига тобе ўша зодагонлар оғир гуноҳларини эл кўзида оқлаш учун шаккок Сизифдан қаҳрамон ясаб олишгандир? Агар бу фараз тўғри бўлса, севимли ёзувчимиз ҳам тимсолни тўғри танламаган бўлиб чиқади. Начора...

 

Буюк гуманист

 

Альбер Камю коммунизм, фашизм каби ғайриинсоний таълимотларнинг моҳиятини ўз вақтида англади. Уруш ва синфий зулмни қаттиқ қоралади. Одам боласини олий мавжудот санагани учун ҳам, бахт талабидаги курашда ирода ва тафаккурни ҳал қилувчи ўринга қўйди. Тенгсизлик ҳукм сурган дунёда оғир қисматга мубтало бўлганларни кўр-кўрона бош эгмасликка, курашга чорлади. Ёзувчининг “Инсон ўлимга маҳкум, ҳеч ким бундан истисно эмас. Умрни ҳаётсеварлик, тафаккур қилмоқ каби маъно билан тўлдириш лозим. Худкушлик – ожизликдир” сингари қалбга умид ва қаноат бағишловчи фикрлари талайгина. Камю гуманизми Ер куррасида зулм ва зуғумлар ҳамон авж олиб турган бизнинг асрда янада қадрлидир. Фикрлайдиган зиёлини бу мутафаккирга мубтало қилган жозиб куч – жамият бойликлари яратувчиси бўлган, аммо меҳнати маҳсулидан маҳрум этилган оддий одамларга меҳру муҳаббат, ҳамдардликдир. Камю “Сизифни бахтли санамоқ жоиз” дейиш ила оғир жисмоний меҳнат, муҳтожлик ва зулмга маҳкум этилганлар ҳам тафаккур ила саодат топадилар, демоқчи. Бахтга лиммо-лим истиқболга умид уйғотмаса-да, ҳарқалай, ҳаётнинг ҳар лаҳзасида ёруғлик бор, демоқчи. Лев Толстой таъбири билан айтганда: “Ҳаёт бор жойда бахт-саодат ҳам бор”.

 

Нодира ОФОҚ

 

“Tafakkur” журнали, 2019 йил 3-сон.

“Мен Сизиф тошига эгаман бошим” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси