
Яқинда бир ҳамкасбим дардчил ўйларидан сўз очиб қолди: “Биз фаровон яшашни истагандик, – деди у. – Тўкин ҳаёт бизни бадхаёллар, турмуш ташвишларию аламлардан холи этади, бахтиёр яшаймиз, деб ўйлагандик. Ҳаётимиз фаровонлик томон ўзгармоқда. Аммо, минг ваҳки, инсонни ички безовталикдан халос этиш амримаҳол экан. Қаранг, ҳар йили бир неча миллион юртдошимиз чет элларга иш топиш илинжида кетаётир. Қайтиб келганлар кўзига тикиламан, гоҳо ҳаётингиздан шодмисиз, деб ҳам сўрайман. Йўқ. Уларнинг ички дарди, ташвишлари бизникидан зиёд. Оилаларга қаранг. Ажримлар ҳар йили ошиб бормоқда, баъзи ҳудудларда у 35–40 фоизга етган. Суд маҳкамалари арзчиларга тўла. Барча безовта. Юртдошларимизга нима бўляпти ўзи? Бегоналашув қисматимизга айланиб бораётгандек...”
Арасту “Одам – ижтимоий мавжудот” деганида, ўзи тўлиқ англамаган ҳолда инсон билан жамият ўртасида нафақат узвий боғлиқлик, шу билан бирга тафовут, ҳатто зиддиятлар ҳам борлигини эътироф этган. Донишварнинг метафизикаси, ҳатто бутун ижтимоий-фалсафий қарашлари ана шу зиддиятлар асосига қурилган. У таҳлил қилинаётган ҳар бир нарса-ҳодисадан ички тафовут, қарама-қаршилик қидиради. Суқрот диалектикаси, яъни баҳс орқали зиддиятларни очиб бериш усули Аристотель фалсафасига ўтган. Шундан бери фалсафа, инсон идроки ўзи билан бошқа “мен”лар; “мен” билан жамият; шахс билан давлат, тузум ўртасидан зиддиятлар қидиради. Аслида, мазкур дилемма ечимига интилиш натурфайласуфлар ва Афлотун давридан бери мавжуд. Кейинчалик уни Фома Аквинат худо билан боғлиқ рационалда, Якоб Бёме зиддиятлар ва ҳаракатларни ўзига жо этган мистик “бирлик”да, Жорж Беркли “маънавий борлиқ”да, Жон Локк ақлу идрокка таянишда, Фридрих Нитше янги ахлоқ, янги дин, янги борлиқ яратишга қаратилган нигилизмда, Карл Маркс социал инқилобда, Иеремия Бентам инсон эҳтиёжларини қондиришга қаратилган утилитаризмда, Арнольд Тойнби маданиятлар ва цивилизациялар мулоқотида кўрди. Шарқ фалсафасининг буюк вакили Конфуций уни аждодлар меросига содиқлик, Лао Цзи – беором изланишга мойил идрок, Будда – нирвана (ғам-ташвишлардан холи мистик ҳол), Шри Ауробиндо – идеал умуминсоний бирлик, мутасаввифлар – узлатда яшаб етуклик излашдан қидирди. Хўш, улар муродга етдими? Инсон изланишлари чекланганини Умар Хайём қуйидагича лўнда ифодалаган:
Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди,
Бир сир қолмадики, мавҳум бўлмабди.
Туну кун ўйладим етмиш икки йил,
Англадим, ҳеч нарса маълум бўлмабди.
Ёндашувлар, мактаблар кўп ва ранг-баранг; уларнинг ҳар биридан муаммога оид фикр топиш мумкин. Аммо нуқтаи назарлар кўпайгани сари ечим топиш ўрнига муаммо устига муаммо қўшган. Инсон ўзини ўртаётган, безовта қилаётган саволларга ҳамон жавоб ахтаради. Борлиқдан сир изловчи идроки ва ўзидан қониқмайдиган қалби уни объектив билан субъектив ўртасида сарсон кезишга мажбур қилади.
Инсонни жамиятдан бегоналашувга етаклайдиган зиддиятларнинг туб негизи қаерда? Уни англаш мумкинми? Англанмаган муаммога ечим топиш мушкул, албатта. Айни чоқда, идрок изланар экан, у умид қилади; аммо бу умид мудом чекланган ва нисбийдир. Инсон – қисм, жамият – бутун; икки ўртадаги алоқалар барча қисм билан бутун ўртасидаги муносабатлар кабидир. Бу муносабатларнинг ижтимоий-фалсафий жиҳатларини илк бор Афлотун илғаган. У давлатни – бутун, кишиларни эса унга итоат этадиган, ўрнатилган тартибларга бўйсунадиган қисмлар ўлароқ талқин этган. Одамлар эришадиган бахт-саодат, фаровонлик – бутун туфайлидир. Тўғри, донишварнинг бу нуқтаи назари кейинчалик давлатнинг ролини мутлақлаштирувчи қарашларни келтириб чиқарди. Масалан, Ҳегелнинг фалсафий кратологик, айниқса, миллат шаклланишига оид қарашларида шу руҳ устувор. ХIХ-ХХ асрлардаги барча фалсафий-сиёсий таълимотлар бу ёндашувни давом эттирди.
Давлат ҳокимиятининг учга (қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти) бўлинишига оид Монтескьё илгари сурган ғояда фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсади ётгани қайд этилади; у қисм билан бутун ўртасидаги муносабатларни янги тартибда ташкил этишга хизмат қилган. Биз бугун барпо этишга интилаётган фуқаролик жамияти бор тафовут ва зиддиятлари билан ана шу муносабатларнинг ҳосиласидир. Давлатнинг бутун бўлишга даъвогарлиги, фаровон ва бахт саодатли ҳаёт барпо этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари инсонни безовта қилаётган ўша азалий саволларга қониқарли жавобми? Менимча, йўқ. Давлат бутунликка даъвогар, аммо у бутуннинг ўзи эмас. Бу ўринда давлатнинг қисмати барча қисмлар қисматига ўхшашини пайқаймиз.
Бир қарашда инсонни жамиятга, қисмни бутунга қарши қўйиш ёки улар ўртасидаги тафовут ва зиддиятларни қидириш метафизик ўйин туюлади. Мулоҳаза юритишга ўч идрок, тафаккур ўзининг борлиқ олдидаги ожизлигини ниқоблаш, хаспўшлаш учун турли таълимотлар яратади, фикрларни ўйлаб топади. Релятивизмга, ҳатто абсурдга берилади. Ҳа, барча нарсани ёвуз ўлим, мавҳум борлиқ ўз қаърига тортиб кетади. Танатологик қарашларда аксиома мавжуд – ўлим ҳақ. Мазкур аксиома инсон билан жамият, қисм билан бутун ўртасидаги алоқаларга сўнгги нуқта қўйиши мумкин. Бироқ инсон, унинг идроки ўлимнинг мутлақ ҳақлигига кўниколмайди. У бутун борлиғи билан ўлимни рад этиб, ҳаётни, мавжудликни улуғлайди. Ушбу некбинликни шарафлаш, қўллаб-қувватлаш инсонни бегоналашувга етакловчи пессимизмдан халос этади. Майли, у хато қилсин, адашсин, гоҳо иблис гапига кирсин, Қобил каби ўз инисига тиғ кўтарсин... барибир ниманидир яратиш фикридан воз кечмайди, воз кечолмайди ҳам. Айнан шу нуқтада у жамиятга, бутунга муҳтож. Жамият, бутун инсонни ўзининг қисмига айлантириб, ундан етуклик талаб этади. Етуклик – бутунда (Афлотун)! Тўғри, уни талаб этиш ҳали етукликнинг ўзи эмас, унга етиш инсон ихтиёрида. Инсон ўзига шундай имкон берилганидан хабардор, ҳатто у даҳрийлик йўли билан ҳам худо даргоҳига боришга аҳд қилади. Унинг Бобил минораси қуришга жазм қилгани шу сабаблидир. Донишвар мистик Эммануил Сведенборг худо билан суҳбат қурганини айтади. Мансур Ҳаллож эса “Анал Ҳақ”, яъни “Мен Ҳақ”ман дейди. Бу – аслида, бутунлик, етуклик даъвоси. Бу яхшими ёки ёмонми? Иккаласи ҳам. Яхши томони шундаки, бутунга, етукка интилиш инсонни ҳаётни севиш, эъзозлаш, Ф.Ницше ибораси билан айтганда, “ўзидан ўзиб” яшашга ундайди. Ўзидан ўзишга, кечишга интилмайдиган киши етуклик истамайди, бирор эътиборли нарса яратолмайди ҳам.
Кўкдан сўрадим дўст, ёр бер, деб.
Жиндай омад, жиндай ишқ бер, деб.
Тилакларим етди Самога,
Жавоб келди, ўзингдан кеч, деб.
Ҳа, дўст-ёр орттириш, омад ва ишқ ўзингдан ўзишни, кечишни тақозо этади. Мазкур альтруизмда нафақат жасорат ва покдомонлик, хокисорлик, ҳатто жунун мавжуд. Аёлга ошиқлик нақадар телбалик бўлса, ҳаётга ошиқлик ҳам шундай. Кимда ишқ кам (бундан мутлақ маҳрум киши учрамайди) экан, у шубҳасиз жамиятдан бегоналашади. Бу – бегоналашувнинг ибтидоси. Инсонни бегоналашувдан, пессимизмдан халос қилиш учун уни ҳаётни севишга, умуман, ошиқликка ўргатиш керак. Ҳаётда тушкунлик уйғотувчи сабаблар кўп: бедиллик, бевафолик, ношукурлик, оқпадарлик, товламачилик, руҳий хасталик... Ислом “одамнинг бир елкасида шайтон ўтиради” деб беҳуда огоҳлантирмайди. Инсон қалби яшашга, ҳаётни севишга, ошиқликка мунтазир. Тўғри, ҳаётни севишга, ошиқликка ўргатиш мушкул-мураккаб вазифа, аммо инсонни бегоналашувдан қутқаришнинг бошқа йўли йўқ.
Бутунлик, етукликка даъво қилишнинг салбий жиҳати шуки, у одамда кибр, ўзига маҳлиёлик, худбинлик уйғотиши мумкин. Альтруизмнинг акси бўлган бу иллат кўпгина ақл эгаларида элита, аслзодаларгина кишилик жамиятини бошқариш ва эътиборли нарсаларни яратишга қодир, деган қарашни шакллантирган. Афлотун “қодир”лар сиймосини – файласуфларда, Томас Карлейль – қаҳрамонларда, Карл Маркс – пролетариатда, Хосе Ортега-и-Гассет ва Николай Бердяев эса элитада кўрди. Пайғамбарлар, авлиёлар, даҳолар, ноёб фазилатли кишилар ҳақидаги таълимотлар ана шу ёндашув ҳосиласи ҳисобланади. Олимлар фикрича, ҳар бир гўдак ноёб фазилатлар эгаси, унинг вужудига даҳолик салоҳияти жо. Карл Поппер фикрига кўра эса: “Ҳамма – файласуф, аммо кимдир кўпроқ файласуф, кимдир камроқ”. Тафовут ана шу миқдордадир.
Қизиқки, жамиятдан бегоналашув ноёб ақл, фазилат эгалари ичида кўпроқ учрайди. Узлат – сўфийлар, зоҳидлик эса Будда ва Ҳенри Торо илгари сурган парадоксал ҳодисалардир. Аслида мутлақ бегоналашув йўқ, шахс мудом ижтимоий муҳит таъсирида шаклланади. Демак, жамиятдан бегоналашув – ўй-хаёл маҳсули, лекин у инсон руҳида мудом мавжуд. Тасаввур, ўй-хаёлларини, ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборадиган важлар кишини ён-атрофдан, жамиятдан қочишга мажбур этади.
Бегоналашувда мистицизм бор. Мистикага берилиш инсон қалбидан чуқур жой олган. Ҳатто рационал ёндашувни улуғловчи Европа тафаккури ҳам бундан холи эмас. Диний фалсафий мактаб вакилларининг барчасида мистицизм таъсирини учратиш мумкин. Ваҳоланки, инсон билан жамият алоқалари аниқлик, рационалликни тақозо этади; бутун жамият мистицизм қўйнида қолиши мумкин эмас. Кейинги йилларда шу хил таълимотлардан, айниқса, тасаввуфдан рационаллик излаш, жамият онгига мистицизмни сингдиришга интилиш кучайди; аммо унинг инсон ва жамият алоқаларини ақлга мувофиқ ташкиллаштиришига мен ишонмайман. Чунки унда нореалликка интилиш кучли, бинобарин, у инсоннинг жамиятдан, реалликдан бегоналашувига сабаб бўлмоқда. Дин ва қалам аҳлининг мистицизмга берилиши одатий ҳол, шу сабабли улар идрок қабул қилолмайдиган, унинг англаш доирасини кенгайтирадиган тасвирлар, ғоя ва асарлар яратади. Яратиш онларида дин ва қалам аҳли жамиятдан, реалликдан узоқлашади. Мазкур бегоналашув хаёлотни кенгайтиради, кишини арши аълога етаклайди. Бироқ инсон хаёли қандай гўзал, беғубор ва сержилва борлиқ яратмасин, унинг жамият билан алоқалари мудом рационал ёндашувга асосланади. Демак, рационал билан иррационал, ақлият билан хаёлот ўртасидаги тафовутлар, зиддиятлар инсонда жамиятдан бегоналашув туйғусини уйғотиши мумкин. Шундай фикрга келганманки, инсонни мистик кечинмалардан буткул халос қилиб бўлмайди, аммо уларни бадиий эстетик ижод, изланишлар сари йўналтириш мумкин. Бу инсон учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали.
Жамиятдан бегоналашув – алоҳида феномен. У аввало инсон руҳияти, сенситив, айниқса, пессимистик кечинмалари, борлиқни англаш жараёнида орттирган гносеологик тажрибалари билан боғлиқ. Шу сабабли у – индивидуал ҳодиса. Индивид – бегоналашувнинг ҳам субъекти, ҳам объекти. Бегоналашувнинг фожиага айланиши боиси – инсон. У ўзини жамиятга, ён-атрофга қарши қўяди ва ҳаётини драмага айлантиради. Шу сабаб ҳам бегоналашувга даъвони индивиднинг ўзидан, унинг маънавий-руҳий оламидан қидириш зарур. Ғарб олимларининг инсон руҳиятини даволаш, психотерапия билан изчил шуғулланаётгани бежиз эмас. АҚШда ҳар ўн нафардан бир киши депрессияга мубтало, уларнинг 15 фоизи ўзини ўлдиришгача боради. Шунинг учун ҳам Эндрю Соломон депрессияни “дунёдаги энг ваҳший қотил” деб атайди (Соломон Э. Демон полуденный. Анатомия депрессии. Москва, “Добрая книга”, 2004. Стр. 32).
Бегоналашувнинг энг даҳшатли оқибати – худкушлик. Илм-фанда “суицид” деб аталадиган бу офат ҳар йили 800 минг кишининг умрига зомин бўлади, 15–29 ёшдагилар ичида кўпроқ тарқалган. Расмий манбаларга кўра, худкушлик кам ва ўртача ривожланган давлатларда кўпроқ учрайди. Деярли барча динлар ва маънавий-ахлоқий қадриятлар суицидни қоралайди. Ҳаёт – илоҳий неъмат, инсонни ундан маҳрум қилиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган. Киши яшашни истамай қолганида, юзага келган муаммони ҳал этишга ўзида куч ва имконият қолмаганини билганида охирги чора сифатида жонига қасд қилади. Аслида бу – шахс билан муҳит, жамият ўртасидаги зиддиятнинг кескинлашуви ифодасидир. Инсон бутуннинг тақдирига таъсир этиш имконига эга эканини унутади...
Бегоналашувга ижтимоий ўзгаришлар ҳам сабаб бўлади. Жамият ҳеч қачон бир текис ривожланмаган. У флуктацион, яъни тўлқинсимон ўзгариб, ривожланиб келадики, бу одамлар ҳаёти, тасаввур ва муносабатларига таъсир этмай қолмайди. Айрим кишиларнинг жамиятдаги ўзгаришларга бефарқлиги, худбинликка берилиши ёки ижтимоий даврани тарк этиши ана шу таъсир туфайлидир. Бефарқлик гоҳо беозор ҳодиса кўринади, муаммо уйғотмайди, шунинг учун қораланавермайди. У пинҳона ҳолат, уни илғаш, қоралаш қийин. Демократик муҳитда у ҳатто шахс ҳуқуқи, унинг эркин яшаш тарзи ўлароқ қаралади. Аммо бефарқлик билан бегоналашув ораси бир қадам. Агар лоқайдлик узоқ давом этса, муқаррар тарзда муҳитдан, жамиятдан бегоналашувга олиб келади.
Англанган ва англанмаган бефарқлик бор. Кейингисини ижтимоийлаштириш мумкин, аммо англанган лоқайдликни ўзгартириш мушкул. Англанган бефарқлик шахсий руҳий кечинма ўлароқ ён-атрофдаги воқеаларни рационал идрок этмаслик, гоҳо уларга зид позицияда туриш шаклида воқеланади; у кўпинча оппозицияни келтириб чиқаради.
Эгоизм бевосита бефарқлик маҳсули эмас, у “мен”нинг мутлақлаштирилишидир. Демократия шароитида “мен” ўзини мутлақлаштиришга осонгина асос, восита топади; бунга Ғарб воқелигидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шарқ демократияси эса ҳамон коммунитаризм тарафдори, у шахс ва жамият ўртасидаги муносабатларни ижтимоий тараққиётга йўналтиришга интилади. Коммунитаризм эгоизмга, ижтимоий қадриятлар бефарқликка ўрин қолдирмайди. Бу билан биз, бефарқлик Ғарб демократияси шароитидагина мавжуд, деган фикрдан йироқмиз. Фақат ўз қадриятларинигина тан оладиган, улуғлайдиган жамият моҳияти ва бутун тизими билан глобал ривожланишга бефарқлигини намойиш этади. Гоҳо бутун халқ, миллат глобал ривожланишга бефарқ қолиши, шу зайлда инсоният ҳаётидан бегоналашуви мумкин. Бу ҳодиса илм-фанда “этноэгоизм” деб аталади.
Инсон руҳида интравертлик ва экстравертлик ёнма-ён юради. Биринчиси одамнинг ўз ташвишлари, манфаат ва ўйлари билан бандлигини; иккинчиси эса ташқи олам, жамият, ён-атроф ҳақида қайғуриб яшашини билдиради. Бу хислатлар жамиятдаги муносабатларга мувофиқ бўлади, ижтимоий ҳаётдаги зиддиятлар қанча ўткирлашса, интраверт ва экстравертлар ўртасидаги тафовутлар ҳам кескинлашади.
Биз ХХ аср охирларида хусусий мулк ижтимоий тараққиётга элтади, фаровон яшаш имконини беради, барча иқтисодий муаммоларимиз ўзидан ўзи ҳал этилади деган ҳавойи ўйларга берилгандик. Энди маълум бўлмоқдаки, хусусий мулк оилавий муносабатларга акс таъсир этиши, шахсда мулкчилик инстинктини ўстириши, ҳатто кишининг ўзини ҳам олди-сотди объектига айлантириши мумкин экан. Хусусий мулк шахсда интровертлик (ўз қобиғига ўралиб олиш)ни қўллаб-қувватлаш орқали уни оиладан, жамиятдан йироқлаштираётгани оила институтини асраб қолиш муаммога айланиб, фоҳишабозлик ва иқтисодий жиноятларнинг ошиб бораётганида яққол кўзга ташланади. Бундай шахс оила ва жамиятга ҳам хусусий мулк сифатида қарайди. Бу – бегоналашувнинг янги, замонавий кўриниши. Биз интилаётган, идеал деб қараётган Ғарб модели ана шу асосда янги феномен шаклида воқеланмоқда, у – шарқона индивидуализмдир.
Шарқ индивидуализми алоҳида ўрганишни тақозо этади, бир мақолада унга хос барча жиҳатларни очиб бериш имконсиз. Фикримизча, унинг асосий белгилари – ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий норма, қонунларни менсимаслик; коррупция ва зўравонликни оилавий анъанага айлантириш; патриархал бошқаришга мойиллик; буржуазиядаги номақбул, бад иллатларни ўзлаштиришга интилишда намоён бўлмоқда. Бизнес ва тадбиркорлик ниқоби остида авж олаётган судхўрлик инсон билан жамият ўртасидаги муносабатларни кескинлаштиради, бу эса бегоналашувни муқаррар ҳодисага айлантиради.
...Исо пайғамбар яримта ғиштни боши остига қўйиб, ухлаб ётар эди. Кўзини очса, устида лаъин иблис турганмиш.
– Эй малъун, бу ерда нима қиляпсан?
– Ғиштимни бошинг остига қўйибсан, – дебди Иблис. – Биласан-ку, дунё меники, демак, ғишт ҳам меники. Ғиштни бошинг остига қўйиб менинг мулкимга тажовуз қилмоқдасан, ўзингни менинг қаторимга қўшяпсан (Фаридуддин Аттор. Мантиқ ут-тайр. Насрий баён. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи, 2006. 105-106-бетлар). Исо пайғамбар тараддудда қолибди. Яшаш қайғуси, наҳотки, инсонни иблис ялоқига кўз тикиб яшашга мажбур этади... мажбур этаверади? Бу энди бошқа мақола мавзуси...
Виктор АЛИМАСОВ
“Тафаккур” журнали, 2020 йил 2-сон.
“Бегоналашув” мақоласи
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ