Янги Ўзбекистонни етук маънавиятли жамият, эркин ва бахтли инсонлар яшайдиган юртга айлантирамиз


Сақлаш
19:08 / 17.02.2022 1000 0

Мозий саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган кўҳна тарихимиз, маънавий қадриятларимиз, маданий бойликларимизни чуқур ўрганиб, миллий тараққиёт йўлини янги босқичларда давом эттирар эканмиз, давлатимиз раҳбарининг “Биз янги Ўзбекистонни етук маънавиятли жамият, эркин ва бахтли инсонлар яшайдиган юртга айлантиришимиз лозим”, деган сўзлари замирида улуғвор мақсад мужассам эканини янада теран англаймиз. Халқимизнинг маънавий қадриятларини қадрлаш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждодларимизнинг бебаҳо мероси асосида тарбиялаш, уларда ўз аждодлари билан ғурурланиш туйғусини шакллантириш, миллий ўзликни англаш ҳиссини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли маънавий-маърифий ишлар олиб борилмоқда. Хоразм вилояти ҳокими Фарход ЭРМОНОВ билан суҳбатимиз ҳам шу мавзу атрофида бўлди.

 

Хоразм вилоятида маънавий-маърифий соҳадаги ишлар қай даражада? Президентимиз томонидан мазкур йўналишда белгилаб берилган вазифалар ижроси қандай?

 

                    Вилоятимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва ташвиқот ишларини ташкил этишнинг еттита асосий йўналишларини белгилаб олган ҳолда таъсирчан, креатив ва инновацион услублар орқали тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари тақдим қилаётган Янги Ўзбекистон стратегиясида аҳолини ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан камол топтириш ғоят мураккаб вазифа эканлиги, айниқса, бугунги кунда мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган, ҳозирги тахликали замонда бу масала ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга эканлиги бир неча бор таъкидланган. Ҳар бир ҳудуддаги муаммоларни бартараф қилиш, ечимини топиш, камчиликларни тезкорлик билан ҳал қилиш, аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, фуқароларнинг маънавий-маданий савиясини ошириш, ёшларни бахтли ва саодатли ҳаёт сари илдам эргаштириб бориш, буларнинг бари Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилмоқда.

 

Шундай экан, Президент ва халқ ўртасида бевосита вакил сифатида бизнинг ҳудудлардаги вазифаларимиз, амалга оширишимиз лозим бўлган чора-тадбирлар халқ розилиги учун хизмат қилмоғи шартдир. Ўтган йиллар давомида кенг кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлдик. Ҳар бир соҳадаги ўзгаришлар, замонавий янги лойиҳалар, инсон фаровонлиги ва унинг қадр-қимматини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирларнинг барчаси амалда бўй кўрсатди. Турли соҳаларда нафақат аҳолига қулайлик яратилди, балки хизмат кўрсатишнинг соддалаштирилган ва замонавий технологиялар асосида татбиқ этилаётган жиҳатлари оммалашди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланганлиги эса алоҳида эътиборга молик. Бу, албатта, маънавий-маърифий соҳада ҳам ўз аксини топади. Ваҳоланки, буюк келажакни сифатли таълим олган ёшлар, қадр топган инсон, бугунидан миннатдор, эртанги кунига ишончи комил халқимиз билангина қуришимиз мумкин.

 

Ўтган 5 йил давомида биз Президентимиз томонидан белгилаб берилган барча топшириқларни жумладан, маънавий-маърифий, маданий соҳалардаги вазифаларни ўз вақтида, кўнгилдагидек тўлиқ бажаришга ҳаракат қилдик ва бунинг уддасидан ҳам чиқаяпмиз. Бугун янгидан-янги креатив ёндошувларни кўриб, шу юксалишлар тенденсиясининг фаол аъзоси сифатида  фаолият олиб бораётганлигимдан мамнунман.

 

                   Жорий йилнинг 28 январь куни Президентимиз мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин”, дея таъкидладилар. Бу борадаги ишлар ҳам газетхонларимиз учун қизиқ...

 

                    Давлатимиз раҳбари бу гапларни бежизга айтмадилар. Зеро, Маҳмудхўжа Беҳбудий “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деганида мутлақо ҳақ эди. мактабда эртанги авлоднинг онгу шуури шаклланади. Сабоқ олиш баробарида энг гўзал эзгу хислатларни ўзида  ривожлантириб боради. Шунинг учун ҳам ўғил-қизларимизнинг таълим олиш даражаси, тарбиясига Президентимиз айтганларидек, нафақат ўқитувчи-педагоглар, барчамиз масъул ва жавобгармиз.

 

Бугунги кунда Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли 576 та таълим муассасаси фаолият юритиб, шундан, 549 та мактаб, шу жумладан, 4 та махсус мактаб-интернат, 3 та санатория типидаги мактаб-интернат, 13 та айрим фанлар чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, 43 та айрим фанлар чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар, 13 та “Оилавий болалар уйи”, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият олиб бормоқда. Ўтган йилда жами 24 843 нафар ўқувчимиз умумтаълим мактабларини тугатиб, уларнинг 6 955 нафари талабаликка қабул қилинди. Бу кўрсатгич албатта етарли эмас. Бундан кейин битирувчи ўғил-қизларимизни олий маълумотли қилмагунча, сира ҳам тиним билмаймиз. Бунинг учун педагогларимизнинг салоҳият ва имкониятлари етарли. Айнан ана шу салоҳият вилоятимиз таълим сифатининг юқорилиги бўйича республикамизда биринчи ўринда бўлишига замин бўлмоқда. Ўтган йили Қўқонда математика фанидан олимпиада бўлиб ўтган эди. Унинг республика босқичида кучли ўнталикдан вилоятимизнинг уч ўқувчиси ҳам жой олгани фидойи ўқитувчиларимизнинг меҳнати самарасидир. Хива шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Сапарбоев Сарвар Жавлонбек ўғли айнан шу олимпиадада биринчи ўринни эгаллаб, мукофот сифатида “Cobalt” автомобили соҳиби бўлди. Хоразм вилояти Сифатли таълим олиш имконияти тенгсизлиги индекси (Index of Disparity in Access to Quality Secondary Education IDAQSE) сифатли ўрта таълимга эга бўлиш рейтинг кўрсаткичи бўйича ўтган йили вилоятлар орасида биринчи ўринни эгаллаганини ҳан эслатиб ўтиш жойиз.

 

Кейинги йилларда ўқитувчиларга берилаётган эътибор, уларнинг мақомини кўтариш, қадр-қимматини ошириш юзасидан олиб борилаётган амалий ишлар туфайли вилоятимизда фаолият кўрсатаётган устозларда ишлашга бўлган иштиёқ ортди, ўз билимларини ошириш учун интилиш кучайди. Бунинг исботи сифатида Хоразм вилояти Республикада олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улушига кўра 2 йилдан буён биринчи ўринни эгаллаб келаётганлигини қайд этиш мумкин.

 

Жорий йил ҳам мактаб битирувчиларини кўпроқ қамраб олиш мақсадида олий таълим муассасаларида қабул квоталари сони оширилди, янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Урганч шаҳрида Малайзиянинг “ Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети филиали ўз фаолиятини бошлади. Умуман таълим сифатини ошириш энг катта мақсадларимиздан. Бунинг учун таълим муассасаларимизнинг илмий салоҳиятини, яъни илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар сонини ошириш режалаштирилган. Ҳозир бундай кадрлар улиши 29 фоизни ташкил қилади. Айни пайтда вилоятда 1500 дан ортиқ хорижлик, хусусан, Туркманистон, Покистон, Ҳиндистон, Қирғизистон, Россия, Афғонистон, Саудия Арабистон ва АҚШ каби давлатлардан келган талабалар таҳсил олишмоқда. Ҳозирда олий таълим муассасаларимизда илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар улуши 29  фоизни ташкил қилади. Бу кўрсатгични янада ошириш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий-тадқиқот ишларига кўмаклашиш  кўламини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

 

Илму маърифат соҳасига Президентимизнинг шахсан бош бўлаётгани бугун вилоятимиздаги ёш педагоглар ва олимларнинг шижоатига шижоат қўшмоқда. Хоразм вилояти олий таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан 2020 йил 48 та илмий ишлар ҳимоя қилинган бўлса, 2021 йилда улар сони 84 тани ташкил қилди.

 

 Президентимизнинг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари доирасидаги ишлар қандай олиб борилмоқда?

 

                    Бу қарорлари асосида жорий этилган ёшлар етакчилари лавозимлари ҳам маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бу борада тизимли ишларни изчиллик билан йўлга қўйганмиз. Албатта, маҳаллаларга бириктирилган зиёлилар, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари – бу улкан илмий салоҳият, амалий куч дегани. Булардан изчил ва тизимли, самарали фойдаланиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яқин кунларда ҳаётимизда, халқимиз турмушида акс этишига олиб келади.

 

Айнан ушбу кучдан фойдаланиб, биз жорий йил февраль-март ойлари давомида вилоятдаги барча маҳаллалар кесимида “Заковат” турнирини ўтказишни белгилаб қўйдик. Бу эса аҳоли орасида китобхонлик маданияти, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни кучайтиришга туртки бўлади.

 

Давлатимиз  томонидан илгари сурилаётган ушбу тизимнинг таъсирчанлигини ошириш борасида бир қатор назарий масалаларни ҳам режалаштирганмиз. Янги иш бошлаган ҳар бир ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчилари учун уларнинг вазифалари, аҳоли ва ёшлар билан ишлашнинг ҳуқуқий, психологик хусусиятлари акс эттирилган маънавий-маърифий йўриқнома тайёрлаш борасида ишлар бошлаб юборилган. Ушбу йўриқномалар ҳар бир янги лавозим эгаларига етказилиб, уларнинг фаолияти учун таъсирчан қўлланма бўлиши кўзланмоқда.

 

                    Китоб онг ва тафаккур сарчашмаси, қалб зиёси, инсонларни яхшиликка, эзгуликка чорловчи восита ҳисобланади. Вилоятда китоб ва китобхонлик, уларни чоп этиш борасида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилаётганидан хабаримиз бор.

 

– Дарҳақиқат, китобхон авлодни тарбиялаш, маърифатли жамият барпо қилиш давлатимизнинг стратегик устувор режасидир. Нафақат, давлатимиз, балки халқимизнинг, барчамизнинг энг улуғ эзгу ниятимиз ҳам шу. Бугунги кунда вилоятимизда 12 та ахборот кутубхона марказлари, таълим муассасалари ва идора-ташкилотларининг 633 та кутубхоналари фаолият кўрсатмоқда. 55 та маҳалламизда кутубхоналар ташкил қилинган. Вилоятнинг барча кутубхона муассасалари фондида жами 3 млн. 792 минг 100 нусхада китоблар мавжуд. Галдаги режамиз келгуси 5 йилда Хоразмдаги барча юртдошларимиз китобхон ва хонадонларида жавон-жавон китоб  бўлишига эришишдир.

 

Хоразмда 10 та нашриёт ҳамда 62 та матбаа корхонаси фаолият кўрсатади. Ўтган  йил давомида ушбу нашриётлар томонидан 484 номдаги 62 мингдан зиёд янги китоблар нашр қилинган бўлса, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 7 номдаги 18 мингга яқин китоблар ўқувчилар қўлига етиб борди.

 

– Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди мажмуаси қурилиб, саркарданинг ҳайкали ўрнатилган ҳудуд атрофидаги 8 гектар майдонда қурилиш ишлари давом этмоқда. Жорий йил 7 февраль куни Президентимиз  қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишганида,  Жалолиддин Мангуберди мажмуаси ҳақида ҳам сўз борди…

 

– Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида Жалолиддин Мангуберди мажмуаси мазмунини бойитиш, шароитларини яхшилаш бўйича бир қанча кўрсатмалар бериб, “Бу ер билим, маънавият, ғурур маскани бўлиши керак. Келганлар айланиб, ҳордиқ чиқариши билан бирга Мангуберди бобомиз ҳаётини яққол тасаввур қилиши, бундан руҳ олиши керак. Хиёбон бўйлаб унинг жанглари, қаҳрамонликлари ҳақида лавҳлар ёзиб қўйиш мумкин. Бу тарихни ва чет тилларини яхши билган гидлар тайёрлаш ҳам зарур”, деди. Жалолиддин Мангубердининг от устида қилич тутиб турган ҳайкали бронзадан ясалган. Унинг баландлиги асоси билан бирга қарийб 25 метр бўлиб, узоқдан ҳам кўриниб туради. Фавворалар барпо этилди. Айни кунларда майдонда якунловчи ишлар амалга оширилмоқда.

 

2022  йил  ҳам миллий тарихимизни тараннум этиш борасида залворли  ва шахдам  қадамларни ташлаймиз. Хусусан, “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида Урганч ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро конференцияга 20 давлатдан олим ва тадқиқотчилар таклиф қилинган. Ўтган йили бир гуруҳ олимларимиз Жалолиддин Мангуберди тарихини чуқур ўрганиш доирасида Туркиянинг Диярбакир вилоятига илмий сафар уюштирдилар. Бу илмий гуруҳимиз Жалолиддин Мангубердининг дафн этилган жойини аниқлаш борасида катта натижаларга эришди. Улар буюк саркарданинг сўнгги манзили бўйича асосли ва  янги манбаларни қўлга киритдилар. Энди бу борадаги тадқиқотларни янада кучайтиришни ният қилганмиз ҳамда тадқиқот натижалари асосида давлат раҳбарига таклифлар киритамиз.

 

Жорий  йилда олимларимиз иштирокида Покистонга илмий-маърифий экспедиция ташкил қилиш режалаштирилган. Бу ерда олимларимиз Жалолиддин Мангуберди томонидан барпо қилинган иншоотлар билан бир қаторда қомусий аллома Абу Райҳон Беруний ташаббуси билан тикланган Нанданадаги расадхона ҳақида, аждодимизнинг Покистондаги илмий мероси ҳақида маълумотлар тўплайди. Зеро, бу йил Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллик юбилейи ҳам катта тантаналар билан нишонланади, тарихий шахсларимиз Жалолиддин Мангуберди, Абу Райҳон Берунийлар ҳақида ҳужжатли фильмлар тақдим қилинади.

 

Бахшичилик санъатимиз ЮНЕСКО томонидан Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Бундан бир неча йил олдин эса Хоразм санъатининг яна бир тумори бўлган лазги ҳам бу рўйхатдан жой олган эди. Жорий йил санъатимизнинг устунлари – бахшичилик ва лазги, шу билан бирга, халфачиликни тарғиб ва ташвиқ қилиш, унинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб кўрик-танловлар, тантаналар ўтказиш белгилаб қўйилган. Хоразм санъати – бахшичилик, мақом, сувораларимиз аслида халқимизнинг ўзига хос миллий иммунитети ҳисобланади.

 

Биз бугун Президентимиз бошчилигида “Инсон қадри учун” тамойил асосида астойдил ишлаяпмиз. Фуқароларни иш билан таъминлаш, иқтисодини яхшилаш, камбағалликка қарши курашишга катта эътибор қаратдик. Бироқ маънавий қашшоқликка қарши кураш борасида ҳам сусткашликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Демакки, бефарқ бўлишга йўл қўмаслигимиз шарт. Чунки маънавият бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланиб улгурди.

 

Гулчеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди.

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 йил 17 февраль,

35 (557)-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//