Рамазон – нафсни тарбия қилишга, сабр ва қаноатни мустаҳкамлашга, атрофдагиларга ҳурмат ва меҳр кўрсатишга чорлайди. Айниқса, у кўплаб олиму алломалар ва шоиру фозиллар ҳаётида чуқур маънавий аҳамият касб этиб, айниқса Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётида турфа синов ва дарбадарликларга бой давр сифатида намоён бўлади.
Бобур Мирзо қай ўлкада ҳукмронлик қилмасин, сиёсий барқарорликни таъминлаш, ижтимоий тартибни мустаҳкамлаш ҳамда жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга қарши қатъий чоралар кўришга бор куч-қувватини аямади. Масалан, ҳинд диёрида 1526 йилда ичкиликбозликни расман тақиқлаш ҳақидаги фармонини давлат ва жамият манфаатини кўзлаган сиёсий-ахлоқий қадам сифатида баҳолаш мумкин.
“Бобурнома”да бу ҳақда қуйидагича келтирилади:
“...Бу орзу ва осойишталик тўла-тўкис охирига етгандан кейин, олам бўйсуниши лозим бўлган фармон ижро шарафига эришдики, тинч сахланган мамлакатда (Худо офат ва хавфлардан омон қилсин) мутлақо ҳеч бир киши ичкилик ичишга уринмасин, уни ҳосил қилишга тиришмасин, ичкилик ясамасин, сотмасин ва олмасин, ўзида сахламасин, элтмасин ва келтирмасин: “Ичкиликдан қочинглар, шоядки, нажот топсангизлар”.
Зеро мазкур қарор жамиятни маънавий жиҳатдан поклаш, ҳарбий ва маъмурий интизомни мустаҳкамлаш, давлатчилик пойдеворини ахлоқий асослар билан уйғунлаштиришга қаратилган эди. Бу эса Бобур шахсиятида дин, давлат ва жамият манфаатларининг ўзаро муштарак эканини кўрсатади.
Таассуфки, бу улкан қалб эгасининг умри доимий ҳарбий юришлар, сиёсий курашлар ва ҳаловатсиз беомон кунлар қуршовида ўтди. Гарчи саросар кунларда ҳам Рамазон ва ҳайит байрамлари унинг доимий эътиборида бўлса-да, Бобур Мирзо бу кунларини чуқур изтироб билан хотирлайди:
“...Ўн бир ёшимдан бери икки Рамазон ҳайитини кетма-кет бир жойда ўтказган эмасман. Ўтган рамазон ҳайити Ограда келганди. Бу одат бузилмасин деб, якшанбада, ойнинг охирги куни ҳайит қилиб Секрийга бордик. Секрийда солинган “Боғи Фатҳ”нинг ғарби-шимол тарафидаги тошсупа тайёр бўлган эди. Шу супа устига оқ уй тикиб, ўша ерда ҳайит қилдик...”
Иқтибосдан шоҳ ва шоирнинг мусофирлик қисмати нақадар маҳзун ва долғали экани аёнлашади. Қуйида “Бобурнома”да тилга олинган Рамазон ва ҳайит байрамлари билан боғлиқ айрим воқеаларга диққатингизни тортар эканмиз, улардаги аччиқ қисмат талхини биргаликда тортамиз.
Бобур Мирзо ҳаётида бу муқаддас кунлар гоҳ аламли, гоҳ суронли, гоҳ фожиали, гоҳ беқарор дамлар сифатида намоён бўлади.
Айниқса, 12 ёшли ўспириннинг салтанат тахтига қўйган илк қадами ҳам айнан Рамазон ойи билан муштарак боғланади:
“Тангри таолонинг инояти ва коинот сарвари бўлган ҳазрат Расули акрамнинг шафоати, поккўнгил чаҳорёрларнинг ҳиммати билан сешанба куни, РАМАЗОН ойининг бешинчисида, саккиз юз тўқсон тўққизинчи йили Фарғона вилоятига ўн икки ёшда подшоҳ бўлдим”.
Демак, ушбу муборак ой унинг ҳаётида нафақат тарихий, балки маънавий масъулият ва улғайиш рамзи сифатида ҳам намоён бўлади.
Тақдир гардишини қарангки, унинг отаси Умаршайх Мирзонинг вафоти ҳақидаги аламли хабарни ҳам у айнан Рамазон ойида эшитади:
“...Умаршайх мирзо билан ўша фожиа юз берганда, мен Андижонда чорбоғда эдим. Сешанба куни, рамазон ойининг бешинчисида бу хабар Андижонга етиб келди. Изтироб билан отланиб, ёнимдаги навкар ва савдарларим билан қўрғонга йўл олдим...”
Подшоҳликка кўтарилиш ҳам, ота фироғи ҳам Рамазонда юз бераётгани синчи ўқувчини ўйлантирмасдан қўймайди.
Бобур Мирзонинг дарбадарлик ва ҳарбий-сиёсий юришлардаги машаққатларига ҳам бу ой қайта-қайта гувоҳ бўлгани рост. Масалан, қишлов излаб юрилган, сиёсий иттифоқлардан умид узилган, хавф-хатарлар кучайган бир паллада қуйидагиларни ёзади:
“...Қишлов баҳонаси билан Ҳиротдан шаъбон ойининг еттинчисида чиқиб, Бодғис ерларида, токи вилоятларга нарса йиғиш ва иш-куч тўплаш учун кетганлар келиб қўшилсинлар деб, ҳар юртда бир кун-икки кун тўхтаб кўчар эдик. Тўхташ на кутиш шу даражада бўлдики, Лангари Мирғиёсдан икки-уч кўч ўтганда рамазон ойи кўринди. Вилоятларга иш-куч учун кетган йигит-ялангдан баъзиси келиб қўшилди, баъзиси йигирма кун, бир ойдан сўнг Кобулга келдилар...”
Ушбу парчада Бобур ҳаётидаги сиёсий парокандалик, ҳарбий кучларни бир ёқадан бош чиқаришга уринишлар ва доимий мушкулотлар рўй-рост очиб берилади. Шундай мураккаб вазиятда ҳам “Рамазон ойининг кўриниши”га диққат қаратилиши эса улкан қалб эгасининг эътиқод ва иймони мустаҳкамлигига ишорадир.
Бобур Мирзо дарбадарлик йилларида ҳам Рамазон ойини ўзгача меҳр ва шукроналик билан тилга олади. Бу ҳол “Бобурнома” саҳифаларида айниқса таъсирчан тарзда намоён бўлади. Сафар, совуқ, очлик ва хавф-хатарлар ичида кечган ҳаёт манзараси орасида Рамазон ва ҳайит кунлари гўёки бир таскин манбаи сифатида тилга олинади:
“...Хуфтон пайти, Якка Ўлангга келиб тушдик. Якка Ўланг эли биз келиб тушгандаёқ хабар топдилар. Иссиқ уйлар, семиз қўйлар, отга ўт ва пичан бениҳоя, ўт ёқмоққа ўтин ва тезак беҳад ҳисобсиз эди. Ўшандай совуқ на қордан қутилиб, бундай кенг ва иссиқ уйлар топмоқ, ундай машаққат ва балодан халос бўлиб, бунча кўп нон ва семиз қўйлар топмоқ бир ҳузурдирким, буни бундай машаққатларни кўрганлар билади, шундай бир фароғатдирки, буни ўшандай балоларни бошдан кечирганлар фаҳм қилади. Хотиржам ва кўнгил тинч ҳолда бир кун Якка Ўланда турдик. Якка Ўландан кўчиб, икки йиғоч йўл юриб тўхтадик. Эртаси РАМАЗОН ҲАЙИТИ бўлди”.
Парчадаги тасвирлар Рамазон ҳайитининг сафар ва машаққат ичида ўтганини, қийинчилик ва беором лаҳзалар Бобур қалбида қанчалик из қолдирганини англаш мумкин.
Дарвоқе, Рамазон ойида ҳам давлат ишлари, ҳарбий ҳаракатлар ва маъмурий қарорлар жадал суратларда давом этган. Навкарликка қабул қилиш, инъом бериш, ифтор маросимлари ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида акс эттирилади:
“...Ойнинг йигирма тўққизинчисида, жума куни Мир Хурд Ҳиндолга бекота бўлиб хизматга кирди ва менга таъзим қилди. Минг шоҳрухий сочиқ киргизди. РАМАЗОН ОЙИНИНГ бешинчисида, чоршанба куни Тулак кўкалдошнинг қошидан Барлос жики исмли навкар унинг хабарини келтирди. У ерларга ўзбак чопқунчиси келган экан, Тулак уларнинг қаршисига чиқиб, урушиб босибди. Битта тирик ўзбак ва битта бош келтирди. Ойнинг саккизинчисида, шанба куни кечқурун Қосимбекнинг уйига бориб оғиз очдик. Битта эгарланган от тортиқ қилди. Якшанба куни Халифанинг уйида оғиз очилди. Битта эгарланган от пешкаш қилди”.
Рамазон ойида юз берган жанглар Бобур ҳаётининг яна бир қиррасини очиб беради. Мазкур ойдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида у шундай ёзади:
“Рамазон ойининг ўн учинчисида, шанба куни душман уруш бошлайди. Лекин урушиб ҳеч нима қилолмайдилар. Уруш кетаётган пайтда бирдан йиғиб қўйилган хас-хашак, капалар ва жар ичига бир йўла ўт кетади, қўрғон ичи тандирдек қизийди. Қўрғон деворлари устида юриб бўлмай қолади ва улар қўрғонни оладилар. Икки-уч кундан сўнг бизнинг қайтганимиз ҳақидаги хабарни эшитиб, душман Далмудга қараб жўнайди. Ўша куни ҳам ўн курўҳча йўл юриб Секрий вилоятининг Жалесар деган қишлоғи ёнида Сару дарёси ёқасида тўхтадик”.
Рамазон ойидаги яна бир жанг тасвири қуйидагича келтирилади:
“Рамазон ойининг еттинчисида, пайшанба куни Бангола ва Биҳардан хотир жам бўлиб, Сарваар тарафга Бибан ва Боязидни даф қилиш учун юриш бошладик. Бу ғанимлар билан жанг қилиб, уларга шикаст етказдик. Ундан кейин Харийд ва Секандарпурни сайр қилиб, бу вилоятлардан хотиржам бўлиб, илғор билан пойтахтга қараб жўнадик ва оз фурсатда у ерга кириб келдик”.
Ушбу воқеалар таҳлили шуни кўрсатадики, Бобур Мирзо ҳаётида Рамазон кўпинча осойишта ой сифатида эмас, балки давлатчилик, ҳарбий кураш ва сиёсий жараёнлар билан бирга кечади.
Шоҳ ва шоир Рамазон ойини шунчалик интиқлик билан кутар эдики, ҳатто янги ой – ҳилол чиқиши ҳам унинг доимий эътибор марказида бўлган. Бу ҳол Бобурномада аниқ қайд этилган:
“...Ойнинг йигирма тўққизинчисида, душанба куни мана шу Тўс дарёси қирғоғи манзилимиз эди. Бу оқшом, гарчи, ҳаво унча булутсиз бўлмаса ҳам, бир неча киши ойни кўрди ва қозининг ҳузурида гувоҳлик беришди. Янги ойнинг бошланиши аниқ ҳужжатланди. Сешанба куни тонгда ҲАЙИТ НАМОЗИНИ ўқиб, йўлга тушдик. Ўн курўҳ йўл юриб, Тайикка бир курўҳ қолганида, Гўйи дарёси қирғоғида тўхтадик. Пешин намозига яқин маъжун едик...”
Муаллиф бир неча ўринда “маъжун” истеъмол қилганини тилга олади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да маъжун турли доривор гиёҳлар, зираворлар, асал ёки шакар қиёмига баъзан афюн қўшиб тайёрланадиган, шарқ табобатида қувват ва дармон берувчи шифобахш восита экани айтилган. Айрим манбаларда у “чордори” деб ҳам аталади. Доимий юришлар, озиқ-овқат танқислиги ва жисмоний машаққатлар шароитида Бобур ва унинг сафдошлари танани қувватлантириш учун шундай воситалардан фойдаланар эди.
Бундай кузатувлар асарнинг бир қанча ўринларида такрорланади:
“...Ойнинг охирида, якшанба куни Жўйи Шоҳийдан кўчиб, Қирқариққа келиб тушдик. Мен бир неча хос кишиларим билан солга тушдим. Ҳайит ҳилолини шу жойда эканимизда кўрдик... Ҳайит тонгида, душанба куни йўлга тушдик. Йўлда хуморни даф қилиш учун маъжун едик”.
Демак, ҳайит Бобур ҳаётида кўпинча йўл устида, жанг олдидан ёки сиёсий ҳаракатлар жараёнида нишонланган.
Яна бир Қурбон ҳайити муносабати билан у бир воқеани хотирлайдики, унда шоирнинг юксак бадиий маҳорати, ўзидан қониқмаслик хислатлари яққол намоён бўлади:
“...Қурбон ҳайити Шоҳрухияда ўтди. Тўхтовсиз юриб, хон ҳузурига – Тошкандга бордим. Бу рубоийни айтиб эдим. Яхши қофиялаштиришда иккилангандим. У пайтда шеър истилоҳлари талабларига унчалик қаттиқ амал қилмасдим. Хон хуштаъб киши эди, шеър битарди, гарчи тузукроқ ғазали кам бўлса-да, бу рубоийни хонга манзур этиб, тараддудимни арз қилдим. Кўнгил тингудек қониқарли жавоб топмадим. Афтидан, шеър истилоҳлари талабларига камроқ риоя қилиб ёзилгандир. Рубоий ушбудир:
Ёд этмас эмиш кишини меҳнатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатта киши.
Кўнглум бу ғарибликка шод ўлмади ҳеч,
Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши”.
Ушбу рубоийда ғариблик ва дарбадарлик дарди мужассам. Айниқса, “Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши” мисраси Бобурнинг ички изтиробини очиқ ифода этади. Муаллифнинг рубоийга нисбатан танқидий муносабати эса унинг ўзига нисбатан нақадар талабчан ва бадиий мезонларга масъулият билан ёндашганини кўрсатади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти мисолида Рамазон ойи дарбадарлик, жанг-жадаллар ва ҳарбий ҳаракатлар билан уйғун ҳолда кечган. Шу маънода, Бобур Мирзонинг Рамазон ойига оид хотиралари нафақат тарихий манба, балки ҳар биримиз учун маънавий сабоқ ҳамдир. Яъни, ким қандай шароитда бўлмасин, эътиқод ва масъулиятни сақлаб қолсагина ўзи кўзлаган улкан мақсадлар остонасига етиб боради.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
журналист
Санъат
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ