Коммунистларга қарши чиққан коммунист – 23 ёшида вазир бўлган Раҳим Иноғомовнинг маориф ва сиёсатдаги қадамлари


Сақлаш
17:24 / 30.03.2022 1158 0

Шўро қатағонига учраган ўзбек вазирлари туркумидан бу галги қаҳрамонимиз ЎзССР Маориф халқ комиссари Раҳим Иноғомов. У Вазир рутбасини олганида бор йўғи 23 ёшда эди. Раҳим Иноғомовнинг ташаббуси билан иш бошлаган “Маориф ва ўқитғувчи” журнали ўша даврни кўз олдимизга келтириш учун ҳақиқий энциклопедик манба бўлса, “Ўзбекистон зиёлилари” рисоласи, кўплаб мақолалари орадан юз йил ўтганига қарамай унинг теран тафаккури, мислсиз жасорати ва ҳақиқий миллат фидойиси бўлганидан дарак бериб турибди.

 

Раҳим Охунжонович Иноғомов 1902 йил декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Аввал эски мактабда, сўнг рус-тузем мактабида ўқиган. Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Намуна” мактабини битириб, қалбига миллат ва дин муҳаббатини жо қилади. 1918 йилдан Саид Аҳрорийнинг “Изчилар тўдаси”да, 1919–1921 йиллар Фитратнинг “Чиғатой гурунги”да иштирок этиб ўз даврининг илғор фикрли ёшларидан бирига айланади.

 

Раҳим Иноғомов 1921–1924 йилларда Москвадаги Свердлов номидаги коммунистик университетда ўқийди. Туркистонлик талабалардан Абдулла Қамчинбек “Туркистон” газетасининг 1923 йил 6 апрель сонида “Маскавда ўзбек истудентлари” мақоласида Москвада “... ўтган йил 1015 нафар ўзбек студенти бўлса, бу йил юзлабдирлар. Улар: 1. Карл Маркс институтида инженер электрик Саййид Хўжаев 1915 йилдан буён Москвада ўқийди; 2. Қишлоқ хўжалик академиясида каттақўрғонлик Ортиқмурод Йўлдошев; 3. Ҳукумат дорулфунуни юридик факультетида Алиакбар Қирғизбоев (наманганлик); 4. Свердлов университетида 2 та Акмал Икромов ва Раҳим Иноғомов; 5. Петроград Зиновев дорулфунунида Саидаҳмад Назир ўғли; 6. Маскав Шарқ дорулфунунининг турли тайёрлов бўлимларида 23 ўзбек (5 та қиз); 7. Маскав Рабфакда 37 ўзбек. Маскавда туркистонлик ўзбекларнинг сони 106 та...” деб маълумот беради.

 

Раҳим Иноғомов Акмал Икромов, Усмонхон Эшонхўжаев, Абдуллажон Каримов каби туркистонлик талабалар билан 1922-1923 йиллар Москвада “сўл коммунистлар” номли гуруҳ ташкил этишади. Улар Октябрь инқилоби Туркистон меҳнаткашларига ҳеч қандай озодлик бермади, “биз ҳамон Россия колонияси ҳолидамиз” дер эдилар ва ҳатто, СССР МИҚ га ҳам хат йўллайдилар. Раҳим Иноғомов Свердлов коммунистик университетини тугатганидан сўнг таҳсилни шарқшунослик институтида давом эттиради. Айни пайтда Туркистондаги матбуот саҳифаларида ҳам ўз мақолалари билан кўрина бошлайди. Жумладан, “Ўзгаришчи ёшлар” журналининг 1924 йил 30 июль 5-сонида “Дунёнинг аҳволларидан” мақоласида ёшларнинг халқаро аҳволдан хабардор бўлиш учун вақтли матбуот газета ва журналларни доимий кузатиб бориши зарурлигини уқтиради. Шунингдек, дунёда кечаётган ўзгаришларни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари ўртасида нефт учун, гегемонлик учун, дунё бойликларини қайта тақсимлаш учун борадиган тинимсиз курашлари орқали тушунтиради. “Англатара” мақоласида эса Буюк Британия давлати ва унинг жаҳон сиёсатидаги ўрни ҳақида ўз мулоҳазаларини ўртоқлашади.

 

1925 йил Тошкентга келган Раҳим Иноғомов Туркистон Республикаси Маориф халқ комиссари лавозимига тайинланади. Унинг ташаббуси билан маориф комиссарлигининг нашри афкори сифатида “Маориф ва ўқитғувчи” журнали таъсис этилди. Айни пайтда бош муҳаррир Раҳим Иноғомов зўр ғайрат билан ишга киришади ва журналнинг илк сонида у “Бутун маориф идораларига ва маориф ишчиларига” мурожаат қилиб, “Бу чиқорилган журнолнинг ҳозирги маориф майдонидаги эҳтиёжларимизда катта роль ўйнашида шубҳамиз йўқдир. Мамлакатнинг шундай журноллар билан тўлишин истар эдик. Лекин бахтга қарши кўп қийин шароитлар орқасида бирдан бир ўзбек тилида шу биттагина журнол майдонга келадир.

 

Мен бу ерда журналнинг аҳамият ва қийинчиликлари ҳамда маориф ҳақида вазифалари тўғрисида тўхталмайман. Ёлғиз шуни айтиб кетмакчиман ким, буни бир журнал, қишлоқ шаҳар маориф ходимларигина эмас, балким элнинг юксалишига ишлайтурғон қурол бўлиши учун барчамизнинг жиддий иштирокимиз керак деб биламан. Шунинг учун қисқагина сўзлаб сўрар эдим ким, бутун маориф идоралари бу журналдан ўз қўлларида сақласунлар эди.

 

Журнолнинг давомини таъмин этмак учун ҳар бир ўқитғучи ўртоқларимизнинг бунга обуна бўлиб ёзилишлари ва ўрунларда яхши тарқатилишига кўмак этишлари ҳамда маҳаллаларнинг турли ҳолларидан, камчиликларидан ёзиб туришлари, қисқаси журналнинг маънавий ва моддий ёғидан кўмаклари жуда муҳимдир. Мана шул чоқдағина журнал ҳар томондан таъмин этилган ва ўзининг йўлини кенг суратда белгилаб олғон бўладир. Биз ҳам шул чоғдағина тузуккина журнолға эга бўлғон бўлар эдик”, дейди.

 

Раҳим Иноғомовнинг кейинги мақоласи совет мактаблари ва уларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг аҳволи ҳақида хабар беради. Кишини таажжубга соладиган томони, Раҳимжон жуда ёш ва эндигина университетни битириб келганлигига қарамай муаммога ўз ишининг туб моҳиятини англаган ҳолда ёндашади. Жумладан, “...Бизда мактаб масаласи анчагина қийин масала. Чунки бизнинг яшайдиргон шароитлар ичида шўро меҳнат мактабини тузиш шубҳасиз осон эмасдир. Лекин, шундай бўлса ҳам мамлакатда бўлган дардлик ҳаракат ишини илгарига суриб амалда бир неча жонли натижалардан узоқланмади. Мактаб масаласида биринчи ўринни ўқитғувчилар олади. Биздаги ўқитувчилар, кўпчилик билан сўйлаганда ҳатто 3-4 йиллик тартибли ўқиш кўрмагандирлар. Шунинг учун ўқитувчилар етказиш масаласига қанча аҳамият берсак, ўқитувчиларнинг билимларини кўтарувга ҳам шунча аҳамият бермак керак, дейди.

 

Раҳим Охунжон ўғли 1925 йил октябрь куни Ўзбекистон комсомоли марказий қўмитаси мажлисида маъруза қилди. У ўз маърузасида баландпарвоз рақамлардан чекинади, барча муаммоларни ва ҳолатни рўй-рост баён қилади: “...Бизда ўқишни истаганлар минглаб бор, аммо биз уларнинг ҳаммасини мактабларимизга жойлолмаймиз... Мисол ўрнида айтаман ким, бу йил ичида ҳатто келгуси 5 йил зарфинда ҳам биз бутун мактаб биноларини янгидан солиб битира олмаймиз. Бизнинг вазифамиз бор орқада қолғон вилоятларда мактабларнинг сонини 100% га етказишга, бироқ буни ҳам қила олмаймиз деб қўрқаман. Чунки мактаб учун бинолар йўқдир. Бундай ишлар учун бизга жудаям оз пул бериладир. Давлат буджетидан мактаб таъмири ва биноси учун 140 минг сўм бериладир. Ваҳоланки, мактаб биноларимизнинг 5070% и ишга ярамайтурғон бинолардир”.

 

Шунингдек, маърузада мамлакатда саводсизликни тугатиш курслари, мактаб ва интернатлар, деҳқон ёшлар мактаблари, фабрика завод мактабларини очиш учун ҳаракатда экани ҳақида ахборот беради. Раҳим Иноғомов ҳар бир тадбирнинг самараси учун жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда ёндашади. Жумладан, деҳқон ёшлар мактабларини шаҳарларда эмас қишлоқларда очдик. Боиси ўқувчилар орттирган илмларини бевосита далада тажрибадан ўтказиб кўрсинлар”, дейди. Шунингдек, фабрика завод мактаблари учун ҳам аввало фабрика ва завод, кейин дарсликлар ва ўқитувчилар армияси зарур, уларни оддий курслар ёрдамида етиштириб бўлмайди”, дейди. Бу эса ўз даври, ҳатто бугунги кунимиз учун ҳам сифатли кадрлар тайёрлашда ўта муҳим бўлган жиҳатдир.

 

1926 йилда Раҳим Иноғомов Маориф халқ комиссари лавозимидан олиниб, Ўзбекистон Компартияси МК матбуот бўлими мудири лавозимига ўтказилади. “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 1926 йил 9-сонида “Тўлган тўққиз йилни ҳам кўрсинлар” мақоласида Ўзбекистоннинг маориф соҳасидаги муваффақиятларини сарҳисоб қилиб, жумладан, “1925/26 йилда ҳаммаси 508 та янги мактаблар очилди. Албатта, бу халқда бўлган буюк эҳтиёжни ўтай олмайдир, чунки халқ эҳтиёжи жуда каттадир. Яна интернатлар (76 та), мактабгача муассасалар (37 та) ва иккинчи босқич (39 та) мактаблари бордир. ... Ҳозирда 37 та ихтисосли маориф муассасаси бўлиб, 5250 ўқувчига эгадирмиз. 17 билим юртида 2685 ўқувчи. Ҳозирда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқитувчилар тайёрлаш бўйича 7 та мактаб бўлиб, 770 дан ортиқ талаба ўқийдир. Бундан ташқари мамлакатнинг турли шаҳарларидаги университет ва билим юртларида ҳам минглаб ўқувчиларга эгамиз, дейди. Дарҳақиқат, шу йилларда ёш Ўзбекистон ҳукумати ўзининг олдига ўн йилликда аҳоли саводхонлигини юз фоизга етказиш масаласини қўйди. Очилган ҳар бир завод, фабрикалар қошида Германия тажрибаси асосида ўқув-амалий мактаблар ташкил этди. Россиянинг саноат туманларига юзлаб ёшларни йўллаб маҳаллий ёшлардан қисқа вақтда катта миқдорда кадрлар армиясини шакллантиришга киришди.

 

Раҳим Иноғомов айни пайтда мамлакат сиёсий бошқарувида ҳам фаол иштирок этди. Айниқса, ЎзССР МИҚ пленумида ЎзССР КП(б)нинг таслимчилик фаолиятига қарши чиқиб, партия аппаратини ҳамда халқ хўжалигида кадрларни миллийлаштиришни тезлаштиришда кескин чоралар кўришни талаб қилади. Унинг 1926 йил чоп этилган “Ўзбекистон зиёлилари” рисоласи катта шов-шувларга сабаб бўлди. Унда октябрь тўнтаришига нисбатан салбий муносабат билдириб, ўзбек халқининг маорифда қўлга киритаётган ютуқлари инқилобнинг эмас, жадид зиёлиларининг хизматидандир, деган фикрни илгари суради.

 

Раҳим Иноғомовнинг фаолиятидан норози бўлган кимсалар уни ҳукуматдан четлаштиришга эришади. У бир муддат Ўздавнашриётда бўлим мудири ва Ўзбекистон ёзувчиларининг Самарқанддаги “Қизил қалам” жамиятига раҳбарлик қилди. Айни пайтда ўз мақолаларида Средазбюро, Средазэкосо каби марказнинг назоратчи органларини зўравонликда, Ўзбекистон Компартиясини Россиянинг қизил мустамлакачилик сиёсатига қарши курашмаётганликда айблашда давом этди. ВКП(б)МК Ўрта Осиё бюроси ва унинг Ўзбекистон Компартиясидаги тарафдорлари унга қарши матбуотда “Иноғомовчилик” деган сохта иш очишиб, бутун партия ташкилотларини оёққа турғазди. 1926 йил 12 декабрда Ўзбекистон Компартияси МҚ Ижроия бюроси ва пленумида, 1927 йил январь ойида Ўрта Осиё бюросида бу масала махсус кўрилиб, “иноғомовчилик майда буржуа ва миллатчилик томонга оғиш”, деб қораланди. 1926 йил декабрь ойида барча вазифаларидан олиб ташланган Раҳим Иноғомов 1927 йил 2 сентябрдан 1930 йил майгача Қашқадарё вилоят ижроқўмида ер бўлимида мудир лавозимида иш олиб борди.

 

1930 йил 30 майда “Қизил Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталарида Раҳим Иноғомовни “ғоявий жиҳатдан тор-мор қилинди” деб очиқ хат уюштирилиб, у тавба-тазарру қилдирилади. У Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлади. Бироқ, “иноғомовчилик” хориждаги Аҳмад Заки Валидий (18801970) ва Мустафо Чўқай (18901941)лар томонидан ўз даврида ўзбек коммунистларининг марказнинг минтақадаги хўжайини – Ўрта Осиё бюроси (Средазбюро)га қарши дадил чиқиши, деб баҳоланди. Раҳим Иноғомов 1931–1937 йилларда Москвада яшаб, Бутуниттифоқ МИҚда таржимон ва “Электр ихтирочилар жамияти” заводида касаба уюшмаси раиси лавозимларида ишлайди.

 

1937 йил 10 августда Раҳим Иноғомовни қамоққа олиш ҳақидаги қарорга асосан 25 августда Қрим АССР нинг Алушта шаҳрида ҳибсга олинди. У тинимсиз қийноқлар остида қўлига тутилган барча қоғозларни имзолашга мажбур этилди. Сўнгги сўроқ ва юзлаштиришларда ўзига нисбатан барча айбловларни рад этади. Бироқ, 1938 йил 5 октябрда Тошкентда машъум “учлик” томонидан отувга ҳукм қилинди. Мустабид шўро тузуми даврида Ўзбекистон маорифини кўтариш йўлида фидокорона иш олиб борган Раҳим Иноғомов 1957 йил 1 августда оқланди.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//