Инсон табиатан оғриқ ва йўқотишлардан қочишга дастурлаштирилган, шубҳасиз. Ҳаётда бирор бахтсизликка учрасак, имкон қадар ундан тезроқ қутулиш йўлларини излаймиз. Бунга зид ўлароқ, кинотеатрда пул тўлаб ёхуд қалин китобни қўлга олиб, қаҳрамонларнинг ўлими ёки айрилиғини томоша қилиб йиғлашни хуш кўрамиз. “Отелло”дан то “Титаник”гача аср ошиб яшаб келаётган асарларнинг сири, эҳтимол, айнан шундадир. Нега биз бахтли, ранг-баранг сюжетлардан кўра, қалбни эзувчи фожиаларга ўчмиз?
Қуйида қадимги юнон фалсафасидан замонавий муаллифлик киноларигача, Фузулий суфийлигидан то Абдулла Қодирий “рўмон”ларигача бўлган тафаккур занжири мисолида инсоннинг фожиага бўлган бу “носоғлом” ишқи аслида қандай чуқур руҳий эҳтиёжларга бориб тақалишини таҳлил қиламиз.
Катарсис: Қадимий театр руҳиятни қандай даволаган?
Фожианинг инсон руҳиятига парадоксал таъсирини биринчилардан бўлиб қадимги юнон мутафаккирлари англаб етган. Аристотел ўзининг “Поэтика” асарида саҳнадаги қонли ва аянчли қисмат томошабинда қўрқув ҳамда раҳм-шафқат уйғотиб, охир-оқибат унинг руҳиятини қусурлардан тозалашини ёзади. Бу қадимий жараён фанда “Катарсис” (тозаланиш) деб аталади.
Диққат марказимиздаги қаҳрамоннинг дардини бирга яшарканмиз, аслида ўзимизнинг энг чуқур, энг яширин қўрқувларимизни (ожизлик, тарк этилиш, ўлим) хавфсиз масофадан туриб татиб кўрамиз. Биз қаҳрамон учун йиғлаётгандек кўринсак-да, онгостида ўзимизнинг ҳимоясизлигимиз учун кўз ёш тўкамиз. Якунда эса театр залидан руҳан енгил тортиб, гўёки бутунлай янгиланиб чиқиб кетамиз. Бироқ замонавий психология масалага бундан-да қоронғуроқ ракурсдан ёндашишни талаб қилади.
Онгостидаги йиртқич
Антик давр файласуфлари фожиани руҳий шифо деб билган бўлса, ХХ аср психоанализи бу парадокснинг илдизини инсон онгостидаги истакларидан қидиради. Зигмунд Фрейднинг фикрича, инсон қалбида яшаш, кўпайиш ва яратувчанлик (Эрос) инстинкти билан бир қаторда, ўзини ҳалокатга элтувчи “Танатос” (ўлим инстинкти) ҳам муттасил курашиб келади. Қолаверса, машҳур психолог Карл Юнг таъбири билан айтганда, ҳар биримизнинг онгостимизда жамиятдан яширадиган, ҳатто ўзимиз ҳам тан олишдан қўрқадиган ибтидоий “Соя”миз яширинган.
Фожиали асарлар, драмалар ва қонли сюжетлар бизнинг онгимиздаги ана шу қоронғу эҳтиёжга “қонуний” озиқ беради. Биз сюжетдаги ўлим, адолатсизлик ёки хиёнат орқали ичимиздаги зулматни қондирамиз ва айнан шу тариқа реал ҳаётда цивилизациялашган инсон қиёфамизни сақлаб қолишга муваффақ бўламиз. Демак, бахтсиз ҳикоялар, эҳтимол, бизнинг яширин “йиртқич” табиатимиз учун хавфсиз “ўлжа” вазифасини ўтаётгандир. Ушбу мураккаб руҳий жараённи ҳеч ким замонавий режиссёрлар каби теран очиб бера олмаган.
Тарковский ва Аронофский
Классик адабиёт ва театр саҳнасидан ўтиб, замонавий кинематографияга юзлансак, фожиа тушунчаси мутлақо янгича, ўта шахсий визуал кўриниш касб этганига гувоҳ бўламиз. Масалан, Андрей Тарковский филмларини (“Сталкер”, “Солярис”) ёдга олайлик. Унинг қаҳрамонлари қонга беланиб ўлмайди, уларнинг фожиаси – инсон қалбининг бўм-бўшлиги, маъно излаб сарсонлиги ва қақшатқич экзистенциал инқироздадир. Тарковский бизга секин ва сокин азобланиш санъатини тақдим этади. Биз унинг узун, тушкун туюлиши мумкин бўлган кадрларида аслида ўзимизнинг ички сукунатимиз ва мудҳиш ёлғизлигимиз билан юзма-юз қолишга мажбур бўламиз.
Бунга зид ўлароқ, Даррен Аронофский (“Орзуга қасида” – Requiem for a Dream, “Қора оққуш” – Black Swan) фожиани тўғридан-тўғри томошабиннинг асаб толаларига улаб ташлайди. Унинг фильмларида қаҳрамонлар ташқи душман билан эмас, балки ўзларининг зарарли иштиёқлари, мукаммалликка бўлган носоғлом интилишлари ҳамда телбаликлари билан курашиб, охир-оқибат ўзларини парчалаб ташлайди.
Хўш, нега ўзимизга жисмоний ва психологик оғриқ берувчи бундай юкли драмаларни қидириб топиб кўришга одатланганмиз? Эҳтимол, атрофимиздаги сохта қулайликлар бизни руҳан карахт қилиб қўйгандир? Режиссёрлар урғулаган бу каби мураккаб визуал фожиалар онгимиз тубида йиғилиб қолган, аммо сўз билан ифодалаб бўлмайдиган замонавий тушкунлигимизни экранда тасдиқлаб беради. Сюжетдаги руҳий қулашлар фонида онгсиз равишда ўз жароҳатларимиз фақат бизда эмаслигини англаб, чуқур тасалли топишимиз тайин.
Сўфизм исёни ёхуд дарднинг фазилати
Масалага ғарб психоанализи ва кино фалсафасидан чиқиб, ўзимизнинг шарқона тафаккур призмасидан қарасак, “дард” тушунчаси мутлақо бошқача улуғворлик касб этишини кўрамиз. Голливуд аксарият ҳолларда сюжетни “Happy End” (бахтли якун) билан тугатишга, қаҳрамоннинг ёвузлик устидан ғалаба қозонишига урғу берса, Шарқ мумтоз адабиётида фожиа – бу мағлубият дегани эмас. Аксинча, у инсоннинг комиллик сари қўйган энг муҳим ва муқаддас қадамидир.
Тасаввуфда дард инсонни оддий маиший муаммоларидан ажратиб, руҳийатини осмонга туташтирувчи бир восита саналади. Бахт ва тўқлик бизни тезда ғафлатга ботириши мумкин, бироқ дардсизлик руҳан ўлим билан тенглаштирилади. Дард инсонни мудом уйғоқ сақлайди, қалбини чархлайди ва холиққа яқинлаштиради. Фожиани севишимиз – аслида руҳимизнинг уйғоқликка бўлган онгсиз талпинишидир, эҳтимол.
“Ўткан кунлар” феномени
Шарқона фожиа “Ўткан кунлар” романида айниқса пишиқ берилган. Ҳар бир ўқувчи китобнинг сўнгги саҳифаларига етганда беихтиёр томоғига йиғи тиқилади ва “Абдулла Қодирий Кумушни ўлдиришга нега мажбур бўлди? Асарни шунчаки бахтли якунлаши мумкин эмасмиди?” деган исёнкор савол туғилади.
Эҳтимол, адибнинг бу бешафқат қарори ортида жуда чуқур ижтимоий-психологик эҳтиёж яширингандир? Агар асар Отабек ва Кумушнинг бахтли эртаси билан тугаганда, у шунчаки унутилувчи маиший ҳикояга айланиб қоларди. Кумушнинг фожиали ўлими ва Отабекнинг дарди – бутун бир миллатнинг фожиасига, Туркистоннинг йўқотилган, қўлдан кетган ўткан кунларига айтилган рамзий мотамга айланади. Бу фожиа китобхонларни ягона дард, ягона қайғу атрофида жипслаштириб, уларда миллий эмпатия (ҳамдардлик) ҳиссини тарбиялайди. Биз Кумушнинг тобути бошида Отабек билан бирга йиғларканмиз, аслида ўзимизнинг ички ожизликларимиз ва миллий йўқотишларимиз учун кўз ёш тўкамиз.
Якун: Яшашни ҳис қилиш санъати
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фожиаларни севишимиз, азобли сюжетлардан лаззат олишимиз – умуман олганда руҳий носоғломлигимизни англатмайди. Файласуф Фридрих Ницше таъкидлаганидек, фожиа бу – инсоннинг ўз дардини мардона қабул қилиб, ундан юксала олиши ва ҳаётнинг барча рангларини борича тасдиқлашидир.
Биз экрандаги, романдаги ёхуд театр саҳнасидаги ўлимларни яшашдан чарчаганимиз учун эмас, аксинча, яшаш нақадар қадрли эканини ҳис қилиш учун томоша қиламиз. Сюжетдаги қаҳрамон ўз қисматига енгилади, театрнинг оғир пардаси ёпилади. Биз эса юзимиздаги кўз ёшларимизни артиб, чуқур нафас олганча зални тарк этамиз. Сабаби, биз энг оғир фожиалар фонида яна бир бор энг олий ҳақиқатни катарсис орқали англаб етамиз: ҳали тирикмиз ва эртага тонгдан яна курашишда давом этамиз.
Самандар ЭРКИНЖОНОВ
Мафкура
Маънавият
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ