Сулаймоннинг ўлимини кутаётган девлар


Сақлаш
16:39 / 08.02.2022 1181 0

Одамзод ҳаёти мазмунини ташкил қилувчи икки бир бутун: дунёвийлик ва динийлик ўртасидаги мувозанат ҳар қандай жамиятнинг келажагига дахлдор жиддий мезон ҳисобланади. Ушбу мувозанатнинг йўқолиши дунё мамлакатларини жаҳолату тўс-тўполон гирдобига тортган ва ҳамон тортаётир. Ўрта асрлар Европасида ҳукм сурган, ваҳшиёна жазолар ва қийноқлар тимсолига айланган инквизиция бунинг яққол мисолидир. Жордано Бруно, Николай Коперник каби мутафаккирлар жамият ҳаётида дин ва дунёвийлик ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви туфайли қурбон бўлгани маълум.

 

“Сўнгги жадид” номини олган забардаст олим Бегали Қосимов “Миллий уйғониш” китобида Туркистонни мустамлакага айлантирган чор Русиясининг ўлка халқларига нисбатан риёкор сиёсатини фош этувчи кўплаб маълумотларни келтиради. Жумладан: “Исмоилбек (Гаспринский) фикрича, Русия мусулмонлари учун бугун биринчи масала маърифатдир... Лекин миллатнинг саводи ўз тилида чиқмоғи керак. Миллий тарбия, муқаддас ғоялар авлоднинг онгу тафаккурига она тилида сингмоғи лозим. “Сут билан кирган” деган иборада гап кўп.

 

Бу фикрни Русия ҳукумати, рус зиёлилари қандай қабул қилдилар? 1882 йилдаёқ мазкур мавзуга бағишланган йиғилиш чақирилди. Йиғилиш 30 августда Тошкентда Ўқитувчилар семинариясида ўтказилди. Ушбу семинариянинг директори машҳур миссионер Н.Остроумов эди. Йиғилишда генерал-губернатор А.Абрамов ваколати билан келган ўлка юқори маъмурияти, олий руҳонийлар, семинария талабаларининг ота-оналари иштирок этдилар. Йиғилишда семинариянинг тарих ва география ўқитувчиси М.Муропиев маъруза қилди. Маърузанинг мавзуси: “Ғайрирус мусулмонлар маорифига қандай бош принциплар асос қилиб олинмоғи лозим?”

 

Нотиқ ўз сўзини асосан И.Гаспринский фикрларини рад этишга қаратади: “Агарда биз таклиф қилинган лойиҳани (мусулмонларнинг ўз тилларида, анъанавий ўқув воситалари асосида ўқитиш – Б.Қ.) қабул этсак, шу пайтгача мудраб ётган мусулмон мутаассиблигини тирилтирган ва бу билан қўйнимизда илон асраган бўламиз”.

 

“Шундай қилиб, – деб хулосалайди ўз фикрини маърузачи, – мусулмонларимиз маорифи учун асос қилиб олиниши шарт бўлган биринчи бош принцип уларни руслаштиришдир”, “иккинчи принцип... исломни бузиш, прозелитизмдан воз кечиш, қисқача айтганда, ёт мусулмонларимизнинг, умуман, диний жиҳатларини бузишдир” (Какие главные принципы должны быть в основе образования русских инородцев-мусульман // “Туркестанский сборник”. Том 361. Стр.138).

 

Б.Қосимов изоҳ беради: “Рус шовинизми “инородец” (ғайрижинс, ғайриинсоний) тушунчасини яратди. З.Валидий қайд этишича, бу соҳанинг “бош мутахассиси” Муропиев эди. Унга кўра, “инородец” мусулмонлар, яъни туркистонликлар учун маориф ташкил этишда маъно йўқ. Уларнинг қисмати Америкадаги қизилтанлилар билан бир...” (Қосимов Б. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик. Тошкент, “Маънавият”, 2002. 19-20-бетлар). Дарҳақиқат, жуда кўп тарихий, бадиий манбалар Муропиев эълон қилган принциплар тизимли ва қатъий тарзда ҳаётга жорий этилганидан – ўлкада руслаштириш, исломни бузиш, ўлка аҳолисининг диний тушунчаларини издан чиқариш ҳаракатлари фаол олиб борилганидан далолат беради. Шундоқ ҳам уч хонлик даврида жаҳолат домида яшаган ўлка аҳолиси истилочиларнинг тизимли ҳаракатлари натижасида ҳам дунёвий, ҳам диний маърифатдан бебаҳра тутилди; неча-неча авлод онги ва тафаккури шу асосда шаклланди. Аҳолининг маиший, маданий-маънавий ҳаётини эса ўша – қолоқ онг ва занжирдаги тафаккур белгилади.

 

“Меҳробдан чаён”да тасвирланишича, бир замонлар “қуббати исломи дин” сифатида эъзозланган Бухорода мадраса талабаси бўлмиш Абдураҳмон кечалари бойваччалар кўнглини олиш учун бошига соч тақиб, “бачча” ролини ўйнайди. Қандай жирканч... “Жувонбоз” ҳикоясининг баччабоз қаҳрамонлари эса “худога шукр, мусулмонмиз” дея ўзини алқайди. Ғафур Ғуломнинг ўспирин Қоравойини киссавурликка ўргатувчи салт эшоннинг ўзини покдомону балогардон қилиб кўрсатишини; Шум бола “бобо” деб чақирса, “бобо эмас, ҳожи бобо дегин, ҳароми” дея жеркишни унутмайдиган “тақводор” кимсанинг масжид биқинидаги ҳужрада оғуфурушлик билан шуғулланишини чинакам ислом эътиқоди ва ахлоқи билан бир муқояса қилайлик! Ёхуд Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси, “Ўғри”, “Бемор”, “Майиз емаган хотин” сингари ҳикояларида қаламга олинган жаҳолат кўлами, чорасизлик фожиаси-чи? Буларнинг бари миллат ва мамлакат тушиб қолган, тўғрироғи, атай туширилган жарнинг тубсизлигидан сўзлайди.

 

Афсуски, халқимиз пешонасига битган тарихнинг ундан кейинги 70 йилида ҳам, айниқса, виждон эркинлиги, диний маърифатдан баҳрамандлик бундан беҳроқ бўлгани йўқ. Халқ озодлиги, миллатлар ҳамда динлараро тенглик, эътиқод эркинлигини байроқ қилиб кўтарган большевиклар ўз ҳукмронлигининг дастлабки кунидан бошлабоқ айнан ўша қадриятларни аёвсиз топтади. Дин соцжамият учун зарарли сарқит, душман ҳодиса деб уқтирилди; художўйлар эса қолоқ ва жоҳил деб баҳоланадиган, қадамда мазахланадиган бўлди. Ушбу ҳодисалар кўлами ва даҳшати Игорь Буничнинг “Партиянинг олтинлари” номли китобида атрофлича, чуқур акс этган (Бунич И. Партиянинг олтинлари. Тошкент, “Маънавият”, 2016).

 

Шўро ҳукуматининг риёкорлиги, вазият тақозо қилса, ҳар не иккиюзламачилигу бебурдликка тайёрлиги динга, диндорларга муносабатда ҳам намоён бўлди. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида – мамлакат хавф остида турган пайтда диндорлар ва даҳрийлар, давлат ва диний ташкилотларни қарама-қарши қўйиш нақадар хатарли эканини ҳукумат яхши билар эди. Қолаверса, кўпчилик диний уюшмалар, диндорлар фашизмга қарши курашнинг биринчи кунлариданоқ ўз инсоний бурчларини амалда намойиш қила бошладиларки, буни сезмаслик ва ҳисобга олмаслик мумкин эмас эди. Шу боис тугатиб юборилган православ черкови патриархлиги 1943 йилда қайта тикланди. Худди ўша йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил этилди, Бухорода Мирараб мадрасаси иш бошлади, мусулмонларга ҳаж қилишга рухсат берилди.

 

Ўша кезлар Ўзбекистон халқи номидан фронтга – жангчиларга йўлланган хатларда ҳам уларнинг диний туйғуларига алоҳида эътибор қаратилиб, душман унинг имон-эътиқодига, улуғлар мозорига тажовуз қилаётгани, покдомон қизу жувонлари иффатига рахна солишга шайлангани, демакки, уни беомон қириш мусулмон кишининг муқаддас бурчи эканини эслатишга зўр берилган эди...

 

Аммо миллионлаб диндорларнинг ҳам жувонмарг умри эвазига ғалаба қўлга киритилгач, сиёсат яна эски ўзанга қайтди. Айниқса, 1960 йилларга келиб вазият ўта жиддийлаша борди, турғунлик даврида эса диний бирлашмаларни рўйхатга олиш, диндорларнинг конституцион ҳуқуқлардан фойдаланиши ниҳоят даражада чеклаб қўйилди. Масжид ёки ибодатхонани очиш масаласи ҳам бевосита Москвада ҳал қилинди. Йигирма беш йил (19611986) мобайнида мамлакатда мусулмон диний уюшмаларнинг сони 1546 тага камайиб кетди (“Наука и религия” журнали, 1987, 11-сон).

 

19831989 йиллар оралиғида республика раҳбарияти, айниқса, Ўзбекистон ССР КП Марказқўмининг мафкура соҳасидаги котибу котибалари томонидан тепага ёқиш учун амалга оширилган ишлар нафақат қонунсизлигию ғайриинсонийлиги билан, балки мантиққа зид ва ақлга ётлиги билан ҳам одамни сескантиради. Ахир, Наврўздек уч минг йиллик тарихга эга табиат байрамини ислом билан боғлаш, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларида одамларни ибодат майдонларидан қувғин қилиш, рўза кунлари давлат идораларининг катта-кичик хизматчиларини ёппасига сув ичишга мажбур этиш, ота-онасининг жанозасида қатнашгани учун коммунист раҳбарларни ишдан ҳайдаш сингари бедодликларни бошқа қандай баҳолаш мумкин?!

 

Юзлаб комсомолларнинг водий бозорларига сафарбар этилиб, уларнинг ўз она ва опалари бошидаги оқ рўмолларни “дин сарқити” сифатида юлиб олиб, ёқиб юборганини унутиб бўладими?! Ёки “нима учун мусулмон, христиан ва яҳудийлар алоҳида қабристонга дафн этилиши керак? Ахир, ҳаётда бирга яшаган омма ўлганидан кейин ҳам бир жойда ётиши керак эмасми?” деган иддао билан интернационал қабристонлар жорий этишдек тарихда мисли кўрилмаган ҳаракат айнан бизда бошланганига нима дейсиз (мазкур ҳаётий ҳодисалар “Ўртоқ Бойкенжаев ва бошқалар” видеофильми ҳамда “Ўртоқ Бойкенжаев” бадиий фильмида қизиқарли талқин этилган)?!  

 

Яна бир мулоҳаза: эски мактаблар, масжиду мадрасалар хурофот ўчоғига айланган, кейинроқ эса шулар-да ёпилган ва бузилган, уламолар қувғин қилинган, ноёб илмий-маърифий китоблар ёқиб, кўмиб юборилган ёхуд ташиб кетилган, имон-эътиқод ҳар жойда таъқиб остига олинган маконда ким диний маърифат тарқатиш билан шуғулланадию бу ҳаракат қанчалик самара беради?

 

Аслида, инсон боласи фақат моддият билан чекланиши мумкин эмас. Унинг руҳияти, қалби ва онги ҳам ўзига мудом озуқа талаб қилади. Афсуски, зикр этилган даврларда одамларнинг руҳий-руҳоний эҳтиёжлари бирёқлама, чала-чулпа ва ҳатто бузилган тушунчалар ҳисобидан қондирилди, бу ҳол диний маърифатдан кўра жаҳолат ва бидъатнинг, кўрқорилик ва омиликнинг кучайишига сабаб бўлди. Одамларнинг дину диёнат тўғрисидаги тасаввурлари ниҳоятда саёз, аксар бирёқлама, кўпроқ афсонаю чўпчаксифат ҳикоятлар асосида шаклланди, ғирт бидъатдан иборат даққи қарашларга диний қадрият ниқоби кийдирилди.

 

Дейлик, мотам маросимлари шу қадар бузилиб кетдики, бир вилоятда ҳовлида айюҳаннос солиб йиғлаб қолаётган хотин-халаж тобутнинг устидан пул сочса, бошқа вилоятда таъзия билдириш учун келганки одамнинг қўлига нон ва пул солинган тугун тутқазилди. Айрилиққа учраган хонадон эгалари чеккароқ жойларда юзлаб, катта шаҳарларда эса минглаб одамларни қайта-қайта чорлаб “уч”, “пайшанба”, “қирқ”, “эллик икки”, “йил” оши беришни ўзининг мусулмонлик бурчи деб биладиган бўлди. “Суннат тўйи” ўтказмоқчи бўлганлар энг аввал тўй дастурхонига тортиладиган спиртли ичимликлар миқдори ҳақида ўйлади. Муқаддас қадамжолар аввал харобага, кейин ширк амаллар ўчоғига айланиб қолди. Авлиёларга нисбат берилган қабр, кўҳна дарахт ёки булоқлар минглаб одамлар назр-ниёз атайдиган, атрофидаги емакхоналарда ош-овқат пишириб, ейишдан олдин чойнакка қуйилган спиртли ичимликни “илоё, зиёратларимиз, назр-ниёзларимиз Худо даргоҳида қабул бўлсин” дея “ихлос” қилинадиган жойлар тусини олди. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошига қадар юртимиздаги вазият, таассуфки, ана шундай эди...

 

Қақраган ерга бирдан келган сел баҳра бериш баробарида ўша ернинг бағрини ўйиб, бузиб ҳам кетади. Бинобарин, маърифатдан мосуво этилган жамиятга диний эркинлик жорий қилиниши ижобий ўзгаришлар билан бирга бузғунчи оқимларнинг селдай кириб келишига ҳам баҳона бўлади.  

 

1991 йил 14 июнда, ҳали шўро мафкураси ҳукмрон бўлиб турган бир пайтда “Виждoн эркинлиги вa диний тaшкилoтлaр тўғрисидa” Қoнун қaбул қилинди. Бу – динга муносабат масаласи давр контекстида ўткирлашганидан далолат беради. Афсуски, берилган имкoниятлaр суиистеъмoл қилинди. Жумладан, мaсжид очиш иши кaмпaниябoзликкa aйлaниб кетиши oқибaтидa қисқа вақтда улaрнинг сoни 89 тaдaн 5 мингтагача етди. Ҳужжaтлaри тўлиқ рaсмийлaштирилмaгaн, мaлaкaли имoмлaр билaн тaъминлaнмaгaн, зaрур шaрoитлaр бўлмасдан туриб фaoлият юритгани боис турли дин “пешвo”лaри уларнинг аксариятини ўз уялaригa aйлaнтиришгa ҳaрaкaт қилдилар.

 

Воҳа вилоятларига ўша пайтда биродаркушлик урушини бошдан кечираётган Тожикистондан, водий вилоятларига эса қўшни Қирғизистоннинг ўз ҳолига ташлаб қўйилган шаҳарларидан имомликка даъвогар кимсалар келиб, масжид ва “ҳужра”ларга жойлашдилар. Чала-чулпа диний мaълумoтгa эгa ажнабийлaр мoлиявий ёрдaм кўрсaтиш баҳонасида республикa ҳудудидaги диний тaшкилoтлaр рaҳбaрлигини ўз қўлига oлиб, бузғунчилик, тескари ташвиқот билaн шуғуллaнишга киришди. Узоқ-яқиндаги мусулмон давлатларда яшовчи собиқ ватандошлар ажратган хайрия маблағлари ҳисобига қурилган айрим масжидларда ибодатдан кўра экстремистик ташвиқотлар авж олди, Оллоҳ ёди бир ёнда қолиб, жиҳодга даъватлар янграй бошлади. Диний фундaментaлизм вa xaлқaрo экстремизмнинг aвж oлиш хавфи туғилди.

 

Аввал кўпроқ пойтахт Тошкент ва водий, кейинчалик эса бошқа вилоятларда пайдо бўлган ҳужраларда экстремистик ғояларни одамлар, биринчи навбатда, ёшлар онгига сингдириш учун самарали-таъсирчан методларга асосланган ҳолда машғулотлар олиб борилди. Яширин ҳужралар, уларнинг домлалари ва “толиби илмлар”нинг моддий таъминотини олис-яқин хориждаги унча-мунча содда одам тагига етолмайдиган “руҳоний” марказлар ва ўзимиздаги “савобталаб” сармоядорлар – ҳукумат алмашса, ёғлироқ амаллар тегиб қолишидан умидвор мансабпарастлар ўз зиммасига олган эди.

 

Биз ҳужралардаги ўқитиш, ўзига оғдириш усулларини бекорга ғоят самарали, таъсирчан демадик. Зеро, уларда давлат таълим муассасалариникидан фарқланадиган қуйидаги ҳолатлар мавжуд эди:

 

1) ҳужрага жалб этилганлар “билим ва тажриба” учун пул тўламаслигига қўшимча равишда озиқ-овқат, керак бўлса, кийим-бош билан ҳам текин таъминланган (бу усул ўтган асрнинг 90-йиллари бошида   – республикада озиқ-овқат ва кийим-кечак танқислиги вужудга келган, одамлар зарурий маҳсулотлар билан талон асосида, минимал даражада таъминланаётган бир вазиятда ўзига қанчалик жалб этганини тасаввур қилиш қийин эмас);

 

2) давлат мактаблари, ОЎЮларда битта ўқитувчи бир фандан бир ҳафтада бир-икки соат машғулот олиб борса, ҳужраларда бир ёки икки нафар “устоз” беш нафаргина тингловчига ҳар куни камида тўрт-беш соатдан таълим берган – унинг нафақат ақлига, балки руҳиятига ҳам жуда яқиндан, юзма-юз ўтириб таъсир қилиш имконига эга бўлган;

 

3) ҳужрага жалб этилганлар адабиёт, ўқув материаллари, варақа ва бошқалар билан текин таъминланган, бу манбалар 2-3 йилда эмас, нари борса 3-4 ойда пухта ўзлаштириб олинадиган ҳажм ва мазмунда тузилган;

 

4) ҳужрадагиларнинг нафақат ўзи, балки оиласидагиларга ҳам кўмак кўрсатиш орқали уларнинг ҳушёрлиги ўғирланган.

 

Ўрни келганда айтиб ўтсам: мамлакатимиз ОАВда, кўплаб китоб, рисолаларда турли норасмий оқим ва ҳаракатларга қўшилиб кетган ёшларга аксар ҳолларда ёппасига оми, ғўр, саводи ҳаминқадар, содда ва ишонувчан, ҳатто гўл деб таъриф-тавсиф бериш одат тусига кириб қолган. Мазкур ғоявий-мафкуравий курашнинг айрим жабҳаларини қўлдан бой бераётганимиз, мухолифларимиз фаолияти самаралироқ бўлишининг туб илдизида айни шу ҳол – душман томон куч ва имкониятларига етарли баҳо бермаётганимиздек жиддий қусурлар ётибди.

 

Аслида эса экстремистик оқим ва ҳаракатлар ичида бўлғуси аъзоларнинг бутун ҳаёти, характер ва темпераменти, қизиқишлари ва билим доираси, имон-эътиқод масаласига муносабати, моддий-маънавий эҳтиёжлари, орзу-армонларини пухта ўрганадиган билимдон мутахассислар, кучли психологлар фаолият олиб боради. Улар тўпланган маълумотларга таянган ҳолда бўлғуси “ўлжалар”нинг ҳар бирига индивидуал ёндашади ва йўл-йўриқ ишлаб чиқади. Яъни: кимнинг орзулари амалга ошмай турибди, бунда давлат идоралари ёки жамиятдаги мавжуд ҳолатнинг таъсири нечоғли; ким ҳатто отасига қарши туриб бўлса-да, “эътиқод” ҳимоясига чиқа олади; ким ҳар қандай тазйиқ ва қийноқларда ҳам гуруҳ аъзоларини, унинг раҳбарларини сотмайди – ўлимга, жиҳодга тик бора олади... мана шу каби суриштирувлар сафга янги аъзолар танланишида албатта инобатга олинади.

 

Билим ва фикрлаш қуввати ҳаминқадар, табиатан заиф, тўртта одамга гапини ўтказолмайдиган, озгина мушкулотдан гангиб ўзини йўқотиб қўядиган кишилар бу гуруҳларни қизиқтирмайди. Бугина эмас, “ҳужра”га лойиқ кўрилган, ўзлари оғиз солган кишининг истиқболига айнан ким чиқиши, у билан дастлабки ишловни ким олиб боришигача пухта ўйланади. Содда қилиб айтганда, талабага унинг яқин курсдоши, олимга илмдоши, савдогарга бозордоши, ҳунармандга касбдоши рўбарў қилинади.

 

Ҳужрадаги дарслар фақат назария, манбаларни ўрганиш билан чекланиб қолмай, тиқиштирилаётган ғояларнинг ҳаёт билан боғланишига жидду жаҳд кўрсатилади. Яъни, чинакам мусулмонлар яшайдиган жамият аслида қандай бўлиши уқтирилар экан, таълим олувчининг нигоҳи ҳаётдаги ўта салбий ҳолатларга, нуқсонларга қаратилади. Бундай ҳолатлар эса, афсуски, жамиятда ҳар қадамда учрайди. Масалан, улар кўча-кўйда, жамоат транспортида очиқ-сочиқ юрган, ҳашаматли тўйларда танасини кўз-кўз қилиб ўртани бўшатмай ўйинга (рақсга эмас!) тушаётган қиз-жувонларни кўрсатиб, аччиқ саволларни қалаштирадилар: “Шулар мусулмон миллатими, исломий жамиятда шунга йўл қўйиладими, Яратган аёлни шунга буюрадими, буларнинг эри, ака-укаси борми, агар бўлса, энди уларнинг исломий ҳукми нима бўлади?!” ва ҳоказо.

 

Шу тариқа тузоққа илинган “ўлжа”нинг нигоҳи ўзга “масъалаю масойиллар” томон бурилади. Одам ўзи яшаётган жамиятга ётлашиб, ич-ичдан замондошларига нисбатан душманлик, улар қилиб юрган кори амалга қарши нафрат ҳисси билан тўлиб боради. Қарабсизки, ҳужраларда уч-тўрт йил обдон шундай “таълим-тарбия олган”, дейлик, ёш адабиётшунос олимнинг кўзига “ажойиб кунларнинг бирида” тик боқиб сўралади: “Бошлаб қўйган илмий ишингизнинг мавзуси нима эди? “Замонавий модерн адабиётининг стилистик жиҳатлари”миди? Биродар, бир кун келиб Оллоҳнинг ҳузурига борганингизда Яратган Эгам сиздан яшаганинг ҳаётда қандай иш қилиб келдинг, деб сўраса, нима деб жавоб берасиз? Ўша илмий ишингизнинг номини айтасизми?..”

 

Худди шу янглиғ саволлар талабанинг ҳам, ҳунарманду савдогарнинг ҳам, аёлу эркакнинг ҳам олдига кўндаланг қўйиладию “энг тўғри жавоб”ни топишда (жиҳодга даъват йўли билан) “холис кўмаклашиб” юборилади...

 

Ана шундай куч ва имкониятларга эга бўлган экстремистик оқимларнинг ҳаракат доираси тобора кенгайиб, хатарли тус олаётгани борасида ислом дунёсининг энг йирик уламолари ҳам жиддий ташвиш билан бонг урмоқдалар. Улардан бири – Ал-Азҳар университети шайхи, номи 2013 йилги “Дунёнинг энг таъсирли 500 мусулмони” рўйхати аввалида қайд этилган Аҳмад Тоййиб ҳазратларидир. Олим 2015 йил февраль ойида Макка шаҳрида бўлиб ўтган “Террорга қарши кураш ва ислом” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқида, жумладан, қуйидагиларни уқтирган эди: “Ҳурматли уламолар! Биз араб ва мусулмонларни мўлжал қилган ва уларни батамом бошқа шаклга келтиришни ҳамда ўз мамлакатларида уларни пароканда қилишни хоҳлаётган катта-катта халқаро режаларга тўқнаш келиб турганимизни яхши биласизлар. Ва яна исломга хайрихоҳ бўлмаганлар билан қўлма-қўл ва елкама-елка ҳамкор бўлиб турган, дунёни янгича мустамлака қилиш орзусида бўлган кимсалар қаршисида турганимизни ҳам биласиз.

 

Шуни ҳам унутмаслигимиз лозимки, янгича мустамлака қилиш йўлида фойдаланилаётган ягона восита ўтган асрда амалда қўлланган айни воситанинг ўзидир. У ҳам бўлса, уларнинг “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” деган ваҳшиёна шиорларидир. Уларнинг мазкур шиорлари бу сафар мазҳаблар ва тоифалар ўртасидаги ихтилоф, кескинлик ўчоғини келтириб чиқаришга асосланади. Минг афсуски, шу сафар ҳам бу умматни хоҳлаганларига ўйнатишди ва хоҳлаганларича макр-ҳийла, хиёнат ҳамда четдан туриб бошқаришни амалга оширишди. Бу маккор ўйин натижасида Ироқ бой берилди, Сурия ўт ичида қолди, Яман парчаланди, Ливия эса барбод бўлди. Яна улар кўз остиларига олган, Оллоҳнинг ўзигина биладиган қанчадан-қанча мўлжал ва режалари бор” (Дунё уламолари мурожаати. Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2016. 61-64-бетлар).

 

Бу гаплар бир томонда Саудия Арабистони бошлиқ аҳолисининг асосий қисми сунний, иккинчи ёқда эса Эрон бошлиқ шиа мазҳабига мансуб мамлакатлар ўртасида қўзғатилган ўта хавфли зиддиятлар ва шу асосда араб дунёсида тобора авж олаётган биродаркушлик урушларини ёдга солади. Бу мамлакатлар шу ихтилофдан манфаатдор бўлган йирик давлатлардан бир-бирини отиш учун энг замонавий, қирғин кучи оширилган ажал қуролларини тобора кўпроқ, бир неча юз миллиардлаб доллар эвазига сотиб олаётир...

 

Ўрни келганда муштарийлар эътиборини яна бир тарихий параллелга қаратсак. Улуғ рус адиби Фёдор Достоевский “Бесы” (“Жинлар”) романида она юрти Россия ҳудудига четдан кириб келаётган, юзаки қараганда гўё халқ бахти учун курашни олий мақсад деб эълон қилган, аслида эса бепоён ўлка ҳудудини улкан тажриба – социалистик ғояларнинг синов майдонига айлантирмоқни кўзлаган одам қиёфасидаги жинларнинг асл башарасини очиб беради. Асар қаҳрамонларининг аксари Германияда ўқиб, хатарли ғоялар билан қуролланиб қайтган нигилистлардир. Улар инсоният бахтли, фаровон ва озод яшашини таъминлаш учун жамиятларни таг-туги билан қўпориб ташлаш, бошқарувчиларни аёвсиз қириш, ўтмиш билан боғлиқ жамики қадриятларни остин-устун қилиш, халқлар, миллатлар дунёқарашини тубдан ўзгартириш даъвосини илгари сурадилар. Улар назарида ҳар жиҳатдан қолоқ, Европа цивилизациясидан узилиб қолган, бой-зодагонлари томонидан таланаётган Россия эса тажриба майдони сифатида танланиши керак...

 

Шуниси ҳайратланарлики, бу ваҳший ғоянинг бош тарғиботчиси Пётр Верховенский тили билан айтганда, “бор-йўғи юз миллион одамнинг бошини узиш керак бўлади, холос!” дея иш бошлаган “жинлар” қўллаган усуллардан бугунги ислом дунёсидаги диний экстремистик гуруҳлар ҳам деярли ўзгаришсиз фойдаланмоқда. Хориж “сабоғи” ва йўл-йўриғини олган “жинлар”нинг ҳар бири беш кишидан иборат ҳалқа тарзида яширин фаолият олиб борган бўлса, бутун дунёни халифалик бошқарувигина бахт ва иқболга дохил этишини даъво қиладиган ҳизбчилар ҳам ҳар бири беш кишилик ҳужралар тизимини ташкил этди. Айни “ҳалқа”ларда обдон ишлов берилган беш кишининг ҳар бири кейин “устоз” сифатида ўзи ҳам алоҳида бешликни йиғади ва бу жараён то “муқаддас уруш”га ишора бўлгунга қадар кенгайиб бораверади. Бамисоли маддалаб борадиган саратон ўсимтаси янглиғ...

 

Ф.Достоевский шахси ва ижодини, ғоя ҳамда қарашларини В.Ленин ҳам, унинг издошлари ҳам хушламагани маълум. Бунинг бош сабаби шуки, улуғ ёзувчи асарларида инсониятга огоҳлик қўнғироғи сифатида янграган чақириқлар марксистик ғояларга мутлақо зид эди. Таъбир жоиз бўлса, адиб асарлари Германиядаги сиёсий ва ҳарбий доираларнинг таъсирига тушган, Русия империясида “инқилобий ҳаракат”ни вужудга келтириш ва биродаркушлик оловини ёқиш учун ўша мамлакат молия гуруҳларидан аллақанча сармоя олиб турган Лениннинг фаолиятини фош этар эди.

 

Айнан Ленин туғилган 1870 йилда ёзила бошлаган, улуғ ёзувчининг башоратича, тез оёққа туриб Россияни ёппа босиб келаётган сиёсий жинлар тажовузидан огоҳлантириш мақсадида битилган бу асарнинг аҳамияти ҳеч қачон сусаймайди. Зеро, бугун дунёни бўлиб олишга янги уринишлар авж олган даврда турли халқлар, жумладан, ўзбек ёшларини ўз “бағри”га чорлаётган, Ер юзининг турли минтақаларида ташкил этилган мафкуравий марказларда уларни ўз ватани, дини ва миллатига душманлик руҳида тарбиялаётган кучлар илгари сураётган қуйидаги каби ғоялар бундан 150 йил аввал П.Верховенский томонидан хуштаъм коньяк сипқорганча айтилган бояги фикрдан (“бор-йўғи юз миллион одамнинг бошини узиш керак бўлади, холос!”) деярли фарқ қилмайди: “Инсонлар табиатан урушни ёмон кўрсалар ҳам ва ўзаро муаммоларни тинчлик воситалари билан ечишга уринсалар ҳам, ўзлари ёмон кўрган нарсага мажбур қилинишлари аниқдир. Шунинг учун ҳам инсонлар бу урушлардан узоқлашишга қанчалар ҳаракат қилишса ҳам улар ўртасида уруш бўлиши муқаррар. Улар урушни тўхтатишга қодир эмаслар... Миллатлар ва халқлар ўртасидаги ҳамда давлатлараро тинчлик, гарчи унга интилиш чиройли иш бўлса ҳам, лекин уни доимий шаклда рўёбга чиқаришнинг имкони йўқ, балки уруш бўлиши муқаррар, Шунинг учун бирор инсоннинг урушларни ман қилиш ҳақида фикрлаши хатодир” (бу ҳақда батафсил қаранг: О.Аббосхўжаев, Н.Умарова, Р.Қўчқоров. Мафкура полигонларидаги олишув. Тошкент, “Академия” нашриёти, 2007. 58–75-бетлар).

 

Телекўрсатувларни эътибор билан кузатганда, ноқонуний гуруҳларнинг жиноий ҳаракатлари учун қўлга олиниб, қилмишига яраша жазога тортилган аъзолари унча-мунча зиёли одамдан қолишмайдиган даражада мантиқли, аниқ фикрлаши, мулоҳазаларини ҳар жиҳатдан тўғри ифода этиши билан ажралиб туришини сезмаслик мумкин эмас. Демак, уларни нуқул оми ва ғўр деб ўйлаш, бизнингча, ўта бирёқламалик, масалага масъулиятсиз ёндашувдир. Тан олайликки, экстремистик ташкилотлар биз ўйлаганчалик гўл кишилар билан узоққа боролмай, ўзини ўзи осонгина фош қилган, сафларини бу қадар кенгайтира олмаган бўлар эди. Шундай экан, биз ғоявий мухолифларимиз – замона жинларининг куч ва имкониятларини тўлиқ ҳисобга олиб ҳаракат қилсаккина, кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз.

 

Раҳмон ҚЎЧҚОР

 

Tafakkur журнали, 2019 йил 4-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//