Болада ўзига ишончсизлик, стресс ва  келажак хавфи қандай пайдо бўлади?  Социологик тадқиқот


Сақлаш
12:52 / 18.05.2026 16 0

Ҳар бир ота-она ўқиши керак бўлган мақола

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, бу йил 588 111 нафар ўқувчи 9-синфни ва 446 503 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўяди. Битирув кунида кўзлари порлаб, келажакка умид билан қараган ёшларнинг ҳар бири ўз йўлини излаб турли томонларга кетади. Бир қарашда ҳаммаси табиий ва ҳайратга соладиган ҳеч нарса йўқдек. Аммо бу ёшлар келажакда ким бўлишини, қайси касбни эгаллашини, режаларини қандай амалга оширишни биладими? 11 йиллик мактаб таълими давомида ҳозир урф бўлган “софт скиллар”(юмшоқ кўникма)ни қай даражада эгаллашди? Улар кутилмаган бурилишларга тўла, ўзгарувчан дунёга мослашишни, турли вазиятларда қарор қабул қилишни, стратегик фикрлашни биладими? Болада ўзига ишонч ва шахсий нуқтаи назарни шакллантиришда ота-онанинг роли қандай? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Oyina.uz май ойи бошида “Мактаб ўқувчилари келажагини қандай кўради?” мавзусида 7—11-синф ота-оналари ўртасида сўровнома ўтказди.

 

Сўровнома натижалари ота-онанинг фарзанд тарбиясига ёндашуви қатъий назоратдан танлов эркинлигини яратиб беришга ўзгарганини кўрсатмоқда (ўқувчиларнинг 90,8% ўз касбини ўзи танлайди). Бу ижобий тенденция, бироқ муаммоли жиҳатлар ҳам борки, улар нафақат оила ичида, балки бутун жамиятда мавжуд бўшлиқларга эътиборни тортади. Хусусан, аксар ота-оналар (89,8%) мактабдаги дарслар олийгоҳга ўқишга кириш учун етарли эмаслигини тан олган. Яъни қўшимча машғулотлар ва репетиторлар мажбурий “яширин стандарт”лигича қолмоқда. Фақатгина 10,2% ота-она мактаб дастурига ишонч билдирган. Шунингдек, ҳар иккинчи бола (40,8%) ўз келажагини Ўзбекистонда кўрмаётгани ҳам ҳушёр торттирадиган жиҳат.

 

Фарзандларининг таълимга бўлган иштиёқи сўнишида ота-оналарнинг катта қисми (33,7%) смартфонларни айблаган. У ҳаттоки мактабдаги шароитларнинг яхши эмаслигини (21,4%) ҳам ортда қолдирган. Бу ота-оналар рақамли дунёни анъанавий таълим ва интизомга нисбатан хавф сифатида кўраётганини англатади.

 

 

Ўқувчилар қайси касбларга кўпроқ қизиқиш билдиряпти?

Ота-оналарнинг 29,6% фарзанди IT соҳасини танлаганини айтган. Бу замонавий трендларга мос. Кейинги ўринда ўқитувчи (19,4%) ва сўнг спортчи касблари танланган бўлса, ота-оналарнинг қолган қисми фарзанди танлайдиган касб ҳали аниқ эмаслигини айтган. Фарзандингиз шахсий қарорларни ўзи қабул қилиши керакми, деган саволга ота-оналарнинг фақат 27,6% тасдиқ жавобини белгилаган. Респондентларнинг катта қисми (71,4%) фақат “қисман“ мустақиллик тарафдори.

 

Шу ўринда, таъкидлаш керакки, болага ҳаддан ташқари ғамхўрлик қилиш унинг келажакдаги масъулияти ва ўрганиш кўникмаларига салбий таъсир қилади.

 

Амалиётчи психолог Гавҳар Тешабоеванинг айтишича, сурункали иккиланиш (абулия) ёки қарор қабул қилишни пайсалга солиш (прокрастинация) ҳолатлари катталар орасида ҳам учраб туради. Бунинг илдизи деярли ҳар доим болаликка бориб тақалади. Қарор қабул қилиш бу – шунчаки иродавий ҳаракат эмас, балки жуда мураккаб фикрлаш жараёни маҳсули. Ундан олдин бутун бир когнитив занжир: сезги, идрок, хотира, диққатни жамлаш, ҳиссиёт (эмоционал интеллект) ва умумий IQ даражаси бирдек ишлайди.

 

Бугун бола учун соғлом руҳий муҳит яратиш орқали биз 30 йилдан кейин жамиятни бошқарадиган соғлом катталар авлодини вояга етказишга замин яратамиз. Боланинг интеллектуал, жисмоний ва маънавий тарбияси билан бир қаторда, руҳий тарбияси ҳам мутлақ устувор вазифага айланиши шарт.

 

    • Илмий факт: Гарвард Бола ривожланиши маркази (Center on the Developing Child) тадқиқотларига кўра, бош миянинг қарор қабул қилиш ва импульсларни назорат қилиш учун жавобгар бўлган префронтал қобиғи айнан болаликда фаол шаклланади ва 25 ёшгача ривожланишда давом этади. Болаликдаги тажриба миянинг архитектурасини том маънода қуриб беради.

 

Замонавий технологиялар ва ижтимоий тармоқ алгоритмлари болаларга тайёр ечимлар ва уларнинг қизиқишларига мослаштирилган тайёр контентни таклиф қилмоқда. Натижада бола изланишга эмас, балки берилган вариантлардан бирини танлашга одатланиб қолади. Бу одат чуқур таҳлил, танқидий ва креатив фикрлаш кўникмаларини ишдан чиқаради.

 

Бизнинг фикрлашимиз моддий хусусиятга эга бўлиб, нейробиология қонунларига бўйсунади. Мия миллиардлаб нейрон ҳужайраларидан иборат. Агар маълум бир жараёнлар учун жавобгар бўлган нейрон йўллар мунтазам ишлатилмаса, улар аста-секин ўз изини йўқотади – мия кераксиз деб топган алоқаларни йўқ қилади. Мустақил қарор қабул қилишга ўргатилган бола эса, аксинча, тайёр шаблонларни рад этади ва ўз тажрибасига таяниб иш тутади. Масалан, фарзандингизни тил курсига ёки спортга бермоқчи бўлсангиз, унинг қобилиятига қараб, якуний танлов имкониятини боланинг ўзига қолдириш жуда муҳим.

 

    • Статистика ва тадқиқотлар: Nature журналида чоп этилган тадқиқотга кўра (2023 йил), 10 ёшгача бўлган болаларда экран қаршисида ўтказилган ортиқча вақт (кунига 3 соатдан кўп) миянинг диққатни ушлаб туриш ва бошқарув функцияларига жавобгар бўлган кулранг моддаси зичлигини 15–20 фоизга камайтиради.

 

Фарзанд билан мулоқот қилишнинг аҳамияти

2025 октябр ойида Республика Маънавият ва маърифат марказининг лойиҳа буюртмаси доирасида Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис маркази томонидан 394 872 нафар 5-11 синф ўқувчиси орасида ўтказилган кенг кўламли сўровнома натижаларидан маълум бўладики, 5-синфда болаларнинг 72,9 фоизи ота-онаси билан доим суҳбатлашса, 11-синфга бориб бу кўрсаткич 55,8 фоизга тушиб қолади. Эриксон назариясига кўра, бу даврда ўсмир “Мен кимман?” деган саволга жавоб излайди, шахс сифатида шаклланади. Сўровнома натижалари эса фарзандларимизнинг айни қўлловга муҳтож пайтида ёлғизланиб қолаётганидан дарак беради. Бу жамият учун жиддий ўйлаб кўришга мажбур қилувчи ҳол, демак.

 

Тадқиқотга кўра, ўқувчиларнинг атиги 15,7 фоизи янги мавзуни ўзлаштирганини мустақил текшира олади (ўзига савол бериш орқали). Қолган қисми ё шунчаки қайта ўқийди, ё «билмайман, имтиҳонда кўраман» дея, тасодифий омадга ишониб яшайди. Бу дегани, ёшларда янги билимларни ўзлаштириш кўникмаси ҳали паст.

 

Ҳар тўртинчи ўқувчи (24,9%) эса имтиҳон олдидаги стрессни умуман бошқара олмайди. Бу ҳолнинг салбий томони шундаки, билим бўлса-ю, стресс вазиятларга чидамлилик бўлмаса, бола ўзидаги потенциални юзага чиқара олмайди.

 

 

Ўғил болаларда нега ўзига бўлган ишонч пастроқ? 

Бугунги кунда жамиятимизда гендер дисбалансига гувоҳ бўляпмиз: қизларда ўзига бўлган ишонч даражаси юксалиб бораётган бир пайтда, ўғил болаларда бу кўрсаткич шиддат билан пасаймоқда, — дейди Гавҳар Тешабоева. – Бунинг асосий сабаби – камҳаракатлик ва асосий вақтни компьютер қаршисида ўтказиш. Ўғил болалар атроф-муҳит ва табиатни англаш, тенгдошлари билан жонли мулоқот қилиш ўрнига, вақтларини виртуал дунёда ўтказишмоқда.

 

Бола келажакда ўзини йўқотиб қўймаслиги учун фақат академик билимлар (Hard Skills) етарли эмас. Эндиликда юмшоқ кўникмалар (Soft Skills): стрессга чидамлилик, ғазабни бошқариш, ҳиссиётларни таниш ва уларни ижобий томонга трансформация қила олиш биринчи ўринга чиқмоқда. Биз болаларни ёшлигиданоқ фақат стандарт IQ билан чекламай, SQ (социал/ижтимоий интеллект) ва PQ (амалий интеллект) билимлари билан ҳам таништиришимиз керак.

 

Биз дунёдаги энг доно одамни тарбиялашимиз, болага барча фанларни мукаммал ўргатишимиз мумкин. Лекин унда ҳаётий кўникмалар ва руҳий мувозанат бўлмаса, ўша юқори интеллект эгаси стресслар қаршисида ожиз қолиб, суицидал фикрлар билан яшамаслигига кафолат йўқ.

 

Муваффақиятсизликларни енгиб ўтиш ва қийинчиликларга мослашиш – XXI асрнинг энг олий кўникмаси бўлиб, инсоннинг бахтли яшашини айнан шу омил белгилайди.

 

    • Илмий исботланган факт: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва болалар психологияси соҳасидаги мета-анализларга кўра, мактаб ёшида ижтимоий-эмоционал кўникмаларни (SEL) ривожлантириш ўсмирлардаги хавотирлик даражасини 30 фоизга, келажакдаги деструктив (ўзига зарар етказувчи) хулқ-атвор хавфини эса 25 фоизга камайтиради.

 

Ота-оналарнинг 75,5% фарзандини Ўзбекистонда қолишини хоҳлайди. Бироқ, ўқувчиларнинг қарийб ярми (40,8%) ўз келажагини хорижда кўради. Бу ерда “истаклар тўқнашуви” кўзга ташланади. Ота-она, табиийки, фарзандини ёнида ва хавфсизликда кўргиси келади, бола эса бошқа режа тузган.

 

Бу яқин 5-10 йил ичида миллий иқтисодиёт ва демография учун ҳам жиддий чақириқ бўлиши мумкин.

 

Меҳнат психологияси ва таълим социологияси соҳасидаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, танлов муаллифлиги карьерадаги муваффақият ёки ҳафсаласизликни ўн йилларга олдиндан аниқлаб берувчи омиллардан биридир.

 

Бола касбни ўзи танлаганда унинг карьераси ички мотивацияси асосига қурилади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, ўз йўлини мустақил танлаган одамлар ишининг дастлабки 10 йилида маънавий чарчоқдан 30-40%га камроқ азият чекади. Улар қийинчиликларни уқубат эмас, балки челленж сифатида қабул қилади. Соҳага қизиқиши юқори бўлган мутахассислар унга ёндош кўникмаларни тезроқ эгаллаши аниқланган.

 

Шунингдек, шахсий қизиқишлари ва касбий мажбуриятлари ўртасидаги мутаносиблик тўғридан-тўғри бахтиёрлик даражасига таъсир қилади: касбини ўзи танлаган ходимлар бошқаларнинг маслаҳатига амал қилганларга нисбатан ўз ҳаётини 15-20% га юқорироқ баҳолаган.

 

Энди бунинг акси, яъни, танлов ота-она босими билан амалга оширилган ҳолатларда натижалар қандай бўлганини кўриб чиқамиз. Бунда бошқаларнинг мақсадини ўзлаштириш ҳолати юз беради. Тадқиқотларда бир неча маротаба исботланганки, 28-32 ёшда касбини ўзгартириш айнан “ота-она ишончини оқлаш учун” ўқиганлар орасида жуда кўп учрайди.

 

Олтин ўрталиқ: ечим қаерда?

Энг муваффақиятли карьералар, замонавий тадқиқотларга ишонадиган бўлсак, ота-онаси автоном қўллаб-қувватлаш стратегиясига риоя қилган болаларда кўзга ташланади. Бунда ота-она фарзанд учун танлов қилмайди, балки мос муҳитни шакллантиради: ўқув курслари учун пул тўлайди, экспертлар билан таништиради, бозор ҳолатини муҳокама қилади.

 

Дунё бўйлаб ўтказилган барча кузатиш ва тадқиқотлардан маълум бўладики, нуфузли олийгоҳ дипломига киритилган сармоядан кўра боланинг мустақиллигига киритилган сармоя салмоғи анча юқори.

 

Ҳозир биз олдинги дунёга умуман ўхшамайдиган реалликда яшаяпмиз. 2030 йилларга бориб барқарорлик касбдан эмас, балки инсон яратадиган уникал қийматга (танқидий фикрлаш, эмпатия, ахлоқ) боғлиқ бўлади.

 

Одам йиллар давомида ўқиб ўрганган кўникмаларини СИ сониялар ичида бажара оладиган ҳозирги шароитда ота-оналарнинг вазифаси ўз олдига мақсад қўя оладиган ва танлов учун масъулиятни зиммасига олишни биладиган шахсларни тарбиялашдан иборат. Биз болани хато қилиш ёки мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилсак, уни автоматлашган “робот” бўлишдан ҳимоя қиладиган ижодкорлик, танқидий фикр ва эмоционал интеллект каби скиллар ривожланишига тўсиқ яратган бўламиз. Айнан шунинг учун ҳозирда кўп мутахассислар инсонларда хард(қаттиқ) скиллар эмас, балки софт(юмшоқ) скилларни ривожлантириш муҳимроқ эканлигини таъкидламоқда. Шундай экан, биз болаларга кутилмаган вазиятларда ўзини йўқотмаслик, муаммоларга енгиб ўтилиши керак бўлган синовдек қараш, вазиятга ечим топа олишни ўргатишимиз зарур.

 

Висола ҚАРШИБОЕВА,

журналист

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34724
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//