Инсон шаъни масаласида ҳазил бўлмайди – Президентларни ҳақоратлаб жавобгарликка тортилган «блогерлар»


Сақлаш
23:35 / 25.02.2022 986 0

Инсон ҳуқуқлари бўйича хориждаги баъзи интернет фаоллари суд томонидан 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган хоразмлик маҳаллий блогер Собиржон Бобониёзов тақдиридан хавотирда. Гўё бу ҳолатда сўз эркинлиги бўғилган.

 

Аммо 31 ёшли блогернинг жазоланишига унинг телеграм ижтимоий тармоғида Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилувчи видео ёзувларни эълон қилгани сабаб бўлган. Холбуки, бу каби ҳақоратлар учун ЖКнинг 158-моддасига  мувофиқ, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

 

Бу каби ҳолатлар нафақат юртимизда, балки қатор хориж мамлакатларида ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Қуйида бир нечта мисолларни келтириб ўтаман.

 

Полшада Президентни ҳақорат қилиш уч йилгача қамоқ, жарима ёки жамоат ишлари билан жазоланади. Шунингдек, Полшага ташриф буюрган хорижий давлат раҳбарларини ҳақорат қилганлик учун ҳам жазо ҳам назарда тутилган. 2005 йилда Полша ОАВдан бирининг эгаси мамлакатга ташриф буюрган Рим папасини ҳақорат қилгани учун 20 000 злотий миқдорида жаримага тортилган. 2012 йилда эса Президент Бронислав Коморовский ҳақидаги сайт яратувчиси ўн ойлик жамоат ишлари билан жазоланди.

 

Нидерландияда қироличани ҳақорат қилиш беш йилгача, қироллик шахсининг турмуш ўртоғини ҳақорат қилиш эса тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 2012 йил август ойида Twitter фойдаланувчиси қиролича Беатрис II ни ҳақорат қилгани учун олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.  Айбланувчида аспергер синдромининг мавжудлиги енгиллаштирувчи ҳолат бўлган.

 

АҚШда ҳам Президентга таҳдидлар қонун билан жазоланади. Шимолий Каролина штатининг Шарлотта шаҳрида яшовчи ёш афроамерикалик Донте Жамар бунга амин бўлди: у АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Барак Обамага таҳдид солган бир неча твитлари учун олти ой қамоқ ва бир йил шартли муддатга ҳукм қилинган. «Махфий хизмат Баракни пешонасига ўқларни жойлаштирганимда уни ҳимоя қила олмайди», - деганди у.

 

Алабамалик 28 ёшли Жарвис Бриттон эса «Президентни цианид билан ўлдирайлик» дея твит ёзгани учун бир йилни панжара ортида ўтказди. Ҳимоячи судни бу шунчаки ҳазил эканлигига ишонтиришга уринди, бироқ келтирилган важ инобатга олинмади.

 

Пенсилвания штатида истиқомат қилувчи Николас Савино ҳам бир йилга яқин қамоқда сақланган. У Оқ уй веб-сайтида қуйидагича мазмунда пост қолдирган: «Президент Обама – дажжол. Ёки Конституцияни бузиб кетасан ёки сени отиб ўлдиришади».

 

Бугун мамлакатимизда инсон шаъни, қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун, унга дахл қилиниши эса жазосиз қолмаслиги керак. Шу маънода Ўзбекистонда қонунлар бузиляпти ёки сўз эркинлиги бўғиляпти, дейишдан аввал бу ҳолат нақадар қонуний экани ҳақидаги маълумотлар ва жаҳон тажрибаларига кўз ташлаб қўйилса зарар бўлмайди.

                        

                                                                    Анвар ИКРАМОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//