Умрида бир бор бўлса ҳам ҳар инсоннинг қалбидан шундай савол ўтади: “Мен кимман? Қандай яшаяпман? Бу дунёга келишимдан мақсад нима?”. Ана шу саволлар инсоннинг ўзини англаш йўлидаги илк муждалардир. Бу йўл кўринадиганидан анча чуқур ва мафҳум, чунки ўзини англаш дегани фақат исм ёки жинс, миллат, касб ҳақида билиш эмас, балки руҳий, маънавий ва илоҳий ўзликни ҳис қилишдир. Замонавий тил билан айтганда, ўзликни англаш – фақат шахсий идентификация эмас, балки руҳий уйғониш, одамийликни, борлиқни ва Яратувчини англаш жараёнидир.
Дунё яралибдики, инсон ўзи ҳақида ўйлайди, ўзлигини топишга интилади. Унинг айнан ўзи ҳақда мушоҳада юритиши яралиш ва тириклик сабаби бўлмиш илоҳий моҳиятни англашга йўл очади. Аммо ҳамма ҳам бундай бахтга муяссар бўлолмайди. Ўзликни англаш саодати, муболағаси билан айтганда, бармоқ билан санарли инсонларга насиб қилади. Аслини олганда бутун борлиқ – ўн саккиз минг оламни Аллоҳ таоло ўзини танитиш, ўзлигини англатиш учун бунёд қилди. Шунинг учун ҳам у зот ҳадиси қудсийларидан бирида “Мен бир яширин хазина эдим, ўзимни танитмоқ учун дунёни яратдим” дейди. Хўш, Тангри таолони қандай таниймиз? Бунга набавий хабардан жавоб топиш мумкин: “Ким нафсини (ўзини) таниса, Раббини танибди”. Демак, инсоннинг башарий ўзлиги бевосита илоҳий ўзликка боғлиқ экан. Зеро, илоҳий каломда айтилганидек, Парвардигори олам одамни яратар экан, унинг тупроқдан бўлган жасадига ўз руҳидан “пуфлайди”, яъни жон ато этади. Демак, башарий ўзлик илоҳий ўзликдан бегона эмас.
Муқаддас китобларда келадики, Тангри таолонинг жон ато этган жонзотлари учга бўлинади:
1. Фаришталар. Улар Яратганга тўхтовсиз мақтовлар ёғдириб, тасбеҳ айтишади, унга сўзсиз итоатда туришади (айримларига махсус вазифалар ҳам берилган бўлиб, қайсидир бири ваҳий етказади, бошқаси жон олади ва ҳоказо). Фаришталарда емоқ, ичмоқ каби жисмоний эҳтиёжларни қондириш, умуман олганда нафс деган тушунча йўқ.
2. Ҳайвонлар. Бу жонзотларда фақат нафсоний эҳтиёжлар бўлиб, улар ақл юритиш неъматидан бебаҳрадир.
3. Инсонлар. Ўзида фаришталик ва ҳайвонлик сифатини жамлаган мукаррам яратиқ. Биз айни шу хусусиятимиз – ақл ва нафсга эгалигимиз билан бошқа жонзотлардан ажралиб турамиз. Шунга кўра инсон – синтезлашган мавжудот. Агар ақл-тафаккур юксалса, у фариштадан улуғ мақомга кўтарилиши мумкин: малаклар нарсалар номини айтолмаган пайт Одам Ато уларни бирма-бир айтганда, Тангри таоло айнан илми сабаб Одамни улуғлаб, фаришталарни унга сажда қилишга буюргани илоҳий калом билан собит. Нафс қутқусига учиб, ҳайвон қилмайдиган тубан ишларни қилишга қодирлигимиз ҳам инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.
Бизнинг асл ҳақиқатимиз, чин ўзлигимиз ақл ва нафс мутаносиблигини сақлай олишимизда. Табиийки, инсондаги нафс ҳайвонлардаги нафсдан фарқ қилади: одам боласи нафсини ўзига бўйсундириши, тарбиялаши, Қуръонга кўра айтсак, поклаши керак. Зеро, илоҳий каломда нафсдан баҳс юритиларкан, барчасида инсонга нисбат берилади. Аслида араб тилида “ўз” тушунчаси “ал-нафс” сўзи билан ифодаланади: арабча “нафси” – “ўзим” демакдир. Демак, ҳар бир инсоннинг қандай экани ўзлиги – нафсининг инъикосидир.
Шарқ классик адабиёти ва санъатида энг муҳим ҳамда бош мавзулардан бири ўзлик масаласидир. Ибн Синонинг “Тайр қиссаси”, Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Рисолаи тайр”, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асари учун асос бўлган “Найнома”си ва “Фиҳи мо фиҳи”, Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” каби мумтоз асарларда рамзу мажозлар орқали “мен”ни – ўзликни топишга даъватлар бор, бу йўлдаги машаққат ва йўқотишлар эса маънавий-руҳоний юксалиш, асл ўзликка яқинлашиш сифатида кўрсатилади.
“Маснавийи маънавий” қуйидаги сатрлар билан бошланади:
Тингла найдин: не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай.
Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,
Нола чекдим, эл ҳама оҳ урдилар.
Най, Румийга кўра, ориф инсон тимсоли. Ориф – маърифат соҳиби бўлган зот, у олам ва одам, тириклигу йўқлик, холиқ ҳамда махлуқ каби муҳим тушунчаларни бор моҳияти билан чуқур англайди, уларни теран мушоҳада қилади. “Айрилиқлардан шикоят” қилаётган най ўзлиги – қамишлик пайтини жуда қўмсайди; ориф инсон ҳам ўз асл ватани – руҳоният дунёсидан кўчиб, азият ва ранжу балолар маскани бўлмиш ерда қўним топганидан ёзғиради. Бундай зотлар жисман заминда бўлсалар-да, руҳан илоҳий руҳониятга талпинади.
Шарқ фалсафаси ҳамда тасаввуф таълимотида “ўзлик” иккига бўлиб талқин қилинган. Биринчиси – жисмоний-башарий ўзлик, иккинчиси эса маънавий ўзликдир. Башарий ўзлик инсоннинг савқи табиий, яъни туғма хусусиятлари, нафсоний майллари асосида шакллангани боис тасаввуф аҳли уни тубдан ислоҳ қилиш, ҳайвоний, шайтоний ҳирслардан фориғ бўлган, сайқал топган бир “мен”ни шакллантириш ғоясини илгари суришган. Шунинг учун ҳам бунга маънавий жиҳатдан “иккинчи туғилиш” деб ном беришган. Айнан шундан кейин инсонда иккинчи – маънавий ўзлик (“мен”лик) шакллана бошлайди. Бу “туғилиш” асосан сайри сулук – тариқат йўлида комил пир ёки муршиднинг таълим-тарбияси орқали юзага келади. Шу маънода, улуғ турк мутасаввиф шоири Юнус Эмро “Мени менда деманг, менда эмасман, Бир мен бордир менда, мендан ичкари” деганда ана шу “мен”ни назарда тутган.
Нақшбандийлик тариқатига кирган солик нафс мужодаласида ўзига хос ўн бир усулга таяниб иш тутмоққа одатлантирилган. Бу усул-йўл илмда “рашҳа” деб аталади. Шундай рашҳалардан бири “Сафар дар ватан” деб номланади. Бу усулнинг бир қанча маънолари бор, улар тасаввуфий-ирфоний китобларда батафсил шарҳланган.
Бизнингча, “Сафар дар ватан”ни яна шундай англаш мумкин: инсон ўз вужудини маънавий бир ватан деб билиб, унда тез-тез сафар қилиб туриши лозим: кўз ҳалол бўлмаган нарсаларга боқмаяптими, тил ғийбат ва лағв(беҳуда гап-сўз)дан йироқми, қадамлар марғуб ва мандуб жойларга етаклаяптими, энг асосийси, қалб гуноҳлардан харобага айланмаяптими – шуларнинг баридан бохабар бўлиш жуда муҳим. Бу, илм тили билан айтганда, ўз-ўзини тафтиш қилишнинг энг муросасиз, аммо энг зарур методларидан биридир. Шунинг учун мумтоз адабиётда сафар мотиви ўзлик концептининг моҳиятини ёрқинроқ очиб беришда муҳим воситага айланган.
Масалан, “Лисонут-тайр”да мусофир қушлар Семурғни излаб йўлга чиқади. Бир қанча водийлардан ошиб ўтади, йўл машаққатига бардош бера олмаган баъзи қушлар ортга қайтади. Қолган қушлар Семурғни жисман топишмаган бўлса-да, охири ҳар бири ўзининг Семурғ эканини англайдилар.
Дарҳақиқат, сафар мусофирни тоблайди, жисм ва руҳдаги маънавий хомликларни пиширади. Қушлар ҳам сафарга чиқиб, заҳмату машаққат чекмаганида ўзликларини – Семурғни топа олишмасди.
Вужуд, нафс, ахлоқ, қалб ва руҳ илми ўзликни таниш, одамийлик моҳиятини кашф этишга равнақ берганидек, тасаввуф адабиётининг ривожини ҳам таъминлаган. Буюк мутафаккир Алишер Навоий ўзлик моҳиятини очишда кўп ҳолларда нафс, фақр, фано тушунчаларига таянади. У бир ғазалида шундай дейди:
Қил ўзлукунг кесагин поймол бирла ғубор,
Йўқ эрса балчиғ ўлур фисқ суйи бирла кесак.
Шоирга кўра нафс қутқуларидан халос бўлмаган ўзлик “кесагин”и парчалаш, чанг-ғуборга айлантириб юбориш лозим. Акс ҳолда, фисқ (ахлоқсизлик, бузуқлик, адоват) суви кесакни балчиққа айлантиради ҳамда асл “мен”лик ботқоққа ғарқ бўлади.
Тасаввуф таълимотига асосан фано (йўқ бўлиш) сўзи “мен”лик шууридан халос бўлиш ва “мен”нинг баъзи сифату хусусиятларига барҳам бериш мазмунини ифодалайди. Фано, шунингдек, нафсдан фоний бўлиш – қутулиш, вуслат – Ҳақ висолига етишишнинг асосий шарти саналган. Шу боис Навоий бир ўринда ёзади:
Кимки ўзлук иморатин бузди,
Бўлди нақди фано музди.
Ул иморатни бузмайин солик,
Бўла олмас бу нақдға молик.
“Ўзлук иморати” дея шоир, шубҳасиз, нафсни назарда тутмоқда. “Ўзлук иморатин” бузиб, нақди фанони қўлга киритиш – башарий-нафсоний сифатлардан фориғ янги бир маънавий “мен”га эга чиқишдир.
Тасаввуф назариётчиларининг нуқтаи назарига кўра, башарий “мен” ва “менлик”нинг ўрни, мақоми паст, иккинчиси – маънавий “мен”ники жуда юқори ҳисобланади. Чунки дастлабкиси башарий, яъни жисмоний, моддий, ҳайвоний ва нафсоний ўзликдир. Иккинчиси эса маънавий, руҳоний, ғайбий, малакий сифатларни ўзида мужассамлаштирган.
Фано аслида йўқни бор, борни эса йўқ деб билишдир. Чунки бор (ва аслида ортиқча) бўлган иллатлар йўқолган лаҳзада йўқ (ва энг муҳим) маънавий фазилатлар барпо бўлади. Мавжудлик, яъни дунё адам (йўқликдан) яралган ва яна йўқликка юз тутажак. Шунинг учун инсон энг аввало эришишда йўқотиш, йўқотишда эришув борлигини англаши зарур. Ана шунда у нимагадир боғланиб, маънан тўхтаб қолмаганидек, хом ва ўткинчи мақсад, нафсоний манфаат ва иддаолар тузоғига тушиб, умрини ғафлатда ўтказмайди.
Шу маънода, орифу комил зотлар ҳур ва фаол “мен”ни камолга етказишга алоҳида диққат қаратишганки, улар нафс таъсиридан халос бўлмагунча, сўзлаш ёки ёзишдан кўра сукут сақлашни афзал билиб, бунга қатъий риоя қилганлар. Шунинг учун ҳам улар “мен” деган сўзни истифода қилишдан узоқ бўлишган. Чунки “мен” баъзида фақат ўзни эътироф этиш, ўзгаларни назарга илмаслик суратида ҳам кўриниш беради. Шу боис ҳам “мен (оловдан яралганман)” деган Азозил ўзлигини йўқотиб, Иблисга айланди. Шу боис тасаввуф аҳли орасида ужб деган иллатдан эҳтиёт бўлишга қаттиқ ҳаракат қилинган. Ужб – ўз-ўзига маҳлиё бўлиш, ўз-ўзидан ажабланиш, қилаётган амалларидан кеккайишдир. Ужб секин-аста манманликка, кибрга олиб боради. Бунинг натижасида инсон ўзидан бошқаларни кўрмайди, уларни писанд қилмайди, фақат ўзининг шахсияти ва амалини юқори санай бошлайди. Кибр эса инсонни маънавий жиҳатдан ҳалокатга етаклайди.
Яна Навоийда шундай муҳташам байт бор:
Десанг фалакка чиқай, фоний ўл аносирдин,
Нединки, руҳунгдадир чормих бу тўртов.
Бу байтни теран англамоқ учун биринчи мисра сўнгидаги аносир сўзи ва унинг моҳиятини яхшироқ билмоқ керак. Аносир – унсурлар демакдир. Қадимдан инсон тўрт унсур – ҳаво, тупроқ, сув, оловдан ташкил топган дейилади.
Бу тўрт унсур нафақат инсон табиати, балки бутун олам таркибини ҳам ифода этади деб қаралади.
Тасаввуфда ҳам инсоннинг комилликка эришиши шу тўрт унсурнинг уйғунлиги орқали амалга ошади. Инсонни “кичик олам” (олами суғро) деб аташган. Бу дегани, инсон бутун оламнинг бир кичкина намунаси – микрокосмосдир. Ушбу унсурларга тасаввуфдаги маънавий рамзийлик нуқтаи назаридан қарасак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади:
Олов – ирода ва руҳий ғайрат. Тасаввуфда бу унсур “ишқ” ва “шавқ” билан боғлиқ. Масалан, Мавлоно Румий айтади: “Ман оташи ишқам, на сухтаму на сӯзандам...”. Олов – ички руҳий ёнғин, Ҳақни излашдаги улкан сўзсиз чорлов. Бу унсур комил инсонда башарнинг Аллоҳга интилиши сифатида зоҳир бўлади.
Сув – қалб ва муҳаббат. Сув – тасаввуфда фақат жисмни тозартирувчи эмас, балки “қалбни покловчи” унсур сифатида ҳам талқин қилинади. Сув мисолида инсоннинг руҳий равшанлиги, муҳаббати, кўз ёшлари келади. Шайх Аҳмад Яссавий ёки Машраб ижодида “сув каби пок дил” ҳақида сўз юритилган.
Ҳаво – нафас ва руҳ. Бу унсур нафас олиш, зикр қилиш ва руҳий тозалик билан боғлиқ. “Ҳаво” сўзи тасаввуфдаги “ҳавойи нафс” тушунчаси билан ҳам боғлиқ, яъни уни тарбия қилиш орқали инсон нафси ортидан эмас, руҳи ортидан юради. Шу сабабдан ҳам нақшбандийликдаги юқорида эслаганимиз ўн бир рашҳанинг бири бўлган “Ҳуш дар дам” усулида солик ҳар бир нафасидан ҳушёр – хабардор бўлиб юриши, ҳатто икки нафас оралиғидаги вақтнинг ҳам беҳуда ўтмаслигига аҳамият бериши лозим.
Ер – сабр ва хокисорлик. Ер унсури сабр, хотиржамлик, барқарорлик рамзи бўлиб, комил инсон ер каби хокисор, қувватли ва баракали бўлиши керак.
Маълумки, нафс мартабаларидан дастлаб Ҳаким Термизий сўз юритиб, уларни нафси аммора, нафси лаввома, нафси мулҳима, нафси мутмаинна дея номлаган. Навоийшунос ва тасаввуфшунос олим Иброҳим Ҳаққулга кўра, нафснинг мазкур мартабаларини кейинчалик сўфийлар “аносири арбаъа” – тўрт унсурга қиёслашган. Чунончи, нафси аммора оловга, нафси лаввома шамолга, нафси мулҳима сувга, нафси мутмаинна тупроққа ўхшатилган ва уларнинг ҳар бирига ўн хусусият нисбат берилган. Бундай моддийлаштирув эса нафсни, демакки, инсоннинг ўзлигини яқинроқдан англашга хизмат қилган.
Ўзини англаш йўлида инсон албатта нафси билан юзлашади. Бу нафсда ҳирс, ғазаб, кибр каби салбий хислатлар бор. Лекин Аллоҳ инсонга ақл ва қалб орқали бу нафсни тарбия қилиш қудратини берган. Бу риёзат, узлуксиз маънавий курашни талаб қилади. Қуръонда шундай дейилади: “Ким нафсини покласа, нажот топибди” (Шамс сурасининг 9-ояти). Бу фақат “гуноҳ қилмаслик” эмас, балки қалбни мусаффо этиш, руҳни юксалтириш, шубҳа ва ғафлатдан қутулиш демакдир.
Энди яна байтга қайтсак. Аносирдан фоний бўлиш – ўзликдан кечиш, илоҳий файзга эришиш, руҳий-маънавий юксаклик демакдир. Тўрт унсурдан бунёд бўлган инсон жисми ичида латиф, ҳузури илоҳийдан инган руҳ мавжуд бўлиб, у инсон маъсияту гуноҳга боғлангани сари азоб чекади, уқубат тортади. Шу боис инсон “аносир” муаммоси – ўзликдан фоний бўлишни етарли зайлда билиб, имкони етгани қадар уни ҳал этмаса, у юксалдим деб ўйлагани сари ботинидаги чиркинлик, тубанлик ва ҳайвонийлик офатларидан тўла халос бўлолмайди.
Башарият яралгандан бери нозил бўлган барча динлар ва уларнинг муқаддас битикларида, улуғ донишманд ҳамда файласуфларнинг ваъзу насиҳатларида инсон доимо тўғрисўз бўлиши, ҳаётдан маъно излаб яшаши, ўз асл моҳиятидан узоқлашмасликка даъватлар бор. Қуръони каримда Одамнинг тупроқдан, унинг болалари эса нутфадан яратилгани, шундай арзимас моддадан бунёд бўлган инсонни Яратган зот мукаррам қилгани эслатилар экан, бандаларининг бунга муносиб тарзда итоат ва ибодатда яшаши лозимлиги кўп уқтирилади.
Шу ўринда ибодат сўзини ҳам бироз кенгроқ тавсифлаш зарур. Бу сўз тор маънода намоз, рўза, ҳаж каби шариат амалларини бажаришни англатади. Лекин қуръоний моҳиятга кўра ибодат жуда кенг маъноларни ўз ичига олади.
Ибодат арабча “аъбада” феълидан ясалган бўлиб, “бўйсуниш”, “итоатда бўлмоқ”, “қуллик қилмоқ” каби маъноларни англатади. Илоҳий каломда “Жин ва инсонни фақат менга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сурасининг 56-ояти) дейилади. Ибодат сўзи юқорида айтилганидай тор маънода тушунилса, тамоман бошқача моҳият касб этарди: жинлар ва инсонлар эрта-ю кеч фақат ибодат билан машғул бўлишлари лозим бўларди. Тўғри, намоз, рўза, закот, ҳаж каби амаллар улуғ ибодатлар саналиб, шулар воситасида банда ўз Яратувчисига яқинлашади. Лекин Тангри таолонинг биз бандаларига ёлғон гапирмаслик, чақимчилик, туҳмат ва ғийбат қилмаслик, ўзгаларнинг моли ва жонига ноҳақ зиён етказмаслик, гўзал сўзлаш ва кишиларга манфаат етказиш, ота-онага яхшилик қилиш, илм олиш ва ҳалол яшаш ҳамда шу каби бир қанча амрлари ҳам борки, буларни бажариш ҳам қуллик ва итоат намунасидир.
Демак, илоҳий мезонга кўра ёмон ишлардан тийилиб, нимаики гўзал амал бўлса, ўшаларни сидқидилдан бажариб, халқ ва Холиқни хушнуд этиш бандаликнинг асл моҳиятидир.
Олий таълим муассасасида билим бераётган ўқитувчи сифатида жамиятда, айниқса келажагимиз эгалари бўлган ёшлар орасида айнан уларнинг ёшида шаклланиши керак бўлган гўзал фазилатларнинг камайиб бораётгани мени баъзан хавотирга солади. Арзимаган баҳога эга бўлиш учун устозини алдаш, сабоқдошларига таъна тошлари отиш, туҳмат қилиш каби иллатлар кўп кўзга ташланмоқда. Ваҳоланки, тўрт йил давомида уларга ахлоқни сайқаллаш, умрни беҳуда ўтказмаслик, суратни зийнатлаш эмас, аксинча, сийратни гўзаллаштирмоқ каби улуғ фазилатлар тарғиб қилинган “Қутадғу билиг”, “Ҳибатул-ҳақойиқ”, “Ҳайратул-аброр”, “Саботул-ожизин”, “Роҳати дил” ва шунга ўхшаш яна ўнлаб асарлар ўқитилади, улуғ устозлар жидду жаҳд билан мазкур асарларнинг моҳиятини онгу шуурларига, қалбларига сингдиришади. Лекин самараси жуда кам.
Бир йили асосан қўшимча тўлов (“суперконтракт”) эвазига ўқишга қабул қилинган кечки таълим талабаларига дарсга кирдим. Иккинчи босқичда ўқишарди. Аслида кечки таълим талабаларининг ўқишга қизиқиши кундузги таълимдагиларникига қараганда бироз паст, шундай бўлса-да, талабни қаттиқроқ қўйиб, дарсларни бошладим. Лекин улар борган сари ўқишга юзаки қараб, айримлари очиқчасига тирикчилик учун ишлаётгани, шу сабабли ўқишга имкони йўқлигини писанда қилишарди. Орадан икки ойча вақт ўтиб, вазият ўнгланмаётганига амин бўлгач, талабаларни сал сергак торттириш ва ўқишга ундаш учун уларнинг ота-оналарига қўнғироқ қилиб, деярли ҳаммасига одоб доирасида “Болангиз аслида яхши ўқийди, фақат охирги кунларда ишлаш билан андармон бўлиб, дарсларга беътибор бўлиб қолди. Сал жиддийроқ назоратга олиб, ўқишларини суриштириб туринг. Биз ўқитувчиларга қўнғироқ қилиб, болангизни сўраб туринг, ўқишига бефарқ бўлманг” дедим. Аммо барибир бу “одобга чақириш” усули талабаларни ўзгартиролмади... Лекин энг аламлиси, ота-оналарнинг бирортаси фарзанди учун қайғуриб менга қўнғироқ қилмади...
Бир қарашда бу гапларнинг мавзуга алоқаси йўқдай кўринади. Лекин моҳиятан биз очишга ҳаракат қилаётган масаланинг бир жиҳати шунда намоён бўлиб турибди. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги вазифани, инсон-фуқаро сифатидаги миссиясини тўла бажармаётгани кўринади: ўқувчи-талаба илм олиши кераклигини, ота-она фарзандини мустақил ҳаётда ўрнини топгунига қадар назорат қилиши лозимлигини, шифокор ҳеч бир тамасиз беморга шифо топишда ёрдам бериши зарурлигини, адолатни таъминлаши керак бўлган суд тизими ходимлари пора эвазига айбланувчига ён босмаслиги кераклигини муҳим санамаслик ҳолатлари жуда кўп учрамоқда. Буларнинг бари иллат, бора-бора жамиятни емиради, мамлакат тараққиётига путур етказа бошлайди. Буларнинг давоми, ечими эса асл ўзликда – миллий, диний, ахлоқий қадриятларимизда, донишманд халқимизнинг бир неча минг йиллик ҳаёт тажрибаси, аждодларимиз қолдирган маънавий меросда.
Бу масала фақат адабиёт ёки тасаввуфнинг мавзуси эмас, балки социология, психология, фалсафа каби фанлар учун ҳам алоҳида тадқиқот объекти ҳисобланади. Агар шундай тадқиқотлар олиб борилса, умумбашарий муаммо ва фожиаларга ечим топиларди, миллатлар ва жамиятлар янада тараққий этган бўларди.
Ҳусан МАҚСУД
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Ўзлик моҳияти” мақоласи
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ