Сенека Луцилийга салом йўллайди!
Шундай йўл тут, азизим Луцилий! Ўзинг учун ўзингни забт эт, тортиб олиниши ёки ўмарилиши оқибатида бекорга ўтган вақтингни энди эҳтиёт қил ва жамла. Етказаётганларим ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилишинг учун қуйидагиларга эътибор қил: вақтимизнинг бир қисми куч билан тортиб олинади, бир қисми ўғирланади, бир қисми эса беҳуда оқиб кетади. Бироқ, вақтни бепарволик туфайли йўқотишимиз ҳаммасидан ҳам шармандалидир. Яхшилаб назар сол: ахир биз умримизнинг кўп қисмини аҳмоқона ишларга, яна анчагина қисмини – бекорчиликка йўналтирамиз ва қарабсанки бутун умримиз керакли ишларга сарфланмайди.
Вақтнинг қадрига етадиган, куннинг нима эканини биладиган, соат сари ўлиб бораётганини англайдиган бирорта одамга ишора қила оласанми? Бахтсизлигимиз шундаки, биз ўлимни энди келадиган олдимиздаги нарса сифатида кўрамиз; аслида унинг катта қисми ортимизда қолган – ахир шунча йил ўтди, бу йилларнинг ҳар бири ўлимга тегишли. Шундай экан, азизим Луцилий, менга ёзганингдек иш тут: бир сонияни ҳам беҳуда ўтказма. Бугунги кунни қўлингда маҳкам тута олсанг, эртанги кунга камроқ қарам бўласан. Кечиктириб юрар экансан, бутун ҳаётинг тезда ўтиб кетганини сезмай қоласан.
Луцилий, биздаги ҳамма нарса аслида ўзганикидир, фақат вақт бизники. Табиат бизга – ўткинчи, сув каби оқадиган вақтнигина эгалик қилиш учун берган, аммо уни ҳам ким истаса тортиб олаверади. Ўлимга маҳкумлар чиндан ҳам ажойиб тарзда жоҳилдирлар – улар арзимаган ва осонликча ўрнини босиш мумкин бўлган арзон матоҳ олсалар, ўзларини қарздор деб биладилар. Лекин кимдир уларга вақтини ажратса, бундай одамлар ўзларини ҳеч қандай қарздор деб ҳисобламайдилар, ҳолбуки, миннатдор бўлганлари ҳам бировнинг вақтини қайтара олмайди.
Эҳтимол, сен «Агар менга насиҳат қилишга журъат этаётган экансан, ўзинг қандай йўл тутаяпсан?» — деб сўрарсан. Самимият билан тан оламан-ки, исрофгар каби. Аммо ҳисоб-китобга пухта одам сифатида қанча сарф қилиб юборганимни биламан. Ҳеч нарса йўқотмаяпман деёлмайман, лекин қанча йўқотаётганимни, нима сабабдан ва қандай тарзда эканини айтиб, бу борада йўқсиллигим сабабларини кўрсатиб бера оламан. Ҳолим шундай: ўз айби билан эмас, балки шароит туфайли ночор бўлиб қолганлар каби – ҳамма мени кечиради, лекин ҳеч ким ёрдам (вақтимни қайтариб) бермайди.
Хўш, нима ҳам дердим? Менимча, қўлида озгина қолган бўлса ҳам, эҳтиёжига етарли бўлса, бундай одамни камбағал деб бўлмайди. Аммо сен ўз бойлигинг (вақтинг)ни айнан ҳозирданоқ авайла, чунки бошлаш учун энг тўғри фурсат – шу ондир. Аждодлар айтгани каби, идиш тубида қолганини асраб-авайлашга энди кеч. Зотан, тубидаги нарса оз бўлиши билан бирга сарқит ҳамдир.
Саломат бўл.
ШАРҲ
Биринчи мактубда Сенека стоицизм фалсафанинг йўналишини белгилаб бераётганига гувоҳ бўламиз. У Луцилийга “ўзинг учун ўзингни забт эт” деб мурожаат қилар экан, инсонни ташқи дунёдан эмас, ўз бепарволигидан қутқаришни назарда тутади. Бу ерда “забт этиш” ҳарбий ёки сиёсий маънода эмас, балки ички мустақиллик маъносида қўлланади, инсон ўз вақти устидан ҳоким бўлмаса, у ўз ҳаётининг эгаси ҳам эмас, деган маънони етказмоқчи бўлади.
Мактубда вақтни исроф қилишнинг уч шакли ажратилади, вақтни куч билан тортиб олишади (зулм, мажбурият, ташқи босим); вақтни ўғирлашади (бошқалар ўзининг мақсадлари учун иродасига бўйсундиради); вақт беҳуда оқиб кетади (инсоннинг ўзи бепарво бўлиб қолади ва вақт назоратсиз узуқ-юлуқ мақсадлар билан ўтади). Энг оғири – учинчи ҳолат. Чунки биринчи иккита вазиятда инсон жабрланувчи бўлиши мумкин, аммо учинчисининг шаклланишига ўзи сабабчи. Демак, инсон бахтсизлиги учун асосий айбдор тақдир ёки жамият эмас, балки ўзининг бепарволиги экани кўринади.
Сенека “биз умримизнинг кўп қисмини аҳмоқона ишларга, анчагина қисмини бекорчиликка сарфлаймиз” дея таъкидларкан, у вақтни фақат “бекор ўтириш” билан йўқотишни эмас, балки мазмунсиз фаолликни ҳам танқид қилади. Банд бўлиш ҳар доим ҳам маъноли вақт ўтказиш, дегани эмас. Инсон ишлаши мумкин, лекин кераксиз иш қилади, ҳаракатда бўлиши мумкин, лекин мақсадсиз, жамият ичида яшаши мумкин, лекин ўзи билан умуман яшамаслиги мумкин. Натижада бутун умри керакли ишларга сарфланмай ўтиб кетади. Бу ерда “керакли ишлар” деганда Сенека мансаб, бойлик ёки шон-шуҳратни эмас, балки инсонни ички жиҳатдан мукаммал қиладиган ишлар – тафаккур, ахлоқий покланиш, руҳий тарбияни назарда тутади. Шунинг учун вақт – инсоннинг энг қиммат мулки, чунки у ягона қайтарилмас неъмат. Уни пул каби орттириб бўлмайди, мерос қолдириб бўлмайди, ўрнини тўлдириб бўлмайди. Ким вақтини эҳтиёт қилмаса, у ҳаётини ҳам эҳтиёт қилмаган бўлади. Бу фикр орқали у Луцилийни, аслида эса ҳар бир ўқувчини ҳаётни кечиктирмасликка чақиради. Чунки ҳаёт кейин бошланмайди, у айнан вақтни сарфлаётганингда намоён бўлади.
«Биз ўлимни келажакдаги воқеа деб қабул қиламиз, ҳолбуки унинг катта қисми аллақачон ортимизда қолган». Бу фикр одатий тасаввурни ағдариб ташлайди. Одатда инсон “мен ҳали тирикман, ўлим кейин келади” деб ўйлайди. Сенека эса, сен яшаб ўтган ҳар бир йил, аллақачон ўлимга тегишли, дейди. Демак, ўлим фақат охирги лаҳза эмас, балки бутун ўтган умрнинг номидир. Шу нуқтада вақт ва ўлим ажралмас тушунчаларга айланади. Бу қараш инсонни моҳиятга олиб киради, сен ҳар куни яшамаяпсан, балки вақтинг ҳар куни камайиб боряпти. Соат ўтиши – фақат ҳаракат эмас, балки йўқотиш ҳамдир. Лекин бу фикр қўрқитиш учун эмас, аксинча, уйғотиш воситаси сифатида қўлланилади. Шунинг учун у Луцилийга шундай маслаҳат беради: “бир сонияни ҳам беҳуда ўтказма”. Бу ерда гап тўхтовсиз ишлаб, ўзини қийнаш ҳақида эмас. Гап кечиктириш иллатини енгиш ҳақида. Инсон ҳаётини энг тез совурадиган нарса – эртага суяниш. Эртага деган умид инсонни бугундан маҳрум қилади. Бугун қўлдан чиққани сари, ҳаёт сезилмасдан ўтиб кетади.
“Бугунги кунни маҳкам тута олсанг, эртанги кунга камроқ қарам бўласан” деган жумла стоик фалсафанинг тамойилини ифода этади: инсон фақат ҳозирги лаҳза устидан ҳокимиятга эга. Ўтмиш қайтиб келмайди, келажак эса кафолатланмаган. Шунинг учун озодлик ҳам, маъно ҳам, масъулият ҳам айнан ҳозирда жойлашган. Кечиктириб юраркансан, бутун ҳаётинг қандай ўтиб кетганини сезмай қоласан. Бу ерда фожиа ўлимнинг ўзи эмас, балки яшамасдан ўлиб кетишдир. Энг катта бахтсизлик – қисқа умр эмас, балки эътиборсизликда ўтган умр.
Сенека инсонни вақтни ҳисоблашга эмас, балки вақтни англашга чақиряпти. Чунки вақтни англаган инсонгина ҳаётни англайди. Ҳаёт эса кейин эмас ҳозир содир бўляпти.
Биздаги ҳамма нарса ўзганики, фақат вақт бизники, тезиси биринчи қарашда ғайриоддий туюлади, чунки инсон одатда мулки, танаси, мақоми, ҳатто билимини “ўзимники” деб ҳисоблайди. Сенека эса бу тасаввурни шубҳага олади, бойлик ҳам, шуҳрат ҳам, жисм ҳам – барчаси йўқолувчи, тортиб олинадиган нарсалар. Инсон уларга эгалик қилмайди, фақат вақтинча фойдаланади. Шу маънода, инсоннинг ягона ҳақиқий мулки у сарфлаётган вақтдир. Табиат бизга айнан энг беқарор нарсани – ўткинчи, сув каби оқувчи вақтни “эгалик”ка берган. Ачинарлиси, одамлар бу мулкни ҳимоя қилмайдилар. Сенека “ким истаса тортиб олаверади” дея таъкидларкан, жамиятда вақтнинг ҳеч қандай қиймати йўқлигини назарда тутади, ҳар ким бошқанинг вақтини талаб қилади, бўлади, йўқ қилади ва бунга камчилик сифатида қаралмайди.
Шу нуқтада у “ўлимга маҳкумлар” иборасини ишлатади. Бу жисмоний жиҳатдан қатлни кутаётган одамлар эмас, балки барча инсонлар дегани, чунки ҳар ким ўлимга маҳкум. Ана шу умумий ҳолатдаги инсоннинг “ажойиб жоҳиллиги” шундаки, у кимдандир арзимаган, ўрнини осон босиш мумкин бўлган нарсани олса, ўзини қарздор деб билади. Лекин вақтни оларкан, ундай деб ҳисобламайди. Ахлоқий тартиботнинг тескари кетгани кўрсатилади: қайтарилиши мумкин бўлган нарса учун миннатдорлик бор, қайтарилиши мумкин бўлмаган нарса учун эса йўқ. Ҳолбуки, кимдир сенга вақтини берган бўлса, у сенга ҳаётининг бир қисмини берган бўлади. Сенека таъкидлайди: ҳатто миннатдор бўлиш ҳам бу қарзни ёпмайди, чунки бировнинг вақтини ҳеч қачон қайтара олмайсан. Демак, вақт – ахлоқий жиҳатдан энг оғир қарзни туғдирадиган неъматдир. Шу тариқа, вақт фақат хронологик ўлчов эмас, балки ахлоқий бирликка айланади. Вақтни беҳуда олиш – бу беадаблик эмас, балки зулм. Вақтни бепарво сарфлаш – ўз ҳаётига нисбатан хиёнат. Бошқанинг вақтини эътиборсиз йўқ қилиш эса унинг мавжудлигини арзимасга чиқаришдир.
Сенека инсонни мулкка бўлган муносабатини қайта кўриб чиқишга ундайди. Агар инсон ҳақиқатан ҳам ўзини онгли мавжудот деб билса, у энг аввало, вақтни муҳофаза қилади – ҳам ўзиникини, ҳам бошқаларникини. Чунки вақтга бўлган муносабат ҳаётга бўлган муносабатнинг аниқ ўлчовидир.
Сенека ўзини мутлақ намуна сифатида кўрсатмайди. Аксинча, у Луцилий эҳтимолий билдириши мумкин бўлган эътирозни олдиндан қабул қилади: “агар насиҳат қилаётган бўлсанг, ўзинг қандай яшаяпсан?” Бу саволга у ҳимоя ёки ўзини оқлаш билан эмас, балки самимий иқрор билан жавоб беради. У ўзини “исрофгар” деб атайди, лекин бефарқ исрофгар эмас, ҳисоб-китобини биладиган исрофгар.
Бу ерда муҳим фарқ бор. Сенека учун вақт ёки ҳаётни йўқотишнинг ўзи эмас, балки уни англамасдан йўқотиш ҳалокатлидир. У “ҳеч нарса йўқотмаяпман” деб даъво қилмайди, аммо йўқотишнинг миқдорини, сабабини ва тарзини аниқ билишини таъкидлайди. Шу билан у инсонни ҳайвондан ажратадиган нарсани –
ўз ҳаракатлари устидан ҳисоб бериш қобилияти кўрсатади. Матндаги “йўқсиллик” ташбеҳи, моддий камбағаллик эмас, балки вақт ва ҳаётни бошқаришдаги заифлик. У ўзини “айби билан эмас, балки шароит туфайли ночор бўлиб қолган” одамга қиёслайди. Сенека бу фикр билан, инсон тақдир, жамият, мажбуриятлар босими остида вақтини йўқотишини тан олади. Лекин шу билан бирга у муҳим бир ҳақиқатга эътиборни қаратади – бундай ҳолатда жамият инсонни кечиради, аммо ёрдам бермайди.
“Ҳеч ким вақтимни қайтариб бермайди”, жумласи орқали Сенека ахлоқий саробни парчалайди, инсон ўз хатолари учун кечирилиши мумкин, аммо вақт нуқтаи назаридан кечиримнинг қиймати йўқ. Чунки вақт – қайта тикланмайдиган неъмат. Демак, инсон ҳаётида энг оғир оқибатлар айбдан эмас, балки қайтариб бўлмайдиган йўқотишдан келиб чиқади.
Сенека “мен сендан устунман” демайди, балки “мен ҳам сен билан бир ҳолатдаман” дейди. Устозлик бу ерда намуна кўрсатиш эмас, балки ўз заифлигини англаб, ундан хулоса чиқаришда кўринади. Шу боис унинг насиҳати ахлоқий зўравонликка айланмайди; у инсонни айблаш эмас, уйғотишни мақсад қилади. Йўқотишлар муқаррар, лекин уларни англаш – донишмандликка биринчи қадамдир. Сенека бу орқали шундай дейди: ҳаётни тўлиқ назорат қила олмасанг ҳам, унинг ҳисоби сенинг қўлингда. Шу ҳисоб бошланган жойда фалсафа ҳам бошланади.
У камбағалликни миқдор билан эмас, етарлилик мезони билан ўлчайди. “Қўлида озгина қолган бўлса ҳам, эҳтиёжига етарли бўлса, бундай одамни камбағал деб бўлмайди”, деган фикр стоицизм тамойилини ифодалайди: инсоннинг бахти эгалик қилган нарсаларининг кўплигига эмас, уларга бўлган эҳтиёжининг камлигига боғлиқ. Камбағаллик – йўқлик эмас, балки қониқмасликдир. Шу маънода, кўп нарсага эга бўлиб ҳам камбағал бўлиш мумкин, кам нарса билан эса бой бўлиш мумкин.
Бу ерда “бойлик” сўзи махсус қавс ичида “вақт” билан тенглаштирилади. Бу жуда муҳим бурилиш, Сенека моддий мулкдан кўра вақтни ҳақиқий бойлик сифатида кўради. Агар инсон қўлида озгина вақт қолган бўлса-ю, у ҳаёт учун керакли ишларга етарли бўлса, у ҳали ҳам “камбағал” эмас. Шу нуқтадан кейин мактубнинг иккинчи марказий ғояси пайдо бўлади – ҳозирни кечиктирмаслик. Сенека учун ҳаётни тузатиш, вақтни авайлаш, маънавий тартибга келиш келажак режаси эмас: у доимо ҳозир бошланади. Эртага қолдириш – ислоҳот эмас, балки ўз-ўзини алдашдир.
“Идиш тубидагини авайлашга энди кеч” дейилиши бу – огоҳлантиришдир. Бу ерда “идиш” инсон умрининг қиёси, “тубида қолгани” эса охирги йиллар, охирги куч, охирги вақтдир. Агар инсон ҳаётини бошиданоқ эътиборсиз ўтказган бўлса, фақат охирида қолган озгина вақтни “асраб” қолиши уни қутқармайди. Чунки тубида қолган нарса нафақат оз, балки сарқит, яъни кеч қолган, сифат жиҳатдан ҳам сусайган бўлади. Сенека “кеч” деганда мутлақ умид узишни эмас, балки хатарни кўрсатади: ҳаётни кейинга қолдириш уни сифатсиз яшаш дегани. Шунинг учун у ҳозирги онни ягона ҳақиқий бойлик сифатида кўради.
Сенека шундай хулосага олиб келади: инсоннинг бой ёки камбағаллиги қолган вақтнинг миқдори билан эмас, уни қачон ва қандай сарфлаётгани билан белгиланади. Ҳаётни тузатиш учун энг тўғри лаҳза – ҳар доим ҳозир.
Ҳамид СОДИҚ
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ