Ўзбекистон “ақллилар ҳижрати”ни “ақллилар қайтиши”га айлантира олдими?


Сақлаш
19:27 / 21.02.2022 1067 0

XXI аср инсон омили даври бўлиши башорат қилинган эди. Дарҳақиқат, постиндустриал босқични бошдан кечираётган ривожланган мамлакатларда ҳам, ривожланаётган мамлакатларда ҳам юқори малакали мутахассислар тараққиётнинг ҳал қилувчи кучига айланиб улгурди. Шу боис ҳам давлатлар ўртасида етук мутахассислар тайёрлаш ва уларни “овлаш” бўйича рақобат кучайгандан кучайиб бораётир.

 

Ўз соҳасининг пири бўлган муҳожирлар ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий ва маданий равнақида муҳим роль ўйнайди. New American Economy жамғармаси яқинда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, АҚШдаги энг йирик 500 компаниянинг 45 фоизига иммигрантлар ёки уларнинг фарзандлари асос солган. Улар орасида Apple, Google каби гигант корпорациялар ҳам бор. Яна бир диққатга молик факт: 2000 йилдан буён АҚШ вакили сифатида Нобель мукофотини қўлга киритган олимларнинг қарийб 40 фоизини иммигрантлар ташкил этади (“The Economist” журнали, 2019 йил 16 ноябрь).

 

Ҳозирда юқори малакали мигрантларнинг 28 миллиони (75 %) Иқтисодий ҳамкорлик ва иқтисодий ривожланиш ташкилотига (OECD) аъзо бўлган мутараққий давлатларда истиқомат қилади. Эътибор беринг, ўшаларнинг ҳам 70 ҳиссаси инглиззабон тўрт мамлакат – Австралия, АҚШ, Буюк Британия ва Канадага тўғри келади (Kerr et al., 2016, Global Talent Flows, Journal of Economic Perspectives). Буларнинг бари, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар учун бошоғриқ бўлаётган brain drain – ақллилар ҳижрати муаммосини келтириб чиқармоқда.

 

Илмда brain drain масаласига ўтган асрнинг 60–70 йилларидан эътибор берила бошлади. Мазкур ҳодисага бир неча ўн йил давомида академик ҳамда сиёсий доираларда ривожланаётган мамлакатлар тараққиётига тўсиқ бўлаётган салбий воқелик сифатида қараш ҳукмронлик қилиб келди. Сир эмас, толиби илмни малакали мутахассис даражасига кўтариш кўп ҳаракату катта харажат талаб этади. Бунга эса, табиийки, ўша одам туғилиб ўсган давлат балогардон.  Аммо тайёр кадр – ўз касбининг зўри бўлиб етишган одам бирон мутариққий мамлакатга кўчиб кетади; қарабсизки, нодир ишчининг роҳатини катта маблағ сарфлаб ўқитган ватани эмас, балки у қўним топган ўлка кўради. Шу сабабга кўра, бир замонлар мутахассисларнинг бошқа мамлакатга кўчиб ўтишини тақиқлаш таклиф этилган, айрим мамлакатларда бу борада амалий чоралар ҳам кўрилган. Аммо тақиқ чоралари ақллилар ҳижратини тўхтатиш ўрнига, билъакс, жараённинг жадаллашувига олиб келган.

 

90-йиллар охирига келибгина бу ҳодиса буткул салбий эмаслиги, уни тўғри ва оқилона йўналтириш мутахассис “эга”си бўлган мамлакат учун ҳам, у қўним топган давлат учун ҳам манфаатли бўлиши мумкинлиги эътироф этилди. Хусусан, Лотин Америкасининг айрим давлатлари, Осиёда Хитой ва Ҳиндистон тажрибаси brain drainни brain gainга, яъни ақллилар қайтишига айлантириш мумкинлигини кўрсатди. Айни чоқда, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳам барча мамлакатларда бирдек ижобий натижа бермади.

 

Ақллилар ҳижрати турмуш нисбатан фаровон Шарқий ва Марказий Европа давлатларини ҳам четлаб ўтмади. Европа Иттифоқига аъзо бўлиб кирган минтақа мамлакатларидан юз минглаб мутахассис ягона “Оврупо уйи”нинг бошқа ҳудудларига, хусусан, Буюк Британия ва Ирландияга кўчиб ўтди.

 

Малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, муносиб шароит яратиш орқали уларни жалб қилиш бугун ҳам кўплаб давлатлар  учун  жиддий муаммо  саналади. Сўнгги ўн йилликларда дунёнинг қатор мамлакатларида ўтказилган тадқиқотлар натижасида гуманитар фанларда brain circulation атамаси истеъмолга кирди. Истилоҳнинг маъноси шуки, юқори малакали мутахассис бошқа мамлакатга кўчиб кетса-да, аксар ҳолларда ўзи улғайган жамият билан, хусусан, ҳамкасблари билан алоқаларни сақлаб қолади. Ватанида қолган оила аъзолари, яқинларига пул юборади; ҳатто маълум вақт ўтгач, ўз юртига қайтиб келиши ҳам мумкин. Бу вазиятда интеллектнинг ҳаракати бир томонлама эмас, балки доирасимон – циркуляция тарзида кечади. Бундан эса ҳар икки мамлакат манфаатдор. Демак, ақллилар миграциясини фақат салбий воқелик сифатида талқин этиш тўғри эмас. Салоҳиятли кадрларнинг четга чиқиб кетгани уларнинг ўз юрти билан алоқани буткул узганини англатмайди. Хусусан, биринчи авлод муҳожирлари аксар ҳолларда ўз ватани билан боғловчи ришталарни мустаҳкам сақлайди. Улар ватанида қолган хеш-ақрабога ёрдам берибгина қолмай (аслида шунинг ўзи мамлакат тараққиётига қўшилган муайян ҳисса), янги ижтимоий кўникмалар шаклланишига ҳам сабаб бўлади. Дейлик, у юртида қолган қариндошларининг ўқишга кириши, иш топишига ёрдам беради.

 

Қолаверса, юқори малакали мутахассис – у университет профессори, йирик компания ҳуқуқшуноси ёки салоҳиятли шифокор бўладими – ким бўлишидан қатъи назар, ўзи истиқомат қилаётган мамлакатда туғилиб ўсган ватани нуфузи – имижини яхшилаш йўлида хизмат қилади. Таъбир жоиз бўлса, норасмий элчи вазифасини ўтайди. Бу, айниқса, эндигина оёққа тураётган давлатлар учун муҳим аҳамиятга эга.

 

Янада аниқроқ мисол: дейлик, гуманитар соҳа олими хорижий университетда ватанидаги ижтимоий масала бўйича тадқиқот олиб боради. Бу орқали у ҳам киндик қони тўкилган ўлканинг дунёга танилиши, ҳам ўз юртидаги муаммоларнинг ечилишига ҳисса қўшади. Йирик корпорацияда фаолият юритаётган мутахассис эса ўз ватанига сармоя киритилиши учун ҳаракат қилади.

 

Бу ўринда масаланинг молиявий жиҳатини ҳам унутмаслик керак. Дейлик, Бухорода бир йилда 2000 доллар даромад топадиган тор йўналишдаги шифокор шунча пулни мутараққий давлатда бир-икки ҳафтада топиши мумкин. Мутахассиснинг хорижий мамлакатда юқори малака эвазига катта даромад топиши унинг ватанидаги бошқа минглаб ёшларга ҳам ишонч ва қатъият бағишлайди. Улар ҳам касб эгаллаш, тил ўрганиш ҳамда билим-кўникмаларини ошириш йўлида сидқидилдан ҳаракат қилади.

 

Маълумки, IELTS, TOEFL каби инглиз тили бўйича имтиҳон тизимлари хорижий университетларга ўқишга киришда асосий мезонлардан саналади. Ҳозир мазкур тизимлар бўйича синов ўтказувчи марказларнинг Ўзбекистондаги бўлимларида имтиҳондан ўтиш учун бир неча ой олдин навбатга ёзилишга тўғри келяпти. Чунки талабгорлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқдаки, буни ҳам ақллилар миграциясининг ўзига хос ижобий таъсири дейиш мумкин. Албатта, хорижга кетиш талабгорларининг барчаси ҳам муродига етмайди. Аммо ушбу жараён барибир мамлакатда умумий билим даражасининг маълум фоизларда ошишига хизмат қилади.

 

Хорижда фаолият юритишни маъқул кўрган мутахассисларнинг барчаси ҳам ўзга юртда туп қўйиб-палак ёзиб кетмайди, уларнинг маълум қисми ватанига қайтиб келади. Масалан, ўтган асрнинг 8090 йилларида Ҳиндистондан чиқиб кетган ахборот технологиялари (IT) соҳаси вакиллари дунёнинг ривожланган мамлакатларида масъулиятли лавозимларни эгаллади, нуфузли ташкилотларда бошқарув аъзоси бўлди. Ўша кезлар кўпчилик бу ҳол Ҳиндистон равнақига салбий таъсир кўрсатади, дея хавотир билдирган эди. Аммо вақт ўтиши билан жаҳонгашта кадрларнинг бир қисми юртига қайтди. Америка компанияларида юқори лавозимларда фаолият юритувчи ҳиндистонликлар эса аутсорс ҳамда академик алмашинув орқали ватанида ахборот технологияларини жадал ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Шу тариқа Ҳиндистон IT software (дастурчилик) экспорти борасида пешқадам давлатлардан бирига айланди. Бугун АҚШга юқори малакали мутахассис визасини олувчиларнинг аксари – ҳиндистонликлардир. Хориждаги ватандошлари юборган маблағ эвазига миллионлаб ҳинд оиласи қашшоқлик ботқоғидан чиқди, миллионлаб ёшлар билим олиш имконига эга бўлди.

 

Айни шу ҳолат Хитойда ҳам кузатилди. Бутун дунёга тариқдек сочилган хитойлик мутахассислар пировардида ватани тараққиётида муҳим роль ўйнади. Пекин ҳукумати 2002 йилда чоп қилган маълумотларга кўра, 1990 йилларда АҚШда докторлик диссертациясини ёқлаган хитойликларнинг 92 фоизи мамлакатга қайтишни истамаган бўлса, 2014 йилга келиб хориждаги олимларнинг 54 фоизи қайтиб келган. Бу сўнгги йилларда чет элдаги минглаб хитойлик олимлар ватанига қайтаётганидан дарак беради (Cao et al. 2019, Returning scientists and the emergence of China’s science system, Science and Public Policy). Бундан ташқари, ахборот технологиялари соҳасининг хитойлик кўп сонли вакиллари АҚШда – Google ёки Amazon ширкатидан кўра ўз юртида Huawei компнаниясида фаолият юритишни афзал билмоқда.

 

Кенг қамровли тадқиқотларга кўра, хорижга чиқиб кетаётган университет битирувчиларининг сони 20 фоиздан ошсагина бу ўша мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун жиддий хавф саналади. 20 фоизгача бўлган кўрсаткич эса унчалик хавфли эмас ва оқилона сиёсат орқали унинг салбий таъсирини камайтириш мумкин (Docquier & Rapoport, 2009. Quantifying the impact of highly-skilled emigration on developing countries. CEPR). Бугун Ўзбекистон учун ҳам хорижда фаолият юритаётган ватандошларни юртга қайтариш, мамлакатда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларга муносиб шароит яратиш долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. Президентдан тортиб хусусий компания вакилларига қадар – катта-кичик давраларда етук кадрлар етишмаслиги муаммо ўлароқ очиқ айтилмоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимизда бир томондан юқори даражада ишсизлик, иккинчи томондан эса мутахассисларнинг етишмаслиги кузатилмоқда. Давлат раҳбари эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 13 минг шифокор, 2700 педагог кадрга эҳтиёж бор.

 

Турли ҳисоб-китобларга қараганда, хорижда ишлаётган ёки таълим олаётган ўзбекистонликларнинг сони уч миллиондан олти миллионгача етади. Албатта, уларнинг салмоқли қисмини Россиядаги меҳнат муҳожирлари ташкил этади. Айни чоқда, Қозоғистон, Туркия, АҚШ, БАА, Жанубий Корея каби мамлакатларда ҳам бир неча ўн минглаб ўзбекистонлик бор. Тан олиш керак, уларнинг аксари юқори малака талаб этилмайдиган ва маҳаллий аҳоли талабгор бўлмаган соҳаларда банд. Шу билан бирга, хориждаги ватандошларимиз орасида олий маълумотли, ўз соҳасида юксак муваффақиятга эришган минглаб юқори малакали кадрлар ҳам борки, Ўзбекистон ҳукумати ўшаларнинг ҳеч бўлмаганда маълум бир қисмини қайтаришга уринмоқда. Бу борада сўнгги кезларда талай ишлар амалга оширилди. Энг аввало, расмий доираларда ҳамда оммавий ахборот воситаларида хорижда яшаётган ўзбекистонликларга нисбатан ёндашув-муносабат ўзгарди. Илгари хорижга кетган ватандошлар ҳақида гап борса, “мўмай даромад илинжида”, “юртимизда яратилган имкониятлардан қониқмаган” каби ёқимсиз иборалар қўлланарди. Бундай манфий муносабат шаклланишига бир жиҳати ҳадик ҳисси, қолаверса, “Умид” жамғармасининг тугатилишига олиб келган омиллар ҳам сабаб бўлди. Ўзбекистонда олий раҳбар алмашуви билан ҳукумат даражасидаги салбий қарашлар ижобий тарафга ўзгара борди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бир гуруҳ юртдошларимиз билан учрашиб, уларни Ўзбекистонда ишлашга таклиф қилгани ва бу воқеа расмий матбуотда кенг ёритилгани жамият, айниқса, амалдорларнинг четдаги ватандошларга муносабатини жиддий ислоҳ этди.

 

2018 йил май ойида асли ўзбекистонлик тадбиркорлар қўллови билан “Буюк келажак” экспертлар кенгаши тузилди. Мазкур нодавлат-нотижорат ташкилот айни вақтда асосан ривожланган мамлакатларда ҳуқуқшунослик, молия, тиббиёт, бошқарув, илм-фан каби соҳаларда фаолият юритаётган 300 га яқин ўзбекистонлик мутахассиснинг бошини қовуштирди. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини ислоҳ қилиш дастурлари, жумладан, “Ўзбекистон – 2035” ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда кенгаш аъзоларининг  жиддий  ўрни бор.

 

Бундан ташқари, 2018 йил сентябрда  мутахассисларни хорижда ўқитиш ва ватандошлар билан мулоқотни кучайтириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси таъсис этилди. Бу муассаса яқин беш йилда магистратура, докторантура, қисқа муддатли курслар ва стажировка дастурлари орқали беш минг  нафар кадрнинг билим ва кўникмасини оширишни  мўлжаллаган. Қайд этиш жоизки, 1998–2004 йилларда фаолият юритган “Умид” жамғармаси кўмагида 828 нафар йигит-қиз хорижда таълим олган эди. Аммо “умид”чиларнинг маълум  қисми юртга қайтмади, қайтганларнинг ҳам ишга олиниши мураккаб кечди. Сирасини айтганда, уларнинг аксари ўша кезлардаги Ўзбекистон шароитида тўлиқ ишлаб кетолмади – жамғарманинг тугатилишига  шу каби омиллар ҳам сабаб бўлса ажаб эмас. Янги жамғармани тузишда яқин ўтмишнинг аччиқ тажрибаси ҳам инобатга олинган (“Эл-юрт умиди”: Ўзбекистон кадрларга, ватандошлар мададига муҳтож. “Америка овози”, 2019 йил 7 июнь). У хорижда яшаётган ўзбекистонликлар билан робита ўрнатиш, уларни Ўзбекистонга таклиф этишга ҳам масъул. Шу мақсадда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси қабул қилинди. Мазкур концепцияда хориждаги ватандошлар – юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлик лавозимларига жалб қилиш алоҳида вазифа сифатида белгиланган.

 

Чора-тадбирларнинг амалий натижаси ҳам кўриниб қолди. Ўтган икки йил давомида ўнлаб юртдошлар Ўзбекистонга қайтиб, ўрта ва юқори бўғиндаги бошқарув лавозимларини эгаллади. Улар орасида агентлик раҳбари ҳамда вазир ўринбосарлари бор. Қайд этиш жоизки, малакали мутахассисларнинг аксари Ўзбекистонга ҳукумат вакиллари билан “Буюк келажак” экспертлар кенгаши платформаси орқали олиб борилган музокаралардан сўнг қайтди. Халқ таълими вазирлиги ҳам хорижда таълим олган ва тажриба эгаллаган бир гуруҳ кадрларни ишга жалб этди. Шунингдек, ҳукуматлараро келишув натижаси ўлароқ Жанубий Корея, Туркия, Россия, АҚШ, Япония каби давлат вакиллари турли бошқарув идораларимизда раҳбар маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритмоқда. Шунга  қарамай, Ўзбекистон “ақллилар ҳижрати”ни “ақллилар қайтиши”га айлантира  олди, деб хулоса қилишга ҳали эрта. Негаки, бу жараён ҳали тизимли тус олганича йўқ. Давлат раҳбариятининг даъвати, бу борада қўшимча имтиёз ва қулайликлар яратилаётганига  қарамай, четга кетиб қолган аксар мутахассислар ватанга қайтишга ошиқмаяпти. Жорий йил 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев шу масалада гапирар экан, “Кўпи қайтиб келиб ишлашга рози эмас. Шуни ҳам билишимиз керак. Бу ҳам бизга сабоқ” деди. Қолаверса, охирги икки-уч йилда ўнлаб кадр юртга қайтган бўлса, яна минглаб мутахассис муносиб ҳаёт орзусида мамлакатни тарк этган.

 

Камина 2019 йил давомида Ўзбекистонга қайтган ҳамда ҳозир ҳам хорижда истиқомат  қилаётган  йигирмадан ортиқ юқори малакали мутахассис билан суҳбатлар (in-depth interviews) ўтказди. Бу мулоқотлар юртга қайтиш  ёки қайтмаслик борасидаги фикрлар хилма-хил эканини кўрсатди: қайтганлар ўз қарорини ватанпарварлик, прагматизм, ислоҳотларга ҳисса қўшиш ҳамда яратилган имкониятлардан фойдаланиб қолиш истаги билан изоҳлади. Суҳбатлардан маълум бўлдики, кўплаб ватандошлар эски маъмурий буйруқбозлик тизимидан буткул воз кечилмагани, жамиятда чуқур илдиз отган коррупция, иқтисодий ва сиёсий, жумладан, давлат бошқаруви ислоҳотларининг секин  кечаётгани, турмуш даражасининг пастлиги, болалар учун таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари ҳамин қадарлиги каби омилларни қайтишга тўсиқ деб ҳисоблар экан. Жорий йил бошида ҳукумат саъй-ҳаракати билан “Умид” жамғармаси битирувчиларининг Тошкентда ўтган учрашувида ҳам бюрократик муаммолар ҳали тўлиқ бартараф этилмагани таъкидланди.

 

Айни чоқда, ҳукумат чинакам иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар ўтказиши ва маъмурий буйруқбозлик даражаси камайишига умид сўнгани йўқ. Суҳбатдошларимиз хориждагиларнинг қайтишини тезлаштириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайди. Масалан, давлат хизмати тўғрисида қонун тезроқ қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир. Бу бюрократиянинг камайиши, ходимларни ишга олишда меритократия тамойилларига амал қилиш, яъни жамиятда барча табақа вакиллари учун тенг имкониятлар яратилишига асос бўлади. Пировардида эса ҳамон жадал давом этаётган ақллилар ҳижрати камайиб боради.

 

Юқори малакали мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилиш хусусида сўз борар экан, фақат хориждаги ватандошлар билан чекланиб қолиш тўғри эмас. Ҳар қандай давлат бундай кадрларни таълимга катта сармоя йўналтириш орқали етиштириши мумкин. Лекин бунинг кам харажат ва оз вақт талаб қиладиган нисбатан осон йўли ҳам бор: бу – миллати ёки туғилган мамлакатидан қатъи назар, ҳар қандай юқори малакали шахсларнинг Ўзбекистонда яшаш ва меҳнат қилиши учун зарурий шарт-шароит яратишдан иборатдир. Юқорида зикр этилган концепцияда ҳам бу борадаги тўсиқларни олиб ташлаш ва янги имтиёзлар яратиш асослари белгиланган.

 

Унутмаслик керакки, ўз вақтида хорижга доимий яшаш учун кетган кўплаб ватандошларимиз бор кучини, таъбир жоиз бўлса, умрининг энг гуллаган дамларини ўзи қўним топган мамлакатда муқим яшаб қолиш, ўша ерда томир отишга сарфлаган. Уларнинг муайян қисми Ўзбекистонга буткул қайтиш ниятида эмас. Албатта, бу учун уларни қоралаб бўлмайди. Аслида, хорижда муқим яшашни ният қилган ватандошлар имкониятидан ҳам унумли фойдаланиш мумкин. Улар ўзи яшаётган мамлакат ҳамда Ўзбекистон ўртасида кўприк бўлиб, тижорий, илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизни ҳар жиҳатдан тарғиб этишга ҳисса қўшиши мумкин. Демак, хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки фуқароликни йўқотган ватандошлар, шунингдек, аждодлари Ўзбекистон ҳудудида яшаган ёки ўзини этник-маданий жиҳатдан шу ҳудудга мансуб деб билган чет элликлар билан ҳам яқиндан алоқа ўрнатмоғи лозим.

 

Хулоса қилиб айтганда, “ақллилар ҳижрати”ни “ақллилар қайтиши”га айлантириш учун бошланган иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни оғишмай давом эттирмоқ лозим. Айни чоқда, наинки ватандошлар, хорижлик мутахассисларни ҳам жалб этиш учун тизимли сиёсат юритиш талаб этилади.

 

Шерзод ЭРАЛИЕВ,

PhD, Хельсинки университетининг Россия,

Шарқий Европа ва Евроосиёни ўрганиш

Алексантери институти тадқиқотчиси

 

Tafakkurжурнали, 2020 йил 1-сон.

“Ақллар ҳижрати” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//