Ҳақиқатга элтгувчи турфа йўллар


Сақлаш
10:08 / 23.08.2021 994 1

1986 йил. Украинанинг Гончаровский деган бўлгаси. Аскарлик хизматидаман. Ёнимда рус, озар, грузин, қозоқ, юнон, арман... юздан ортиқ миллат вакиллари бор. Аскарларнинг ёшлари, асосан, 18 билан 20 орасида. Меники 18 да. Уларни, яъни турли миллат вакилларини мен ўз қишлоғимда юрган вақтларимда бошқача одамлар бўлса керак деб ўйлаганман. Қишлоқда экан, тожику қирғизлардан дўстларим, танишларим бор эди. Аммо бир рус ёки юнон билан, гуржи ёки латиш билан илк бор мулоқот қилиб турардим. Бирга хизмат қилиб юраркан, кузатсам, улар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамлар экан, денг. Бундай ўхшашликдан чунон ҳайратланганман ўшанда. Йўқ, гап бу ерда ташқи ўхшашлик ҳақида эмас, балки ичкаридаги – инсон сифатидаги мазмун-моҳиятимиздаги ўхшашликда. Ахир, қараб турсам, улар ҳам мени қувонтирган нарсадан қувониб, ташвишга солган нарсадан ташвишга тушар эди-да. Уларнинг ҳам яхшиликлари бизнинг – мен билган одамларнинг яхшилигига, ёмонликлари ҳам ўша таниш одамларнинг ёмонликларига қуйиб қўйгандек менгзарди. Бир сўз билан айтганда, уларнинг ҳаммаси бир инсон эди, бир инсон!.. Фақат зоҳиран ўзаро фарқланиб турардик. Ўзгачаликлар – теримиз ранги, тилимиз, урф-одатларимиз, юриш-туришимиз ва шу каби атрибутлар билан боғлиқ эди.

Ўйлашимча, муштарак муҳит ва таълим-тарбия билан саналган фарқларнинг аксарини бартараф қилиш мумкин эди. Лекин биз турли минтақалардан келгандик, бас, минтақаларнинг ўзига хослигидан келаётган алоҳидалик бизларни бир-биримиздан айириб турар ҳамда худди шу нарса, ўрни келганда, аскарларнинг жўжахўрозлардек ёвлашишига сабаб бўларди. У вақтда мен ҳали Румийни яхши билмасдим, тасаввуфдан деярли – балки умуман деса ҳам бўлар – хабарим йўқ эди. Чунки ёшим 18 да эди, дедим. Совет руҳидаги бир чекка қишлоқ мактабини битирган ғўр бир бола эдим, ахир! Лекин ҳаёт деган баридан қудратлироқ бир муаллим бор эдики, у мени фарқлар ва ўхшашликлар, уларнинг туб илдизлари ҳақида мушоҳада юритишга тинмай ундарди.

“Сиддхартха” романини ўқиб хаёлимга илк келган хотира ана шу бўлди. Чунки мен Сиддхартхада ўзимга ниҳоятда таниш бўлган қаҳрамонни кўрдим. Гарчи унинг ирқи, дини, тили, урф-одатлари тамомила бошқача бўлса ҳам. Шу маънода бугун тилла балиқча бўлиш жуда зарарли ҳам хавфли. Мен Румий ва Орипов ўз асарларида акс эттирган шўрлик тилла балиқча қисматини назарда тутаётирман. Бир миллат, бир маданият, бир эътиқод, бир урф-одат уюрмасида катта бўлган инсон билан дунёнинг турли-туман маданиятларию урф-одатларидан, диний эътиқодию қарашларидан бохабар бўлиб етишган инсоннинг кайфиятию дунёқарашида, ҳаётга муносабатида, толерантлик даражасида ер билан кўк қадар фарқ бўлади. Ҳамда бу фарқ уларни тамомила бошқа-бошқа одамларга айлантиради. Биринчисида етишган инсон фақат ўзига ўхшаган одамларнигина тушунади, ўзгачароқларидан эса бегонасирайди, иккинчисида ўсиб камолга етган киши бўлса, ўзгача қарашлиларни ҳам бемалол англай олади, натижада уларга инсондек муносабатда бўлади. Бу, яъни иккинчи ҳол ушбу кунда жуда муҳим.

Зеро, бугун барчамиз глобализм деган ғоят мураккаб даврда яшаяпмиз. Бу дегани шуки, истаймизми-йўқми, ҳаётимиз давомида у ёки бу миллат вакили билан учрашамиз, керак бўлганда ҳамкорлик қиламиз, ўзаро тил топиб яшашга интиламиз. Шундай қилишга глобал турмуш тарзимиз эҳтиёжи туфайли мажбур ва маҳкуммиз. Ҳатто буни истамаган тақдиримизда ҳам. Тилла балиқча қисмати – аянчли қисмат. Айниқса, олий тафаккур эгаси бўлмиш инсон учун. Айниқса, бугун. Чунки айнан бугун биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ва хўпроқ ўзга ирқ, дин ва маданият вакилларини тушунишимиз, уларнинг эътиқодий масалаларига эҳтиром билан муносабатда бўлишимиз керак бўлмоқда. Чунки дунё деганимиз ҳамма ўзаро қайнашиб яшайдиган яхлит каттакон уйга айланиб бормоқда. Шунинг учун биз бир-биримиздан тафовутни эмас, балки ўхшашликни топишга ҳаракат қилишимиз керак. Аслида ҳам шундай: агар яхшилаб кузатадиган бўлсак, тафовутлар асосан шаклларда, юзада бўлиб, моҳиятда эса кўп нарсалар муштараклиги аён бўлади. Улуғ Румий айтганидек, Маккага кетаётган одамлар йўл бўйи менинг йўлим тўғри, сеники ботил, дея тортишиб боришади. Лекин Маккага келиб, ҳаммалари Аллоҳнинг уйида жам бўлишгандан кейин тортишувлар барҳам топади. Зеро, улар бир нарсани исташганини билиб қоладилар. “Хўш, уларнинг тортишувига нима сабаб бўлган эди?” деган саволни берсангиз, аён бўлган нарса – шакл бўлади. Яъни шаклдаги фарқ! Мазмун-моҳиятда эса инсонлар аксарият ҳолда бир хил нарсани хоҳлашади. Шунинг учун бугунги интеграциялашув шиддат билан давом этаётган, бир халқ бошқа бир халқсиз яшаб қолиши имконсиз бўлиб бораётган бир даврда ўзгани тушуниш, шу билан бирга, ўзликни бой бермаслик жуда-жуда муҳимдир. Ўзгани тушуниш эса, аввало, ўша халқ ҳаёти, дунёқараши, урф-одатлари акс этган жиддий асарларни ўқиш ва уқишдан бошланади. Герман Гессенинг (18771962) “Сиддхартха” романи, менинг назаримда, ана шундай асарлардан биридир.

Романда Будда образи бор. Буддавийлик динига эътиқод қилувчилар, брахманлар, саманлар ҳаёти ҳам акс эттирилган. Лекин асар Буддизм динининг, умуман, диннинг тарғиби ҳақида эмас, балки Будда етишган ўша Олий Ҳақиқатга бошқа йўл билан ҳам, кўринишидан уникига зиддек туюладиган сўқмоқ билан ҳам етишиш мумкинлиги тўғрисидадир. Зиддик, Румий ҳазратлари айтмоқчи, фақат кўринишда, шаклда зуҳур топади. Таг-заминда эса асар бош қаҳрамони Сиддхартха танлаган йўл Будданинг, умуман, оламнинг яккаю ягона илдиз – асосга бориб боғланишини англаш даражасига етган ҳар қандай бошқа таълимотнинг мазмун-моҳияти билан бирдир. Айрим тадқиқотчилар Сиддхартха образи Будданинг оддий ҳаётини акс эттиради, дейишади. Сиддхартха бу – Будда туғилганда унга қўйилган исм. Лекин биз асар таҳлилини матндан келиб чиқиб амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Романда яна бошқа мотивлар ҳам мавжуд. Лекин асардаги энг муҳим ғоя-месаж, менинг назаримда, ҳақиқатга олиб борувчи йўлларнинг турфалигини ҳамда уларнинг ҳам яшашга ҳақли эканини бадиий акс эттиришдир. Йўқса, нега Сиддхартха улуғ Будда этагини тутмади?.. Ахир, Сиддхартха ҳам бундай устозга эргашишга тап-тайёр эди-ку! Будданинг йўлидан минглаб, миллионлаб издошлар юришди. Ана, Сиддхартханинг дўсти Говинда ҳам ўша йўлдан кетди. Лекин Сиддхартха эмас. Нега, нима учун?! Чунки у ўз йўлини топишни истади ва топди. Унинг йўли зиддиятлар йўли эди. Сиддхартха зиддиятларни босиб ўтди ва ниҳоятида Будда етишган улуғ мақомга эришди. Буни Говинда унинг пешонасидан ўпганда Сиддхартха сиймосида бутун оламнинг, ўтмиш, бугун, келажакнинг, борлиқ махлуқотнинг тизилишиб пайдо бўлишидан билса бўларди. Худди шу ҳол Сиддхартханинг энг юксак даражага етганидан далолат эди. Демак, Яратган бир манзил бўлса, Унга бошловчи йўллар хилма-хилдир. Худди Румийнинг машҳур ривоятидаги одамлар каби. Улар ҳам муқаддас Каъба томон турли тарафлардан йўлга чиқишади-ку, худди шундай. Қаранг, шу ерда икки дин шаклан ҳар қанча бир-биридан фарқли бўлиб кўринса-да, моҳиятан бир нарсага ишора қилмоқда. Бу жуда муҳим нуқта! Романнинг лейтмотиви ҳам шу билан белгиланади, назаримда. Яъни ҳақиқатга элтувчи йўллар, шакллар турли-туман бўлиши мумкин, муҳими, тўғри манзилга элта олсин!.. Шу маънода Будда ҳар қанча буюк бўлмасин, ҳақиқатга бошқа йўллар билан ҳам етса бўлади, ҳа! Сиддхартха буни ўз ҳаёти билан исбот қилди. Зеро, у хос одам эди. Говинда каби ўзини қийнамай, мавжуд ва тайёр йўлга кириб олувчилар эса миллиард миллиард. Улар – омма вакиллари. Сиддхартхалар эса камсонли, улар ноёб одамлар. Говиндалар йўлбошчининг изидан юришга мажбур. Улар Сиддхартха бўлолмайди, асло! Адашади чунки. Ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида, барча замонларда ана шу икки даражадаги инсонлар ўртасида зиддият бўлиб келган. Ҳозир ҳам шундай. Ҳамма динларда, ҳамма соҳаларда вазият ушмундоқ. Шунинг учун ҳам айтиш жоизки, баҳснинг сабаби, кўпинча, у ёки бу дин ёки таълимот бўлмай, тарафлар савиясидаги фарқ, тафовутдир. Зеро, улар аксарият ҳолда бир нарса ҳақида, фақат ўз тилларида, ўз даражаларида фикрлаётган бўлишади. Бир Шарқ ривоятига кўра, Мусо алайҳиссалом ўтиб кетаётса, чўпон худога мурожаат қилаётган экан: “Эй, Худо, агар сен ҳозир ёнимда бўлсанг, оёқларингни ювиб, уқалаб қўярдим, сочларингни тарардим”. Буни эшитган Мусо алайҳиссаломнинг жаҳли чиқиб уришибди: “Эй нодон, Эгамнинг сену менга ўхшаган оёқлари бормидики, ювиб, уқалаб қўйсанг!..” Шу пайт еру кўк гумбирлаб садо келибди: “Эй Мусо, уни ўз ҳолига қўй. Зеро, чўпон ўз тилида мен билан суҳбатлашаётир”.

Худди шундай, бу дунёда ҳар кимнинг ўз Қуръони, ўз Инжилию ўз Буддаси бор. Аслида, Қуръон битта, бошқа муқаддас китобларнинг ҳам асл деб тан олинган нусхалари бор. Лекин уларни тушуниб талқин қилиш инсоннинг етиб борган даражасига кўра фарқланади. Ҳатто бир хил жумла остида икки одам бир-биридан фарқли маъноларни тушуниши мумкин. Ана шу фарқни асл дин деб олмайлик ёки уни мутлақлаштириб низо чиқишига хизмат қилмайлик. Бағрикенг бўлайлик. Айрим тушунмовчиликларни кейинга қолдирайликки, ўз устимизда ишлашимиз, ўсиб-ўрганишимиз натижасида улар ҳам ўз-ўзидан ечилиб, ҳал бўлиб боради. Ҳар ҳолда, бу йўл уруш-низо йўлидан чандон яхшидир. Муқаддас динлар ҳам урушу низолар йўли эмас, балки тинчлик, тотувлик йўлидир.

Ушбу узун мулоҳазаларимизни баҳам кўришдан мурод шуки, ўқувчи сифатида зикр этилган маъноларни тушуна олсак, лоақал тушунишга ҳаракат қилсак, демак, қаршимиздаги инсонга ҳурмат билан муносабатда бўла оламиз. Бу эса, юқорида таъкидланганидек, глобаллашган дунёда сув билан ҳаводек зарур. Узоққа бормайлик, ушбу китобнинг нашрга тайёрланаётганини эшитган бир ёш адабиётчи дўстимиз: “Бундай китобларни мутлақо нашр қилиб бўлмайди!” деб қолди. Мен “Нега?” дея сўрадим. Биласизми, унинг жавоби қандай бўлди: “Бу билан биз буддизмни тарғиб қилиб қўямиз. Ахир, мусулмон бўлсак, тўғри эмас-да...”. Мана, савия, мана, адабиётни, санъатни тушуниш даражаси, мана, биздан ўзгачароқ миллатларга, уларнинг маданиятига, динига муносабат! Бу мен учун келажакдан огоҳлантирувчи даҳшатли жавоб ўлароқ жаранглади. Чунки ёшларнинг кенг, катта ва мураккаб дунёда муносиб бўлишларини таъминлайдиган энг муҳим ўгитни бера олмаяпмиз. Таълим-тарбиямизда нуқсон бор. Йўқса, ўзимиздан бошқачароқ инсон ҳақидаги асарни таржима қилиб, нашр этиш билан киши динию эътиқодини йўқотиб қўядими? Бу қандай эътиқод бўлдики, битта китобни ўқиш билан бой берилса!? Бу асар жаҳон аро машҳур олмон адиби Герман Гессенинг қаламига мансуб роман. Унда бир халқ, маданият ва эътиқод кишиларининг турмуш тарзларидан, дунёқарашларидан, юксалиш жараёнидан баҳс этилади. Сиддхартхалар қисматини куйлаган олмон миллатига мансуб ёзувчи Герман Гессе бир думалаб ҳиндга айланиб қолган эмас, буддавий бўлиб олган эмас. Худди шундай, романдан кейин олмонлар ҳам ёппасига буддавийликни қабул қилиб кетган жойи йўқ. Ёзувчи бор-йўғи ўзгаларни тушунишга интилган, холос. Ўзгаларни билмасак, уларни тушунишга ҳаракат қилмасак, сиз билан биз ҳам чин мусулмон бўла оламизми? Инсон-чи? Инсон деб аталамизми ўзимиздан бошқа ҳар кимнинг кўкрагидан итқиласак, инкор қилсак?.. Бу қайси динда, қайси эътиқодда, қаерда, ким томонидан маъқулланган?..

Ислом – тотувлик дини. Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан бошлаб бу динга хизмат қилган барча улуғ зотлар исломнинг нақадар бағрикенг динлигини бот-бот исботлаб яшаганлар. Энди биз ўзимизнинг дин ҳақидаги торгина тушунчамиздан келиб чиқиб, ўзга дин, маданият, дунёқараш эгаларига ёт кўз билан қараб, дунёда шусиз ҳам урчиб ётган уруш ўчоқларининг яна-да кўпайишига сабаб бўлиб қолмайлик. Аксинча, ўзга дин, ўзга маданият кишилари томон кўприк солайлик. Гессенинг “Сиддхартха” романи ана шундай кўприклардан бири. Уни ўзбекчага ўгириб, нашр этиш иши ҳам мазкур кўприкка, элларнинг бир-бири билан яхши маънодаги мулоқотига хизмат қилишдир. Агар инсоннинг умумсавияси баланд бўлса, қайси ирқ, қайси дин ва маданиятга тегишли экани ўзгалар билан юксак гуманизм даражасида контакт қуришига асло тўсқинлик қилмайди. Ҳамма бало умумсавиянинг пастлигида, жоҳилликда, у ёки бу ғоя ва йўлни мутаассибларча бошқаларидан устун билишда. Асарни ўқир экансиз, агар шаклларга алданиб қолмасангиз, англаб етасизки, Сиддхартха, масалан, тасаввуф йўлига кирган солиҳга чунон ўхшайди. Ёки унинг уринишлари “Иқрорнома”да аслликни, ўзликни, ҳақиқатни қидирган Толстой бобонинг чирпинишларини ёдга солади.

Сиддхартха Говиндага айтади: “Менга ҳали-ҳамон тинчлик бермайдиган оддий ҳақиқатни, оддий нарсаларни билишим учун жуда кўп вақт керак бўлди, о Говинда! Менимча, бу оламда ҳеч нарсани билиб бўлмайди. Менимча, таълимот деган нарсанинг ўзи йўқ. Фақат биргина илм бор: дўстим, бу сенда, менда ва бутун мавжудотда бор Атмандир. Ва шунга ишонч ҳосил қилдимки, бу илмга илмни излаш истаги ҳамда бирор таълимот билан етиб бўлмайди”. Дўсти Говиндага шуларни айтган Сиддхартха худди мутасаввуфларга ўхшаб жуда кўп йўлларни, заҳматларни, синовларни босиб ўтади. Унинг саманларга шогирд тушиши ва у ердаги изланишлари мутасаввуф хатти-ҳаракатларини ёдга солса, Камала билан бўлган муносабати Толстойнинг адашиб-улоқиб юришларини эслатади. Лекин бу чиндан ҳам адашишмикан? Ташқаридан, жамиятларнинг ахлоқ кодексидан қарасангиз, ҳа, лекин Сиддхартха учун йўқ. Аёл муҳаббати унинг йўлида учраган битта тўсиқ синов эди, фарзанд ҳам шундай. Сиддхартха буларни яшабгина ўша синовлардан ўтиши мумкин эди. Ҳайҳот, шу ўринда Румий ҳазратнинг “Ичиндаги ичиндадир” асарида сизлар молу дунёнгиздан, хотину бола чақангиздан, шону шуҳратингиздан сўралмайсиз, улар сизлар учун бир синов, холос, дея билдирган фикрига қуйиб қўйгандек мос тушади. Ҳа, синовларсиз, улардан муваффақиятли ўтиб олишларсиз Сиддхартха ўзи истаган даражага етолмаган бўларди. Алалоқибат, Сиддхартха бойликни, саройни, ундаги айшу ишратни, тужжорликни ташлаб, оддий қайиқчиликнинг бошини тутади. Қайиқчилик билан одамларга реал ёрдам беришни ҳаётининг бош аъмолига айлантиради. Эсланг, улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой ҳам тахминан шундай йўлни босиб ўтган эди. “Иқрорнома”да адиб ана шуларга иқрор бўлади. Ўзи излаган ҳаёт, одамлар қишлоқда, оддийликда эканини айтади. Махатма Ганди бежиз Толстойни яхши кўрмаган. Чунки ҳинд маданияти билан руҳий илдиз муштараклигини ҳис қилган. Улуғ шоир ва шоҳ Бобур мирзонинг “Бобурнома”даги иқрорлари ҳам ҳазилакам эмас эди. Бу улуғларнинг барчасининг ҳаёт йўли ва хулосаларида ана шундай уйғунликни кўриш мумкин.

Ислом тасаввуф адабиётида Симурғ образи бор. Ибн Сино, Ғаззолий, Аттор, Навоий каби мутафаккирлар ана шу образнинг туғилиб, сўнг ривожланиб камолга етишишига ҳисса қўшганлар. Ниҳоят, бугун биз Симурғни қидириб йўлга тушган қушлар ҳақидаги бу муаззам ҳикоя остида кўпдан кўп тассаввуфий ва ҳаётий маъноларни топамиз, тахмин қиламиз. Келинг энди, Сиддхатха романидан олинган парчага эътибор берайлик: “Кимга қурбонлик қилмоқ керак, кимга сиғинмоқ керак? Яккаю ягона Атмангами? Атманни қаердан топмоқ зарур? У қаерни макон этган? Унинг мангу юраги қаерда уради? Агар уни ҳар бир жонда мавжуд яширин, йўқ қилиб бўлмас Мендан топмаса, яна қаердан излаш мумкин? Лекин у яширин, барча чегараларнинг сўнги Мен қаерда? Бу донишмандлар уқдирганидек жисм ҳам, қон ҳам, тафаккур ҳам, онг ҳам эмас. Қаерда у? Қаерда? Яширин Менга, ўзингга, ўз Атманингга кириш йўли борми? Ёхуд бундан ўзга йўл борми? Оҳ, ҳеч ким бу йўлни билмайди. На отам, на устозларим, на донишмандлар, на қурбонлик дуолари бу йўлни кўрсата олмайди. Улар, брахманлар барча муқаддас китобларни билади, улар ҳамма нарсага керагидан ортиқ қайғуради, оламнинг яралиши, нутқнинг, озуқаларнинг пайдо бўлишини, сезгиларнинг тартибини, худоларнинг фаолиятини, яна жуда кўп нарсаларни билади. Зарурдан зарур илмни билмай, бошқа нарсаларни билишнинг қиймати кимга керак?!

Наҳот унда Атман йўқ, наҳот унинг қалбида азалий манба бўлмаса?! Айнан уни топмоқ зарур! Меннинг азалий манбасини топмоқ керак, унга эришмоқ керак, зеро, қолган бошқа нарсалар беҳуда, янглиш ва нотўғри йўлдир”. Матнни кўп сўзларни исроф қилганча таҳлиллаб, ундаги Атманни, менни қидираётган қаҳрамоннинг ҳоли Симурғни излаб йўлга тушган қушларни ёдга солишини мисоллар билан бирма-бир тушунтириб, чайнаб беришнинг ҳожати бўлмаса керак. Бизнинг яна бир карра эътибор қилишимиз лозим бўлган нарса шуки, фарқлар шаклларда, ичкаридаги мазмунда эса муштараклик бор. Зеро, бизнинг барчамиз Одам атонинг фарзандларимиз: илдизимиз бир, интилишимиз ўхшаш. Бас, шундай экан, ташқи кўринишдаги тафовутга алданиб, ёвлик қидириш ўтакетган жоҳилликдир. Тамом-вассалом!

Сиддхартха алалоқибат қайиқчи донишманд олдига келди, маслаҳат сўради, у билан ҳамсуҳбат, ҳамқисмат бўлди. Асарнинг мана шу эпизодлари қадим шумерларнинг “Билгамиш” достонидаги бир эпизодни ёдга солади. Билгамиш дарёнинг нариги томонига меҳригиё қидириб йўлга тушганда унга Пир Напиштим деган қайиқчи кўмакчи бўлади. У ҳам қайиқчи, ҳам донишманд эди. Олимларнинг тадқиқ этишича, Пир Напиштим муқаддас динларда келадиган ривоят қаҳрамони Нуҳ алайҳиссалом прототипидир. Бу энди яна бир алоҳида мақоланинг мавзуси. Ҳа, “жаҳон адабиёти” деган бир уммон борки, уларнинг сувлари ўрни келганда баралла қўшилишиб оқади. Сувларни ажратишга, уларнинг бир-бирларига қарши қўйишга интилганки бор, ё билмасвой жоҳилдир ёки унинг низо тарқатишдек ёвуз бир мақсади пинҳон.

Роман охирида Сиддхартха билан дўсти Говинда ўртасида баҳс бўлади. Баҳснинг сабаби Сиддхартханинг Будданикидан фарқли йўлни танлагани эди. Сиддхартха қайиқчи донишманд Васудеванинг ҳам йўли бошқачалиги, лекин бу бошқачалик унинг олий мақомга чиқа олишига халақит бермаганини айтиб, яна шуларни қўшимча қилади: “Оламга тафаккур ила боқиш, уни тушунтириш, уни танқид қилишни буюк мутафаккирлар бажараверсин, мени эса ягона бир ҳис: шу борлиқни севиш, ундан иллат изламай, ундан нафратланмай, ўзимга, борлиқдаги ҳар бир нарсага муҳаббат, ҳайрат, шавқ ила қараш банд қилган.

– Мен буни биламан, – деди Говинда. – Лекин улуғ устоз (Будда назарда тутилмоқда – У.Ҳ.) буларни ҳам ёлғон, сароб дея атаганди. У бизни муҳаббатга эмас, раҳм-шафқат, сабр-қаноат, хайрихоҳликка даъват этганди. У бизни заминий нарсаларга муҳаббат қўйишдан қайтарганди”.

Қаранг, бу ерда Будда ва Сиддхартха йўлларидаги тафовут кўзга яққол ташланмоқда. Лекин бу зуҳуротдаги фарқ, холос. Аслида-чи? Аслида, фарқ йўқ. Фарқ ўша юксак мақомга етишмаган инсон кўзигагина кўринади. Етишган эрлар бу фарқларни фарқ демайди. Бас, фарқлар шакл ҳисобланмиш сўзларда намоён бўлади.

“Мен буни биламан, Говинда, – деди Сиддхартха. Унинг кулгиси гўё олтиндек товланарди. – Мен буни яхши биламан, Говинда. Мана, биз фикр чигаллигини ечмоқчи бўлиб сўз ила баҳслашяпмиз. Мен муҳаббат ҳақидаги сўзларимнинг гўёки Говутаманинг (Будданинг – У.Ҳ.) қарашларига зид бўлиб кўринишини инкор этолмайман. Шунинг учун мен сўзларга ишонмайман, чунки бу зиддият ёлғон, саробдир. Мен Говутама билан ягоналик ришталари ила боғланганимни биламан...”

Бирлик, Ягоналик, Яккалик мужассам бу ерда. Асар шу билан якунланади. Яъни ягоналик билан, Ваҳдад билан: “Бу ниқоб – Говинда пешонасини ўпаётган Сиддхартханинг чеҳраси эди! У бу ниқобдаги кулги шакллар оқимидаги яккаш кулги эканини, минглаб туғилиш ва ўлимнинг айни бир вақтдалигини англатишини биларди. Сиддхартханинг бу кулгиси мулойим, нозик, донишнамо, етиб бўлмас, балки бироз шафқатли, балки бироз истеҳзоли, ўша... у юз бор ҳайрат ичра таҳаммул этган минг қиёфали Говутама Будданинг кулгиси эди. У камолотга етган кишигина шундай кула олишини англади”.

Герман Гессенинг “Сиддхартха” романини она тилимизда мутолаа қилиш барча ўзбек ўқувчиларига муборак бўлсин! Шу ўринда асарни заҳмат чекиб, ўзбек тилида муносиб жаранглашини таъмин этган олима ва таржимон Ойгул Асилбек қизига миннатдорлик билдириб қоламиз.

Улуғбек ҲАМДАМ,

филология фанлари номзоди, профессор

 

1 Изоҳ

Mirzabek Sherbekov

06:01 / 01.01.1970

Judayam yaxshi narsalar yozilgan. Kitobni qayerdan topsak bo'ladi?

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси