Эссе
1991 йилнинг октябрь ойида ҳарбий хизматдаги акамдан навбатдаги хат келди. Хат сентябрь ойининг иккинчи санасида ёзилган экан. Биз акамни қаттиқ соғинганимиздан ва ундан келадиган мактублар бизга энг азиз совға бўлганидан бу гал ҳам жуда қувондик. Аммо бу галги хат мазмуни аввалгиларига ўхшамас, олдингилардек, шахсий гаплардан иборат эмасди. Балки Ўзбекистондаги ўзгаришлар, айниқса Мустақиллик эълон қилингани, бу жараёнларни олис Тайгада ўрмон кесаётган ўзбек аскарининг телеэкран орқали кўриб, ўн тўққиз-йигирма ёшли ўзбек йигитларнинг қувониб, бир-бирини табриклаганлари ҳақида эди. Хат сўнгида акамнинг исм-шарифидан кейин ҳаяжон билан “Мустақил Ўзбекистон фуқароси” деб ёзганлари менга жуда бошқача таъсир қилган. Бу жумладаги сўзларнинг ҳар бири менга – 10-11 ёшли болакайга янгилик бўлди. Бу жумлани оддийгина қилиб битиб ёки ўқиб қўйиш ортида не бир заҳматлар борлигини ҳали тушунмас эдим.
Мустақиллик деган сўз илк бор, ана шу тарзда – акам жўнатган хат орқали шууримга кирганди...
Ўша йили октябрь ойида акам ҳарбийдан қайтди. Дашт фарзанди икки йил мутлақо бошқа осмон остида, ўрмонлар қуршаган Тайгадан кўпдан-кўп таассуротлар билан келган эди. Акам ҳарбийда кўргани бир ўрмон қуши ҳақида айтиб берган эди. Қушнинг номи – Глухар. Кар, анқов қуш дегани. Куркадан кичик, товуқдан катта бу паррандалар ўнталаб бир шохда қатор бўлиб ўтираркан. Одамни ёки милтиқни кўрсагина шатир-шутур қилиб учиб кетаркан. Аммо моҳир овчи панада туриб шохда қунушиб турган қушларни отиб олаверади. Улардан биттаси ўққа учиб ерга қуласа, қолгани анграйиб, йиқилганининг ортидан қараб, “унга нима бўлди” дегандай анқайиб тураркан. Уста мерган бир вақтнинг ўзида ҳамма Глухарни отиб ололади. Акам бу – шериги йиқилса-да учиб кетишга ақли етмайдиган, оқибатда қурбон бўладиган қушлар ҳаётини аскарлар турмушига боғлаб ўзига хос хулосага келганди.
Гап шундаки, акамлар 600 кишилик ҳарбий қисмда биргина Қумқўрғон туманидан 24 нафар соф ўзбек йигити бирга хизмат қилишган. Одатда, бир миллатдан, айниқса, битта жойдан ўнта аскарнинг учраши қийин. Бунга шўро ҳарбий сиёсати имкон қадар йўл қўймаган. Аммо бу жиҳатдан уларга омад кулган. Ҳарбий хизматда миллатлар орасида бўладиган курашларни, лидерлик даъвосида талотўпларни ёши катталар яхши билади. Хуллас, шу ўзбек болаларнинг биронтасига бошқа миллат вакиллари ҳужум қиладиган бўлса, қолганлари бирлашиб, ўша зўравоннинг таъзирини беришган. Натижада ўзбеклар бутун ҳарбий қисмни қўлга олишган. Айтгани-айтган, дегани-деган! Аммо вақт ўтиши билан ўзбек йигитлар орасидан сотқин чиқиб, ўзаро душманлашиб қолишган. Қарийб бир йил муддат бутун ҳарбий қисмни “қўлга олиб” юрган ўзбеклар хизмат сўнгида тарқоқлашиб, гапини олдириб, енгилиб қолишган. Ҳатто улардан бири шу оғиз бирлиги йўқолгани ҳисобига, ноҳақдан бир неча йилга қамалиб ҳам кетган.
Ана шундай вақтда телевизорда Ўзбекистон Мустақиллиги эълон қилинган. Шундай мўътабар айёмни ўттизга яқин ўзбекдан фақатгина ўн бир киши нишонлаганлар. Қолганлари эса бошқаларга қўшилиб уларни мазах қилишган. Бу гаплар бор, аччиқ ҳақиқат. Акам: “Биз охирида Глухарга ўхшаб қолдик”, деган эди. Бу оғриқларнинг мазмунини энди-энди ҳис қиляпман. Кўп минг йиллик тарихимиз, йўқотишларимиз лопиллаб кўз олдимга келади. Бизни – туркий қавмнинг ўқ томири бўлган, ҳамиша жасур, курашчан халқни ёвлар қандай қилиб забт этганини элас-элас ангалагандай бўламан.
***
Табиатни теран ўрганиш керак. Агар инсон шунга етарлича эриша олса, кўплаб муаммоларни осон ҳал қилади.
Тоғ бағрида яшнаб турган арча ёки ўрмондаги қарағайнинг тошкўмирга айланиши учун тахминан 400-500 йил ўтиши лозим.
Радиоактив кимёвий унсур Ураннинг 1 грамм миқдори зарарсиз метал – қўрғошинга дўниши учун 800 йил вақт ўтиши керак бўлади.
Инсон онг ва тафаккури шаклланиши учун туғилгандан саккиз ёшигача бўлган вақт кифоя қиларкан.
Бу табиатдан учта мисол. Табиатга қиёсланса, миллат ўзини таниши учун қанча вақт керак? Ўзини танишдан нима наф бўлади? “Ўзини таниш” дегани нима аслида? Ўзини таниш – Яратганнинг ҳар бир бандаси учун ҳам, муайян халқ учун ҳам эришиши мумкин бўлган саодатнинг, мурод-мақсаднинг олий нуқтаси. Бу бахт, таассуфки, барқарор эмас. Қай бир асрларда бу иқбол бир халққа насиб этган бўлса, кейинги асрларда бу саодат қуши бу элни тарк этган.
Ҳар бир давлатнинг ривожида муҳим омил ҳисобланувчи иқтисодий фаровонлик, аҳоли сони, демографик жиҳатдан ижобий силжишлар, ер ости, ер усти хазиналар билан сийланганлик, ҳудудий омухталик, геосиёсий жиҳатдан қулай шароитлар каби кўпдан кўп омиллар бор. Қайсидир давлатга эгаллаган майдони камлик қилади, иқтисодий ривожига тўсқинлик қилади, бошқасига аҳоли – ишчи кучи етишмайди, тағин бири табиий бойликлардан қисилган, бир мамлакат эса қўшнидан ёлчимаган ва ҳоказо...
Аммо бу санаганларимиз моддият кўзгусида кўринадиган омиллардир. Асл мақсадга, таъкидлаганимиздек – ўзини танишга етиш учун эса бу жиҳатлар шунчаки восита, холос.
Дини, тили, адабиёти, илми, санъати таназзулга юз тутган халқ – йўқолаётган халқдир. Бу тутумларсиз ҳар қанча ер майдони, ресурслари, аҳолиси бўлса ҳам халқнинг, муайян мамлакатнинг келажаги хавф остида. Буларнинг ҳар бири катта тушунчалар. Булар – халқ ор-номусининг, нафсониятининг белгилари. Ориятсиз одамдан ҳайвон беҳроқ бўлганидек, нафсониятсиз, ўз ҳақига эгалик, ўз заминига меҳр туйғуси мажруҳ халқ ҳам ҳурматга сазовор эмас. Бундай халқ ўзининг чивинини ўзи қўриёлмайди. Дардини ҳар кимга достон қилаверади. Бировга тобе бўлишга мойил бўлади. Ва тобе бўлади ҳам. Халқнинг ғурури қиндаги қилич каби билиниб, хезланиб турмас экан, бу халқнинг истиқболи нигундир.
Тарихи улуғ, дини мукаммал, илму ижоди дунёга улгу бўлган аждодларнинг меросхўримиз. Айни дамда сиёсий мустақиллигига расман 30 йил тўлаётган мамлакатмиз.
Шу фазилатлар билан бир пайтнинг ўзида юнон, араб, мўғул, рус босқинларини бошдан кечирган, бу мустабид даврлардан кўп озор чеккан миллат ҳаммиз.
Тарих карвони халқимизни шу олис йўлдан олиб ўтаркан, нималарни берди, нималарни олдирдик?
Ўзини танимоқ ҳақида сўз очган эдик. Биз кўп бора айтган, матбуотда ёзадиган гапларимизнинг мазмуни тахминан шундай: “Ўзини танимоқнинг илк белгиси, ўзини ҳурмат қила олишдир. Бунинг учун орият, ғурур туйғуси бирламчи бўлиши лозим. Халқнинг ҳар қандай моддий бойлигидан бу хусусиятлар устун турмоғи шарт.”
Ҳа, бу тўхтамлар ҳақиқат. Руҳ янгиланмай туриб, онг мустақилликка эришмай туриб инсон мустақил бўлолмайди.
Россиянинг олис ўлкаларидан бирида Ира деган тилда гаплашадиган халқнинг охирги вакили ҳақида эшитдим. Тасаввур қилинг: минг-минглаб сўзлар, мақолу маталлар, асарлар бағрида яшаб келган бутун бошли тилда бугун биттагина одам – уям ёшини бир жойга бориб қолган кампир – қолибди. Кампир ёлғиз қолган чоғларида ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмайдиган она тилида ўланлар айтаркан. Ўланларки, аламга, дарду фироққа, ҳасратга тўла. Унинг атрофидаги миллатдошлари кампирни аллақачон телбага чиқариб қўйишган экан. Ўзлари эса рус тилида сўзлашади. Она тилидан уялади, ҳазар қилади. Олтмиш ёшдан ошган кампирнинг кечаларда ой нуридек сўлғин, ғамангиз ноласи аслида башариятга айтгаётган огоҳлик ҳайқириғидир. Бу нидо, инсонни инсон қилиб турган маънавий олам ўпирилишидан, таназзулдан эҳтиёт бўлмоққа чорлов нидоси. Бу маънавий инқироз инсоният бошига кулфат келтирган Коронавирус офатидан катта фожиадир. Ҳа, шундай. Бир миллат, Оллоҳ ер юзига уруғини сочган бир халқ йўқ бўлиб бормоқда. Унинг тили, шу тилда яратилган достонлари, қўшиқлари ер юзидан йўқолмоқда.
Ҳар бутага ўт тушса, ўзи ёниб, ўзи ўчади, деган нақл бор. Олис ўлкадаги бу ҳалокатга балки бизга алоқаси йўқдек, экрандаги кино каби бепарво қарармиз. Бироқ тўқсон биринчи йилгача бўлган аҳволимизни, маънавий қиёфамизни бир кўз олдимизга келтириб кўрсак, одамни сескантириб юборадиган белгиларни, ҳолатларни кўришимиз мумкин.
“Дини, тили, адабиёти, илми, санъати таназзулга юз тутган халқ – йўқолаётган халқдир.” Қўштироқ ичидаги гапни теран тадқиқ этиб кўринг. Истибдод замонида халқнинг асл тутуми бўлган ана шу жиҳатларнинг барчасига ҳам болта урилганига гувоҳ бўласиз, ўкиниб эслайсиз. Елкасини қисиб, ўз юртида ўзбекча гапирганига таҳқирланиб, намоз ўқигани учун қамалиш даражасига борган, жанозада қатнашган киши ишидан, обрўсидан, номусидан айрилган, илми, санъати, адабиёти қолипга солинган, зиёлиман, миллатпарварман, дегани борки, вақти-вақти билан қайчилаб турилган, мудҳиш режага кўра, йўқ қилиб юбориш, бир тўда оломонга айлантириш кўзда тутилган одамлар эмасмидик. Минг афсуски, шундай эди. Минг шукрки, бу кечмишлар тарихга айланди. Ўз ўрнида айтиб ўтиш керакки, бундай таназзул чоҳидан бизни омон олиб чиққан асосий куч халқимизнинг хулқи, феъл-атворидир. Феълимиздаги биргина хусусиятга тўхталайлик. Биз ўзимизни болажон халқ деб биламиз. Чиндан ҳам шундай: фарзанд, оила ўзбек учун энг катта бойлик. Шу хусусият, бизга узун тарих йўлида кўп марта асқотган. Агарда шу хусусиятимиз бўлмаганида, бугунги истиқлолга етиб келмаган бўлардик, балки. Ҳа, бунинг ўзи алоҳида мавзу.
Шу ўринда занжирбанд фил ҳақидаги гап ёдимга келди. Бир филни ўн йил занжирбанд қилиб қўйишибди. Филнинг оёғидаги занжир беш-олти йилда занглаб, узилиб кетган экан. Аммо фил шундан кейин ҳам яна тўрт-беш йил шу занжир етадиган жойда айланиб юрган экан.
Табиатнинг катта ишораси бу. Онгли инсонга, борлиқнинг гултожимиз деб жар солаётган одам боласига катта ишора бу. Мустақиллик бизнинг юртигимизда қоим бўлмас экан, эркинликнинг нималигини ақл билан яшаб ўтмас эканмиз, кўплаб муаммоларга дуч келаверамиз. Жамиятимизда учрайдиган лаганбардорлик, хушомадгўйлик, раҳбарларга яхши кўриниш, манфаатпарастлик каби иллатларни яхши биламиз. Бундан кўз юмолмаймиз. Нафси учун ўзи яшаб турган маҳаллани ҳам сотишга шай одамлар ҳануз бор, улар мустақиллик сўзини ҳали-бери тушунмайдилар. Донишмад Абдулла Орипов айтганидек, “уларнинг Мустақил бўлганимиздан ҳали хабари йўқ”. Улар юқорида табиат эслатган филга жуда ўхшайдилар.
Бугун халқаро вазиятни кузата туриб, дунёни қайта бўлиб олиш сиёсати ҳалиям ўз ишини қилаётганини тушуниш қийин эмас. Бундай ҳолатда келажагидан умиди бор ҳар бир халқ, жумладан, биз ҳам ички ҳурриятга, чин маънодаги ватанпарварликка эришишимиз, ҳамма нарсадан муҳим. Бу борада гап кетганда, Президентимизнинг бундан 5 йил аввал “Ватанни севиш керак, бошқа гап йўқ. Бошқача бўлиши мумкин эмас!” деган сўзлари эсимга келаверади. Ватанни севиш дегани, ҳар бир одам ўзини қайта кўриб чиқиш, ўзини ислоҳ қилиш, бир сўз билан айтганда, иймонли бўлиш дегани. Худодан қўрқиш, деган сўздир. Шу аснода бизга етишмаётган ватан туйғусини тўсаётган бир оғриқларни қаламга олиш лозим бўлди. Бутун бошли идора ташкил этилиб, қарорлар чиқарилиш даражасига, қасамёд қилишгача (Олий таълим даргоҳлари раҳбарлари таълимда порахўрликка йўл қўймаймиз, деб қасамёд ҳам қилишди.) борган порахўрлик хусусида сўз айтмоқчиман. Пора ҳаром ризқ, бировнинг ҳақи, дегани. Кундай равшан бўлган шу ҳақиқатни англаш учун қарор чиқариш даражасига келдикми биз? Бунинг туб сабаби нима? Сабаби – маънавий етилмаслик. Маънан бадбахтликдир. (Шундай вазиятдамиз-у, лекин орамизда “Маънавият, маънавият” деявериб ҳамманинг бошини қотириб юборишяпти”, дейдиганлар ҳам бор-а?!)
Бозорда арава сурадиган бир танишни кўриб қолдим. У етишмовчиликдан сўз очди. Вақт бемалол эди, у билан бозордаги даромади, топиш-тутиши ҳақида гаплашиб бироз турдим. Маълум бўлишича, бу йигит мендан – олти йил ўқиб, олий маълумот олиб идорада ишлаб юрган бир қаламкашдан 3-4 баробар кўпроқ пул топаркан. Ажабландим: мен маошим, қўшимча қўлёзмалар титишим ҳисобига уч бола билан оиламни эплаб юрибман. Нолимайман, нолигулик ҳам эмас. Худога шукр! Аммо ҳамқишлоғимнинг бошқа дарди бор экан. У бу йил баҳорда уй солибди. Аниқроғи, уй бошлабди. Айтишига кўра, 22 метрга, 11 метр кенгликда уй қураётган экан. Нимага бунча катта? дедим, анқайиб. У бидирлаб тушунтира кетди. Меҳмонхонаси 8 метр, айвони 7 метр. 310 дона шифер кетади. Ҳали шифер олмаган. Уй деворлари сувоқ қилинмаган. Шу маълумотларни бераётган танишим кир енги билан пешонасидаги терни артди. Мен у билан хўшлашдим: “Ҳа, хайр иши – ғойибдан! Ғайрат қилинг.” Ичим ачиди унга. Бунга нима бало бўлган ўзи. Бунгамас, буларга. Биргина аравакашим шундай бўлса, бошқаларники айб эмас. Ҳа, биз боди бўлиб кетдик. Ўтар дунёда иш қилиш, яратиш, элга наф бериш ўрнига нафсимизга қул бўлдик-қолдик. Аравасини суриб дон бозорига кетаётган алпқомат йигитга боқиб: сен нима бало бойваччамисан, ҳокиммисан? Бир тўй қилсанг, ҳозир нима кўп тўйхона кўп – ўтади-кетади. Маъраканг бўлса ҳам шу, эҳ ўзини қийнаган, дегим келди. Лекин фойдаси йўқ-да. Бу иллат, бу касаллик, раҳматли Ҳожибой Тожибоев айтган “васвасаген”. Ана шундай чоғини билмай, чираниб, катта уйлар, тўйлар қилиш касалига чалиндик биз. Бу Коронавирусдан ёмон. Шу аравакаш йигитга каттароқ пул ваъда қилсангиз, ҳар балога тайёрлигига амин бўласиз. Поранинг туб илдизи – маънавий йўқчилик, деганим шу.
Асосий гапдан чалғиб кетдим бироз. Бироқ булар ҳам керак, деб ўйлайман. Ахир, гап миллат, чин маънодаги мустақиллик борасида, тақдиримиз ҳақида экан, булар ҳам лозим.
***
Абдулла Ориповнинг “Пора бўлибдими бир бурда ноним, Пора бўлибдими бир пиёла чой” деган сатрлари бор. Анвар Обиджоннинг “Ўзбек деганлари жуда катта халқ, Қуллик зиндонига сиғмайди халқим” деган кўксингни кўтарадиган сатрлари бор. Машқларим орасида “Ўзбек катта халқ-у, пешонаси тор” деган гап ҳам мавжуд.
Ушбуларни эслашим бежиз эмас, албатта. Ҳар бир халқнинг худди бир инсон каби ўз тақдири, қисмати бор. Бахтиёр бўладими, жаҳоннинг олди бўлиб яшайдими ёки хорликда, урушлару босқинлар ичида кун кечирадими, бу унинг тақдири. Ва албатта тақдирини қуриши, илоҳий китобларда таъкидлангани каби, ўз ниятига мувофиқ. Оддийгина қилиб айтсак, тақдири – ўз қўлида!
Шундай экан, 30 йиллик йўлни босиб ўтган, шу вақт ичида қанчадан-қанча довонлардан ошган, кейинги 5 йилда тараққиётнинг янги босқичини бошлаб, шунга бел боғлаётган юртимизда аввало ўзимиз, ўзлигимизга муносабатни ўзгартиришимиз лозим бўлади. Руҳ янгиланмоғи, тафаккур тарзимизда туб бурилиш ясалмоғи лозим.
Юқорида турли босимлар остида руҳимизда пайдо бўлган иллатларни тилга олдик. Булар лаганбардорлик, ўзини яхши кўрсатиш (бугун бу “ҳунар” популизм деб аталмоқда) манфаатпарастлик (коррупсия), сотқинлик (миллат тақдирига хавф соладиган турли ғояларга қуллик), ўзидан ғурурланмаслик (ўзидан ҳазар қилиш, ўзгаларга маҳлиёлик) кабилар. Бу қусурлар миллат руҳига сингиб кетганди. Энди бу хасталиклардан руҳимизни озод қилишимиз лозим бўлади. Акс ҳолда бу бизни бошқа халқ вакиллари олдида ўз юртдошини сотган, натижада ўзи ҳам, қуролдошлари ҳам ёмон аҳволда қолган хоин аскар ва боши хам сафдошлар ҳолига олиб келади. 1991 йилда олис Тайгадан келган мактубда битилгани каби “Мустақил Ўзбекистон” сўзини ҳеч бир ҳою ҳаволарсиз ғурурланиб айтишимиз керак эмасми?!
Шодмонқул САЛОМ
“Ma’naviy hayot” журнали, 2021 йил 3-сон
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ