Инсон қўрқувларидан қандай халос бўлади? Cенека мактублари шарҳи


Сақлаш
16:21 / 08.04.2026 15 0

Сенека Луцилийга салом йўллайди!

Бошлаган ишингни қатъият билан давом эттир ва қалбинг камолоти ҳамда хотиржамлигидан узоқроқ баҳраманд бўлиш учун қодир бўлганингча илдам бўл. Қалб юксалиши ва осойишталикка интилишнинг ўзида ҳам лаззат бор; бироқ нуқсонлардан холи ва беғубор руҳни мушоҳада қилганда мутлақо бошқача ҳузур туясан.

 

Сен ҳақли равишда эсга олганинг, претекста (вояга етгунча кийиладиган олий насаблар кийими)ни ечиб, эркаклар тогаси (вояга етгандан кейин кийиладиган олий насаблар кийими)ни кийиб, форумга олиб чиқилганингда қандай қувончга тўлгансан? Болалик феъл-атворингдан халос бўлиб, фалсафа сени эркаклар сафига қўшганда, ундан-да каттароқ қувонч сени кутмоқда. Зеро, ҳозиргача бизда болалик босқичи эмас, балки ундан-да хавфлироқ бўлган боласифатлик сақланиб қолмоқда. Бундан-да ёмони шуки, бизни мўйсафидлар деб ҳурмат қилишса-да, ичимизда нафақат болачаларнинг, ҳатто гўдакларнинг қусурлари яшайди. Зотан, гўдаклар арзимас (пуч) нарсалардан, болачалар хаёлий (сароб) нарсалардан қўрқади, биз эса ҳар иккаласидан ҳам.

 

Бир қадам олға ташла, шунда тушунасанки, кўп нарсаларда (асоссиз) катта қўрқув яширингани учунгина қўрқинчли бўлиб кўринади, холос. Ҳеч бир ёвузлик (бало) улкан эмас, агар у охиргиси бўлса. Масалан, ўлим сен билан абадий қолиб кетганида қўрқинчли бўларди. Лекин у айни дамда келмаяпти, келса ҳам бир лаҳзада ўтиб кетади, бошқача бўлиши мумкин эмас.

 

“Руҳнинг ҳаётни назар-писанд қилмаслигига эришиш осон эмас“, дейсан. Аммо одамларнинг қандай арзимас сабаблар билан ҳаётдан нафратланиб воз кечаётганини кўрмаяпсанми? Кимдир маъшуқасининг эшиги олдида ўзини осиб қўяди, бошқа бири хўжайин бақир-чақирини эшитмаслик учун томдан ўзини ташлайди, яна бири эса қочиш пайтида қайтариб келмасин деб қорнига пичоқ тортади. Осуда ҳаёт уни узайтириш ҳақида тинимсиз ўйлайдиганлар, кўплаб консулликларни (Римликлар йилларни шу йили сайланган консуллар номи билан атаган – Ҳ.С) бошдан кечиришни буюк бахт деб биладиганлар учун эмас.

 

Бу ҳақда ҳар куни тафаккур қил, шунда сен кўпчилик жон-жаҳди билан ёпишиб олган ҳаётдан бефарқ кета оласан. Улар ҳуддики оқим олиб кетаётган одамдай – тиканли буталар ва ўткир тошларга қўллари билан тирмашиб бўлса ҳам омон қолишга ҳаракат қилишади. Кўпчилик ўлим қўрқуви ва ҳаёт машаққати ўртасида сарсон, улар нотавондирлар: на яшашни исташади, на ўлишни биладилар.

 

Ҳаётингни ёқимли қил, ҳар қандай ташвишларни четга сур. Қалбида уни йўқотишга тайёр бўлмаса, ҳеч қандай неъмат эгасига қувонч келтирмайди. Қўлдан кетганида афсусланишга арзимайдиган нарсадан айрилиш эса оғриқсиз кечади. Шунинг учун ҳатто энг қудратлилар бошидан кечириши кутиладиган зарбаларга қарши руҳингни жасорат билан мустаҳкамла ва чиниқтир.

 

Помпейга ўлим ҳукмини бичилган ўсмир чиқарганди, Крассга эса шафқатсиз ва сурбет парфиялик. Лепидга тиғ остига бўйнини қўйишни буюрган Гай Цезар эди ва унинг ўзи ҳам Хереянинг қиличи зарбасига дучор бўлди. Сокинликка ишонма: бир лаҳзада денгиз тўлқинланиб, ҳозиргина бемалол сузиб юрган кемаларни ютиб юборади.

 

Фикр қил, бўғзингга қилични қароқчи ҳам, душман ҳам тираши мумкин. Аммо олий ҳокимият сенга таҳдид солмасин, акс ҳолда ҳар қандай қул ҳаётинг ва ўлимингни тасарруф қилиши мумкин. Мен шундай дейман: кимки ўз ҳаётини назар-писанд қилмаса, у сенинг ҳаётинг устидан эгалик қилади. Уйидаги фитналар туфайли зўрлик ёки ҳийла билан ҳалок бўлганлар мисолларини эсла, шунда тушунасанки, қуллар ғазабидан нобуд бўлганлар, подшоҳ ғазабидан нобуд бўлганлардан кам эмас. Хўш, энди айт-чи, агар сен қўрқаётган нарса ҳар қандай одамнинг қўлидан келадиган иш бўлса, у ҳолда сен қўрқаётган кишининг қудрати нима аҳамиятга эга?

 

Айтайлик, душман қўлига тушдинг ва у сени ўлимга маҳкум этди. Аммо сен шундоқ ҳам ўша мақсад (манзил) сари бораётган эдинг-ку! Ахир нега ўзингни алдайсан, гўё доим юз бераётган нарсани энди англагандек? Сенга айтаманки, туғилган кунингданоқ ўлим томон йўл олмоқдасан. Агар сўнгги соатни хотиржам кутмоқчи бўлсак, бу ҳақда доимо ўйлашимиз ва эсда тутишимиз лозим. Чунки айнан шу сўнгги соат қўрқуви қолган барча вақтимизда бизни хотиржамликдан маҳрум этади.

 

Мактубимни якунлашим учун бугун назарим тушган нарсани билиб ол (бу ўзгалар боғидан узиб олинган): “Камбағаллик – табиат қонунига мувофиқ, катта бойликдир“. Табиатнинг бу қонуни бизга қандай чегаралар қўйишини биласанми? Ташналикка ҳам, очликка ҳам, совуққа ҳам йўқ дейиш. Очлик ва ташналикни қондириш учун такаббурлар остонасига елиш, қовоғи солиқ одамларнинг димоғдорлигига ёки ҳақоратли мулозаматига чидаш, денгиз сарҳадларида бахт деб зўриқиш ёки қўшин ортидан эргашишнинг ҳожати йўқ. Табиат талаб қиладиган нарсалар осон ва имконлидир. Биз фақат ортиқча нарсалар (ҳашамат) учунгина тер тўкамиз.

 

Айнан ортиқча матоҳларни деб тўнни ямоққа тўлдирамиз, муҳораба чодирларида қариймиз, бегона қирғоқларга тушиб қоламиз. Бизга етарли бўладиган нарсалар эса қўл остимизда бўлади. Кимга камбағалликда ҳам яхши бўлса – ўша бойдир.

Саломат бўл.

 

ШАРҲ

Тўртинчи мактубда стоик фалсафасининг икки тушунчаси – камолот ва осойишталик ўзаро ажралмас ҳолда қўйилади. Мактуб қисқа, аммо мазмунан жуда зич: у фалсафани натижа эмас, жараён сифатида англашга ўргатади. Сенека Луцилийни “бошлаган ишингни қатъият билан давом эттир” дея чақириши биланоқ, фалсафани бир марталик қарор ёки назарий қизиқиш эмас, балки узлуксиз машқ сифатида белгилайди. Бу ерда қатъият – ироданинг ташқи ифодасимас, балки инсоннинг ўз-ўзи билан келишуви: кимки фалсафий йўлга кирган бўлса, у энди ортга қайтишни эмас, чуқурлашишни танлаши керак. Стоикча нуқтаи назарда, камолот тезлик билан эмас, изчиллик билан ўлчанади.

Мактубда “илдам бўл” деган даъват бор, лекин бу шошқалоқлик дегани эмас. Сенека бу ерда вақт қадри ҳақидаги ўз таълимотига таянади: қалб камолотига интилиш кечиктиришни кўтармайди. Чунки ҳар бир кечиктирилган кун бой берилган руҳий имконият дегани. Шу билан бирга, у инсонни натижага шошмасликка ҳам чақиряпти: фалсафий ҳаракатнинг ўзида ҳам лаззат бор. Сенека айтадики, қалб юксалиши ва осойишталикка интилишнинг ўзиёқ ҳузур манбаи. Демак, бахт камолотга етиб бўлингандан кейингина эмас, балки камолот сари тўғри ҳаракат қилаётган оннинг ўзида пайдо бўлади. Бу стоик этиканинг нозик нуқтаси: бахт – мукофот эмас, балки тўғри йўлнинг ички белгисидир.

 

Сенека икки хил ҳузурни фарқлайди. Биринчиси, ҳаракатдан туғиладиган ҳузур: инсон ўзини тўғри йўлда эканини ҳис қилади, ички тартибга кира бошлайди. Иккинчиси эса мутлақо бошқача даражадаги ҳузур: нуқсонлардан холи, беғубор руҳни мушоҳада қилишдан туғиладиган ҳузур. Бу мақсадга яқинлашиш эмас, балки мақсаднинг ўзи билан учрашув, дегани. Бу ерда “мушоҳада қилиш” муҳим. Сенека учун беғубор руҳ – фақат ахлоқий ҳолат эмас, балки идрок манбаси ҳамдир. Инсон қалбидаги тартибни кўра олганида, у нафақат тинчланади, балки ўзи билан ярашиб олади. Бу ҳолатда ҳузур ҳиссий қувонч эмас, хотиржам равшанликка айланади. Шу тариқа, мактубда стоик фалсафанинг уч босқичи яширин тарзда ифодаланган: фалсафий йўлга кириш ва қатъият, камолотга интилиш жараёнидан туғиладиган ҳузур, беғубор руҳни англаш орқали эришиладиган чуқур осойишталик.

 

Сенекага кўра, фалсафа инсонни фақат яхшироқ қилиб қўймайди, у яхшиликни ҳис этиш қобилиятини ҳам беради. Камолот – оғир мажбурият эмас, балки онгли равишда танланган ҳузур манбаидир. Шунинг учун Сенека Луцилийни тезроқ боришга эмас, тўхтамасдан боришга чорлайди. Кейинги қисмларида айнан шу йўлнинг қандай босқичлардан ўтиши очиб берилади. Жисмоний ёш билан маънавий камолот бир хил эмас, ҳатто, кўпинча улар бир-бирига зид ҳолатда мавжуд бўлади.

 

Сенека Рим анъанасидаги рамздан – претекстани ечиб, эркаклар тогасини кийиш маросимидан бошлайди. Бу маросим инсоннинг болаликдан чиқиб, жамият олдида тўлиқ фуқаро сифатида тан олинишини англатган. Луцилийнинг ўша пайтда ҳис этган қувончи табиий: у ҳуқуқий, ижтимоий ва рамзий жиҳатдан “катта” бўлган эди. Аммо Сенека учун бу қувонч ҳали юзаки ва ташқи. Асосий бурилиш шу ерда келади: фалсафа инсонни “эркаклар сафига қўшганда”, яъни уни маънавий жиҳатдан вояга етказганда, ундан-да каттароқ қувонч пайдо бўлади. Демак, ҳақиқий вояга етиш кийим алмаштириш ёки форумга чиқиш эмас, балки феъл-атвор ўзгаришидир. Фалсафа инсонни маълум ёшга етказмайди, балки болаликдан халос қилади.

 

Бизда болалик ёши эмас, боласифатлик сақланиб қолган. Боласифатлик бу – биологик ҳолат эмас, балки руҳий иллат. У қўрқувларда, истакларда, қарор қабул қилишда намоён бўлади. Инсон ташқи томондан катта, ҳатто қария бўлиши мумкин, лекин ичида ҳали ҳам тарбияланмаган, ўзини идора қила олмайдиган ҳолат қолаверади. Бу ерда Сенека «Жамият бизни қариялар деб ҳурмат қилади, аммо ичимизда нафақат болаларнинг, ҳатто гўдакларнинг қусурлари яшайди. Яъни муаммо фақат беқарор истакларда эмас, балки ақлга бўйсунмаган қўрқувларда. Инсон ёш ўтгани сари қўрқувдан халос бўлиши керак эди, аммо амалда у қўрқувларини фақат шаклан ўзгартиради», демоқчи бўлади. Охирги қиёс бу фикрни чуқурлаштиради: гўдаклар арзимас, пуч нарсалардан қўрқади; болачалар – хаёлий, сароб нарсалардан; катталар эса ҳар иккаласидан ҳам. Бу нозик психологик таҳлил. Катта инсон қўрқувини инкор қилмайди, балки уни ақл билан оқлайди. Шу сабабли у қўрқувдан қутулмайди, аксинча, уни мураккаброқ шаклга солади.

 

Шу маънода, Сенекада фалсафанинг вазифаси таълим бериш эмас, балки иккинчи бор вояга етказишдир. Фалсафа инсонни ёшдан эмас, боласифатликдан чиқаради; у қўрқувни камайтиради, истакни тартибга солади, ақлни ҳукмрон қилади. Ана шундагина инсон ҳақиқий маънода “эркаклар сафига” қўшилади. Сен жамият назарида каттамисан ёки ўз қалбинг назарида? Агар қўрқувларинг ҳали ҳам гўдакники каби бўлса, сен кийимингни алмаштиргансан, холос, ўзингни эмас.

 

Сенека “бир қадам олға ташла” дейди. Бу жисмоний ҳаракат эмас, балки ақлий жасоратга чақириқдир. Инсон қўрқувдан қочиб юргани сари, у қўрқув улканлашади; унга рўбарў келганида эса, у қўрқувнинг кўп қисми асоссиз экани маълум бўлади. Демак, қўрқувнинг даҳшатли кўриниши унинг ҳақиқий кучидан эмас, олдиндан тўпланган хаёллардан келиб чиқади. “Кўп нарсаларда катта қўрқув яширингани учунгина шунчалик қўрқинчли бўлиб кўринади” деган фикр стоик психологиянинг асосидир. Инсон воқеадан эмас, балки воқеа ҳақидаги кутилмадан азият чекади. Қўрқув – келажакка кўчириб қўйилган азоб: ҳали содир бўлмаган нарсани инсон онгида минг марта яшаб чиқади.

 

Сенека “ҳеч бир ёвузлик улкан эмас, агар у охиргиси бўлса” дейди. Бу ерда у ўлимни назарда тутади. Агар бир бало инсонни азобдан азобга олиб ўтадиган давомий ҳолат бўлса, у ҳақиқатан қўрқинчли. Аммо ўлим – узлуксизлик эмас, якун. Шу боис у улкан эмас, у ёмонликлар занжирини узади. Ўлим ҳақидаги мулоҳаза стоиклар учун ҳал қилувчи нуқтадир. Сенека айтади: ўлим сен билан абадий қоладиган нарса бўлганидагина қўрқинчли бўлар эди. Лекин у ё келмаган, ё келса ҳам ўтиб кетади. Бу ерда ўлим абадий азоб сифатида эмас, бир лаҳзалик ҳодиса сифатида тасвирланади. Инсон қўрқуви эса уни чексиз давом этувчи ҳолатга айлантириб қўяди. Агар ўлим ҳали келмаган бўлса, ундан қўрқишга ҳозирча асос йўқ; агар келган бўлса, ундан қўрқишга вақт йўқ. Демак, ўлим қўрқуви инсонни фақат ҳозирги ондан маҳрум қилади, холос. У ҳаётни асраб қолмайди, балки уни қисқартиради. Сенека қўрқувни енгишнинг усулини ҳам билвосита кўрсатади: у қўрқувни ҳиссий йўл билан эмас, ақлий тарзда майдалайди. Қўрқув катта кўринади – уни вақтга бўлиб чиқ; абадий туюлади – уни лаҳзага айлантир; номаълум кўринади – уни мантиқий таҳлил қил. Шунда у қудратини йўқотади. Инсонда қўрқув уйғотадиган нарса воқеалар эмас, балки улар ҳақидаги тасаввурнинг чегарасизлигидир. Бир қадам олға ташлаган инсон қўрқувнинг ичида махлуқ эмас, соя борлигини кўради. Ўлим эса соя ҳам эмас, у фақат лаҳза. Ана шу англашдан кейин хотиржамлик бошланади.

Сенека Луцилийнинг “руҳнинг ҳаётни назар-писанд қилмаслигига эришиш осон эмас”, деган эътирозини қабул қилади. Лекин у дарҳол қарши савол қўяди – одамлар ҳаётдан нақадар осон воз кечишга тайёрлигини кўрмаймизми? Бу ерда у ахлоқий парадоксни очади: инсонлар ҳаётни ақлий қарор билан эмас, балки арзимас, тасодифий сабаблар билан тарк этишга қодир. Маъшуқасининг эшиги олдидаги ҳақорат, хўжайиннинг бақириғи, қочишда туғилган қўрқув – булар ҳаётнинг ўзига эмас, унинг майда таҳқирларига берилган реакциядир. Сенека бу мисолларни атайлаб қаттиқ шаклда келтиради. Унинг мақсади ўлимни тарғиб қилиш эмас, балки шундай саволни ўртага қўйиш: агар инсонлар қўрқув, шармандалик ёки алам туфайли ҳаётдан воз кеча олса, нега ақл ва фазилат туфайли ҳаётга нисбатан мустақил муносабат ўрната олмасин? Шу ерда у фарқни кўрсатади: қўрқув амалга оширган иш фазилатга айлана олмайди. Яъни бир ишнинг оғирлиги ёки кескинлиги унинг ахлоқий қийматини белгиламайди.

 

Стоик нуқтаи назарда руҳнинг ҳаётни “назар-писанд қилмаслиги” ҳаётни ёмон кўриш эмас, бу ҳаётни абадий қадрият эмас, балки тақдир берган неъмат сифатида қабул қилишдир. Инсон ҳаётни яхши кўриши мумкин, лекин унга қул бўлмаслиги керак. Қуллик айнан шунда бошланади: инсон ҳаётни узайтиришни олий мақсадга айлантириб қўяди. Сенека шундай инсонларни танқид қилади: улар учун осуда ҳаёт – йилларни санаш, “қанча консулликни бошдан кечирдим” деган фахр билан ўлчанадиган нарса. Бу ерда вақт сифат билан эмас, миқдор билан баҳоланади. Стоиклар учун эса бундай ҳисоб-китоб алданишдир, аслида кўп йил яшаш эмас, балки тўғри яшаш – бахт.

 

Шу маънода, осуда ҳаётни Сенека мутлақо бошқача таърифлайди. Осуда ҳаёт –ўлимдан қочиб юриб эмас, ўлим эҳтимолини англаб туриб ҳам хотиржам қолиш. Инсон ана шу ҳолатга етганидагина ҳаётни тўлиқ қадрлай олади, чунки у энди мазмун билан яшайди. Осуда ҳаёт йиллар сони билан эмас, руҳнинг эркинлиги билан ўлчанади. Сенека “бу ҳақда ҳар куни тафаккур қил” дея маслаҳат бераркан, ўлим ҳақидаги фикрни руҳни озод қилувчи машқ сифатида кўради. Стоиклар учун ўлимни эслаш ҳаётдан воз кечиш эмас, балки унга қул бўлмасликдир.

 

Оқим мисоли ҳам жуда таъсирли. Сенека кўпчиликни сувда оқиб кетаётган одамга қиёслайди: у тирик қолиш учун тиканли буталарга, ўткир тошларга қўллари билан тирмашади. Бу тирмашиш ҳаётга муҳаббат эмас, балки даҳшатли қўрқувдир. Инсон оғриқ келтиришини билиб туриб ҳам тирмашади, чунки у оқимдан қўрқади. Худди шундай, кўпчилик ҳаётни қадрлагани учун эмас, уни йўқотишдан қўрққани учун яшаб қолишга уринади. Бу ерда Сенека ҳаётни асраб қолиш билан ҳаётни исташ ўртасидаги фарқни кўрсатади. Ҳаётни исташ – уни мазмун билан қабул қилиш, масъулият билан яшашдир. Ҳаётни асраб қолиш эса кўпинча унинг ҳар қандай шаклига, ҳатто ҳақорат, қийноқ ва маъносизликка ҳам рози бўлишни англатади. Шу боис Сенека бундай тирмашишни фазилат эмас, заифлик белгиси сифатида кўради. Ушбу парчада ўлим қўрқуви танқид қилинаётгани билан, ўлимнинг ўзи тарғиб қилинмайди. Аксинча, Сенека инсонни икки хил қулликдан қутқармоқчи бўлади: ўлимдан қўрқиш ва ҳаётга кўр-кўрона ёпишиб олиш қуллиги.

 

Сенека “ҳаётингни ёқимли қил” дейди, бу баландпарвоз гап эмас. Чунки ёқимли ҳаёт неъматлардан маст бўлиб яшаш эмас, балки улар устидан қўрқувсиз туришдир. Инсон ҳаётини азобга айлантирадиган асосий омил – йўқотиш эҳтимолидан туғиладиган ташвиш. Шунинг учун Сенека ташвишларни четга суришни маслаҳат беради: ташвиш – келажакда содир бўлиши мумкин бўлган йўқотишни ҳозирданоқ бошдан кечиришдир.

 

Ҳеч қандай неъмат эгасига қувонч келтирмайди, агар қалбда бу неъматни йўқотишга тайёр бўлинмаса. Бу ғайритабиий туюлади, аммо стоик мантиқ жуда аниқ. Агар инсон бирор нарсани йўқотишни тасаввур ҳам қила олмаса, у унинг қулига айланади. У неъматдан фойдаланмайди, балки уни қўриқлайди. Натижада қувонч эмас, хавотир пайдо бўлади. Демак, неъматдан лаззат олиш учун уни ихтиёрий равишда вақтинчалик деб қабул қилиш керак. “Қўлдан кетганида афсусланишга арзимайдиган нарсани йўқотиш оғриқсиз кечади” деган жумла стоик машқнинг моҳиятидир. Бу ерда Сенека инсонни онгли тайёргарликка чақиряпти. Агар сен бирор нарсани йўқотишдан олдин унинг кетишига ички розилик берган бўлсанг, йўқотиш сени вайрон қилмайди. Оғриқ боғланишнинг қаттиқлигидан келиб чиқади.

 

Шу нуқтадан келиб чиқиб, Сенека руҳни чиниқтириш ғоясини киритади. Ҳаётдаги зарбалар – фақат заифларнинг бошига тушадиган тасодиф эмас; ҳатто энг қудратлилар ҳам улардан қоча олмайди. Шунинг учун куч ташқаридан эмас, ичкаридан тайёрланади. Руҳни чиниқтириш, дегани зарбани чақириш эмас, балки унинг келишига ҳайратланмасликдир.

 

Инсон ҳаётни ушлаб қолиш учун эмас, унга очиқ туриш учун яшаши керак. Қўрқувсиз очиқлик эса йўқотиш имконини олдиндан қабул қилиш орқали пайдо бўлади. Ана шунда ҳаёт ёқимли бўлади, чунки у қўлдан кетиши мумкин, аммо руҳингни асир қила олмайди. Сенека бу ерда инсонни шундай ҳолатга чорлайди: неъматга эга бўл, аммо унга боғланма, ҳаётдан баҳраманд бўл, лекин ундан қўрқма, зарбадан қочма, балки унга тайёр тур.

 

Сенеканинг тақдир, ҳокимият ва инсон хавфсизлиги ҳақидаги фикрлари шафқатсиз, аммо ойдин шаклда ифодалайди. Бунда у тарихни огоҳлантириш воситаси сифатида қўллайди, аввало, энг қудратли шахсларни эслайди. Римнинг буюк саркардаларидан бири Гней Помпей ўсмир ва бичилган одамнинг қарори билан ҳалок бўлди. Бойлик ва қудрат тимсоли Марк Лициний Красс сурбет парфиялик қўлида ўлди. Гай Цезар (Калигула) бошқани ўлимга юборишга қодир бўлган пайтида, ўзи ҳам Херея қиличи остида ҳалок бўлди.

 

Бу ерда асосий ғоя шундаки, инсонни ҳалок қилувчи куч доим ундан “пастда” туради. Подшоҳни қул қатл қилади, қўмондонни шарафсиз одам асир олади, ҳукмдорни қўриқчиси ўлдиради. Демак, хавф доим юқоридан эмас, кутилмаганда пастдан келади. Шу билан Сенека ҳокимият саробини парчалайди: кимки ўзини ҳимояланган деб ҳисобласа, у аллақачон заифлашган бўлади.

 

Тақдир ҳеч қачон “хавфсиз ҳудуд” яратмайди. Инсон қудрат, бойлик ёки мақом орқали хавфдан қутулмайди; аксинча, улар кўпинча хавфни оширади. Сенека “сокинликка ишонма” дейиш билан инсонни қўрқувгамас, тайёрликка чақиряпти. Стоик учун хавфни кутмаслик – заифлик; хавфни тан олиб, унга руҳан тайёр туриш – доноликдир. Шу маънода, бу парча ҳокимият эгаларигина эмас, ҳар қандай инсон учун амал қиладиган қоидани қўяди: ҳаётда барқарорлик йўқ, фақат барқарор руҳ бўлиши мумкин. Сенека қудрат – ҳимоя эмас, тинчлик –кафолат эмас, сокинлик – хавфсизлик эмас, демоқчи.

 

Ҳақиқий хавфсизлик ташқи шароитда эмас, тақдир зарбасини ҳайратсиз қабул қила оладиган руҳий тайёрликда. Қилични бўғзингга қароқчи ҳам, душман ҳам тираши мумкин. Яъни ўлим хавфи муайян мақом ёки ҳокимиятга хос эмас, у умумий ва тенг. Шу ерда Сенека муҳим бурилиш қилади: агар сен олий ҳокимиятдан қўрқсанг, демак аллақачон ҳаётинг устидан ҳукмронликни йўқотгансан. Чунки қўрқув – ҳаёт ва ўлим устидан қарорни бошқага топшириш демакдир.

 

Кимки ўз ҳаётини назар-писанд қилмаса, у сенинг ҳаётинг устидан эгалик қилади. Бу ерда “назар-писанд қилмаслик” ҳаётни ёмон кўриш эмас; у ҳаётни мутлақ қадриятга айлантирмасликни англатади. Ким ҳаётни ҳар қандай нарса эвазига сақлаб қолмоқчи бўлса, у ҳар қандай таҳдид олдида тиз чўкади. Шу боис у қулга ҳам, подшоҳга ҳам қарам бўлиб қолади. Уйдаги фитналар ҳақидаги мисол бу фикрни тарихий ва руҳий жиҳатдан мустаҳкамлайди. Сенека эслатади: қуллар ғазабидан ҳалок бўлганлар, подшоҳ ғазабидан ҳалок бўлганлардан кам эмас. Демак, хавф манбаи мақомда эмас, инсоннинг ўзида. Қўрқуви бор одам учун ҳар ким таҳдидга айланиши мумкин; қўрқувдан холи инсон учун эса ҳеч ким мутлақ ҳоким эмас.

 

Агар сен қўрқаётган нарса ҳар қандай одамнинг қўлидан келадиган иш бўлса, у ҳолда қўрқаётган кишининг қудрати нима аҳамиятга эга? Бу савол ҳокимиятнинг афсонавий қудратини парчалайди. Агар ўлим имкони ҳаммага баробар бўлса, унда қўрқувни муайян шахсга боғлаш ақлий хатодир.

 

Қўрқув инсонни заиф қилади ва бу унинг ҳаётини бошқалар ихтиёрига топширади. Эркинлик – хавфсизликка эришиш эмас, қўрқувдан воз кечишдир. Ким ўлимни қабул қилган бўлса, у ҳеч кимнинг қули эмас; ким ҳаётга кўр-кўрона ёпишган бўлса, у ҳамманинг қулидир. Сенека бу парча орқали шундай ахлоқий қоидани қўяди:

 

ҳокимият қўрқувдан озиқланади, қўрқув ҳаётни асир қилади, эркинлик эса ҳаётни мутлақ деб билмасликдан бошланади.

Шу маънода, ҳақиқий хавф подшоҳда ҳам, қулда ҳам эмас, ўз ҳаётини ҳар қандай нарса эвазига сақлаб қолиш истагида. Ана шу истакдан воз кечган инсонгина ҳеч кимдан қўрқмайди. Сенеканинг ўлим ҳақидаги стоик таълимотини энг очиқ, энг шафқатсиз, бироқ айни пайтда энг озод қилувчи шаклда ифода этади. Бу ерда у ўлимни ҳодиса сифатида эмас, йўналиш сифатида англашга мажбур қилади.

 

Сен душман қўлига тушдинг ва ўлимга маҳкум этилдинг. Бир қарашда бу фавқулодда фожиа туюлади. Лекин у дарҳол бу саробни парчалайди: сен аслида аллақачон ўша манзил томон йўлда эдинг. Душман ҳукми ҳаётингга янги йўналиш қўшмади, фақат яшириб келинган ҳақиқатни ошкор қилди. Шу билан Сенека инсоннинг ўзини алдаш механизмини фош қилади: гўё ўлим фақат кейин, гўё у одатий ҳаётдан ташқарида. “Нега ўзингни алдайсан?” деган савол қўйилади. Инсон ўлимни фавқулодда воқеа деб ўйлайди, ҳолбуки у доимий жараёндир. Сенека учун ҳаёт – ўлимга қарши қўйилган ҳолат эмас; ҳаётнинг ўзи ўлим томон ҳаракатдир. Шунинг учун у аниқ фикрни айтади: туғилган кунданоқ ўлим томон йўл оламиз.

 

Хотиржамлик ўлимдан кейин эмас, у ҳақида рост ўйлашдан бошланади. Ана шу ростликка етган инсон учун душман ҳукми ҳам, тақдир зарбаси ҳам янги фожиамас, олдиндан маълум бўлган йўлнинг навбатдаги қадами, холос. Сенека камбағаллик, табиат ва ҳақиқий бойлик ҳақидаги стоик таълимотини якунловчи хулоса сифатида ўта пухта шаклда ифода этади. Бу ерда Сенека фақат ахлоқий насиҳат бермайди, балки инсон ҳаётини бошқариб турган қалбаки қийматлар тизимини тубдан қайта баҳолашга ундайди. У мактубни “бегона боғдан узиб олинган” бир ҳикмат билан якунлайди: «Камбағаллик – табиат қонунига мувофиқ катта бойликдир». Яъни инсон табиатан кам талабли мавжудот, уни камбағал қилувчи нарса эҳтиёж эмас, балки ортиқча истакдир. Табиат бизга қандай чегара қўяди? Табиат очликка, ташналикка, совуққа чегара қўймайди, яъни уларни қондириш учун ҳаддан ортиқ воситалар талаб этмайди. Инсон тирик қолиши ва муносиб яшаши учун ҳашамат, таҳқирловчи илтимос, қўрқинчли хизмат ёки хавфли сафарлар шарт эмас. Бу ерда табиат билан жамият ўртасидаги кескин зиддиятни очиб берилган.

 

Унинг танқиди, айниқса, кучли: инсон очликни қондириш учун эмас, ортиқча орзу-истакларни таъминлаш учун ўзини хорлайди. Такаббурлар остонасида бўйин эгади, димоғдорларга чидайди, қўшин ортидан эргашади. Яъни инсон ўз ҳаётини хавф остига қўяди, лекин тирик қолиш учун эмас, шунчаки “кўпроқ олиш” учун.

 

Сенека бу “кўпроқ”ни ортиқча матоҳлар, ҳашамат деб номлайди. У сабаб инсон кийимини ямоққа тўлдиради, аммо руҳини ямоқламайди; чодирларда қарийди, лекин тинчликка эришмайди; бегона қирғоқларга тушиб қолади, лекин ўзини тополмайди. “Бизга етарли бўладиган нарсалар эса аслида қўл остимизда”. Етарлилик келажакда эмас, ҳозир бор, узоқда эмас, яқинда. Инсонни бахтсиз қилаётган нарса йўқчилик эмас, балки етарли эканини тан олмасликдир.

 

“Кимга камбағалликда ҳам яхши бўлса ўша бойдир”. Бу ерда бойлик мулк билан эмас, руҳнинг ҳолати билан ўлчанади. Агар инсон кам бўлганида ҳам ўзини тўла ҳис қилса, у ҳеч нарсага муҳтож эмас. Агар инсон кўпда ҳам қониқмаса, у абадий камбағалдир. Сенека учта хулосани ўрнатади: Табиат инсондан кам нарса талаб қилади. Азобнинг манбаи – эҳтиёж эмас, ортиқча истак. Ҳақиқий бойлик – кам бўлганда ҳам қониқишдир.

 

ҲАМИД СОДИҚ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33288
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//