Оқланган ўзбек пахтаси ёки 13 йиллик бойкотнинг тугатилиши


Сақлаш
15:24 / 08.04.2022 1092 0

 “Эрталаб тонг саҳарда уйғониб, сигир, товуқларга емиш бериб, 7 та боламга нонушта тайёрлаб, тонг қоронғисида пахта далаларига отланардим. Тушликкача 60-70 кг пахтани топшириб, бир соат тушликдан сўнг эрта куздан қишгача даладан бери келишнинг иложи бўлмасди. Баъзан чарчаб кетганимдан пахта поялари орасига муздек ерга узала тушиб бирпас ётардим. Дам олишга қўймасди бригадирлар», – дейди Карима ая ўтган асрнинг 80-90 йилларини эслаб.

 

Мустақилликдан сўнг вазият ижобий томонга ўзгариб, талаба ва ўқувчиларни терим мавсумига жалб қилиниши камая бошлади, аммо уларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши тўлиқ тугатилмади.

 

Куз келиши билан ҳамма пахтага отланар эди. Янги йил арафасида аранг ўқишга қайтардик. 4 йил талабалигим шу тарзда ўтди. Пахта бу оқ олтин, миллий бойлигимиз, дея сингдирилди. Сирдарё ва Жиззахнинг кенг далаларида курсдошларимиз билан куни бўйи пахта терардик. Ҳатто, бизга бериладиган кам калорияли овқатлар сабаб ўз ҳисобимиздан қўшимча овқат сотиб ҳам олардик. Лекин менга энг катта таъсир қилган ҳолат, опамнинг тўйи куни уйимга рухсат берилмагани бўлганди. Отам университетимиз ректорининг олдига кириб бир кунга рухсат сўраганди. Ҳатто, ўрнига бошқа одам пахта териб беради, деганларида, «қизингизни олиб кетмоқчи бўлсангиз ҳужжатларини ҳам олиб кетинг, талабаликдан ҳам озод этилади», дейишганди. Мен эса яккаю ягона опамнинг яхши кунида қатнаша олмаганим учун юм-юм йиғлагандим. Уйимда тўй, мен эса пахта далаларида оқ олтин терганман, – дея хотирлади Самарқанд давлат университетининг собиқ талабаси 2000 йиллардан кейинги вазиятларни.

 

Мана шундай мажбурий меҳнатни бартараф этиш масаласига етарлича эътибор қаратилмагани боис, 2009 йилда Cotton Campaign халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига халқаро бойкот эълон қилинди.  Енгил саноат соҳасида жаҳонда етакчи бўлган 300 дан зиёд брендлар мазкур бойкотга амал қилган. Бу эса мамлакатнинг тўқимачилик ва енгил саноат ривожига ҳамда миллий иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатган.

 

Йиллар давомида болалар меҳнатидан фойдаланилгани бутун дунёдан яшириб келингани тан олиниб, унга қарши курашиш мақсадида бир қанча қонунлар ишлаб чиқилди, комиссия тузилди. Натижада жорий йилнинг 10 мартида “Cotton Campaign халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингани расман эълон қилинди.

 

Бу бутун мамлакат ва халқнинг келажаги учун катта қадам. Чунки халқимиз мажбурий меҳнатнинг оғир машаққатларини ўз бошидан ўтказди. Бугунги кунда нафақат болалар, балки турли соҳа вакиллари ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто, соғлиғи ёки нимадир сабаб йиғим-теримга чиқмаган ишчилар ўрнига одам юбориши ёки пул тўлаши шарт бўлган яқин тарихимиз туфайли мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Пахтамизнинг ранги оқ эди, лекин «қора» бўлиб юрди”. Мана шундай мантиқсиз ишларга аста-секин барҳам берилгани Президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол самарасидир.

 

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, пахта теримида мажбурий меҳнатни йўқ қилиш учун 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 2021 йилда 4 та қонун, 2 та Президент фармони ва 4 та қарори, 6 та ҳукумати қарори қабул қилинган. Халқаро қоида ва стандартлар амалиётга жорий этилган (Халқаро меҳнат ташкилотининг 19 та конвенцияси, шу жумладан, 8 та асосий ва 4 та директив конвенцияси ратификация қилинган).

 

Кўрилган чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижасини берди. Халқаро меҳнат ташкилоти мониторинг гуруҳи 2021 йилдаги пахта терими мавсумида Ўзбекистондаги 11 минг теримчи билан суҳбатлашган, уларнинг 99 фоизи ўз хоҳиши билан ишлаётганини маълум қилган. Барча вилоят ва туманларда мажбурий меҳнат билан боғлиқ жуда кам ҳолатлар аниқланган ёки умуман кузатилмаган. “Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистонда пахта йиғим теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан мазкур қарорни қабул қилган.

 

Хўш, ўзбек пахтасининг 13 йил давом этган «қора» рўйхатлардан чиқарилиши нимани англатади? У давлат иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади? Бу албатта, Ўзбекистон учун катта имкониятлар эшигини очади. Таҳлилчилар ўзбек пахтасидан бойкотнинг олиб ташланиши биринчи навбатда тўқимачилик саноатида дунёдаги етакчи корхоналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишига имкон яратишини башорат қилишмоқда. Бу эса соғлом рақобат муҳитини юзага келтиради.

 

Шунингдек, пахтани далада етиштиришдан тортиб, завод, фабрикаларда тайёр маҳсулот бўлгунгача тўлалигича мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш имконияти туғилади. Шу пайтга қадар Туркия, Хитой товарларининг жуда катта импорти кириб келган бўлса, эндиликда миллий маҳсулот экспорт қиймати оширилади.

 

Илгари пахта фақат хом-ашё сифатида арзон нархда етказиб бериларди. Эндиликда унинг экспорти тўхтатилиб, қайта ишлаш ҳажми ортиб бормоқда. Натижада янги иш ўринлари яратилиб, кўплаб инсонлар ишли бўлади. Юртимизда сифатли миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши натижасида, чет эл сифатли товарларига қарамликнинг олди олинади. Бундан ташқари, Ўзбекистонга хориждан инвестиция олиб кириш ҳажми ортади, бу ҳам мамлакат иқтисодий ривожига таъсир қилади.

Ўзбекистон пахтасидан бойкотнинг олиб ташланишини юртингиз учун катта муваффақият”, дея таъкидлаган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо юртимизда лойиҳаларни амалга оширишга хорижий хусусий компанияларни жалб этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирган. Бу эса халқаро ҳамжамиятни ўзига жалб қилади.

 

Ўзбек пахтасидан бойкотнинг олиниши мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун ютуқ. Чунки оқ олтин аталмиш пахта, ҳақиқаттан ҳам, миллий бойлигимиздир.

 

Назокат ИБРАГИМОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//