Қувноқ камбағаллик нима? Ҳамид Содиқ Сенека мактубларини шарҳлайди


Сақлаш
12:48 / 24.02.2026 20 0

Сенека Луцилийга салом йўллайди!

Мактубларинг мазмуни ва шахсиятинг борасида эшитганларим сенга нисбатан улкан умид уйғотмоқда. Сен манзилларни дарвешона кезиб, макон алмаштириш билан ўзингни безовта қилмайсан. Чунки бундай саргардонлик ва беқарор силкинишлар касал қалб белгисидир. Назаримда, руҳ сакинатининг илк далили бир маконда муқим туриш ва ўзинг ила ёлғиз қола билишдир.

 

Назар сол: кўплаб ёзувчи ва турли-туман китобларни ўқийвериш муқимсизлик ва дайдиликка ўхшамайдими? Агар қалбингда нимадир қолишини истасанг, буюк ақл эгалари билан узоқ вақт бирга бўл, улардан руҳингни озиқлантирувчи нарсаларни топ. Ким ҳар ерда – у ҳеч қаерда. Умрини дарвешона ўтказганларнинг меҳмоннавозлари кўп, аммо дўстлари йўқ. Буюк ақл эгаларидан бирортаси билан ҳам яқинлашмасдан, барча нарсани шошилинч ва юзаки ўрганадиган одамнинг аҳволи ҳам шундай бўлади.

 

Емишни ютиб, дарҳол қайт қилиб юборилса, у танага ҳеч қандай манфаат келтирмайди ва ҳеч бир озуқа бермайди. Дориларни тез-тез ўзгартиришдан кўра соғлиққа зарарли ҳеч бир иш йўқ. Турли малҳамлар синаб кўрилаверса, яра битиб кетмайди. Кўчириб ўтказилаверса, ўсимлик ҳам илдиз тутмагани каби, ҳатто энг фойдали нарса ҳам шошқалоқликда манфаат келтирмайди. Китобнинг кўплиги паришон қилади холос. Шундай экан, сақланаётган китобларнинг барчасини ўқий олмасанг, ўқий оладиганингни сақла – шунинг ўзи кифоя.

 

“Лекин, баъзан бу китобни, баъзан бошқасини варақлашни хоҳлайман”, дейсан сен. Кўп таомлардан татиб кўравериш тўйиб кетганлик белгисидир, емишнинг ҳаддан ташқари хилма-хиллиги озиқлантирмайди, аксинча, ошқозонни бузади. Шунинг учун доимо эътироф этилган ёзувчиларни ўқи, агар баъзан бошқаларига чалғишни истасанг, тарк этилган китобга яна қайт. Ҳар куни қашшоқлик, ўлим ва ҳар қандай бошқа офатларга қарши бирор нарса захира қилиб бор; кўп нарсаларни ўқиб чиқ, аммо шу кун ҳазми кўтарадиган биттасини танла.

 

Мен ҳам шундай қиламан: кўп ўқиганларим орасидан биттасини эслаб қоламан. Бугун Эпикурнинг мана бундай фикрга дуч келдим (зотан мен тез-тез бегона қароргоҳга қочоқ сифатида эмас, айғоқчи сифатида кириб тураман): “Қувноқ камбағаллик – ҳалол нарса”, дейди у. Аммо у қандай камбағалликки, қувноқ бўлса? Озгина нарсаси бор одам эмас, балки янада кўпроғига эга бўлишни истаган одам ҳақиқий камбағалдир. Агар у бировнинг мол-мулкига кўз тикиб мўлтираб юрган, қўлидаги нарсаларни эмас, балки яна нималарни қўлга киритиш кераклигини ҳисоблаб ўтирган бўлса, омборхонасида қанча мулки, оғилхонасида қанча моли борлиги ё ҳар юз кишидан олаётган даромади қанчалик аҳамиятли? Бой бўлиш чегараси нима, деб сўрайсанми? Қуйи чегараси – зарурий нарсаларга, юқориси – етарли нарсаларга эга бўлишдир.

Саломат бўл.

 

ШАРҲ

Иккинчи мактуб Сенеканинг инсон руҳияти, беқарорлик ва ҳақиқий сокинлик ҳақидаги қарашларни аниқ ва қисқа шаклда ифода этади. Матн ташқи ҳаракат орқали ички муаммодан қочиш саробини фош қилишга қаратилган.

 

Сенека мактубни Луцилийни алқаб бошлайди, лекин бу оддий мақтов эмас – ахлоқий ташхисдир. У Луцилийнинг манзилма-манзил кезмаслигини, макон алмаштириш билан ўзини безовта қилмаслигини таъкидлар экан, буни инсоний фазилат эмас, балки руҳий соғломлик белгиси сифатида кўради. Стоиклар учун инсоннинг ташқи ҳаракатлари унинг ички ҳолатини фош қилади. Ким доимо йўлда, доимо ўзгариш излаётган бўлса, у одатда тинчликни эмас, ундан қочишни истайди.

 

“Саргардонлик ва беқарор силкинишлар – касал қалб белгиси” дейиш билан Сенека саёҳатнинг руҳий соғлом бўлмаган сабабларига қарши чиқади. Инсон бир жойда тура олмаса, ўз-ўзи билан ёлғиз қола олмаса, демак, у ўз онгидаги бўшлиқ, қўрқув ёки маъносизликни ҳаракат билан босмоқчи. Лекин жой алмашиш дардни даволамайди, фақат уни вақтинча ниқоблайди. Шу нуқтада мактубнинг марказий ғояси пайдо бўлади: руҳ сукунати ташқи сокинликдан эмас, ички барқарорликдан бошланади. Сенека “руҳ сукунатининг биринчи далили бир маконда муқим туриш” дея таъкидлайди. Бу ерда макон жисмоний жойдан кўра кенг маънода – ҳаёт тарзи, қарорлардаги изчиллик, хоҳишлардаги барқарорликни англатади. Инсон доим янги жой, янги ҳолат, янги таассурот қидирса, у ҳали ўзини топмаган бўлади.

 

Энг нозик ва чуқур нуқта “ўз-ўзинг билан ёлғиз қола билиш” талаби. Стоицизм фалсафасида бу қобилият донишмандликнинг асосий синови ҳисобланади. Кимки сукутдан, ёлғизликдан қўрқса, у аслида ўз онгидан қўрқади. Чунки ёлғиз қолганда инсонга на мансаб, на жамият, на шовқин ёрдам беради, у фақат ўз фикрлари билан юзма-юз қолади. Сенека учун ана шу юзлашувга чидай олиш руҳий етуклик белгиси. Бу мактубга кенгроқ фалсафий жиҳатдан қарасак, у стоикча ҳаёт дастурини таклиф қилади: инсон тинчликни макондан эмас, ўз ичидаги тартибдан қидириши керак. Ҳаракат, саёҳат, ўзгариш – булар восита бўлиши мумкин, аммо мақсад эмас. Агар ички тартиб йўқ бўлса, бутун дунё кезилса ҳам, инсон ўзидан қочиб қутула олмайди. Руҳий сукунат – қочиш эмас, тура олиш жасоратидир. Бир жойда тура олиш, ўз-ўзи билан ёлғиз қола билиш – инсоннинг ҳаётга тайёр эканининг, ички уйи борлигининг белгиси. Ана шу “ички уй”га эга бўлган одамгина ҳақиқий маънода озод ва хотиржам бўла олади.

 

Сенека китоб ўқишни инкор этмайди, балки ўқишнинг шакли ва ниятини сўроқ остига қўяди. Кўплаб ёзувчиларни, турли-туман китобларни узлуксиз ўқийвериш муқимсизлик ва дайдиликка ўхшамайдими? Бу ерда у жисмоний дайдиликка ақлий муқобил яратади. Инсон бир макондан бошқасига кўчиб юриб, тинчлик тополмагани каби, бир фикрдан бошқасига сакраб юриб, маънавий сукутга эриша олмайди. Демак, кўп ўқиш доим ҳам маъноларга шўнғиш дегани эмас.

 

Сенека учун асосий мезон бу – қалбда маънавий из қолдириш. Агар ўқилган нарса инсонни ўзгартирмаса, унинг руҳидан жой олмаса, у ахборот истеъмоли бўлиб қолади. Шу сабабли у “буюк ақл эгалари билан узоқ вақт бирга бўлиш”ни тавсия қилади. Бу ўзига хос фикрий ҳамроҳликдир: бир муаллиф, бир мактаб, бир ғоя билан яшаш, унинг мантиғига кириб бориш. Фалсафа бу ерда тезкор билимдан кўра, руҳни озиқлантирадиган суҳбат сифатида намоён бўлади.

 

“Ким ҳар ерда бўлса, у ҳеч қаерда” деган жумла бутун матннинг калитидир. Бу фақат мутолаага тааллуқли эмас, балки ҳаёт стратегиясига оид хулосадир. Ким ҳамма жойда бўлишни истаса, яъни барча ғояларни, барча мактабларни, барча қарашларни юзаки эгаллашга уринса, у ҳеч бирида мустаҳкам тура олмайди. Бундай инсонда билим кўп бўлиши мумкин, лекин ҳикмат шаклланмайди.

 

Дарвешона умр кечирганлар ҳақидаги қиёс жуда ўринли. Улар кўп уйларга кириб чиқади, меҳмоннавозлари кўп бўлади, лекин дўстлари йўқ. Чунки дўстлик вақтни, садоқатни, узоқ ҳамроҳликни талаб қилади. Худди шундай, бирор “буюк ақл эгаси” билан яқинлашмаган, унинг фикр дунёсида узоқ турмаган инсон ҳам муаллифларни “учратиши” мумкин, аммо улар билан руҳий дўстлик ўрната олмайди. Хатда юзакилик энг оғир иллат сифатида кўрсатилади. Ҳамма нарсани шошилинч ўрганиш – кўп билиш эмас, балки ҳеч нарсани ўзлаштирмасликдир. Бундай одам билимлар орасида саргардон бўлиб юраверади. Шу маънода, Сенека учун ҳақиқий таълим танлаб олиш, чуқурлашиш ва содиқ қолишдир.

 

Кам ўқисанг ҳам чуқур кириб бор; кўп бил, лекин тартиб билан; бир фикрга кириб, унда етилишга журъат эт. Чунки инсон руҳи ҳам жисм каби – у доим югуришдан эмас, озиқланишдан қувват олади. Сенека инсон руҳини тирик организм сифатида кўради ва билимни истеъмол қилинадиган ахборот эмас, балки ҳазм қилиниши керак бўлган маънавий озуқа сифатида талқин қилади.

 

Овқат, дори, малҳам, ўсимлик ҳақидаги қиёслар орқали бир хил фалсафий қонуният кўрсатилади: беқарорлик фойда бўлмайди. Қандай қилиб ютилган овқат дарҳол қайт қилинганда тана ундан озуқа ололмаса, худди шундай тез ўқилган, алмаштирилган, устидан югуриб ўтилган билим ҳам қалбга сингмайди. Бу ерда у билиш жараёнидаги энг кенг тарқалган саробни фош қилади: кўп дегани самара бор дегани эмас.

 

Дориларни тез-тез алмаштириш мисоли ҳам жуда муҳим. Инсон кўпинча бир фикр, бир китоб, бир таълимдан ҳали самара олмасдан туриб, бошқасига ўтади. Бу эса даволаниш эмас, балки руҳий экспериментга айланиб кетган беқарорликдир. Яра турли малҳамлар билан битмай қолгани каби, қалбга ҳам турли ғоялар юзаки суркалса, шифо топмайди. Сенека бу билан таълимдаги сабрсизликни касалликка тенглаштиради.

 

Ўсимлик метафораси эса масаланинг энг чуқур қатламини очади. Кўчириб ўтказилаверган ўсимлик илдиз отмайди, яъни у муҳитга мослашишга улгурмайди. Инсон онги ҳам шундай: у доим янги китоб, янги муаллиф, янги мактабга кўчиб юрса, ҳеч бир фикр унда илдиз отмайди. Илдиз вақт, сукут, такрор ва тафаккур орқали пайдо бўлади.

 

“Ҳатто энг фойдали нарса ҳам шошқалоқликда манфаат келтирмайди” деган жумла Сенеканинг умумий ҳаёт фалсафаси билан уйғун. Бу ерда у фақат мутолаани эмас, балки бутун ҳаётни назарда тутади. Фойдали иш, тўғри қарор, эзгу ният – буларнинг барчаси шошилинчликда ўз самарасини йўқотади. Чунки шошқалоқлик – диққатнинг парчаланиши демак, диққат парчаланган жойда эса маъно қолмайди.

 

Китоблар ҳақидаги хулоса жуда қатъий: китобнинг кўплиги паришон қилади, холос. Бу билимга қарши фикр эмас, балки билимнинг истеъмолга айланишига қарши танқиддир. Сенека инсонни тўплашдан воз кечиб, танлашга чақиряпти. Агар сендаги барча китобларни ўқий олмасанг, уларни сақлашнинг маънавий қиймати ҳам йўқ.

 

Шу тариқа, мактуб бизга битта марказий фалсафий хулосани беради: руҳий етилиш тезликни эмас, моҳият тубига туша олишни талаб қилади. Инсон кам ўқиб, яхши ҳазм қилса, тўйинади; шошилиб, кўп ўқиганда паришон бўлади. Донишмандлик эса тўплашда эмас, тўйинишдадир.

 

Бу парча Луций Анней Сенеканинг мутолаа, диққат ва маънавий тайёргарлик ҳақидаги стоик таълимотини янада чуқурлаштиради ва билимни истеъмол қилиш маданиятига қарши қатъий танқид сифатида ўқилади. Сенека бу ерда инсоннинг “ҳар сафар бошқа китобни варақлаш истаги”ни табиий қизиқиш эмас, балки ички тўйиб кетиш ва беқарорлик аломати сифатида талқин қилади.

 

У таом метафорасини келтиради: кўп таомлардан татиб кўриш очлик белгиси эмас, аксинча, ошқозоннинг чарчаганини англатади. Таомнинг хилма-хиллиги тўйинтирмайди, балки ҳазмни бузади. Бу ўхшатиш орқали Сенека билим олишдаги асосий хато нуқтани очади: инсон кўп ўқишни тараққиёт деб ўйлайди, аммо аслида у руҳий ҳазмсизликка олиб келади. Қалб ҳам ошқозон каби: у барча нарсани қабул қила олади, лекин барчасини бир вақтнинг ўзида ҳазм қила олмайди.

 

Шу сабабли Сенека “доимо эътироф этилган ёзувчиларни ўқи” деб маслаҳат беради. Бу ерда гап мутлақ канон ёки тақлид ҳақида эмас, балки ишончли маънавий суҳбатдошни танлаш ҳақида кетяпти. Инсон ўз руҳини ким билан “суҳбат” қилдирса, шу фикрлар унинг ичида шаклланади. Агар бу суҳбат тасодифий ва узлуксиз алмашиб турса, қалбда барқарорлик бўлмайди. Шу билан бирга, Сенека мутлақ ёпиқликни ҳам таклиф қилмайди: агар бошқа китобга чалғиш истаги туғилса, ўқиш мумкин, аммо асосий манбага қайтиш шарт. Бу эркинлик билан интизом ўртасидаги стоик мувозанатдир.

 

Матннинг иккинчи муҳим қатлами ҳар кунлик маънавий захира ғояси ҳисобланади. Сенека инсонни ҳар куни камбағалликка, ўлимга ва ҳар қандай офатга қарши “бирор нарса захира қилиб бориш”га чақиряпти. Бу ерда китоб ўқиш маълумот йиғиш учун эмас, балки ҳаёт зарбаларига тайёргарлик учун воситага айланади. Стоик учун фалсафа – китоб жавонида қоладиган билим эмас, балки қийин пайтда ишга тушадиган ички кучдир.

 

Шу нуқтада у жуда муҳим чеклов қўяди: “кўп нарсаларни ўқиб чиқ, аммо шу кун учун ҳазм қилиб олишинг мумкин бўлган биттасини танла”. Бу ибора бутун парчанинг фалсафий хулосасидир. Инсон бир кунда бутун ҳаётни ўзгартира олмайди, лекин ҳар куни битта фикрни ичига жойлаштира олади. Ана шу кичик, аммо мунтазам ўзлаштириш инсонни аста-секин руҳан мустаҳкамлайди. Сенека мутолаани тезлик ва кўпликдан озод қилиб, сабр, танлов ва тайёргарлик амалиётига айлантиради. Донолик – кўп ўқишда эмас, балки ҳар куни ҳаётга қарши ишга солинадиган бир фикрни сингдира билишдадир. Инсон шундагина китобларни фақат ўқимайди, балки улар орқали ўзини тарбиялайди.

 

Эпикурнинг “қувноқ камбағаллик – покиза нарса” фикри бир қарашда парадоксдек туюлади. Одатда камбағаллик изтироб билан боғланади. Лекин бу ерда Сенека дарҳол савол қўяди: қайси камбағаллик қувноқ бўлади? Шу савол орқали у тушунчани қайта таърифлайди. Камбағаллик моддий етишмовчилик эмас, балки хоҳишнинг чексизлиги экани англашилади.

 

Матндаги энг муҳим фалсафий нуқта бойликнинг чегаралари ҳақидаги таъриф бўлиб, Сенека унга икки хил меъёр қўяди: қуйи чегара – зарур нарсалар, юқори чегара – ўзингга етарли нарсалар. Бу ерда бойлик максимал тўплам эмас, балки етарлилик ҳолати сифатида талқин қилинади. Агар инсон зарур нарсаларга эга бўлса, у тирик қолади; агар ўзиники етарли деб билса, у бахтли бўлади. Ундан ортиғи ҳаётни яхшиламайди, балки безовта қилади. Шу билан Сенека бойликни ташқи иқтисодий категориядан ички ахлоқий мезонга айлантиради.

 

Бу мактубда эпикур ва стоицизм ғоялар кутилмаган уйғунликка эришади. Эпикур қувноқ камбағалликни ҳимоя қилади, Сенека эса уни стоикча қатъият билан чуқурлаштиради: қувонч манбаи мулкда эмас, хоҳишни чеклашдадир. Шу нуқтада икки мактаб ўртасидаги фарқ йўқолади ва умумий ахлоқий ҳақиқат

намоён бўлади.

 

Хулоса қилиб айтганда, бу матн инсонни мол-мулкни эмас, ўз хоҳишларини ҳисобга олишга чақиради. Кимки ўзини етарли деб билса – бой; кимки доимо кўпроқни истаса – камбағал. Шу маънода “қувноқ камбағаллик” парадокс эмас, балки ҳақиқий эркинликнинг номи бўлиб чиқади.

 

Ҳамид СОДИҚ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31360
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//