Бола ўзи нимага керак? – Инсоният учун фалокатли “Childfree” ғояси


Сақлаш
17:36 / 03.03.2022 1386 0

Оила мустаҳкамлигига дарз етказувчи “оммавий маданият” кўринишларидан бири “childfree” ғоясидир. Мазкур атама “болалардан холи ҳаёт” деган маънони англатиб, бу йўналиш тарафдорлари фарзанд кўришни истамайди.

 

Фарзанд кўрмасдан яшаш тарзи ўтган асрнинг 70-йилларида Ғарбда русум бўла бошлаган. “Childfree” тарафдорлари бола тарбияси билан шуғулланиш – эскилик сарқити, деган куракда турмайдиган баҳона билан ўзларини оқламоқчи бўлишади.

 

Россиянинг “ТОК” канали ушбу мавзуда лавҳа тайёрлаб, ғоя тарафдорларининг бир нечасидан интервью олган. Уларнинг фикрича, интеллектуал қолоқ аёлларгина эрларини оилага боғлаб олиш мақсадида фарзанд кўриб, болалардан маънавий қурол сифатида фойдаланади. Болаларни яхши кўрмасликларини, гўдакларни кўрганда асабийлашишларини ҳам айтиб ўтишган.

 

Инсоният учун фалокатли бу ғояга эргашаётган балоғат ёшидаги қизлар бола шахс камолоти, карьера қилишга ҳалақит беради, деган мулоҳаза билан фарзандли бўлишни исташмаяпти. Ғоя тарафдори бўлган эркаклар эса “Ривожланган давлатларда ижтимоий ҳимоя яхши йўлга қўйилган. Инсон қариганида давлат унга ғамхўрлик кўрсатар экан, боланинг нима кераги бор?” дейишмоқда.

 

Баъзи “ақлли”лар Ер юзида аҳоли сонининг геометрик прогрессия тезлигида ўсиши экологик муаммоларга сабаб бўлаётганини айтиб, фарзанд кўришдан воз кечишга чақирмоқда. Айрим жуфтликлар вақт ўтиши билан бу қарорларидан афсусланишса, бошқалари эса тўғри иш тутганликларини таъкидлашмоқда.

 

Энг фожиали томони, бугунги кунда АҚШда “childfree” ғоясини қўллаб-қувватловчи 40 дан ортиқ ташкилот мавжуд. АҚШ миллий соғлиқни сақлаш маркази маълумотларига кўра, ўз хоҳишига кўра фарзандсиз ҳаётни танлаётган инсонлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Аёлларнинг 25 фоизи шуни мақбул кўришмоқда.

 

2020 йил маълумотларига кўра, 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган Россия аҳолисининг ярми фарзандли бўлишни истамаяпти. Буларнинг аксариятини олий маълумотли, ҳаётда муайян мақсадга эга, болаларни деб ўз роҳат-фароғати ва карьерасидан воз кечишни хоҳламайдиган инсонлар ташкил этади.

 

Албатта, бировнинг танловини муҳокама қилиш умуминсоний қадриятларга хос эмас. Лекин оила ва фарзандлар одамни эгоизм иллатидан қутқариб, бошқалар манфаати ҳақида ўйлаш, сабр-тоқат каби хислатларга ўргатади. Ризқ масаласига келсак, Қуръони каримнинг “Анъом” сураси 151-оятида “...болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз”, дейилади.

 

Америкалик олим Патрик Жозеф Бьюкенен Америкадаги демографик инқироз ҳақида ташвишланиб: “Одамларнинг фарзандли бўлиш ва бола парвариши билан шуғулланишни истамаслиги, оила қурмасдан, пала-партиш ҳаёт кечириши Американи оммавий муҳожирликни ҳар жиҳатдан рағбатлантиришга мажбур қилмоқда. Америкаликлар ўз тамаддуни, маданияти ва давлатини сақлаб қолмоқчи бўлса, бола туғилиши, оила мустаҳкамлигига эътибор бериши, болалар ва оилаларга ғамхўрлик эса давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиши даркор”, деб ёзади.

 

Дилдора МИРАКБАРОВА,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети таянч докторанти 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//