Пулдан ясалмайдиган ватан, шахс ва кас муаммоси – Эшқобил Шукур эгоизм ва фикрсизлик ҳақида


Сақлаш
15:52 / 23.02.2022 2181 0

Ўзпарастлик ва фикрсизик 

 

Дунё бўйлаб кечаётган мураккаб  маънавий жараёнлар ҳақида машҳур олим Сергей Капица билдирган қуйидаги фикрлар ушбу мақоланинг ёзилишига  туртки бўлди:  “Инсонга бироз тин олиб, бўлаётган воқеаларни тафаккур қилиш учун имкон беришмайди. Бири биридан бадтар охири йўқ сериаллар, ахлоқсиз эстрада, тантиқлик ва жиззакилик характеридаги фильмлар – барчаси асталик билан онг остига таъсир этиб, эгоизм ва зўравонлик уруғларини сепади. Рисоладагидек одам қисқа вақт ичида мутлақо маънисиз ҳаёт кечирувчи, қадриятсиз ҳайвонга айланади.” Башариятнинг маънавий аҳволига қўйилган бу ташхис  асосли.  Дарҳақиқат, ХХI асрга келиб, инсон муаммоси  янада мураккаблашиб кетди. Инсонни инсон сифатида тутиб турган туйғулар тобора ғариблашиб бораяпти. Кўзлари қотиб қолган болаларни кўрганингда қўрқиб кетасан.  Бугуннинг одами дунёнинг нариги чеккасида нима бўлаётганини, ҳатто коинотда не ҳодисалар кечаётганини яхши билади, лекин ўзини билмайди. Бу одам миллион хил майда-чуйдалару темир-терсаклар ичида изғиб, тобора ўзидан узоқлашиб бораяпти. У информнинг темир қутиси каби тинимсиз информация қабул қилади, информациядан сира тўймайди, лекин тафаккур қилмайди, қақшаб қуриётган гул каби туйғуларига озгина сув сепиб қўйишни билмайди. Оқибатда бундай одамлар Капица таъкидлаганидай “қадриятсиз ҳайвон”га айланиб қолади.

 

Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида, айниқса, интернетда шов-шув кўтариш, бақир-чақир қилиш жуда осон бўлиб қолди. Интернет чексиз-чегарасиз шов-шувлар бозорига айланди. Ҳамма –  ёшу қари шу бозор ичида таги тешик халтасини кўтариб юради. Бунда шовқин-сурон ёки бирор бемаъни ҳаракат билан беш дақиқада бутун дунёга  танилишинг мумкин. Беш дақиқа машҳур бўласан, сўнг бирдан қумга сингган томчидай ғойиб бўласан, эсдан чиқиб кетасан. Чунки сенинг ортингда яна минг-минглаб сохта шуҳрат қуллари ёқа йиртишиб, навбат  талашиб ётибди.  Тўғри, баъзи ўринларда, зарур ҳолларда мавриди билан шов-шув кўтариш ҳам керакдир. Лекин бемаъни  шов-шув, тийиқсиз шовқин-сурон,  тупукка ботган бақир-чақирлар  оломоннинг  энг яхши кўрган озуқасидир. Бу нарсалар оломонга куч беради. Миллат учун эса тафаккурни ўзгартириш, фикрни улғайтириш муҳим. Бақир-чақир, шов-шувлар билан тафаккурга таъсир этиб бўлмайди. Бунда фикр улғаймайди, аксинча, ўлади. Фикр бақир-чақирни ёқтирмайди. Фикр тингланиши, шовқин-суронларга ғарқ бўлиб кетмаслиги керак. Мен бир зиёли сифатида юзлаб телеканаллар, сон-саноқсиз ижтимоий тармоқларни кузатиб, улардан фикр излаб ўтираман. Лекин афсуслар бўлсинки, фикр дегани анқонинг уруғига айланиб бораяпти.  Баъзан телевизорда икки-уч соатга чўзиладиган отиш, ўлдиришдан иборат қонга ботган жангари фильмларга кўзим тушиб қолади. Улардан тирноқча фойда йўқ, аксинча тоғча зарар бор. Жаҳолат ахлатхоналарида тўзғиб ётган бундай “мусорлар” ичида қанчадан-қанча ёшлар изғиб юрадилар ва бу “ёқимли томошалар” уларнинг қалбини вайрон қилаётганини билмайдилар.  Фикрсизлик мудҳиш иллат, бу иллат одамни ўзидан айиради, элидан, ватанидан айиради.

 

Маънавий иқлим ўзгаришлари

 

Мен бобом ва момомга эргашиб юриб катта бўлган болаларданман. Энди ёшим олтмишга яқинлашганда ўйлаб қарасам, бобом билан момомнинг энг кўп ишлатадиган сўзлари “эл-юрт” деган сўзлар экан. Улар бу сўзларни ички бир ҳурмат ва қарздорлик ҳисси билан тилга олишарди, пирнинг отини атагандай азиз тутишарди. Бугун бу сўзларни давраларда айтсангиз  кўплар қизил  сўзлар, шунчаки баландпарвоз гаплар деб қарашади. Нега шундай бўлди? Нега?.. Аза  вақтларида дардини кўтаролмаётган  момоларим “Элим-ов, юртим-ов!” деб шу сўзларга суянганини эслайман. Тўю тантаналарда, кўпкари-курашларда “Элим-юртим, товим” деб қаддини мағрур тутган  боболаримни эслайман. Нега бугун бу азиз сўзларни кимлардир шунчаки жўн сўзлар, кўпчиган минбарлар учун навбатчилик қиладиган саёз гаплар деб қабул қилишади. Бу менга жуда алам қилади. Йигитларга куч-ғайрат берган, қизларга номус берган бу сўзлар нега бу аҳволга тушиб қолди? Уларни кимлар шу ҳолга солди?  “Элим-юртим” деган сўзларни мийиғида кулиб, киноя билан айтадиган одамлар ҳам пайдо бўлди. Бунинг ҳар хил сабаблари бордир. Бу ҳақда тўхталмоқчи эмасман. Фақат доимо маънавий мезонларнинг об-ҳавосини  белгилаб турган тушунчалардан путур кетаётганини таъкидламоқчиман. Бу тушунчалар озон қатлами каби емирилиб кетаяпти. Оқибатда маънавий иқлим ўзгаришлари табиий иқлим ўзгаришларидан кўра кўпроқ  хатарли тус олмоқда.

 

Пулдан ватан ясаб бўлмайди

 

Эгоизм бизда худбинлик, ўзидан бошқани кўрмаслик, фақат ўзинигина ўйлаш, ўзи учун ҳамма нарсани қурбон қилиш, ўзпарастлик  маъноларида тушунилади. Асрлар мобайнида боболаримиз бу иллатга қарши курашган ва яхши натижаларга эришган. Бугунги кунга келиб эгоизм зулмати дунёни мавҳум қоронғиликка тортаяпти.   “Ҳар ким ўзи учун яшаши керак!  Ўзим бўлсам бўлди, бошқалар нима бўлса бўлавермайдими?”  каби  безбет ғоялар миллионлаб мияларнинг ачиган қатиғига айланди. Ҳамма нарсага жон куйдириб юрадиган, дунёнинг пок бўлишини истайдиган,  аъло ўқийдиган, жамоат ишларида фаол, билимли, беғубор болагинанинг устидан бир тўп синфдошлари “Патриоитмисан?  Аҳмоқ!” деб кулишади.  Бир пайтлар ўзига ўтиб кетган бировнинг ҳаққини ўттиз йилдан кейин қайтариб бераётган одамни “Ўзини кўрсатмоқчи, Тик токка қўйишсин, деган умидда шундай қилаётгандир-да” деб масхаралашади.  Ўғлининг қадам олиши бежолигини сезиб, шу болам ҳаромхўр, порахўр бўлиб кетмасин деб раҳбариятга ўғлини ишдан бўшатишни сўраб борган отани гўл ва аҳмоққа чиқариб устидан кулишади. Бизда азалдан элдан айрилишни фожиа деб билганлар.  Лекин кейинги пайтларда буни шараф, мартаба  деб биладиганлар пайдо бўлаяпти. Беписандлик, кибру ҳаво, одамлардан айрича яшаш, ўз боласи билан она тили қолиб,  ўзга тилларда гаплашиш, қаерда  маишат яхши бўлса, ўша жойни Ватан деб билиш... каби ўлик қарашлар айни ҳолга ел пуфлаяпти.  Пулдан  худо ясаш, пулдан ватан ясаш бундайларнинг номаи аъмолига айланиб қолган. Бахшиларимиз айтишган-ку:

 

Нодонлар йиғлайди пулдан айрилса,

Мард йигитлар йиғлар элдан айрилса.

 

Тупроқ  биз учун оддий лой эмас, боболар хоки ҳамдир. Шунинг учун халқимиз тупроқни эъзозлаган.  Тилимизда “она тупроқ” деган ибора бекорга пайдо бўлмаган. Момолар узоқ сафарларга кетаётган фарзандларига бир чимдим тупроқ туйилган тумор беришган. “Униб ўсган ерингни, элингни унутма! Шу тупроқнинг  ҳиди сенга юртингни эслатади”,  дейишган-да.

 

Бобом ўтган асрнинг қирқинчи йилларида ҳозирги Какайди қасабасининг бозорида тожикистонлик бир одамга  сигирини сотади.  Олти йил  ўтиб,  ўша сигир олти боласини эргаштириб, салкам икки юз чақирим йўл босиб,  Сурхондарёга, Боймоқли қишлоғига,  бобомнинг ҳовлисига кириб келади. Ана мўъжиза-ю, мана мўъжиза! Не-не паст-баландни, яхши-ёмонни  кўриб-кечирган донишманд  эл ҳам бундай ҳодисага камдан-кам  дуч келади. Кейин бобом бозорга бориб, олти йил аввал сотилган сигирининг уйга қайтиб келганини, мабодо  сотиб олган эгаси келиб қолса, Боймоқлига боришини айттириб жар солдиради. Кейинги бозорда сигирнинг  эгаси қишлоғимизга келади ва бир бузоқни бобомга қолдириб, молларини олиб кетади. Мен эртак айтаётганим йўқ.  Ҳозир тўқсон иккига кирган онам ўша сигирни олти боласи билан  кўрган. Ўзининг тупроғини соғиниб қайтиб келган бир жонивор ҳақида ҳозиргача элдошларим гапириб юришади. Ўз тупроғига  бир ҳайвоннинг  талпиниши шунча  эканки, бу эҳтиёж одамда қандай кечади? Одам қайга бормасин, дунёнинг қайси буржида юрмасин, унинг илдизлари она тупроғида қолади ва мунтазам ўзига тортиб туради. Агарки, у ўз илдизларидан тамомила узилиб кетмаган бўлса... шундай бўлади. Тупроқнинг сири ҳам шунда.

 

 Шахс ва кас муаммоси

 

Бир фильмда ғаройиб бир эпизодни кўрдим. Аёл эркакка: “Ўзинг ҳақингда гапириб бер” деди. Эркак унга ватани ҳақида гапира бошлади.  Аёл уни тўхтатди ва: “Мен сендан ўзинг ҳақингда гапириб беришингни сўрадим, ватанинг ҳақида эмас” деди. Эркак ажабланиб аёлга қаради ва шундай деди: “Одам Ватани ҳақида гапирмасдан, қандай қилиб ўзи ҳақида гапириши мумкин”.

 

Жуда ажойиб!  Шундай эмасми?  Ватанимиз бу бизнинг ўзимиздир. Қизиғи шундаки, биз ўзимиз ҳақида гапираётганимизда ватанимиз ҳақида гапираётган, Ватанимиз ҳақида гапираётганда, ўзимиз ҳақида гапираётган бўламиз. Шунинг учун имкон борича, бу нарсага ёлғонни аралаштирмаслик керак. Ёлғон қўшиб, ўзимизни ҳам Ватанимизни ҳам алдамайлик.  Бир нарса аниқки, одам ўзини ватанисиз таништиролмайди.

 

Дарвоқе, мавзумиз эгоизм ва фикрсизлик ҳақида эди. Лекин мени мавзудан четлаяпти деб гумон қилманг. Эгоизм элдан айирса, фикрсизлик юртдан айиради.  Фикрсизлик ҳам тез урчийдиган иллат экан. Унинг пайдо бўлиши, мойиллиги борларни тез ўпқонига тортиши, одамларни танбаллик ва бефарқликка ўргатиб қўйишида кўплаб сабаб ва омиллар бор.

 

Мен тўю томошаларда, йиғинларда, концертларда  юртни бузиб шовқин сурон кўтараётган қўшиқларнинг ёшларга таъсирини сезиб, кўриб тураман. Бундай бемаъни қўшиқлар ёшларни фикрсизликка етаклайди, пода қилиб ташлайди. Биз кўп ўринларда Шахс ва каснинг фарқига бормай қолаяпмиз. Кўпгина ёшларимиз Айтматов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева каби Шахслардан кўра, алмойи жалмойи оҳангларга йўрғалаётган бирон эстрада хонадасига кўпроқ рағбат кўрсатадилар. Балки кўпроқ деб хато қилаётгандирман, бутунлай десам тўғри бўлар. Замонанинг озгани, отдан эшак ўзгани деб шунга айтадилар-да.

 

Сурхондарёда бир тўйда номдор бир эстрада хонанадасининг бемаъни бақир-чақирларига, кўпчиган қийқириқларига жазавага тушиб қийшанглаётган ёшу қарини кўрдим. Улар шунчалар бемаънилашган эдики, бунга чидаш оғир эди. Улар нима қилаётганларини ўзлари билмас, қай аҳволга тушганини сезмас эдилар. Бемаънилик жуда хунук кўринар экан. Бу бетийиқ жазава кўриниши бинойидай одамларни ажиналар ҳолига солган эди. Беихтиёр, “Шу менинг элимми? Шу менинг одамларимми?” деб юбордим. Менинг элим қани, Бобо? Менинг юртдошларим қани, Момо? Булар бегоналар-ку! Менинг томирларим қани, Сурхондарё?

                  

Ота-онасиз қолган етим эмас, маслаҳатсиз қолган етимдир

 

Яқинда  бир биродаримизнинг шаҳар марказидаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонига боришимга тўғри келди. Учинчи қаватдаги эшикдан кирар эканман, қарама-қарши томондаги эшик очилиб, ғўддайган бир одам чиқиб зина томонга юрди. Унга салом бергандим,  аликни насия қилиб жўнаворди. Мезбон биродарим эътибор қилманг, дегандай хижолатомуз бош чайқади. Ичкарига кириб ўтирганимизда мен ундан қўшниси ҳақида сўрадим. Мезбон ҳафсаласизлик билан:  “Кимлигиниям билмайман” деди. Мен: “Яқинда кўчиб келганми?” дедим. “Йўқ, – деди биродарим, – олти йилдан бери ёнма-ён яшаймиз. Лекин бир-биримизни танимаймиз. Кўришиб қолсак, бош ирғашиб қўямиз, холос. Ўзи жуда тунд одам. Оиласи ҳам шундайроқ.”

 

Одам одамни, хеш ақрабони,  қўшни қўшнини танимай қолаётган глобаллашув замонидаги баъзи бефарқликларни кузатиб яна бир воқеа эсимга тушади. Даштда Халил бобонинг сигири йўқолиб қолди. Улоққан сигир қайсидир қишлоқдаги бир ҳовлига кириб борди. Уй эгасини шайтон туртиб, сигирни оғилхонасига яшириб қўйди. Халил бобо молини кўп ахтариб тополмади. Кунларнинг бирида ўша ҳовлига Халил бобонинг иниси Қулун ака бориб қолди. Қулун ака уй эгаси билан ўз ишини гаплашиб турганда молхонада турган сигир ўз эгасининг инисини кўриб таниди ва қаттиқ бўкира бошлади. Уй эгаси сигирни Қулун акага кўрсатмади. Қулун ака ҳовлидан чиқиб кетгандан кейин жонҳолатда бўкираётган сигир ипини узиб, молхонадан отилиб чиқади ва  Қулун акага етиб олади.

 

Дунёда ўзини ўзи ёлғизликка маҳкум этаётган одамлар сони борган сари кўпайиб бораяпти. Уларга қўни-қўшни ҳам, қариндош-уруғ, дўсту ёр ҳам керак эмас. Тинч қўйсангиз бўлди. Ўз қобиғига ўралиб, кўнгли нимани тусаса, шуни қилиб ўтираверади.

 

Яна бир нарсани сезаяпсизми? Кейинги пайтларда маслаҳат тушунчасининг қадри кетиб бораяпти.  Ҳар ким билганини қилади. Калласига нима келса, шунга бир туртиниб кўради. Кейин “Войдод! Ишларим расво бўлди. Шўрим қуриди!” деб ғавғо кўтаради. Бизнинг одамларимиз ҳар бир ишни маслаҳат билан қилган. “Маслаҳатли тўй тарқамас” деганлар. Айримлар ўзларини шунча ақлли санайдиларки, бировларнинг маслаҳати уларнинг нафсониятига тегади. Фолкнер айтганидай: “Баъзи одамлар Худонинг ишларини Худонинг ўзидан кўра яхшироқ биламиз деб ўйлашади”. Маслаҳат бевосита эл билан боғлиқ тушунча. Эл бор жойда маслаҳат бўлади. Эл йўқ жойда маслаҳат ўлади. Шу гапларни ёзаётганимда кўнглимдан бир фикр ўтди: Ота-онасиз қолган етим эмас, маслаҳатсиз қолган етимдир.

 

Туйғуларга зулм қилманг

 

Вафо, садоқат, ҳаё, имон, ор каби туйғулар борки, уларни одамнинг кўнглига Худо солиб қўяди. Кейинги пайтларда бу туйғуларга таҳдид кучайгандан кучайди. Оммавий маданият ўз отишмаларини шулардан бошлади. Ҳолбуки, уларга зулм қилиш Худога қарши ишлашдир. Бу туйғуларни хўрлаб ҳеч ким омонлик топмаслиги, охир оқибатда ўзи хор бўлиши аён ҳақиқатдир. Шу топда яна бир тақдир ҳикояси эсимга тушди. Эри урушга кетаётганда Ойсулувнинг ичида уч ойлик ҳомиласи қолди. Олти ой ўтиб Ойсулув ўғил кўрди. Унинг эри урушдан қайтмади. Гўзал Ойсулув бошқа эр қилмади. Бутун ҳаётини шу бир ўғилга ва шаҳид кетган эрининг хотирасига бағишлади. Ойлар, йиллар ўтаверди. Кейин... ўша уч ойлик ҳомиладан навбатма-навбат ўн ўғил дунёга келди. Ойсулув қариб вафот этаётганда  11 ўғил бошида эди. Мен бу аёл тақдири ҳақида ҳеч нарсани қўшиб-чатиб ёзмадим. Бор ҳақиқат шу. Ойсулув Худо кўнглига солган туйғуларга вафо қилиб вафо топди. Инсондай яшади, инсондай кетди.

 

Мен ўғлим ё набирамнинг қўлида ҳамиша китоб кўришни истайман. Чунки уларга китоб йўлдош бўлса, эгоист бўлмайди, тафаккурга яқин юради, туйғулари тарбия топади деб умид қиламан. Баъзан ўйлаб қоламан. Эртак ва афсоналаримиз, халқ қўшиқларимиз, “Алпомиш” достонимиз бўлмаганида,  ҳолимиз нима кечарди? Энди яна ташвишлиси, эртаксиз авлод, Алпомишсиз авлод қатлами шаклланаётгандай. Техник авлод, пультли авлод. Эртакларимиз ва Алпомишимиз бор-у, лекин эртаксиздаймиз. ”Алпомиш” ҳам эртак ва ривоятларимиз ҳам торгина доирада, бор-йўғи тўрт-бешта адабиётчилар доирасида қолиб кетаётгандай. ХХI аср олдимизга шундай бир шартни кўндаланг қўймоқдаки, унга кўра воз кечадиган нарсалардан воз кечиб, асраб қолишимиз керак бўлган нарсаларимизни асраб қолишимиз керак. Бу жараёнда биз нималардан воз кечишимиз баробарида нималарни сақлаб қолишимизни аниқ билишимиз жуда муҳимдир.

 

Қишлоғимизнинг энг кекса кампири – 100 ёшга етган  Зулфин момо билан кўришганимда бирдан ўпкам тўлиб, кўзларимга ёш келди. Лекин, нимага йиғлаётганимни ўзим билмас эдим. Фақат бир нарсани сезардим: Қалб ақлсиз ҳам ақлдан ташқаридаги кўп нарсани ҳис этади.

 

Эшқобил ШУКУР

 

“Ma’naviy hayot” журнали, 2021 йил 3-сон.

Эгасиз эгоизм ва  кесимсиз бемаъниликмақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//