
“Ёзувчи” сўзининг ўзаги “ёз” – кўпмаъноли ва кўпқатламли лисоний бирлик ҳисобланади: дастурхон ёзмоқ, кўнгил ёзмоқ, оёқ-қўл чигилини ёзмоқ ва ҳоказо... Бу ифодаларда турли ҳаракат-фаолият мазмуни англашилмоқда. Инсон тафаккурида мавжуд ғоянинг махсус белгилар ёрдамида қоғоз ёки бошқа предметда акс этиш жараёни ёзувни пайдо қилади. Ижод аҳли эса ёзув воситасида кўнглини ёзади.
Ёзмоқ – ижодкорнинг ҳаёт тарзи, кўнгил эҳтиёжи, руҳ ҳолати. Ижод жараёнида инсон руҳий ҳолати ёзувда суратланади. Абдулла Қодирий ижодкорга нисбатан “ёзишғувчи” ва “ёзғувчи” сўзини қўллайди. “Ёзғувчи” тафаккурида тўпланган, сараланган ҳамда кўнгилда из қолдирган маълумотлар “база”сини тизимли ва композицион бутунлик асосида шакллантириб ўзгаларга тақдим этади. “Кўнгилни ёзиш”, назаримизда, ёзувчи сўзининг мағзини ташкил қилади.
“Ёзувчи ким?” деган саволга бир сўз билан жавоб бериш мушкул. Кўнгил тубига чўккан дард-изтиробларни матн узра ёймоқ ёки ёзмоқ ижоднинг туб мағзини ташкил қилади. Кўп ҳолатларда ижодкор дил изҳорини ўзганинг нуқтаи назари орқали билдиради. Ўзганинг қарашлари орқали жамият ҳаётига муносабатини очиқлайди.
Севимли ёзувчимиз Эркин Аъзамнинг ижоди орқали ёзувчи ва ёзмоқ тушунчасининг моҳиятига эътибор қаратишни ният қилдик. Зеро, ҳаётини сўз талабига, сўз маърифатига бағишлаган устоз адибнинг бу борадаги қарашлари адабиёт мухлисига ўгит ўлароқ хизмат қилади. Фикримизни қувватлантириш мақсадида ёзувчининг турли йиллардаги суҳбатларидан керакли ўринларда фойдаланишни маъқул билдик.
Сўз олдидаги масъуллик, талабчанлик ва андиша, янги сўз айтиш эҳтиёжи ижодкорни ҳушёрликка чақиради. Адиб “Нима жанрда ёзишдан қатъи назар, янги гап айтиш зарур. Аслида ёзиш – кўнгил майли”, деб таъкидлайди. Кўнгил майлига мос мазмун ва ифода топишда ижодкор маҳорати бўй кўрсатади.
Муаммонинг асосий томони шундаки, ҳар қандай истак-майл ўз йўлига, Оллоҳ сийлаган истеъдод бўлмаса, бари бекор. Шунинг баробарида истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Ижодкор меҳнат, изланиш, интизом, фаҳм, зеҳн каби жиҳатлар билан қобилиятини сайқаллаб боради. Ижодкор учун сўзга муҳаббат, сўз ҳаёси, сўз андишаси жуда муҳим адабий мезон саналади. Ижод аҳли кўнгил ёзиғини ёзув орқали ифодалайди. Абдурауф Фитрат “Адабиёт қоидалари” асарида ижодни “зеҳний юмуш” деб таъкидлайди. Демак, ижод зеҳний, яъни тафаккур, тасаввур маҳсули, кўнгил ободлиги йўлидаги тизимлаштирилган ҳаракат бирлигидир.
Ижод – инсоннинг жамият ҳаётига муносабати, баҳоси, эстетик позицияси, одам ва олам ҳақидаги хулосасининг муайян шакли. Ижодкор ёзган асарида эстетик идеали ва ижодий “мен”и воситасида ижодий дастурини, яъни концепциясини баён қилади. Яратувчанлик, истеъдод, танқидий тафаккур, фалсафий идрок тарзи ва шу кабилар ижод механизмини ташкил қилувчи омиллардир.
Ижодкор ёзиш орқали дарддан қутулишни истайдими ёки ўзини қийнаган саволларни ўқувчиси билан баҳам кўрадими? Бу ҳамдардликми ёки ўзини тасдиқлатиб олишми, юкдан енгиллашишми ёки нафснинг намойишими? Балки, жамият томонидан тан олинишини истаган кўнгилнинг даъвосидир? Ижод нафс билан боғлиқ тушунча эканини ҳисобга олсак, майл билан бирга даъво ҳам борлигини рад этиб бўлмайди.
Эркин Аъзам бундай ёзади: “Адабиётни бир кўнгилнинг бошқа кўнгилга, кўнгилларга арзи ҳоли, ҳасрати деса ҳам бўлади” ёки “Бировга дардини ёрган одам енгил тортади-ку, ўшанга ўхшаш ҳолат”. Кўнгил – ўзга кўнгилга дарича. Ёзув – даричаларни боғловчи восита. Кўнгилнинг ўзига “зўрлик” қилган туйғуларни ўзга билан баҳам кўриш истаги бадиий яратиқнинг дунёга келишига замин бўлиб хизмат қилади. Кўнгил ёзиб “енгил тортиш” жараёни ижод аталмиш сирли ҳодисанинг моҳиятини ташкил қилади. Ёзувчи ғоявий жиҳатдан кўзланган мақсад ва ўз қадриятларини асар мазмунига сингдиради, шу билан бирга тасвирланаётган воқелик воситасида жамият ҳаётига муносабатини очиқлайди. Демак, ижод уч томонлама муносабатли алоқани ўзида жамлайди.
Сўз – муқаддас, ёзув – қадрият, кўнгил – илоҳий хилқат. Муқаддас ахлоқий қадриятларни ўзида бирлаштирувчи ижодкор “идеал одам” деган қолипга солиниши ҳам бор гап. Хўш, ижод билан шуғулланувчи ёзувчининг инсоний қиёфаси қандай бўлмоғи лозим, деган савол туғилиши тайин. Тасаввуримизда ижодкор шахсини идеаллаштириш билан боғлиқ анъанавий стереотиплар мавжуд. Ёзувчи ҳалол, маданиятли, инсофли, виждонли, хуллас, идеаллик мақомига тўла мос келадиган комил шахс, деган тушунча доирасида идрок этилади. Бу улгу қаердан олинган? Бундай қарашларнинг илдизи қаерга бориб тақалади?
Балки, ёзганига муносиблик ва мансублик эл орасида ёзувчи идеал одам деган “қолип”ни пайдо қилар... Зотан, бу “қолип”га мос бўлиш барча замон ва маконда осон бўлмаган. Аслида нима учун ёзувчининг (ижод аҳлига бирдай тегишли) қандай одам бўлмоғи лозимлиги жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этади? Бошқа соҳага қараганда, ижод аҳли доим омманинг диққат марказида бўлади. Қаламнинг ҳаққи-ҳурмати, сўз иззати, маърифат шафоати туфайли ижодкор халқ орасида иззат-икромга лойиқ кўрилади. Ижод аҳлининг асарлари қаърига жо қилган айрим сирлари бўладики, уни оддий ўқувчи англаб олиши мушкул. Бу сирлар эса ёзувчи шахсиятини янада чуқурроқ англашга йўл очади.
Эркин Аъзам ижодига назар ташлаш орқали ана шу сирларни англашга ҳаракат қилдик...
Адабиётшуносликда ижодкор устахонаси ва ижод жараёни тўлиғича очиб бериш қийин бўлган муаммолардан. Ижод механизмини ташкил қилувчи тафаккур босқичлари: тасаввур, фикр, ёзиш, талқин, тасвир, ифода каби ҳолатларни теранроқ англаш учун муаллиф устахонасига юзланамиз. Бунда ёзувчининг таржимаи ҳоли, хотиралар, қайдлар муҳим аҳамият касб этади. Жуда кўп ҳолатда ҳасби ҳол ёзувчи томонидан махсус тайёрланган рақамларга тобе маълумотлар захирасига айланиб қолади. Муаллиф болалиги, оилавий муҳит, кечмиши ва руҳий ҳолатлар билан боғлиқ вазиятлар кўпда тилга олинмайди. Ижодкорга туртки берган омиллар, оилавий муҳит ва тарихий шароит каби муҳим факторларни ҳам эътиборда тутиш лозим. Бунда кўпинча муаллиф томонидан тайёрланган биографияга таянилади.
Дунё адабиётшунослик мактабида биографик метод тарафдорлари муаллиф ҳаёти ва ижодини бирликда ўрганишни таклиф қилса, психобиографик усулни ёқловчилар ижодкорнинг руҳий ҳолатларига эътибор қаратишни афзал санайди. Рус ёзувчиси Д.Мережковскийдан бу ҳақда сўраганларида, “Мен ўзи ҳаётлигида ёзилган биографияга ишонмайман. Автобиографиягача нима бўлгани аниқ бўлмаса-да, қўлимда бадиий асар бор. Шунинг ўзи етарли. Одамзод ҳеч қачон ҳаётини охиригача била олмайди, ўз ҳаётини билмаган одам ўзгаларникини билмаслиги аниқ. Ташқи ҳаёт ҳақида сўзлаш зерикарли, ичкарисини эса айтиб бериш имконсиз”.[1] Олим кўпчилик эътиборидан четда қолган жиҳатларга эътибор қаратади. Муаллиф томонидан тартибга келтирилган ҳасби ҳол ижодкор руҳий ҳолатларини очиб беришга доим ҳам имкон беравермайди. Шу боис битикларга “сочилган” сирларни билишга ҳаракат қиламиз.
Ижодкор таржимаи ҳолини биографик метод талаблари доирасида ўрганиш учун ҳар бир детал, ҳар бир эпизод жуда муҳим рол ўйнайди. Болалик хотиралари, дастлабки машқлар, ҳаваскорликдан маҳоратгача, ҳаёт ва тажриба, топилдиқ ва йўқотишлар барча-барчаси қадрли. Ҳар қандай бадиий яратиқ ана шу “из”ларнинг аксидир.
Эркин Аъзамнинг роман, қисса ва ҳикоялари нафақат ўзбек, балки дунё китобхонини ҳам ўзига жалб этиб келаётгани сир эмас. Ижодкорнинг публицистик фаолияти ўзбек матбуотида алоҳида саҳифа сифатида эътиборга лойиқ. Ёзувчи бадиий асарда ғоявий ниятини пардалаб кўрсатишга ҳаракат қилса, публицистик асарларида ўзига хос ифода услуби, ҳаётий тутумлари, ижодий манераси очиқроқ аксланади. Адиб ижодий қиёфасини яхлит бирбутунликда тасаввур қилиш учун асарлари замирига сингдирилган ғоянинг умумий ва хусусий жиҳатларга диққат қаратиш зарур. Муаллиф ижодий устахонасининг “жавҳар”ини ташкил қилувчи: оила (наслий-генетик), ижтимоий-сиёсий вазият, адабий муҳит, психобиографик омиллар ҳам бундай ёндашувда муҳим аҳамият касб этади.
Ёзувчи асарларида сўзга муносабат айрича. Муаллиф қаҳрамонлари тилида жаранглаётган киноявий қочиримлар ва истеҳзо сизни халқона тил хазинасидан баҳраманд этади. Адиб асарларининг бадиий қуввати, унинг озиқланиш манбаи, чексиз киноя, қочиримларга уста сўзамол қаҳрамонлар тилидаги айричаликнинг илдизлари қай заминдан ундирилган? Ёзувчининг дунёқараши ва тафаккури қандай омиллар асосида ўсиб, такомиллашиб борди?
Кўп ҳолатларда ёзувчи шахсига, ижодига баҳо беришда фақатгина у яратган асарларга боғланиб, ёзувчи шахси ҳамда уни ўраб турган оилавий ва адабий муҳит эътибордан четда қолади, кемтиклик пайдо бўлади. Кўпчилик мана шу боғлиқликни ҳисобга олмайди. Шу боис баъзи ўринларда тадқиқ доираси чекланиб, бир ёқлама қараш юзага келади. Асар таҳлилида баъзи саволлар қалқиб чиқиб, ҳушёрроқ бўлишга ундайди. Биз кўпинча ёзувчи кимдан таъсирланган, қайси китобларни ўқиган, қайси даргоҳда сабоқ олган, устози ким, ҳеч бўлмаганда, у кимга тақлид қилиши билан қизиқамиз. Мана шу қизиқишларга билиб-билмай ўралашиб, ёзувчи шахсини бутунлай тадқиқ доирасидан четлаштириб қўямиз. Балки, худди шу жиҳат бугунги адабиётшунослик ва адабий жараёндаги мавҳум нуқталарни ойдинлаштиришга, асар замирида яширинган моҳиятни англашимизга кўмак бериши мумкин.
Ёзувчи асарлари матнига эътибор қаратсак, коса тагида нимкоса, кулги ортига яширинган йиғи оҳангини бир кўришда илғаш осон эмас. Биз билган (ўзи тўлиқ биламизми?) Эркин Аъзам қайси китобни ўқиб ёки қайси даргоҳда таълим олиб бундай сўзбилгич бўлдийкин?.. Агар шундай бўлса, бу даргоҳда у билан бирга ўқиганлар қанчаю ёзувчи бўлгани қанча! Адиб сўзнинг “жони”ни ҳис қилиш, тафтида исинишга қандай ноил бўлдийкин? Эркин Аъзам қаҳрамонлари тилининг бурролиги, кескирлиги, ҳозиржавоблиги, кесатиқ-пичингга мойиллиги ёзувчининг зуваласи ийланиб пишитилган оила муҳити, шаклланган тафаккур тарзи, она тилининг билимдони эканлиги билан изоҳланади.
Адиб ҳаётига чуқурроқ назар солиш мақсадида ҳасби ҳолга юзланамиз. Ихтиёримиздаги ёзувчининг ўзи томонидан тайёрланган таржимаи ҳолда ижодкор қиёфасини бирбутунликда ёритиб берувчи ҳолатларнинг чизгилари етарли эмасдек... Қолаверса, олимларимиз бундай ёндашувга нисбатан бир хил муносабатда эмас. Кимдир бундай ёндашувни ёқласа, айримларида унинг зиддини кўриш мумкин экан. В.И.Тюпа мазкур мавзуга тааллуқли жуда қизиқ мулоҳазаларни ўртага ташлайди: “Муаллиф шахсини чуқур ўрганиш асар моҳиятини тушунишда муҳим роль ўйнайди, деган тушунчага қўшилиб бўлмайди. Гап шундаки, муаллиф шахси ичига кириш учун ҳеч ким бизни таклиф қилмайди ёки киришга изн ҳам бермайди. Муаллиф ўзига ишонмаган сирларни ўзгага раво кўрармиди? Муаллиф ўз “мен”ини матнга сочиб, сингдириб юборади. Ҳолбуки, муаллифнинг ўзи ҳам асари олдида ўқувчига айланади”[2]. Ҳасби ҳолдаги “сир”ларни билишга “изн” бермаслик бор гап. Қолаверса, таржимаи ҳолдаги шартлиликни назардан соқит қилмаслик лозим. “Сир”лардан бохабар бўлиш нимани ўзгартиради, деган савол туғилиши мумкин. Муаллиф асарлари семантик қатлами ва композицион қурилмасини англаш учун “калит”ни қўлга киритиш истагидир. “Тафтиш”дан муддао асар моҳиятини тушуниш, бадиият сирларини билишга иштиёқмандликдан бўлак нарса эмас.
Ижодкор инсон таржимаи ҳолини ўрганишда асарлар билан бирга кундалик, ёзишмалар, хотиралар, қайдлар ҳам бирламчи манба бўлиб хизмат қилади. Икки ўринда Эркин Аъзамнинг ўзи томонидан тайёрланган таржимаи ҳолга дуч келдик. “Эртак билан хайрлашув” китобида “Гапни ўзимдан бошласам” деб номланган кичик ҳасби ҳол берилган. Шу кичик матнда ёзувчи бибиси ва “ҳар бир гапига мақол-матал қўшиб гапирадиган ва буларнинг барчасини ўзлари тўқийдиган” онаси ҳақида бир-икки сўз қистириб ўтади. Йўл-йўлакай айтилган кичик изоҳда адиб унган замин ҳақидаги самимий эътироф бор. Маталсиз, мақолсиз гапирмайдиган “академик” онаси ва бибиси ёзувчини болалигиданоқ сўзга ошно қилган, шу даргоҳнинг сирли чашмасидан ташналигини қондирган, халқона оҳангларнинг жамики рангларини танитган. Шунинг кучи, қуввати боис ёзувчи асарларида сўзнинг тафти бор, ўзгача ёғдуси бор. Эл кайвониси ва китобсевар Нормамат отанинг маърифати – ёзувчига қон мерос. Қолаверса, миллий қадриятлар устувор саналган оилада улғайган ёзувчининг ижодида ана шу “йўл”нинг изларини кўриш мумкин.
Беш жилдга жамланган “Танланган асарлар”и дастлабки китобида ёзувчининг ҳикоялари саралаб олинган. Киришда муаллиф томонидан тартибланган таржимаи ҳол бор. Э.Аъзам ҳасби ҳолини кутилмаган ва кўникилмаган бир шаклда тақдим этади. Шу ўринда ёзувчининг маҳоратига тан бермай иложи йўқ. Киноя-қочиримга бой лавҳаларда халқона оҳангдаги жозиба ўқувчини мафтун қилади. “Нов бошида икки момокалоним” деб номланган ўнгсўзни алоҳида ҳикоя деб аташ мумкин. Муаллиф ҳасби ҳолга шу даражада маҳорат билан ишлов берадики, ифода усули ўқувчини ром қилади. Муаллиф ўзи истаган “майдон”да ўқувчини эргаштиради, кечмиш лаҳзаларига бир муддатлик “иштирокчи”га айлантиради. Муаллифнинг болалик хотираларига чўкиб улгурган нурли лаҳзалар тилга олинади. Ўттиз саҳифадан ортиқ матнда ёзувчи сизни болалик дунёсига олиб ўтади, сиз уларни яқиндан билгандай қабул қиласиз. Муаллиф таржимаи ҳолини ноодатий тарзда, чалғитадиган усул билан баён қиладики, ҳар қандай зийраклик ҳам иш бермайди.
Бир гап. Нима учундир кейинги йилларда ижодкорлар болалик хотиралари ҳақида ёзмайди. Ойбекнинг “Болалик” қиссаси сингари асарлар бугун кўзга ташланмаяпти. Ижодкорнинг ижодий юксалиш паллаларини очиб берувчи ҳаётий воқеаларнинг тарбиявий-маърифий аҳамияти жуда катта. Айниқса, ижод билан шуғулланишни мақсад қилган ёшлар учун устозлар ҳаёт йўли доимо ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, болалик хотиралари ижодкор учун захира манбаи сифатида ижодий қувват бериб туради.
Ёзувчига ҳасби ҳол билан боғлиқ саволлар берилганда кўп ҳолатда чап берилади. “Илк севги, вафо-бевафоликка ўхшаган нозикроқ мавзуларга келганда эса ҳеч қачон тўғридан-тўғри жавоб берилмаган – одоб-ахлоқ ва шаън масаласи бор ўртада; мушкулроқ эса-да, буларни бадиий ёзмалардан “пайпаслаб” билиб олса бўлар”.[3] Ёзувчи томонидан тартибга келтирилган “саҳиҳ” манбада болаликнинг ёрқин хотиралари орасидан кераклиларини “пайпаслаб” олишга уриндик. Ҳаракатларимиз нечоғли ўзини оқлайди, бу ёғи қоронғи...
Виқорли тоғларга туташ Бойсунда улғайган адиб табиатан хислатларга “андак ўрроғу ўжарроқ” эканлигини айтиб, шу боис “андак бодироқ эмасмиканмиз?” дея тушунтириш беради. Фикр давомидан таърифни изоҳлайди: “Юксакликларга боқиб ўрганган кўзга теп-текис манзиллар писанд эмас-да!” Изоҳда балки жон бордир... Тоғ одамлари табиати ўзгача бўлиши мумкин.
Устозларимиздан бири Эркин Аъзам ва унинг сафдошларини нима учундир “адабиётдаги боди болалар” деб таърифларди. Сабабини сўраганимда “Имконидан даъвоси катта-да балаларнинг” дерди. Бодилик ҳам бор гапга ўхшайди. Устоз айтган “даъво” масаласига кейинги фаслда алоҳида тўхталамиз.
Муаллиф илк болалигида бир марта боғда йўқолиб – олчазору ўрикзор орасида адашиб, қаттиқ қўрқувга тушганда йиғлаганини ҳикоя қилади. “Энди бутунлай шу ерда қолиб кетдим”, деб ваҳимага тушганини негадир унутмайди. Ва бу воқеани эллик беш йил ўтиб қайта эслаганда янаям қизиқ вазиятга тушади: “Мени ҳеч ким тушунмаган дамлар кўпинча шундай бўлади. Сизни ҳеч ким тушунмаса, йўқолгандай гап-да, тўғрими?” Агар бу фикрларни ижод билан боғласак, сенинг ёзган ва ёзаётганларингни одамлар тушунмаса, қабул қилмаса... ўтган умр “йўқолиш” билан баробар-ку! Ёзувчининг кейинги сўзлари янаям мулоҳазага чорлайди: “Гоҳо ўйлайман: йўқолиш ҳодисаси менинг қисматимга уйқаш бир ҳол экан-да”. Йўқолиб қолиш билан уйқашлик! Йўқолиш – изсиз кетишми, қилган ишларининг бесамар бўлишими, ишончсизликми? Тажрибали ижодкорнинг ўзига ишонмаслиги мулоҳаза қўзғайди. Ишончсизлик десак ўзини оқламас – “бодилик” даъвоси қаёққа кетади? Ўзини маломат қилиш, нафсини синдириш, кибрни ўлдириш каби улуғлар солган йўлнинг изларидир балки... Қониқмаслик ҳисси, безовталик ортиб, “йўқолиш” туйғуси бош кўтариб қолар...
Маълумотларга кўра, муаллиф китоб қадрланган оилада ўсиб улғайган. Отанинг фарзандларига юклаган энг катта юмуши – ўқиш.
“Ким кўп китоб ўқиса, рубоб олиб берамиз”.
“...китобларни ўқиб чиқсанг ёзда лагерга борасан”
“Айт-чи, ёзги таътилда нечта китобни ўқиб туширдинг?”
Оила кун тартибига шу каби саволларнинг қўйилишиёқ хонадон маърифати ва хотиржамлигини кўрсатади. Нормамат бобонинг болалари тирикчилик ташвишини ўйламай болаларча яшаган, истаса – боғчага бормаслик учун “манний каша” қўзғолонини уюштирган. Тенгдошлари орасида велосипедли бойвачча бўлиб танилиш... Элнинг кайвониси бўлган ота билан отга мингашиб сайр қилиш... Энг муҳими, болалар эътибордан четда қолмаган, уларнинг истаклари билан ҳисоблашилган. Барчаси ширин хотира бўлиб, муаллифнинг қайсидир асарида “ундирги” бўлиб хизмат қилган. “Сув ёқалаб” асарида Нормамат бобо ва Эркин Аъзам ҳаётий тутумларининг аксини кўриш мумкин. Ҳолбуки, ахлоқий қадриятлар қамровида улғайган, тасаввур доираси кенг боланинг орзу-умидлари кўп бўлади. “Шаҳардан меҳмон келди” ҳикоясидаги булутларга расм солган болакайнинг орзуларида ёзувчи болалигининг бир парчаси акс этгандай...
Ёзувчи асарлари умуммахражида мавжуд қониқмаслик ҳисси, “норасо”ликдан куйиниш, адолатсизликка қарши бориш туйғуси қаерда ундирилган деган савол ўртага чиқади. Ўзига тўқ, осойишта хонадонда улғайган бола дунёқарашидаги бундай зиддият мулоҳазага чорлайди. Ҳақиқатпарварлик қайси заминда ўстирилган? Одамзод “норасо”ликни кўрганда “расо”ликни тусай бошлайди. Зуғумга учраган киши адолатни қадрлайди, уни ҳимоя қилишни мақсад қилади. Эҳтимол, адолатпарварлик туйғуси Нормамат бободан отамерос қадриятдир? Асарлар замирида яширинган адолат туйғуси, эрк масаласи ҳам муаллиф шахсидаги етакчи белгиларни очиқлайди.
Ижодорнинг кейинги йилларда ёзилган китобида шундай фикрлар учрайди: “Эрталаблари негадир чарсиллаб тураман. Ҳеч нарса ёқмайди. Дунё кўзимга қоронғи. Гап қўшган одам балога қолиши аниқ. Бу вақтда оламнинг бор ғаму ташвиши гуё каминада: мушкул муаммолар, ҳақсизликлар, норасоликлар. Кўнгилда шуларга қарши тийиқсиз исён жўш уради. Бугуноқ бориб шу масалани ҳал қилмасам! Бугуноқ бориб шу гапларни шартта-шартта айтиб солмасам! Бўлди, шунча замон мусичага ўхшаб юрганим, чидаб келганим етар! Бу нима бедодлик ахир!” Бу ёзувларни ўқиб катта бир руҳий инқилобга тайёргарликни кутасиз. Аммо ёзувчининг шаҳди бирдан синади: ўзи айтгандек “яхши одам”га айланиб маъюс тортади. Бу журъатсизликми ё муросага ўтишми? Вазиятни ўнглаб бўлмаслигини ақл англаб етса-да, кўнгил қурғур кўнмайди-да... Бир ёниб ўчгандай бўлади-ю, аммо тутаб беҳузур қилади. Тутантириқ яна бир ёнишга йўл беради-ю, яна... Имконсизликдан зўриқишми? Нима бўлганда ҳам ниҳоятда оғир жараён. Бутун исённи ичига қамаб ўтиш, ноҳақликка кўз юмиш ақли расо одамни эзиб ташлайди. Ана шу норозиликлар “ёниб, тутаб” қалбни қийноққа солади. Ёниб-ўчишлар, изтироблар қоғозга тўкилади, сўзга солинади.
Болаликда ўқилган китобнинг ҳар бири адиб тафаккурида ўзига яраша из қолдирган: “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби катта хазина ёнига “Том Сойер” каби дурдоналарнинг қўшилуви маълум бир фикрий композициянинг шаклланишига хизмат қилди. Халқ донолиги асосига қурилган эпоснинг муҳташам қурилмаси адиб бадиий яратиқларида сайқалланиб, индивиуал ҳодиса ўлароқ бўй кўрсатди.
Болалигида адиб “катта бўлсанг ким бўласан?” деган саволга иккиланмасдан “ёзувчи бўламан!” деб жавоб беради. Ҳам ишонч, ҳам қатъият билан айтилган сўз бугун кучга энганига шубҳа йўқ. Шукур Холмирзаев билан учрашув ва устознинг ўгитлари муаллифга катта мактаб бўлди: “Ўзинг яхши билган нарсаларни ёз, деталларни тасвирлашни ўрган”. Кўрган, ишонган нарсаларини ёзиш муаллиф ижодий концепциясининг асос қисмини ташкил қилади. “Кечирасиз, ўртоқ муаллим!” қиссасидаги ҳақиқатпараст бола кейинчалик “Отойининг туғилган йили”даги Асқарга эврилганига ишонч ҳосил қиламиз.
Жонкуяр олима М.Қўчқорованинг “Эркин Аъзам – сарказм устаси”[4] номли китобида ёзувчининг таржимаи ҳолини тўлдиришга хизмат қиладиган оила аъзолари ҳақидаги қимматли маълумотлар, жумладан, адибнинг онаси билан суҳбати берилади. Аммо бундай маълумотларнинг ўзи етарли эмасдек... Шу билан бирга ҳали адабиётшуносликда муаллиф ижодий тафаккурига таъсир қилган адабий ва ҳаётий омиллар, руҳий ҳолатларни ўрганиш эҳтиёжи борлигини айтиб ўтиш зарур.
Ҳар қандай бадиий асар индивидуал англам ва ижодий фаолият ҳосиласидир. Образли қилиб айтганда, муаллиф асар матнида бир қарашда сезилмайдиган, аммо бошқалардан ажралиб турувчи “бармоқ изи”ни қолдириши тайин. Бу “из” муаллиф шахсида мавжуд бир қанча хусусиятларни ўзида жамлайди.
“Эрталабки хаёллар” (2015) китобида ёзувчининг ижод ва ҳаёт билан боғлиқ адабий-эстетик қарашлари акс этган сара мақолалар жамланган. Мазкур китоб ёзувчининг ижодий концепциясини очиқлашга имкон беради. Китобда муаллифнинг турли йилларда эълон қилинган адабий, ижтимоий мавзуларга бағишланган мақолалари, қайдлари ва суҳбатлари жой олган. Турли йиллардаги чиқишларида ёзувчи ижод ва адабиёт билан боғлиқ жуда қимматли маълумотларни бериб ўтади. Муаллифнинг ижод ва бадиият ҳақидаги фикрлари турли йилларда турфа даврада айтилган бўлишига қарамай яхлит бир фикр атрофида бирлашади. Сочмалар шаклида айтилган фикрларда иқрор ва хулосалар ўз аксини топган. Болалик хотираларининг ижодкор ҳаётида “олтин захира” бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
“Тошкентга 17 ёшимда келганман. Одамнинг болаликдан қолган таассуротлари унинг кейинги умридаги таассуротларидан залварлироқ бўлар экан. Ана шу салмоқ ижодкорга кўп нарса бериши мумкин” (Б. 515).
Муаллиф маълум ёшга етгач, хотираларининг қиймати ва аҳамиятини, салмоғини қайтадан сарҳисоб қилади. Балоғат ёшигача бўлган давр ижодкорнинг маънавий мулки, бисоти эканлигини таъкидлайди. Ёзувчининг кўпжилдликдаги ҳикоялари хронологик равишда солиштирилса, муаллиф дунёқараши ва тафаккур тадрижини, яъни ижодий координатларини белгилашга хизмат қиладиган нуқталар борлигини кўриш мумкин. Эркин Аъзам мустақилликдан кейинги йилларда қисқа танаффусдан сўнг бир қанча ижод намуналарини эълон қилди. Буларнинг барчасида вақтнинг, даврнинг тарихий манзараси, замон нафаси акс этган. Нисбатан кейинги йилларда ёзилган асарларида қаҳрамон тасвиридаги муаллифга хос киноявий нуқтаи назар, матн семиотикаси, ғайри нигоҳнинг бетараф позицияси ошкора сезилади. Муаллиф шахсини очиқлашда эссе табиатини ўзида жамловчи танқидий руҳдаги мақолаларининг аҳамияти катта.
Адибнинг “Китоб урмасин” (2003) номли мақоласида “адабиёт ҳаётни акс эттиради, аммо айнан эмас” дея таъкидланади: “Ҳаётнинг мафтункорлиги унинг норасолигидадир... Бадиий асар аслида ана шуни расо шаклида кўрмоқ орзусидан туғилмайдими?”
Ёзувчи жамият ҳаётини тасаввур оламидаги расолик билан қиёслайди, қарши қўяди, мавжуд тартибга нисбатан муносабатини, ҳаёт ҳақидаги қарашларини таҳлил қилади, керакли хулосаларини бериб ўтади. Баъзан ҳаётий воқеликка муносабатини бадиий асарлари орқали ҳам кўрсатади. Ҳар бир асар муаллиф тасаввур оламининг ўзига хос тарҳи дейиш мумкин. “Норасо”ликка кўникиш одамни қарамликка, тобеликка етаклайди, “расо”лик ана шунга қарши қўйилган бир тадбир. Инсоннинг эркинлигини белгилайдиган ва таъминлайдиган бош омил – Ижод.
Дастлабки асарлариданоқ адолатни ва ҳақиқатни ҳимоя қилишни мақсад этган ёзувчи “Кўнглимнинг олами адолатлироқ туюлади менга” деб ёзади. Кўнгилдаги адолатга бўлган эҳтиёж ижод орқали қондирилади. Дастлабки машқий асарининг номланиши ҳам муаллиф ижодий кредоси билан чамбарчас боғлиқ: “Ҳақиқат бор жойда туғишганингни ҳам аяма”.
Э.Аъзам ижодкор сифатида ўзига ва сўзига нисбатан талабчан. Ёзувчининг муҳаррирлиги алоҳида ижодий фазилатлигини ҳисобга олсак, манзара янаям ойдинлашади. Муҳаррирга бирор матнни ўқитиш истаги туғилганда одамда қандайдир бир андиша, истиҳола пайдо бўлади. Сўзни тежаб қўллаётган уста “исроф”га кўнмайди, заволдан қўрқади. Айни шу жавобгарлик ҳисси матн эгасига кўчиб ўтиши тайин. Ёзувчи матнни пухта қилишни ёқлайди, талаб қилади. Шу боис ёзганларида мана шу талаб бош мезон сифатида туради. “Сираси, менинг ёзганларим, чиқармаларим ана шу бемаза феълнинг устидан ғалабамдир деса бўлади”. Муаллиф талабчанлигини “инжиқлик” деб изоҳлайди. Бу “сифат” кўпда ўзига нисбатан фойда келтирмаслигини, аммо кўпчилик учун манфаатли эканлигини ҳисобга олиб “инжиқ”ликдан воз кечмайди.
Муаллиф ижоди ҳақида гапирганда услуб ва усулга тўхталмай ўтишнинг иложи йўқ. Маълумки, адиб битикларида киноя, кесатиқ, пичинг, истеҳзо етакчилик қилади. Жамият ҳаётида юз берган ижтимоий-сиёсий ва адабий омилларнинг таъсири остида ижодкор услубида ҳамда муаммога ёндашувда усулларнинг янгиланганига гувоҳ бўламиз. Бадиий ижод майдонига лиро-романтик руҳдаги ҳикоялари билан кириб келган ёзувчи ижодида киноявий талқин етакчи ўрин эгаллади. Аслида ёзувчи мансуб авлод вакиллари асарларида асосий фикр ифодаси сифатида киноявий модус салмоғининг ортиқлигини сезиш қийин эмас. Ёзувчининг ижодидаги кинояни махсус тадқиқот сифатида ўрганган М.Қўчқорова[5], М.Шералиева[6] каби олималаримиз муаммони адабиётшунослик нуқтаи назаридан тадқиқ қилишган. Воқеликни таҳлил қилишда ва муносабат шаклида киноявий оҳанг сақланиши ифода усули сифатида бадиий-эстетик аҳамият касб этади.
Янги тўлқин ўлароқ бўй кўрсатган адабий авлод ижодида, хусусан, М.М.Дўст, Э.Аъзам, А.Аъзам асарларида киноя муҳим аҳамият касб этиб, асосий поэтик унсур сифатида асар бадииятини таъминлашга хизмат қилади. Жамият ҳаётида номутаносиблик ва эрксизлик кучайган пайтда рамз, мажоз ва кинояга эҳтиёж ортиб боради. Киноя – муаллифнинг муносабат шакли. Кўп ҳолатда ёзувчининг кинояси воқеликка сиртдан қараб баҳо бериш билан белгиланади. Абдулла Қодирийнинг ижодида ҳам киноя ўзига хос рангда жилоланган. Ғ.Ғулом ижодида эса сатиранинг кучи, аҳамияти – алоҳида мавзу. Н.Аминовнинг ўткир ҳажвий асарлари, Ш.Бошбековнинг аламга қоришиқ кинояси адабиётшунослик учун жиддий муаммо сифатида кун тартибида турибди.
Хўш, ёзувчи кинояси салафлари ижодидан қандай фарқланади? Замондошлари А.Аъзам ва М.М.Дўст асарларидаги киноя оҳангидан нимаси билан ажралиб туради? Номлари зикр этилган ёзувчилар ижодида воқеликни “ташқари”дан туриб кузатиш, масалага муносабат билдириш ҳолати сезилиб туради. А.Қодирий қўллаган киноя оҳангидан муаллиф услубидаги киноявийлик орасида тафовут нималарда кўринади? Абдулла Қодирийнинг асарларидаги киноя ва кулги ёзувчимизникидан тамоман фарқланади. Калвак махсум, Тошпўлат тажангдаги киноя воқеликнинг ич-ичидан портлайди, кулги ичкаридан отилиб чиқади. А.Қодирий қаҳрамонлари табиати ҳажв, киноя, кесатиқ билан очиб берилади. У фокус нуқтани қаҳрамон тийнатидаги қусурларга қаратиб, ҳажв орқали фош этади.
Эркин Аъзам асарларида воқелик кузатувчи нигоҳнинг нуқтаи назари орқали очиб берилади. Адиб воқеликни ижтимоий кўламда ёритади. Фожиага ижтимоий сатҳда ёндашади, маъно урғусини шунга қаратади. Муаллиф кулгини “кўзёш аралаш” айтиш усули деб ҳисоблайди. Кулги ҳосил қилишдан кўра мушоҳада уйғотиш етакчилик қилади. Киноя оҳангидаги аччиқ истеҳзо, кесатиқ, пичинг ортидаги ҳазинлик ўқувчига ҳам “юқтирилади”. Ҳақиқат кинояга ўраб бериладики, ўқувчи ҳақиқат билан юзма-юз туради. Бу борада муаллифнинг қуйидаги фикрлари эътиборни тортади: “Ёзувчининг иқтидор даражаси унинг ҳажвга муносабати билан белгиланади, деган мазмундаги гапни ўқиганман... Чингиз Айтматовда йўқ-да шу юмор ҳисси... ўта фожиали воқеалар тасвири етакчи”. Муаллиф ҳажвга ёндашувни истеъдод билан боғлаш масаласига айрича нигоҳ билан қарайди. Фожиани ҳажв йўли билан ёритиб бериш бошқа масала. Ўзининг ҳажвий йўналишга нисбатан нуқтаи назарини очиқлайди. “Мен ўзимни нурга интилувчи қаламкаш деб биламан. Табиатан изтиробларга, мискинликка кўмилиб яшайман” (Б. 386).
Ижодкор эътибор қаратган ҳажв масаласи адабиётда турли талқинларнинг юзага келишига замин ҳозирлайди. Иқтидорни ҳажв билан боғлаш мумкиндир, аммо бу биринчи навбатда муаллиф шахси билан боғлиқ тушунча, назаримизда. Муаммога ёндашув, нуқтаи назар, англам ва ифода тарзи кинояни шакллантиради. “Мискинликка кўмилиб” яшаётган ижодкорнинг “нурга” интилишида киноя воситачилик вазифасини бажаради. Демак, киноя воқеликка муносабат шаклида намоён бўлади.
Баъзан фалон асарингизни ўқиб кулдик, деса ёзувчи ҳайрон қолишини айтади: “Кулдириш учун ёзмайман... Биргина сирни айтай. Воқелик ҳар хил андазаларсиз, холис, ҳаққоний тасвирланганда кулгили ҳолатлар ўз-ўзидан чиқаверади... Йиғлаб айтилганда таъсир қилмаган гапни кўзёш аралаш кулиб айтиш санъати деб тушунаман мен чинакам ҳажвиётни” (Б. 387).
Муаллифнинг кинояга муносабати ойдинлашади. “Кулдириш” учун ёзмайдиган ижодкор муаммони “йиғлаб” туриб кулги билан айтишни маъқул кўради. Кулги орқали дарддан фориғ бўлиш, енгиллашиш, киноя оҳангига ўралган армон, аламларни ўзга билан баҳам кўриш ва фикрдошлик ҳиссини уйғотишнинг ўзи катта бир юмуш. Йиғини кулги орқали пардалаб айтиш ва уни умуминсоний муаммога айлантириш, дардга малҳам исташ саънаткорликни талаб этади.
Эркин Аъзам қаҳрамонлари билан танишиш жараёнида кўнгилда бир қадар яқинлик ҳисси пайдо бўлади. Муаллиф сиймосининг айрим қирралари асар қаҳрамонлари тимсолида гавдаланади. Ҳар қандай бадиий асарда муаллиф қадриятларининг ўзига хос ифодаси бевосита ёки билвосита акс этади. Ёзувчи ижодини ўрганган устоз адабиётшунос Абдуғафур Расулов “Услуб – истеъдод портрети” номли рисоласида шу масалага эътибор қаратади: “Эркин Аъзам ижодида “Файзининг амакиси”, “Жиян”, “Бизнинг тоға”, “Боғбололик Кўкалдош”, “Совуқ” сингари ҳикоялар борки, “автобиографик асарлар бўлса керак”, деган фикрга борасан киши. Аслида ёзувчи ўзи яхши билган ҳаётий материални, қаҳрамонни қалбига яқин олиб тасвирлайди” .[7]
“Қаҳрамонни қалбга яқин олиш” нима дегани? Назаримизда, ёзувчи қалбида муҳрланган “из”ларни ёзувга солган, шу боис қалблар бир-бирини “танийди” ёки ўзининг “акс”ини кўради. Тўқилган, ясама воқелик ўзига жалб қила олмайди. Қаҳрамонларнинг кўпчилигини автобиографик тимсол ўрнида қабул қилиш мумкин. “Кечирасиз, ўртоқ муаллим”даги Иброҳим, “Шайтончалар кўчаси”даги Амир ёки “Кўк эшик”даги ижарадош каби қаҳрамонларни кўздан кечирсангиз, уларда муаллиф шахсининг парчаларини кўриш мумкин. “Отойининг туғилган йили” қиссасидаги Асқарни автобиографик дейиш мумкинми, деган саволга ёзувчи шундай жавоб беради: “Маълум маънода – ҳа, аммо журъатсизлигимдан жуда кўп азият чекаман. Асқар – ноқулай одам. Бироқ бу образдаги бир жиҳат менга ҳамон қадрли – ноҳақликка қарши исён, адолатсизликка нисбатан муросасизлик!”[8] Деярли барча қаҳрамонларида ноҳақликка, адолатсизликка қарши туриш туйғуси етакчилик қилади. Аммо ҳаётда эса ўзидан кўнгли тўлмайдигандай... Баъзан қаҳрамонлари орқали ўзининг “журъатсиз”лигига “даво” излайди.
Суҳбат, публицистик мақолалар ва эссе руҳида ёзилган бадиий-фалсафий мазмундаги битикларида ижодкор шахсининг белгилари акс этади. Ёзувчининг таржимаи ҳоли, кечмиши ва хотиралари унинг асарларига “сочилиб” кетади. Унинг бор бўй-басти асарлари тагматнига сингиб кетганига амин бўламиз. Муаллифнинг бадииятга тааллуқли айрим қарашларини сизга ҳавола қилсак:
“Инсон кексайиши мумкин, ҳаётдаги мавқеи ўзгариши мумкин, лекин унинг мағз-моҳияти қолади. Адабиёт учун эса шуниси муҳим”.
“Индивидуал услуб қидирган ижодкор кўп ўқиб-ўрганишдан ташқари, ўзига, шахсиятига нисбатан бешафқат бўлиши, ўзининг бетакрор “мен”ини “кавлай” билиши лозим. Шахсиятда, унинг сифат-савиясида гап кўп”.
“Гап фақат нимани ёзишда эмас, қандай ёзишда. Китобхонга янги гап керак”.
“Зеҳниятимизга хос баъзи бир сипогарчиликлар қўлимиздан тутади”.
“Ўзини, ўзлигини, инсоний шаънини бой бериб қўймасликда ҳамма гап!”
“Ёзганимни биламан, билганимни ёзаман”.
“Ўзингизга ишонинг, бошқаси бекор”.
Шахсият ва бадиият чорраҳасида
Ижодкор шахсини эл орасида эъзозлаш, алқаш, улуғлаш билан боғлиқ анъанавий стереотип борлиги ҳақида кириш қисмида тўхталиб ўтган эдик. Тасаввурлар ҳамиша ҳам ҳаёт билан уйғун келавермайди. Сўз ва амал бирлигига эришиш осон эмас. Қалбида эзгулик ва маърифатдан насибаси бўлмаган одамнинг ёзганларида ҳарорат ҳам бўлмайди. Ақлбозлик ва сўзбозлик бўлиб қолмайдими унинг битиклари? Атоқли ёзувчи Эркин Аъзам таъкидлаганидек, ёлғон аралаш мунофиқлик – ижоднинг кушандаси: “Ёлғон, риё ва нафсдан ижодкор сақланиши лозим”.
Одамзодни мудом ўзига тобе қилиб келаётган нафс омон қўярмикин ижодкор зотини? Инсоний “мен” ва ижодий “мен” вобасталигида умргузаронлик қилувчи ижодкор турли “мен”лар мувозанатини тенг тутмоғи лозим. Негаки, инсониятга маънавий сабоқ беришга ҳақли қатлам саналади-да ижодкор деганлари. Ҳар бир асар инсон қалбини англашга чақирув, ўзини ўзига танитмоқ умиди. Йўлчироқ сингари башарнинг йўлини ёритиш миссияси ёзувчининг чекига тушган сийлов-да!
Эркин Аъзам мансуб авлод қарашларида жамият ҳаётига муносабат бадиий асарлар мисолида жонланади. Миллатни қийнаётган муаммоларга бефарқ қараб бўлармикин... Сукутнинг азоби роҳатидан кам эмасдай... Инқилобий руҳни уйғотиш зиёлига берилган вазифа десак... Қалам орқали миллатни маърифатга чорлаш, ғурурни уйғотиш, кўнгил поклиги, инсон шарафи... ижодкор шахсининг бутунлигига далил бўлмайдими?!
Кейинги пайтда тасаввуримизда мавжуд андазаларга мувофиқ келадиган ижодкор шахси ҳақидаги тушунчалар кундан-кунга хира тортиб бормоқда. Бу борада ёзувчининг қуйидаги гапи эътиборга лойиқ: “Устозим Асқад Мухтор “Ёзувчиман десангиз, яхши одамман дегандай бўласиз, адибман деб қўя қоламан”, дердилар”. Асқад Мухтор йирик адабий шахсият сифатида ўзбек адабиётида алоҳида эътироф ва эътиборга лойиқ ижодкор эканини ҳамма билади. Шундай улуғ шахсиятнинг “яхши одамман” дейишга истиҳола қилишининг ўзи кўп нарсага ишора қилади.
Ёзувчи ҳар қанча истеъдодли ва маҳоратда уста бўлмасин, шахсияти бутун бўлмаса, муроди ҳосил бўлмайди. Ижодда шахс тушунчаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ижодий бутунлик ўз-ўзидан шахсият масаласини ўртага қўяди. Абдулла Қодирий шахсият ҳақида “ўзи бутун бўлмаган, бировга енг бўла олмас”, шахсий “мустақиллик қуллик билан зиддир” деб ёзган эди.
Муҳтарам олим Иброҳим Ҳаққулнинг қарашлари айтмоқчи бўлганларимизни ортиғи билан ўзида акслантиради: “Шахс ҳақидаги муаммо – адабиётимиздаги бош муаммо, лекин ҳал қилинмаган муаммодир. 1937 – 1938 йилларда айнан шахс қатағон қилинган. 1950 йилда шахс энди-энди бош кўтара бошлаган заҳоти қайтадан қувғин қилинади. Шахс нима дегани? Ўзини ва ўзлигини англаган одам шахс бўлади. Миллати билан, ватани билан, адабиёти билан қаттиқ боғланган бўлади шахс. Ҳар қандай оғир ва енгил шароитда кўпчиликка ўрнак бўладиган киши – шахс. Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам йўлини қилиб ҳақиқатни ифодалайдиган одам – шахс. Шахснинг зиммасидаги масъулият жуда катта бўлади. Талантли шоир ва ёзувчиларда шахсият шаклланмаса, улар талант юкини кўтара олмайди, адабиёт учун кўзланган ишларни қила олмайди. Адабиёт учун шахс керак”. Устоз шахсият тушунчасини мазмун-моҳияти билан очиб беради. Ҳақиқатни айта олиш ва “журъатда жасорат” – шахснинг аъмоли.
Адабиётни қисмат билган адиб Шукур Холмирзаев ҳам бир пайтлар матбуотда эълон қилган мақоласида “ёзувчи шахс бўлиши керак”лигини жиддий таъкидлаган. Эркин Аъзам мансуб авлод вакиллари шахсий бутунлик талаби ва умидида қалам тебратишди. Уларнинг адабий авлод сифатида бўй кўрсатишида ҳал қилувчи жиҳатлардан бири – Шахсият масаласи эди. Адабий авлоднинг ижодий бетакрорлигини таъминлаган омиллардан бири Шахсий бутунлик, ижодий тутумларга содиқлик эди. Содиқлик ва муносиблик Эркин Аъзам ижодий концепциясида муҳим асос сифатида адабий-эстетик аҳамият касб этади.
Эркин Аъзам ижодида шахс концепциясини бирбутунликда англаш осон эмас. Аммо ғоя ва талқиндаги кинояга ўралган мазмун-моҳиятга диққат қаратилса, ният англашилади. Муаллиф асарларида Ўр, Мағрур, Адолатсевар, Меҳрли, Кўнгил йўриғидаги одамлар қаҳрамон сифатида гавдаланади. Саналган сифатларга муаллифнинг ўзи “донор”лик қилгани шубҳасиз.
Муаллиф ижод ҳақида шундай фикрларни ёзади: “Ижод мавжуд муҳитдан қониқмасликдан туғилади. Ижодкор хаёлида бошқачароқ, мукаммалроқ дунё яратгиси келади. Инсонни баркамолроқ кўришни истайди, дейиш ҳам мумкин. Бу истак, норозилик исёнга яқин туйғу-да. Бир ижодкорники исён шаклида, бировники мулоҳаза шаклида намоён бўлади. Масалан, ўзим тасвирлаётган воқеликда “яшаш” менга мароқли. Бинобарин, ижод инсоннинг эркинликка бўлган ҳиссини қондириш воситаси ҳамдир”. Муаллифга кўра, ижод инсоннинг озодлигини, руҳий эркинлигини ва ҳурфикрлигини таъминлайди. Ижодий руҳ эркинлиги қаноатни ҳосил қилади, кўнгилни ёзади. Демак, муаллиф фикрича, ижод исён ёки мулоҳаза тарзида намоён бўлади. Ёзувчи воқеликни ич-ичидан ёритиб беришни маъқул билади. Э.Аъзам исён ва мулоҳазадан кўра тасаввуридаги воқеликда яшашни афзал билишини айтса-да, аммо унинг қаҳрамонлари кўнглида кечаётган ғалаёнлар, ички курашлар замирида исён ётади. Қаҳрамон ўзини англаш йўлида бир қанча бекатларни босиб ўтади, туйғулари бош кўтаради ва Кўнгил инқилобига эришади. Исёну ғалаёнлар алалоқибат Ҳурликка бошлайди. Муаллиф ижодида Кўнгил ҳурлиги – алоҳида мавзу!
Ижодни кўп ҳолатда ўйинга қиёслашади. Ўйинда моҳир бўлган ҳар бири ўйинчи – алоҳида ҳодиса! Шундай экан, бу ўйин техникасини ёритиб бериш, тагматн сирларидан бохабар бўлиш учун ҳам маълум маънода ўйин қоидаларидан хабардорлик лозим. Санъат асарини бадиият мезонлари асосида ёритиб бериш мақсадида муаллиф услуб ва усулдан фойдаланади. Турли усулларни қоришиқ тарзда қўллаш ўйин техникасини ташкил қилади. Зеро, ўйинларга маҳлиёлик ва мубталолик бадиий сўзнинг эстетик таъсири ва кучини кесиб қўйиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Замонавий ўзбек адабиётининг катта ёзувчиси Эркин Аъзам ижоди адабий жараёнда алоҳида саҳифа дегулик. Ёзувчи асарлари ўзбек адабиётшунослигида кўп ва хўб ўрганилган. Муаллиф асарларини ўрганиб, у ҳақида хулосаларимизни сиз билан баҳам кўришни ният қилган эдик. Бадиий асар руҳ ҳолатларини очиб беришга қаратилгани билан сирли ҳодиса саналади. Хўш, Эркин Аъзам асарларининг сири нимада? Бунинг тагига етмоқ мушкул. Ёзувчи бадиий оламининг сирлари осонликча ўзини “фош этмайди”. Топганларимиз, англаганларимиз – шу йўлдаги уринишларимизни сизга илиндик – нечоғли муродга етдик, Ўзи билгувчи!
Санобар ТЎЛАГАНОВА,
филология фанлари доктори, профессор
[1] Волков С. Диалоги с Иосифом Бродским. – Москва: Эксо, 2006. – Стр.268.
[2] Тюпа В. Аналитика художественного текста (введение в литературоведческий анализ). – Москва: Лабиринт, РГГУ, 2001. – Стр. 18.
[3] Аъзам Э. Танланган асарлар. 1-жилд. Ҳикоялар. – Тошкент: “Sharq”, 2021. – Б. 5.
[4] Қўчқорова М. Эркин Аъзам – сарказм устаси. – Тошкент: “Фан”, 2024.
[5] Қўчқорова М. Эркин Аъзам – сарказм устаси. – Тошкент: “Фан”, 2024.
[6] Шералиева М. Ҳозирги ўзбек насрида киноя. – Тошкент: “Akademnashr”, 2016.
[7] Расулов А. Услуб – истеъдод портрети. – Тошкент: “Янги аср авлоди”, 2013. – Б. 10.
[8] Аъзам Э. Эрталабки хаёллар. – Тошкент: “O’ZBEKISTON”, 2015. – Б. 440.
Таълим-тарбия
Жараён
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ