
Ўзбекистонда кечаётган демократик жараёнлар, ислоҳотлар истиқболи миллатлараро муносабатларнинг ҳолатига, бу жабҳада пайдо бўладиган турли таҳдидларга қарши курашни кучайтириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, ёшларни миллий ғоя, демократик қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашга кўп жиҳатдан боғлиқ. Бугунги кунда жаҳон геосиёсий майдонидаги ўзгаришлар, глобаллашув жараёнларининг тобора тезлашуви тинчлик, барқарорликни сақлашда дунё жамоатчилигидан мунтазам огоҳликни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикасида миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни таъминлаш орқали тинчлик ва барқарор тараққиёт асосларини мустахкамлаш барча миллат ва элат вакилларининг устивор вазифаси бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда фикр юритганда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “...Бизнинг давлатимиз кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик анъаналари муҳим роль ўйнамоқда”, – деган сўзлари замирида нақадар катта маъно мужассам экани аён бўлади.
Бугун мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар ҳақида сўз кетганда жаҳон ҳамжамияти “Янги Ўзбекистон” деган иборани бот-бот тилга олмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамкорликка берилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз тараққиётида янги даврни бошланишига замин яратди. Юртимиздаги бундай ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамламоқда. Халқимизга хос бўлган бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятининг равнақида миллатлараро тотувлик, конфессиялараро ҳамкорлик муҳитининг ҳукм суриши фуқароларимизни хусусан, ёш авлодни она Ватанга фидоий ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг еттинчи устувор йўналиши сифатида мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга бағишланган «Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш” деб номланган бандида қуйидаги вазифалар белгилаб берилган:
1. Миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш.
2. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг изчил амалга оширилишини таъминлаш.
3. Турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини юксалтириш.
4. Хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.
5. Хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш.
Ижтимоий тараққиёт жараёни миллий ўзликни англашнинг ўсиши туфайли, муайян давлатда яшаётган, ўз давлатчилигига эга бўлмаган этник гуруҳларда сепаратизм ғояларини вужудга келиши мумкинлигини кўрсатган. Бу эса, давлатнинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитетига хавф туғдириши мумкин. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун муайян давлат ўз ҳудудидаги этник гуруҳларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўз вақтида аниқлаш ва уларни ҳал этишнинг мақбул механизмларини ишлаб чиқиши лозим бўлади.
Жамият ҳаётининг демократлашуви миллатлараро муносабатларни янада такомиллаштиришга сезиларли таъсир кўрсатиб, миллий анъаналар ва қадриятларга жиддий эътибор қаратиш, миллий манфаатларни фуқаролик жамияти институтлари каби нодавлат тузилмалар воситасида уйғунлаштириш натижасида барча соҳадаги ислоҳотларнинг умуммиллий манфаатлар билан мос келиши таъминланади.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўзаро иноқ, тотувликда яшаб келмоқда. Мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, мазкур конфессияларнинг ўз фаолиятини амалга ошириш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳамма имкониятлар мавжуд. Республика давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб бориляпти.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси қошида 138 та миллий маданий марказ, 34 та хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамиятлари фаолият олиб бормоқда. Дунёнинг 18 та мамлакатидаги ҳамкорлар, 29 та ўзбек эмиграция ва диаспоралари билан алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, ўзбек маданияти кунлари, тили, халқининг ўзига хос миллий анъана, урф-одатларини, тарғиб этишга йўналтирилган анжуман, семинар, давра суҳбатлари, кўргазма, викторина, концерт ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда ва шу орқали миллатлараро муносабатлар янада мустаҳкамланмоқда.
Мамлакатимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда миллий маданий-марказларнинг ўрни ниҳоятда катта. Турли миллат вакиллари ўз маданияти, тили, урф-одатларини ривожлантириб, бир-бирини ўзаро бойитишга, кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади. Юртимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва бирдамлик муҳитининг ҳукм суриши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун кунда халқаро терроризм, радикализм, мутаассиблик, экстремизм каби иллатларнинг чегара билмаслиги, бу жаҳон жамоатчилигида жиддий ташвиш ва хавотир уйғотаётгани ажабланарли эмас. Мазкур иллатларга қарши курашда миллатлараро тотувлик ва ҳамкорлик етакчи ўринни эгаллайди.
Юртимизнинг бу борада олиб бораётган саъй-ҳаракатлари дунё миқёсида ўзга мамлакатларга намуна бўлаётганлиги алоҳида эътироф этилмоқда. Бу ҳақда фикр юритилганда 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюция қабул қилинганлигини алоҳида эслаб ўтиш ўринлидир. Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида айтиб ўтиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”,–дея бежиз таъкидланмаган.
Халқимиз маенталитети ва маънавиятига хос бўлган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминланиши аввало, жамиятимизда эзгу ғоялар ва инсоний фазилатларни камол топтириш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни ҳукм суришининг асосий кафолати саналади. Ва бундан кейин ҳам миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик юртимизда тинчлик, барқарорликни сақлашнинг самарали омили бўлиб қолаверади.
Хайрулла УМАРОВ
сиёсий фанлар номзоди, доцент
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ