Муҳтарам сўз илтифоти


Сақлаш
23:32 / 01.03.2022 1280 0

Таниқли шоира ва публицист Муҳтарама Улуғова ҳақида гапирганда куйинчак ва мунис ўзбек аёли, иймон ва инсонийликни, устозга ҳамда сўзга садоқатни ўзига шиор қилиб олган ижодкор кўз ўнгимиздан ўтади. Аслида, қай соҳада бўлмасин, ўз касбининг фидойилари ҳақида гап очилганда асил ҳақиқатлар ёдга тушаверади. Демак, унинг умр йўлида, иш фаолиятида ўша боқий қадриятлар нафаси, эпкини бор экан-да!

 

У бир умр Марғилондаги мактабида адабиёт ўқитувчиси бўлиб қолиб кетиши мумкин эди. Фақат Сўзга меҳри, ишқи уни илгари етаклади. Ўша йиллари кучли ижтимоий мавқе касб этган ва мамлакат ҳаётида катта минбарга айланган “Саодат” журналига тинимсиз ёзган хатлари шахсий ҳаётида туб бурилиш ясади. Хатлари изидан ўзи ҳам Тошкентга келди. Албатта, бу ўринда узоқ-узоқлардаги “милт” этган шуълани ҳам кўра олган, қалби саховат ва меҳрга тўла Зулфияхонимнинг саъй-ҳаракатларини эътироф этиш шарт. Қолаверса, муҳитнинг ўзи янги сўзга, янги иқтидорларга ташна эди. Асосийси – муҳитда гўзалликни қадрлаш, унга интилиш ва улуғлаш кайфияти ҳукмрон эди.

 

“Саодат” журнали кўплаб иқтидорларнинг япроқ ёзиб, чечак очишида бир бўстон бўлганини унинг бағрида улғайганларгина эмас, балки ўша настарин бўйлардан баҳраманд бўлганлар – ўша авлод ижоди, кашфиётлари, ҳаётий ибратлари таъсирида ҳаётда ўрин топганлар, жумладан, минглаб оддий мухлислар ҳам тан олади. “Саодат”да Муҳтарама Улуғова шоир ва журналист сифатида бўй кўрсатди. У шоира бўлиб пойтахтга келганди, хизматчилик эса мақоланависликка ўргатди, дейиш мумкин.

 

 

Мақола ёзиш завқи латиф шеърни қоғозга тушириб яйрашдан кам бўлмаслигини ҳис этган ижодкор ижтимоий ҳаётга дадил аралашди, тенгдошлари, опа-сингиллари дилидаги оғриқли гапларни қоғозга тушириб, журнал саҳифаларида чоп этди, бундан ҳузурланди. Шеърларда “публицистик руҳ кучайгани” каби, публицистнинг ҳаётга қараши ҳам теранлашиб борди. Юртдошларини ҳаётсеварликка ундаш, ёзганлари орқали тирикчилик қуйқумлари ва буҳронлари чанг-тўзонини фильтрлаб, мусаффо муҳит яратишдек яшаш тарзини танлаган Муҳтарама Улуғовани Сўз ўз илтифоти билан муҳтарам айлади, мухлислари эътирофига сазовор қилди. Ўтган асрнинг 80-йилларида дунё бир тўлғоқ арафасида тургандек туюларди ва шундай бўлиб ҳам чиқди. Ўзбекистонда бундай ҳолатлар ўзига хос тарзда, яна ҳам қуюқроқ бўёқларда намоён бўлаётганди: пахта далаларига сепилаётган заҳри қотиллар, гепатит ва жигар хасталиклари, аёллардаги камқонлик, афғон фожиаси, совет армиясидаги бошбошдоқликлар...

 

Гарчи буларнинг ҳаммасини бутун жамоатчилик кўриб турган бўлса-да, юрак ютиб унга фикр билдирувчи қаламкашлар бармоқ билан санарли эди. Муҳтарама опа ана шундай журъатли муаллифлардан бири сифатида юқорида айтиб ўтилган мавзуларда кўплаб муаммоли мақолалар ёзди. Шуларнинг бири “Қаҳратон ёз” деб номланганди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Муҳтарама Улуғова қаламига мансуб аксарият мақолалар мавзу-моҳиятига кўра республикадаги кўплаб қаламкашлар учун йўлёритқич, янги мавзуларга туртки бўларди. Ана шундай руҳий кўтарилиш дамларида халқимиз асрлар давомида интиқ кутилган мустақилликка эришди.

 

Йиллар ўтиб, ўша кунларни интиқиб кутган, аъмолини тиккан, курашган авлод саҳнани янги оқимга бўшатган бўлса-да, барибир ўша кунлар шукуҳи ҳамон дилларга ёруғлик беради, эътиқод йўлида янада собит бўлишга чорлайди. Эсимизда бор, қадриятларга парвоз берилган, улуғланаётган ўша дамларда республиканинг янги ташкил этилган энг нуфузли газетаси – “Халқ сўзи”да Муҳтарама Улуғованинг “Бешик боласи – бек боласи” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Сарлавҳанинг ҳар бир сўзига залворли юк ортилган эди. Халқимиз минг йиллар давомида шаклланган маданият унсурларини ғуборлардан тозалаб, теран моҳиятини кашф этишга киришган паллада бешикда бек болалар улғайишини шарҳ этиш ватанпарвар ижодкорнинг ўзи қўмсаган кенгликларда кенг қулоч отган орзуманд парвози эмасми? Шундай қилиб, димиқиб, томоққа тиқилиб ётган эркпарвар туйғулар кетма-кет қоғозга тушди, эртанги кунга илҳақ тикилган орзуларга қанот бўлди. Мустақиллик шу тахлит кўпларнинг тасаввуридан реал ҳақиқатга айланиб борди. Аллақачон таниқли публицистга айланиб улгурган Муҳтарама Улуғованинг ёзганлари кенг жамоатчилик, мухлислар даврасида қадр топди. Бу илтифотдан шоира ва журналистнинг қалами янада ўткирлашиб, мавзу уфқлари кенгайиб борди.

 

 

Ноҳақликка нисбатан муросасизлик, яхшилик ва эзгуликни қўллаб-қувватлаш, ватан, халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш сингари чинакам ватанпарвар ижодкорга хос хусусиятлар Муҳтарама Улуғованинг бутун фаолиятида қизил ип бўлиб ўтди. Унинг “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига лойиқ кўрилиши ўзига билдирилган ишончни муваффақиятли уддалаганининг ифодасидир. Ўтган йили мустақиллик байрамининг 30 йиллиги арафасида “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Унинг орденни тақиб, ишхона коридорларида юрганини кўрганлар қанчалик мамнуният ичида эканини тасаввур қилишлари мумкин. Аммо ҳар қандай муваффақият ортида катта меҳнат ва заҳмат турганини ҳам унутмаслигимиз керак.

 

Ҳамма нарса нисбий дунёда фасллар ҳам, ҳусн-тароват, ҳатто ёшлик жўшқинлиги ҳам қўним билмайди, ўткинчи. Ҳаётда ўз олдига қатъий мақсадларни қўйган, ўзидаги қувватни сарф этиш ва қайта тиклаш ҳадисини олган кишилар эса бундай мезонларни писанд қилишмайди. Бунга таниқли шоира ва публицист Муҳтарама Улуғованинг фаолияти ёрқин мисол. Ўша йиллардаги ишчанлик, масъулият ҳисси ва бурчни сидқидилдан уддалаш мажбурияти (кўз тегмасин!) ижодкорни бир зум тарк этмаган. Мана шу ғайрат ва шижоат опага яна узоқ йиллар ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламиз.

 

Ҳаким САТТОРИЙ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//