Эҳсон харажати “реклама”сига кетган пул олдида ҳеч нарса бўлмай қолади – бугунги риё ва сумъалар ҳақида


Сақлаш
12:47 / 16.02.2026 14 0

Бир маҳаллар Ҳайнрих Ҳайне айтган эди: Бемаза одамлар ҳамма замонларда ҳам ўз қабиҳ ишларини эътиқод, одоб-ахлоқ ва ватанпарварлик ғоялари билан ниқоблашга уринган”. Марк Аврелийдан эса бундай гап қолган: “Жангчи ўз жасорати, дониш ўз донишлиги ҳақида гапирмайди. Одамнинг қанчалар фазилатли эканини унинг ҳаёт мезонига айланган одатий саъй-ҳаракатлари белгилайди. У бирор катта ишни бажаргудек бўлса, бу ҳақда ўзининг нақадар буюк инсон эканини кўрсатиш учун жар солмаслиги керак. Яъни, ўзи табиатан тўғри бўлиши, тўғриланишга муҳтож бўлмаслиги лозим. Аниқроғи, фалондек кўриниш эмас, ўшандек бўлиш керак, холос”. Лотинча “Esse quam videri” нақлининг маъноси ҳам шу.

 

Деҳқон биров мақтаса-мақтамаса даласида эрта-ю кеч ўз ишини қилаверади. Жарроҳ ҳар сменасида бир неча соат тикка туриб, беморнинг ҳаётини сақлаб қолади, бунинг учун ойлик олади, мукофотни ўйламайди. Юрт сарҳадини бузиб, хуфиёна кириб келмоқчи бўлган наркосавдогарни тўхтатиб қолган чегарачи ўзини кўкка кўтаришларини хаёлига ҳам келтирмайди, казармасига бориб одатдагидан мамнунроқ ҳолда дам олади-да, вақти келганда яна назорат нуқтасига кетади. Хуллас, ҳамма ўз ишини қилади ва бунинг учун тегишли ҳаққини олади, ортиқча нимадир талаб қилмайди. Булар – Марк Аврелий таъриф берган одамлар.

 

Норман Борлоугни бугун ҳеч ким эсламаса керак. Кўпчилик танимайди ҳам. Ваҳоланки, у миллиардлаб инсонларни очликдан қутқариб қолган. Йўқ, у сиёсатчи, ҳарбий қўмондон ё миллиардер бўлмаган. Қилган иши шуки, буғдойнинг касалликларга бардошли ва яхши ҳосил берадиган навларини кашф этган. Унинг кашфиёти ўз даврида кўплаб мамлакатларда “яшил инқилоб” ясаган. Айниқса, бир вақтлар озиқ-овқат муаммоси анча кескинлашган Ҳиндистон ва Мексикада. Тўғри, 1970 йили унга Нобел мукофоти берилган, лекин кенг афкор омма барибир уни танимайди. Чунки олим шуҳрат кетидан қувмаган, башарият фаровонлиги учун бир чеккадаги лабораториясида жимгина ишлаб, синов далаларида буғдой навларини яратган, холос. Унинг номини ҳар эҳтимолга қарши эслаб қолинг. Норман Борлоуг – ёш авлодга, у ёғини сўрасангиз, катталарга ҳам ибрат сифатида келтириш учун энг арзигулик шахслардан.

 

Жoнac Сoлк 1955 йили ўз вакцинасини патентлашдан бош тортди. Шу билан у етти миллиард АҚШ долларига тенг маблағдан воз кечди. Нима учун? Бутун дунёдаги полиомиелит билан оғриган болалар бу вакцинага имкон қадар осон етишсин учун. Унинг кашфиёти туфайли жаҳонда бу касаллик 96 фоиз қисқарди. Бу исмни ҳам эслаб қолиш керак. Тўғри, унга Нобел мукофоти берилмаган, лекин шундай бўлса ҳам Жонас Солкнинг инсоният олдидаги хизмати Норман Борлоугникидан кўп бўлса кўпдир, сираям кам эмас. Фарзанди сал иситма қилса, фиғони кўкка етадиган ота-оналар Жoнac Сoлкнинг ихтиросидан олдин полиомиелит туфайли ўз жигаргўшасини тупроққа қўйган миллионлаб одамларнинг ичидан нималар кечганини тасаввур қилиб кўрсин-а!

 

Игнац Земмелвайс шифокорлар қўлларини ювса, туғруқхоналардаги аёллар орасида ўлим кескин камайишини аниқлаган ва бу ҳақда роса жар солганда, ҳамкасблари уни изза қилганди. У бечора ҳокимият одамларига аламли мактублар ёзиб, ислоҳот талаб қилган ва охири... ишдан бўшатилган, кейин эси ҳам оғиб қолган. Клиникада қони заҳарланиб (ҳамширалар қўлини ювмаган бўлса керак!) вафот этган. Бугун уни “оналар халоскори” деб аташади.

 

Полшалик Януш Корчак ажойиб педагог, истеъдодли адиб, яхши шифокор ва таниқли жамоат арбоби эди. Немис фашистлари Варшавани эгаллаганда, у “Етимлар уйи”даги болалар билан бирга геттога бориб жойлашади. Болаларни оташхонага киритиш тўғрисида буйруқ келганда, босқинчилар уни қўйиб юбормоқчи бўлади. Лекин Януш бобо бундай хотира билан яшагандан ўлимни афзал кўради ва болалар билан гулханга кетади. Айтишларича, ўшанда у иккита гўдакни қўлига кўтариб олиб, қулоғига эртак айтиб борган экан, бундан бошқалар ҳам анча овунган бўлиши керак. Гўдакларни сўнгги тасаллидан айиргиси келмаган Януш Корчакнинг ҳаёти шундай якун топган.

 

Ўз адибимиз Машраб Бобоевдан “сизнингча, бугунги кун қаҳрамони ким?” деб сўрашганда, “бирор нарса илинж қилмасдан талабага тўғри баҳо қўйган домла, касални унинг чўнтагига қарамасдан даволаган шифокор, пора олмай туриб адолатни қарор топтирган прокурор...” деб санаб кетганди. Бу гап ҳам қадимги дунёнинг кучли императорларидан бири айтган сўзларни эслатади.

 

Шундайликка шундайку-я, лекин кейинги пайтлар ҳаётимизда фақат Марк Аврелийнинг фикрини эмас, балки Ҳайнрих Ҳайне айтган гапнинг ҳам тасдиғини кўп кузатмоқдамиз. Юқори технологиялар ривожланиб, ахборот алмашиш ва тарқатиш имконияти кенгайганининг хайрли жиҳатлари кўп. Шу билан бирга, бу тараққиёт риёкорлик, юзаки бахтиёрлик, хўжакўрсинга ҳаракат қилиш, сохта уддабуронлик каби иллатлар авж олишига ҳам хизмат қилаяпти.

 

Риёни нимада кўрамиз? Бир-икки халта озиқ-овқат олиб, ночор қолган оилага олиб бориш ва буни ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиш мисоли етарлидир-а?! Ҳа, шундай “валломатлар” кўпайди. Аслида, хомчўт қилсангиз, халтани тўлдиришга кетган харажат “саховат” тўғрисидаги видеолавҳани тарқатишга сарфланган пулнинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.

 

Ижтимоий тармоқлар ва “сариқ матбуот”да ҳам юзаки бахтиёрликка мисол тиқилиб ётибди. “Юлдуз”лардан биттаси эрталаб контраст душ қилиб, авокадо ва смузи билан нонушта қилиши, кейин продюсер билан янги лойиҳаларни муҳокама қилиши, ундан сўнг промоутери билан нималарнидир гаплашишини ёзади. Косметолог ва дерматолог ҳузурида нималар бўлганини, сўнг эса тушликка сёмга шўрваси ва қовурилган ўрдак қанотини ейиши, кейин сиеста (қайлула) қилиши, уйқудан тургач, фитнес хонасига боришини сўзлаб беради. Кечқурун дўсти билан учрашиши, яна кимлар биландир дискотека, кинотеатр ё яна бир жойларга бориши, уйга қайтгач, нарзан суви билан озгина суши “қабул қилиши”ни баён қилади. Куни ўта мазмунли ўтганини ўйлаб, уйқуга кетганини ҳам билмай қолган бўлади. Интернет фойдаланувчиси буни “киборлар ҳаёти” деб билади ва ҳавас қилиб, шундай яшашга интилади. Эрталаб онаси (ё хотини) қовуриб берган тухумга қарагиси келмай қолади. Тушликка кўнгли беданадан қозонкабоб тусайди. Кечқурун уйдаги “қолоқларнинг овқати”ни емаслик учун кўчадан нима биландир қорнини тўйдириб келади.

 

Америкалик ковбой, қизиқчи, актёр ва журналист Уилл Рожерс бир аср олдин айтган гап бугунимизга жуда ҳам тўғри келади: “Кўплар ўзига ёқмаган одамларга ёқиш учун ўз машаққатли меҳнати билан топган пулини ўзига кераксиз нарсаларни сотиб олишга сарфлайди”. Ҳа, кўпинча одамнинг хурмача қилиқлари ўзига билинмайди ёки у ўзини осонгина оқлаб олади. Буюклик сингари айб ҳам ташқаридан, кенгроқ қараганда билинади. Бежиз айтишмаганки, “айбли ишларимизни бошқалар содир этса қанча даҳшатли кўринади-я!”.

 

Хўжакўрсин ишлар оми одамларда нотўғри тасаввур уйғотиши, шу қаторда уларнинг ахлоқи ва турмуш тарзига ёмон таъсир қилиши билан ҳам хавфли. Узоққа борманг, мана оддий машмаша – “Фалончи дугонам янги билагузук билан янги зирак олибди, яқинда бошқасиям олганди, менга ҳам олиб берасиз, уларнинг олдига боролмаяпман, уялиб кетаяпман!”. Бошқачаси: “Фалончи дўстимнинг туғилган кунига отаси янги русумдаги фалон автомобилни совға қилибди, писмадончи жўрам газ-бензин емайдиган машинада юради, уларнинг олдида гап гапиролмай қолганман!”.

 

Кўп идора ва ташкилотларга борсангиз, раҳбарнинг кабинети жойлашган қават анча озода, шинам ва ўзгача жиҳозланганини, бошқа қаватлар “эл қатори” эканини кўргансиз. Албатта, келган меҳмон бошлиқнинг қаватини кўриб кетади. Ҳавас қилади. Ичиқора бўлса, айбли жойларини топиб, сездирмай кулган бўлади, бошқаларга ҳам айтиб берар балки. Лекин шу идоранинг ходими мутлақо бошқа хаёлда юради: “бошлиқ – эгоист, ўта манман, димоғдор. Кабинети ёзда салқин, қишда иссиқ бўлади. Ўзи тўнка бўлса ҳам!”.

 

Худо ишини ўнглаб, шу ходим кўтарилиб кетса, ўзи шундай қилмайди, қўлидагиларни ўйлайди дейсизми?! Эҳтимол. Лекин камдан-кам ҳолларда. Аксарият одамлар мартабаси кўтарилгандан кейин янаям ҳашамли манзарани истаб қолади. Аввалги бошлиқнинг “сассиқ” курсиси, “чириган” гилами, “исқирт” мебели ва бошқа нарсаларидан жирканади ва ҳаммасини янгилашга киришади.

 

Хўжакўрсин ишлар одамлар билан бошқарув органлари ўртасидаги муносабатларни йўқ жойдан бузишга хизмат қилади. Буни очиқ тан олиш керак. Мана, дейлик, “фалон мактабга душанба куни туман ҳокими келаркан” воқеаси. Дам олиш кунларидан воз кечишга мажбур бўлган директор ва ўқитувчилар, навбатдан ташқари ҳашарга чақирилган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари – ҳаммаси бурнини жийиради. Туман ҳокими ҳеч кимни безовта қилишни истамайди, улар ўзи ўзини сарсон қилади. Чунки аслида озодалик ва батартибликни юқоридан кимдир келишига боғлаб қўйган ҳоким эмас, уларнинг ўзи. Янада аянчли томони шуки, бу экстраординар ташвишлар поғонама-поғона ҳамма босқичда учрайди. Шу тариқа ҳамма бир-бирининг кўзини шамғалат қилади.

 

Обрў-эътибор дарди ҳам бор. Ҳаммамиз яхши биламизки, ким қандай тўй-ҳашам қилмасин, одамлар узоғи билан уч кун гапиради. Чунки ҳаётда бошқа воқеа-ҳодисалар кўп. Ўн йиллар аввал россиялик бир миллиардер Сочи шаҳрида денгиз бўйига катта тўйхона қуриб, “миллионли” хонандаларни олиб келиб, мисли кўрилмаган даражада катта никоҳ базми уюштирди. Бунинг видеотасвири интернет орқали минглаб километр масофаларга тарқалди. Кимдир “барака топсин, отасига раҳмат!” дедими?! Йўқ. Видеони кўрган йигитлар хаёли бузилиб, “келин яхшигина экан” деди, қизлар ҳасадини ичига ютиб, “шунинг нимасига учибди экан куёвбола” деб ясама таҳайюр қилди. Шу билан вассалом.

 

Ўзимизда “зотдор” автомобилларни турнақатор қилиб, хонандаларни навбатда турғазиб қўйиб, дастурхони билан дунё кўрган энг нозик дидли хўрандани ҳам лол қолдириб базм ташкил қилаётганлар йўқ эмас. Келин-куёвнинг “муҳаббат тарихи”ни намойиш этиш, икки ёшнинг валс тушиши ва бошқа бемаъни қилғиликлар ўша оний лаҳзаларда кимларнидир романтик энтикишга солиши мумкиндир. Лекин буларнинг ҳаммаси оний, холос. Моҳият эса шундан иборатки, уялмай-нетмай янги келинни кўпчиликка кўз-кўз қиламиз. Унга биров ҳавас билан қараса, биров ҳирс билан, яна биров ҳасад билан қарайди. “Менталитетимизга тўғри келмайди”, “ҳаммамиз ҳам мусулмонмиз” деган гапларнинг таъсири қолмади ҳисоб. Шунинг учун бўлса керак, тўй қанча дабдабали бўлса, ўша никоҳнинг умри шунча қисқа бўлаяпти. Чунки дабдабадан кейин кундалик қувонч ва ташвишлар бошланади. Сурурли томонини ҳамма кўтаради, лекин оғир юкига ҳар ким ҳам дош беролмайди. Айниқса, умрида “йўқ”, “мумкин эмас”, “уят бўлади” деган сўзларни эшитиб ўрганмаган ёшларга қийин. Ҳаёт романтика эмас. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлади. Бу ҳаётда бойлар ҳам йиғлайди.

 

Ҳали ҳеч нарсани тушунмайдиган чақалоқни туғруқхонадан уйга лимузинда олиб келганимиздан, боғчасида тарбиячисини, мактабида ўқитувчисини тобе қилиб қўйганимиздан, пул билан ўқитиб дипломли қилганимиздан, салоҳияти етмаса ҳам яхшигина ишга жойлаб қўйганимиздан, жонини оғритмасин деб уй-жойини тайёрлаб берганимиздан, кўнгли нима тусаса муҳайё қилаверганимиздан кейин бу бола ўз-ўзидан инфантилизмга дучор бўлмасинми?!

 

Компютер ва интернетнинг фойдалари катта, бениҳоя катта. Лекин зарари ҳам оз эмас. Баъзилар излаб-излаб, ўзига керакли маълумотни топади. Бошқалар ниманидир қидирувга беради-да, топилган нарсани ўқиб ҳам кўрмасдан мақоласига, илмий ишига, маърузасига тиркаб юбораверади. Компютернинг “айби” шуки, ҳар нарсани сўрайверадиган бу матоҳ нусха кўчиришда “ишончингиз комилми?” деб ўтирмайди. Оқибатда кўчирмачилар матндан хатоси-ю мантиқсизлиги билан бус-бутун нусха олади. Шунинг учун, масалан, филологларнинг “диссертация”ларида ғализ жумлалар пайдо бўлади (“Ўйлаймизки, фалон-фалон деб хулоса қилсак бўлади деб ҳисоблаймиз”). Баъзи “тадқиқотчилар” шу қадар масъулиятсизки, ўзининг асл башарасини очиб бераётганини ҳам сезмайди (“Италиянинг бу тажрибасини бизнинг Урал томонларда, Волгабўйи ва Карпаторти минтақаларида қўллаш мумкин”). Бир сиёсатшунос ёзишга эриниб, илмий ишининг матнини котибасига айтиб тердирганми ё кўчирган жойида шундай бўлганми, хуллас, “тикланиш” сўзини “чекланиш” деб ёзворганига нима дейсиз! Ўзимиздаги бир партиянинг номини ёзаётганда шундай қилингани янаям ажабланарли. Тасаввур ақлни мазах қилади: бу сиёсатшунос енгил тамадди қилаётган ҳолида айтиб турган, оғзида овқати билан чирс-чирс қилиб, “тикланиш” деган бўлса, котибаси “чекланиш” деб эшитган-да.

 

Буларни одамлар олим деб ҳурмат қилади, давранинг тўридан жой беради, бунақалар ортидан талабалар домла-домла деб югуриб юради. Бу олимнинг асл мақсади замирида аввал PhD, кейин DSc гувоҳномасини олиш, шу орқали кўтарилиш, номуносиб тарзда устама олиш, асос-устунсиз обрў орттириш каби тубан шахсий манфаатлар ётишини, илм-фан ривожига ҳисса қўшиш, янгилик яратиш деган гаплар хаёлига ҳам келмаслигини улар қаердан билсин! Тажриба тариқасида биринчи учраган PhD соҳибидан илмий ишининг мавзуси, бобларининг номлари, фойдаланган адабиётлари ҳақида сўрасак, жавоб бера оладимикан деган ўй кечади беихтиёр. Ҳақиқий тадқиқотчи ҳар бир сатрни ўйлаб, ҳар бир фикрни ақл тарозисида ўлчаб ёзади. “Бобни бундай номласам аниқроқ бўлади, сарлавҳа – материалнинг ярми” дейди масалан. Бу изланиш ва ижод изтироби бўлиб, хулоса ва қарорлари умрининг охиригача хотирида қолади. Лекин боягидек йўл тутган бўлса, бошини қашиб, “шундай-шундай нарсалар-да, энди анча вақт ўтиб кетди, эсда қолармиди” дейди. Илм-фанимизни бундай уддабуронлардан ҳимоя қилиш ҳам керак.

 

Мен турли идораларда ишлаб, бу жараёнда шундай чалкаш ҳолатларга кўп дуч келганман, шунинг учун бор гапни айтаяпман, ишонаверинг. Кимдир бўҳтонга ўхшатиши мумкин, лекин билингки, бунақа бўҳтонни ўйлаб топишнинг сира иложи йўқ. Ҳар ҳолда камина шу фикрда. Ўзбекистонлик бўла туриб, “бизнинг Урал томонлар” деганнинг, бошқа “тадқиқотчилар”нинг айби ўзига кўрсатилганда нима бўлганига қизиқаяпсиз-а! Ҳеч бири пинагини бузмаган (“энди бир ўтиб кетибди-да, кимлардан ўтиб кетмайди-ей!”). Донишлар ярим ҳазил қилиб, “бетнинг қалинлиги ҳам ярим бахт” дегани шу бўлса керак.

 

Сиз билган ҳар бир инсоннинг ботинида сиз билмаган яна бир инсон бўлади. Қаршингиздаги одам – рўпарадами, интернетдами, телевизордами, қай ҳолатда бўлса ҳам – ҳақида бирор фикрга бориш олдидан шуни ўйлаб кўриш керак экан. Домла ҳақиқатан олимми, ишбилармон ростдан ҳам бизнес одамими, раҳбар чиндан ҳам лаёқатли бошлиқми ва ҳоказо. Албатта, ёппасига ҳаммадан шубҳаланиш керак эмас. Бир-икки гапини тинглаб кўришга, феълига қарашга тўғри келади. “Кўп ёлғон гапирма, ҳаммасини эслаб қололмайсан” дейдилар. Ёлғончи унга уни, бунга буни гапириб, охири кимга нима деганини эслаёлмай, чалкашиб, ўзини фош қилиб қўяди.

 

Айрим уддабуронлар ўзини эмас, уларга ёрдам берганларни уялтириб қўяди. Уларнинг уддабуронлиги юкини бошқалар зиммасига ортишдан иборат бўлади – ундан угина, бундан бугина. Тўрига тушиб қолган одам чиқиб кетиши қийин бўлади. Ота-боболаримиз билиб айтган: “Юз марта ёрдам бер – унутишади, бир марта ёрдам қилма – бир умр эслаб юришади”. Мазахўраклик – уддабуронлик эмас.

 

Маънавий устозимиз Маҳмуд Саъдий баъзиларни тилга олганда, исми олдидан “раҳматли” сўзини қўшиб қўярди. “У киши тирик-ку!” десак, “майли-да” дерди. Ҳа, ўлмаган одамдан жудо бўлиш оғирроқ. Чунки кетган – кетди, ҳаёт бўла туриб ўзини ўликдек тутадиган, аниқроғи, қўлини ҳеч нарсага урмайдиган одам билан нима қилишни билмай қолади киши. Меҳнат жамоаларида бошлиқнинг пинжига кириб олиб, бевосита вазифасини бажармай, сохта фаоллик билан ҳеч кимга гап бермай юрадиганлар учраб туради. Бундайлар риёкорнинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Хушомадгўйлар ясама жонкуярлик билан нимадир қилса керак, риёкор нимадир қилиб, ҳеч нарса қилмайди. Гап ана шунда.

 

Биз риё ҳақида кўп гапирамиз, лекин сумъа деган тушунчани кам тилга оламиз. Риё одамлар кўриши учун бўлса, сумъа – ҳамма эшитиши учун. Бунинг қамрови кенгроқ. “Фалончи ўнта камбағал оилага бир қопдан ун берибди” воқеасини саноқли одам кўради, эшитганлар кўпроқ бўлади. Бизнесда ҳам, фанда ҳам, таълимда ҳам, тиббиётда ҳам, бошқарувда ҳам – ҳамма соҳада риё ва сумъани кўриш мумкин (авж олаяпти демасак).

 

Биз дунёга очилдик, лекин ташқи оламдан бўлар-бўлмас ҳар нарсани кўчиравериш керак эмас экан. Машҳур ҳадис тўпламларининг барчаси қандай ривоят билан бошланишини кўпчилик яхши билади: Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Амаллар фақат ниятларга кўрадир” деди”. Инсоннинг амалини унинг нияти билан қиёсласак, саховат билан риёнинг, чинакам валинеъматлик билан сумъанинг фарқи кўринади. Одам ҳақиқатан саховат қилмоқчи бўлса, буни кўз-кўз ҳам, овоза ҳам қилмайди. Ўзини бахтли кўрсатмоқчи бўлган одам аллақандай номдор ресторанга бориб, кейин суратларини оммавий томошага қўймайди. Яқин кишиси ўлган одам савоби марҳумга етиб бориши учун эҳсон беради, маъракага ҳашаматлироқ жой танлаяптими, қанча одам келганини, улар орасида кимлар борлигини ҳисоб-китоб қилаяптими, демак, элга ошни ўзи учун бераётган бўлади. Шунинг учун худойининг таклифномасида манзилни бемалол “базмгоҳ”, “тўйхона”, “ресторан” деб кўрсатаверади. Аслида чақириқ хатидаги “марҳумнинг хотирасига” деган гапни “ўзимнинг обрўм учун” деб қўйса ҳам бўлаверади.

 

Ислом таълимотига кўра фақат намоз ва рўза каби ибодатлар эмас, балки ҳар қандай амал Яратганнинг номи билан холис ниятда бажарилса савоб бўлади. Ҳатто ухлаш ё овқатланиш ҳам. Риёда ўша холислик бўлмайди. Айримлар одам узоқ вақт иккиюзламачи бўлиб қола олмаслигини, вақти келиб ҳақиқий юзи очилиб қолишини билмаса керак. Шунинг учун кимдир бетартиб соқол ўстиради ва ўз феъли мисолида соқол қўйган бошқаларга нисбатан жамият аро нотўғри тасаввур уйғотади. Баъзилар ҳижобда бўла туриб ҳижобнинг ҳурматини қилмайди ва бошқа ҳижоблиларни маломатга қолдиришини англаб етмайди. Шундай қилиб, риёкор фақат ўзини алдагани етмаганидек, бошқаларнинг ҳам тинчини бузади. Ният бошқа-да. Масалан, “бели боғлиқнинг дили боғлиқ” нақлига кўра азадор одам ҳақиқатан мотам тутади ва бежо қилиқ қилмайди. Бу – ҳақиқий манзара. Лекин юқоридаги ҳолатларда самимият йўқ, чунки ният холис эмас, аниқроғи – бошқача.

 

Адолф Ҳитлернинг бир ҳарбий қисмга бориб, зобитлар билан суҳбатдан кейин оддий аскарлар билан тушлик қилгани, Ҳерман Гўринг кўча юзида оддий одамлар билан овқатлангани тасвирланган тарихий кинокадрлар бор. Улар фақат кадрга тушиш (оддий популизм) учун шундай қилгани яхши маълум. Ё бирор ким шубҳа қиладими!

 

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ходими ижозатингиз билан яна бир ҳадисга мурожаат қилади: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳеч бирингиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди” деди”. Ҳақиқий саховат мана шунда намоён бўлади. Риё учун қилинган яхшиликни том маънода саховат деб бўлмайди. Тарихдан маълумки, саҳобалар бозордан ўзларига ёққан нарсаларни сотиб олиб муҳтожларга улашган. “Пулини бериб қўя қолмайсизми, ўзлари керагини олавермайдими?” дейишганда, “ўзим яхши кўрган нарсани бераяпман” деган.

 

Яқин тарихдан бир мисол. Корней Чуковский бундай ёзган: “Алексей Толстойникига бордим. (Туғилган куним эканини билиб қолиб) жудаям ажойиб Паркер ручкасини совға қилди. “Кўзингиз қиймайдиган нарсани бераяпсиз-а?!” дедим. “Фақат кўз қиймайдиган нарсаларни ҳадя қилиш керак” деди у”.

 

Чингизхондан кўп афоризм қолмаган, лекин биттаси бизнинг кунларгача етиб келган: “Душман устидан ғолиб бўлмоқчимисан, оиласини тарбияла. Бугун – фарзандлари, эртага – халқи (измингда бўлади)”. Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг натижаси ҳам худди шундай бўлади. Шунинг учун четнинг фойдасини олиб, зарарини, хатарини улоқтиришни ўрганишимиз керак.

 

Мавлоно Румий “Суйганинг қадар суюлажаксан” деган. Чин кўнгилдан қилинган хайрли иш ўз эгасини ҳар томонлама юксалтиради. Сохтакорлик, хўжакўрсин ишлар охир-оқибат иззат-нуфузга путур етказиб, бошни хам қилади. Қадимги Римда “Сиздан Фортуна юз ўгирса, Фемида қизиқиб қолиши мумкин” деган нақл бўлган. Шуни унутмайлик.

 

Анвар БОБОЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.

“Хўжакўрсинми, жўжакўрсин?” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

15:02 / 13.02.2026 0 38
Ўзбек халқининг миллий ғояси

Таълим-тарбия

12:02 / 12.02.2026 0 38
Олмонча ҳалоллик





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31087
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//