Глобаллашув дунёни ҳам, одамларни ҳам кескин ўзгартириб юборяпти. Гоҳо замондан орқада қолиб кетдиммикан деган хавотирли ўйларга бориб қоламан. Шунда қадриятлар, анъаналар, яшашдаги мезонларнинг аввал ва ҳозир қандайлиги ҳақида ўйлаб қоламан. Масалан, одамга яшаши учун нималар кераклиги ёки одамнинг яшашига нималар ҳалал бериши ҳақида фикр қиламан.
Олдинлари одамлар бир-бирининг ёнига шунчаки, иши бўлмаса ҳам гурунглашиш учун бораверарди. Ҳозир гурунгга вақт йўқ. Иши бўлмаса, биров-бировга қўнғироқ қилиши ҳам амримаҳол.
Олдинлари одамларнинг тўқсон тўққиз фоизида йиғинди пул бўлмасди. Лекин қўрқмай яшайверарди. Ҳозир оддий мардикорнинг ҳам озми-кўпми йиққан-тергани бор. Агар йўқ бўлса, ҳаловати ҳам йўқ.
Олдинлари кимдир раҳбар бўлиб тайинланса, ўша кишини таниган-танимаган одамлар ғойибона “Жуда яхши, халқпарвар одам экан дейишаяпти. Худо назар қилган киши экан-да. Бўлмаса катта бўлармиди?” деб яхши гумон қилишар эди. Ҳозир эса энди иш бошлаётган раҳбарнинг ёмон жиҳатини топишга уриниш урфга кириб боряпти.
Олдинлари бир киши ким биландир кўришиши керак бўлса, у билан бир ой олдин аҳдлашиб қўйса бас, ўша манзилга айтилган вақтда борар эди. Ҳозир телефонда юз марта келишилгандан кейин ҳам бирор нарса тўғри келмай қолиб ваъдалар бузилаяпти.
Олдин қишдан бир жуфт поябзал, битта қалин кийим билан, ёздан ҳам оддий сатин ё чит кўйлак билан ўтаверишарди. Ҳозир қишнинг қорли кунлари учун, қуёшли кунлари учун, шамолли фурсат учун алоҳида-алоҳида, бош-оёқ либослар бўлмаса, кўнгил жойига тушмайди. Баҳор ва ёзни ҳам шундай кутиб олиб, шундай кузатадилар. Имом Бухорийдай зотнинг бир жуфт либоси бўлган экан, агар уни ювишга берса, бошқа кўчалик либоси йўқ экан. Лекин у Имом Бухорий бўлган экан. Билмадим, кимники тўғри…
Олдинлари уч-тўрт хонали бир уйга иккита келин тушириб олишар ва янги қўшилган икки оила ота оиласи билан бирга йиллар давомида аҳил яшаб, фарзандлар кўриб юраверишарди. Бу уйга меҳмон ҳам келар эди. Ҳозир янги келинга янги уй бўлмаса бўлмаяпти. Унинг уйида ётоқ, сеп-у жиҳозлар турадиган хона, алоҳида ҳаммом, алоҳида ошхона, хуллас, алоҳида ҳаёт бўлиши керак. Бўлмаса муаммо чиқяпти.
Олдинлари қишлоқларда одамлар деворни оқлабгина қўйишарди. Уй шифтида тўсинлар кўриниб турарди. Уй аҳли ўтирадиган хоналар девори қишлоқларда ҳатто лойсувоқ бўларди. Лекин бу уйларга меҳмон кўп келарди. Ҳозир Рамзиддин исмли, умрининг кўп қисми шаҳарда устачилик қилиб ўтаётган киши уйнинг меҳмонхонасини роса 100 миллион сўмга пардозлаб безаб чиқибди. Лекин бундай уйларда меҳмон йўқ.
Олдинлар фарзандларга “Болам олим бўлсин, элга нафи тегадиган катта инсон бўлсин!” деб дуо қилишарди. Ҳозир ёлғиз ўғлидан бошқа кишиси йўқ бева аёл ҳам “Болам пулдор бўлсин, прокурор бўлсин!” деб ният қилади.
Олдинлари муаллимлар болани уришса, ота-онаси ҳам муаллимни ёқлаб, фарзандига танбеҳ берар, ҳатто тарсаки ҳам туширарди. “Муаллим хато гапирмайди, тўғри қилибди” дейишар ва “Устознинг урган жойи қиёматда куймасмиш”, дея матал ҳам айтиб қўярдилар. Ҳозир эса бирор муаллим фарзандларимизни уришиб қўйса, уни судга беришгача боряпмиз.
Олдинлари болалар маҳалла кўчасида тамаки чекмасди. Атрофдаги одамлар юзхотир қиларди, аниқроғи, қўрқар, ҳайиқарди. Ҳозир бола ўз маҳалласида чекиш ва ичишни ўрганиши мумкин. Бунга парво қилишмаяпти. Ҳа десанг, демократия дейди.
Олдинлари илми бор кишилар намозини уйда ўқирди, ҳайит намозларини ҳам кўпчилик бўлиб мулланинг ёки бирор ўзига тўқроқ кишининг ҳовлисида адо этишарди. Сираям экстремистик руҳдаги диний секталар йўқ эди. Ҳозир масжидлар очиқ, турли шаклдаги диний тарғибот дастурлари ишлаб турибди. Ҳар бир жамоат ибодатлари мусулмонларнинг хавфсизлиги учун милиция инспекторлари, саломатлиги эса тиббиёт ходимлари шайлигида назоратга олинган. Аммо динни ниқоб қилиб олган гуруҳлар мавжуд. Олдинлар Аллоҳ таолога оддийгина уйда ўтириб ташвиқотсиз ҳам қаттиқ ишонишарди. Ҳозир эса минг бир ташвиқотдан сўнг ҳам иккиланишаётгандай.
Олдинлари одамларнинг сони кам эди, орзулар катта ва кўп эди. Ҳозир эса аҳоли кўп, аммо орзулар майдалашиб қолди.
Олдин ерга экиладиган қовун-тарвузларга ҳеч ким кимёвий ўғит бермасди. Полиз экинлари бўлганича бўлиб, ғарқ пишиб ётаверар, кимдир палагига дори сепса, у сотса керак-да, дори беряпти дейишарди. Ҳозир палак эккан киши ерга уруғ қадамай туриб дори сепишни бошлайди, то пишгунча. Аммо ҳосил аввалгидек эмас. Ҳатто Чироқчининг лалми даштларида етилаётган буғдой ҳам ўғит сепилмаса ўсмай, ривож қилмай тураверади.
Олдинлари кўчада бировнинг машинаси бузилиб, эгаси шу ерлик кишиларга тайинлаб, уловни қолдириб кетса, бир йил бўлса ҳам ўша уловга ҳеч ким тегинмасди. “Омонат!” дейиларди бу. Ҳозир гаражда турган машинанинг ҳам у ер-бу ерини ечиб кетишяпти.
Одамлар олдинлари ўзларига керак нарсани олишарди. Ҳозир умуман кераксиз нарсаларга ўч бўлиб кетишди.
Олдинлари яшаш учун яшардилар. Ҳозир пул топиш учун ишлашяпти. Яшаш урфдан қоляпти.
Билмадим, ўзимни замондан орқада қолганманми деб ўйлайман гоҳо… Лекин аждодлардан мерос энг муҳим, ўзгармас, азалий мезонлар, эзгу қоидалар бизга доимо таянч бўлиб қолиши керак, деган хулосага бораман.
Собир ЖУМАЕВ
“Ma’naviy hayot” журнали, 2021-йил 3-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ