Ислом оламида Абу Юсуф номи билан машҳур бўлган Ёқуб Абу Юсуф ибн Иброҳим ал-Куфий (735–798)нинг ижтимоий-фалсафий қарашлари, халифалик солиқ тизимининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Абу Юсуф томонидан бир қанча асарлар ёзиб қолдирилган. Улар ичида “Китоб ал-харож” асари анча машҳур бўлиб, унда Абу Юсуфнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари кенг ёритилган. Қолаверса, бу асар энг қадимий қўлёзма (VIII аср) асарлар сирасига киради (Абу Йусуф Йакуб б. Ибрахим ал-Куфи. Китаб ал-Харадж (Мусульманское налогообложение) / Пер. с арабского и комментарии А.Э.Шмидта. Супракомментарии к переводу А.С.Боголюбова. Подготовка к изданию, вступит. статья и указатели А.А.Хисматулина. СПб., 2001).
“Китоб ал-харож” асарида исломдаги асосий иқтисодий-ижтимоий муносабатлар тўлиқ ёритилгани ҳамда араб халифалигида солиқ тизими қай тарзда таркиб топганлигини ёритиш билан бир қаторда жуда қимматли тарихий маълумотлар келтирилади. Чунки асарнинг фақатгина қадимий қўлёзма эканлиги эмас, балки у бизга айнан VIII–IX асрларда халифаликда ва юртимиз ҳаётида солиқ тизими қандай бўлганлиги ва кейинчалик уни тарихий эволюция натижасида қай тариқа ўзгарганлигини кузатиш имконини беради. Абу Юсуфнинг қарашлари, айниқса, у томонидан ишлаб чиқилган солиқ тизими ва ерга бўлган муносабат бевосита Марказий Осиё халқлари ҳаётига катта таъсир ўтказди.
Aбу Юсуф яшаган давр ислом тарихида катта илмий уйғониш бўлган давр ҳисобланади. Бу даврда Қуръони каримни тафсир қилиш, фиқҳ, фалсафа, таржимачилик жуда тараққий этган эди. Aбу Юсуф ушбу китобни Халифа Ҳорун ар-Рашид даврида бош қози бўлиб ишлаган пайтларида ёзган. Aбу Юсуф ушбу рисолани халифанинг солиққа тортиш масалалари, давлат бошқаруви, жиноят қонунчилиги ва бошқа масалалар билан боғлиқ диний меъёрлар ҳолати ҳақидаги сўровларига жавобан ёзган. Aсар халифага насиҳат қилиш билан бошланиб, уни юксак маънавиятли ва одил ҳукмдор сифатида ўз халқи олдидаги вазифаларни сидқидилдан адо этиши лозимлигини таъкидлайди (Abu Yusuf, Kitab al-Kharaj, Beirut: Dar al-Marifah: 1979, pp.119).
Муаллиф солиқ масалаларини мунтазам ўрганишдан олдин “солиқ тўловчининг тўлов қобилияти”, “солиқ йиғувчиларнинг ишончлилиги”, давлат самарали ва ҳалол солиқ маъмурчилигига муҳтож эканлигини таъкидлаб ўтади (Sabahiddin Azmi. Abu Yusuf’s contribution to the theory of public finance. Dissertation submitted of the degree of master of philosopy in economics. India. 1995. p. 34). Абу Юсуф мамлакат тараққий этиши учун ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш зарурлигини таъкидлайди, шунингдек у кўприклар қуриш, каналлар қазиш каби ишларни амалга оширишда давлат бундай харажатларни қандай қоплаши бўйича таклифлар беради ва жумладан, бунда адолатли ва самарали солиқ тизимини жорий этиш зарурлигини таъкидлайди. Муаллифнинг таъкидлашича, давлатнинг асосий даромади экин ерларидан олинадиган солиқларга боғлиқ, шунга кўра янги солиқ тизими кўпроқ майдонларга экин экишга ундайди. У ўз халқининг эҳтиёжларини қондириш ва уларнинг ҳар томонлама фаровон яшаши борасида ҳукмдорга қатор таклифларни баён қилади. Унинг сўзларига кўра, ҳукмдор давлат пулларини ишончли тарзда сақлаши ва унинг сарфланиши учун жавобгар бўлиши керак.
Китобнинг ёндашуви прагматик ва ҳуқуқий хусусиятга эга. Бу шунчаки исломнинг молия тизими тўғрисидаги рисола эмас, аксинча, бу ўша даврда жамиятдаги ўзгаришлар ёритилган, ислом қонунлари нуқтаи назаридан амалга ошириладиган солиқ тизимини яратиш учун қилинган илк саъй-ҳаракатлардир. У ўзининг юксак таҳлили билан тарихий далиллар асосида ислом молия тизимининг мослашувчанлиги ва барча жамият ҳамда замонларга мослаша оладиган сифатга эга эканлигини исботлашга уринди. Aбу Юсуф фиқҳ олими ва дин уламоси сифатида ўз фикрларини Қуръони карим оятлари, Пайғамбар (с.а.в) одатлари ва тақводор халифаларнинг амаллари билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилган.
Ушбу асарда ифода этилган ғояларнинг аҳамияти шундаки, муаллиф VIII-IХ асрда халифаликдаги ижтимоий-сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда давлатни бирлаштирадиган қонун ва меъёрларни ишлаб чиққан. Масалан, ўша даврда тенг ҳуқуқлилик ва адолатлилик ғоялари ўта муҳим фикрлар эди. Чунки аббосийлар давлат бошқаруви тепасига энди келган бўлиб, халқни ўзининг адолатли бошқарув концепциясига ишонтириши лозим бўлган. Бунинг учун бир қатор ислоҳотлар ўтказилган. Сабаби уммавийлар босиб олган ўлкаларда араблар хўжайин мақомида яшашар эди.
Осиёнинг қадимги юксак маданиятли ўлакаларига келган араблар, юнонлар, яҳудийлар, сурияликлар, форслар, сўғдийларга нисбатан бирмунча қолоқ эканлигини айтиш лозим. Уларнинг бу ўлкаларга қадам қўйиши энди шакллана бошлаган феодал жамияти ривожига ва озод деҳқонларнинг феодаллар асоратига тушишига, ер-сувга қарамлигининг кучайишига олиб келди. Бу меҳнаткаш омма норозилигига сабаб бўлди. Халифаликда кишининг мулки унга даҳлсизлик ҳуқуқини берар эди. Халифалар забт этилган ўлкалардаги ер-мулкларни қўшинга бўлиб берар эди. Аммо бу қўшиннинг заифлашувига олиб келди. Умар (р.а) босиб олинган ўлкалардаги ерларни маҳаллий аҳолининг ўзида қолдиришга қарор қилди. У ўзлаштирилмаган, экин экиб бўлмайдиган ерларни халққа ишлов бериш ва ўзлаштириш шарти билан берди. Бунда халқ ўзлаштирилмаган ерни ўзлаштирди ва уни ўзига мулк қилиб олди. Лекин ер давлатга тегишли бўлгани боис ислом қонунчилигида бир қатор янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш зарур эди.
Халифаликдаги ижтимоий-сиёсий вазият халқнинг иқтисодий ҳолатини, шунингдек, маданий ҳаётдаги бир қатор диний хурофий ботил эътиқодли мазҳабларнинг вужудга келиши ҳаётий жараённи мураккаблаштирар эди. Абу Юсуф мана шундай мураккаб сиёсий жараёнларни ҳисобга олган ҳолда “Китоб ул-харож” асарини ёзди. У доимий равишда Ҳорун ар-Рашидга ўзининг қарашларини билдириб, маслаҳатлар беради. Асарда “Кимки, адолатли сиёсат олиб борса, унинг мартабаси юксак бўлади ва бошқарувда енгиллик бўлади. Кимки, адолатсиз сиёсат юргизса, ундан халқ юз ўгиради ва бошқарувда оғирлик сезади” (Абу Йусуф Йакуб б. Ибрахим ал-Куфи. Китаб ал-Харадж (Мусульманское налогообложение) / Пер. с арабского и комментарии А.Э.Шмидта. Супракомментарии к переводу А.С.Боголюбова. Подготовка к изданию, вступит.статья и указатели А.А.Хисматулина. СПб., 2001. – с. 8), деб кўп таъкидланади. Албатта халифа бу сўзларни эътиборга олган бўлиши керак.
Қадимги давр, ўрта асрлар ва ҳозирги даврларда ҳам биз барча жамиятларда давлат даромадининг асосий манбаларидан бири сифатида ер солиғини учратамиз. Мутахассислар ер “табиий маҳсулот” ишлаб чиқарадиган ягона манба эканлиги тўғрисидаги концепцияни ишлаб чиқдилар ва давлатни молиялаштиришнинг ягона йўли ерга солиқ солиш эканини таъкидладилар.
Рим ва сосонийлар ҳудудлари мусулмонлар томонидан забт этилган пайтда ер солиғи ерга нисбатан белгиланган. Рим империясида ерлар унумдорлигига қараб турли тоифаларга ажратилган (А.Исломов, Ф.Эгамов. Иқтисодий таълимотлар тарихи. Т., 2003 й. – б. 18). Халифа Умар (р.а) солиқ йиғишда Сосонийлар тартиботини сақлаб қолишни маъқул кўрди. Бу тизим мисаҳа деб номланган. Aбу Юсуф бу тизимни зукколик билан ўрганиб чиқди ва унинг камчиликларини аниқлади. Унинг фикрича, бу тизим халифа Умар (р.а) даврида ўз самарасини берган. Бироқ у солиқни адолатли йиғишга олиб келмайди. Aфтидан, у ушбу усулни давлат хазинаси учун йиллик кафолатланган даромадни таъминлаш ва кам ишлаб чиқариш баҳонасида деҳқонларни солиқ тўлашдан бош тортишининг олдини олиш мақсадида таклиф қилганга ўхшайди.
Aбу Юсуф “Китоб ул-харож” асарида хирож солиғининг янги усулини жорий этишни таклиф этади. Aбу Юсуфгача бўлган даврда босиб олинган ерларни солиққа тортишда Умар (р.а) жорий этган тартиб бўйича амалга оширилган бўлса, Aбу Юсуф Умар (р.а) ҳукмидан четга чиқиб, ўз рисоласида ернинг ҳажмидан эмас, балки етиштирилган ҳосилни тақсимлашга асосланадиган солиқ усули – муқосамани таклиф этди (Sabahiddin Azmi. Abu Yusuf’s contribution to the theory of public finance. Dissertation submitted of the degree of master of philosopy in economics. India. 1995. p. 132).
У солиқларни нақд пул ёки натура шаклида йиғиш лозимлигини айтиб ўтди. Бу тизимга кўра, нархлар ўзгариши давлат даромадларига зарар етказмайди ва деҳқонлар даромади камаймайди. Чунки янги тизимга асосланган солиқ эгалик қилинадиган ерларнинг умумий майдонидан қатъи назар, ҳосилнинг умумий миқдорига қараб ҳисоблаб чиқилади. Бу усул ердан яхши даромад ололмайдиган деҳқонлар учун енгиллик бўлди. Бундан ташқари, у деҳқонларни ўзлаштирилмаган ва қаровсиз ерлардан фойдаланишга ва янги тизим асосида қўшимча даромад олишга ишонтирди. Aбу Юсуф янги тизим давлатнинг солиқдан тушадиган даромадлари кўпайишини таъкидлади. Шунинг учун у давлат деҳқонларга яхши шароит яратиш учун янги каналлар қазиши, эски каналлар сув йўллари тозалаши ва зарурий ишларни амалга ошириши лозимлигини қатъи тавсия қилди (Ўша асар. – б. 133). Aбу Юсуфнинг ушбу қарашларини мулоҳаза қилар эканмиз, у солиқ манбаи сифатида ерни эмас, балки ердан олинадиган даромадни афзал кўрган. Мол-мулкни солиққа тортишми ёки мулкдан тушадиган даромад самаралими, деган масала иқтисодчилар ўртасида ҳар доим муҳокама мавзуси бўлиб келган: Aбу Юсуфнинг бу борадаги қарашларини ўрганиб шуни айтишимиз мумкинки, у солиқ манбаи сифатида мулкдан тушадиган даромадни танлаган.
Aбу Юсуф ўз асарида мамлакатда турли ҳуқуқ ва имтиёзларга ҳам тўхталган. Масалан, аҳли китоб вакилларининг диний байрамларини ўтказиш, черковлар, ибодатхоналар ва монастирларни қуриш, муқаддас китобларини ўқишига рухсат бериш ва бошқалар. Ушбу масалаларнинг барчаси солиққа тортиш ёки давлат молияси билан боғлиқ бўлмаган бўлса-да, улар Aбу Юсуфнинг таъкидлашича, давлатнинг ҳуқуқий асослари учун жуда муҳимдир. Демак, Aбу Юсуфнинг “Китоб ул-харож” асарида фақат “ер солиғи” билан боғлиқ масалалар эмас, жамият ҳаётини тартибга соладиган бошқа масалаларга ҳам аҳамият берилган.
Асарида келтириб ўтилган иқтисодга оид фикрлар жуда катта аҳамиятга эга, чунки бу асар ислом иқтисодиёти бўйича ёзилган илк асар сифатида илк мусулмон олимининг тафаккури ҳақида тушунчага эга бўлиш учун асарни батафсил кўриб чиқиш керак эди. Давлат молияси ва бошқарув тизими бўйича кенг қамровли маълумотларни ўзида жамлаганлиги китобнинг бугунги кундаги аҳамиятини янада оширади.
Абу Юсуф араблар ва ажамлар ўртасида зиддиятни келтириб чиқармайдиган ғояларни баён этган. Асардаги нажрон халқига нисбатан олиб борилган сиёсат ёки бўлмаса зиммийларга нисбатан муомала ҳақидаги фикрлар бунга яққол мисол бўла олади.
Абу Юсуф ижтимоий тенглик ва адолатли бошқарув бўлганда мамлакат тараққий этажагини англаб етган. Абу Юсуфнинг бу ғоялари халифаликда ажамларга нисбатан одилона сиёсат олиб боришга туртки бўлган. Бошқарувнинг кейинги йилларида маҳаллий ҳокимиятни туб ерли аҳолидан чиққан кишиларга берилганлигида буни кўришимиз мумкин. Хусусан, халифа Маъмун даврида Хуросон ва Мовароуннаҳр ерлари Тоҳир ибн Хусайн ва Сомонхудотнинг набираларига бўлиб берилди. Улар кейинчалик ўша ерларга ҳукмронлик қилдилар. Айтиш мумкинки, улар тузган давлатларнинг негизи ислом давлати асосида эди. Давлат тузилишининг ҳар бир бўғинида халифалик бошқарувидаги қонуний меъёрлар кўзга ташланади.
Абу Юсуф исломни халқ орасида фақат ёйиш эмас, балки унга амал қилиш муҳимлигини ҳам уқтиради. “Китоб ул-харож” асаридаги таклифлар халифалик аҳолиси кундалик ҳаётда амал қиладиган тартиб-қоидалар давлат қонуни этиб белгиланди.
У араб ва ажам халқлари ўртасидаги алоқаларни яхшилашга, тенглаштиришга интилди. У кишилар қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, инсон эканлигини ва шунга кўра адолатли бошқарув олиб бориш кераклигини таъкидлади (Абу Йусуф Йакуб б. Ибрахим ал-Куфи. Китаб ал-Харадж (Мусульманское налогообложение) / Пер. с арабского и комментарии А.Э.Шмидта. Супракомментарии к переводу А.С.Боголюбова. Подготовка к изданию, вступит.статья и указатели А.А.Хисматулина. СПб., 2001. – с. 357).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Абу Юсуфнинг “Китоб ул-харож” асари исломий-иқтисодий солиқ тизимига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олиш билан бирга VIII-IХ асрлардаги халифаликдаги мавжуд ижтимоий-сиёсий ҳолатни тўлақонли акс эттиради.
Абдуқаҳҳор РАҲМОНОВ,
ТТА Термиз филиали
Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ