Фотима Самарқандия – туронлик буюк олим Алоуддин Самарқандий Усмандийнинг қизи ва таниқли ҳанафий фақиҳи Абу Бакр Косонийнинг турмуш ўртоғидир. Олиманинг туғилган йили ҳозирча маълум эмас. Олима дастлабки таълимни Самарқандда, ўз уйида отасидан олган. У отаси Алоуддин Самарқандийнинг ислом ҳуқуқига оид “Тухфатул-фуқаҳо” ва Қуръон тафсирига оид “Шарҳу Таъвилоту аҳлис-сунна” каби асарларини ёддан билган. Шунингдек, ўз замонасининг зарурий барча билим ва санъатларини эгаллаган.
19 асрда яшаган улуғ олим Абдулҳай Лакнавий ўзининг таниқли алломалар ҳаёти ва фаолияти ёритилган “Фавоидул баҳийя” асарида: “Фотима Самарқандия атоқли олима, фақиҳадир. Фиқҳни (ислом ҳуқуқи) отасидан ўрганган, унинг “Туҳфа”сини ёддан билган!” дея таърифлайди.
Манбаларда олима кўпгина китоблар ёзгани айтилса-да, биргина фиқҳ илмига оид “Мажмаъул-фавоид ли-жамъ ал-авоид шарҳ туҳфат ал-мулук” (“Подшоҳларга туҳфа асарига Фойдалар жамланмаси отли тўлдириш”) асаридан бошқасининг оти зикр этилмаган.
Фотима Самарқандия моҳир хаттот ҳам бўлиб, оилавий ҳайъатдан чиқадиган фатволарни шахсан ўзи оққа кўчирган, шунингдек, ўз муҳрини ҳам қўйган. Сабаби у фиқҳ, тафсир, ҳадис ва ақида илмлари олимаси бўлгани учун фатво бериш ваколатига эга бўлган.
Фотима Самарқандиянинг турмуш ўртоғи Абу Бакр Косоний ҳам олиманинг отаси Алоуддин Самарқандийнинг шогирди бўлган. Абу Бакр Косоний билан Фотима Самарқандийянинг турмуш қуриши ҳам бир тарих. Косоний Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфату-л-фуқаҳо” асарига “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” отли ўн жилдлик йирик шарҳ ёзиб, устозига тақдим этган. Бу асарнинг ҳам мазмунан, ҳам услуб томонидан мукаммаллигини кўриб, шогирди муваффақиятидан хурсанд бўлган устоз ўз қизи Фотимани унга никоҳлаб беради ва олиманинг маҳрига эса “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” китоби қўйилади.
Эътиборли томони шунда-ки, ўша вақтгача ўз юртида олима бўлиб танилган Фотима Самарқандияга юксак илмий савияси, ақл-заковати ва ҳусни жамоли сабаб бир қанча обрўли хонадонлар, жумладан ҳукмдор Салжуқий шаҳзодалардан ҳам совчилар келганида Алоуддин Самарқандий барчасига рад жавобини берганди. Чунки илм-маърифат, одоб-ахлоқ бойлик, мол-дунё билан ўлчанмайди. Шунингдек, шундай олима қизни бирор шаҳзода ёки зодагонга турмушга берилса ва бу янги куёв тахт учун курашга шўнғиб кетса ёки сиёсий низоларга аралашиб кетса, Фотима Самарқандия илм-фан билан шуғулланишдан, уни тарқатишдан тўсилиши, шунча ўрганган билимлари бесамар бўлиб қолиши мумкин эди, балки. Шу билан бирга олима, одоб-ахлоқи гўзал қизга худди шундай йигит муносиб эди. Фотима Самарқандиянинг отаси Алоуддин Самарқандийнинг қарори тўғри бўлганлигини, ўз қизига куёв танлашда адашмаганлигини эса тарих очиқ-ойдин кўрсатди. Абу Бакр Косоний чиндан ҳам Фотима Самарқандияга жуда мос куёв бўлган. Бу киши ўз чоғидаёқ илм аҳли орасида тан олинган таниқли алломалардан бўлган ва бугунгача унинг исми-шарифи бошқа олимлар томонидан ҳурмат билан тилга олинади.
Косоний Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфату-л-фуқаҳо” асарига ёзган “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” отли шарҳи эса ҳозирда ҳам Ислом қонунчилигини ўрганиш бўйича муҳим манбалар қаторида туради ва талабалар учун ўқилиши шарт бўлган мўътабар китоблар сирасига киради. Ўша вақтда туронликлар орасида бу китоб билан боғлиқ турли иборалар кенг тарқалган. Масалан, Абу Бакр Косоний ва Фотима Самарқандиянинг тўйидан кейин халқ орасида “устозининг “Туҳфа”сини шарҳлаб, қизига уйланиб олди” деган гап тарқалиб кетади.
Фотима Самарқандия Абу Бакр Косоний билан турмуш қурганидан сўнг Туронда Алоуддин Самарқандий, Абу Бакр Косоний ва Фотима Самарқандиялар отидан муштарак фатволар чиқадиган бўлган. Бир оилада уч кишининг (қайнота, куёв ва қиз) фатво берадиган улуғ олим бўлиши тарихимизда камдан-кам учрайдиган ҳолатдир.
Фотима Самарқандия илм-фан, таълим жараёнидан ташқари сиёсат соҳасида ҳам фаол бўлган. Масалан, Абу Бакр Косоний 1146 йилда тарихий Сурия ҳудудларида ҳукмронлик қилган туркий Зангийлар сулоласи пойтахти Ҳалаб шаҳрига элчи сифатида боради. У билан аёли Фотима Самарқандия ҳам бирга сафар қилади. Зиёли оила тўғрисидаги хабарлардан аллақачон бохабар бўлган Зангийлар султони Нуриддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Зангий катта ҳурмат билан уларни кутиб олган. Султон бу олимларнинг билим бойлигидан шу ҳудудларда унумли фойдаланишни кўзлаган ва шу мақсадда Абу Бакр Косонийни кўҳна Суриянинг асосий илм даргоҳи – Ҳалавия мадрасасига бош мударрис этиб тайинлаган. Қисқа муддатда олим минтақада катта шуҳрат қозонган ва маҳаллий олимлар таклифига биноан мамлакат уламолар кенгаши раиси бўлган. Султон Нуриддин Зангий Фотима Самарқандиянинг илмини ҳам муносиб қадрлаб баъзи масалаларда унинг фикрини сўрагани ва маслаҳат олгани тўғрисида манбаларда кўпгина маълумотлар учрайди.
Маълум вақт ўтгач Абу Бакр Косоний ўз юрти Туронга қайтмоқчи бўлганида, Султон Нуриддин ибн Маҳмуд Ҳалабда қолишни илтимос қилган. Косоний юртга қайтишни умр йўлдоши истаётгани ва унинг истагини қайтара олмаслигини айтган. Шунда султон Фотимага Ҳалабда қолишни илтимос қилиб хат юборган. Бироқ номани олиб келган элчи эркак киши бўлгани учун олима уни қабул қилмайди. Олиманинг тақвосидан ҳукмдор ҳайратланиб, элчи қилиб аёл чопарни юборади ва шундан кейингина Фотима Самарқандия султоннинг илтимосни қабул қилади. Шу билан умрининг охиригача турмуш ўртоғи билан Ҳалабда яшаб қолади.
Фотима Самарқандия оилавий ишлардан ташқари илм олиш ва уни тарқатиш – дарс бериш билан мунтазам шуғулланган. Тарихчи олима Зайнаб Фаввоз ёзишича, Фотима Самарқандиянинг Ҳалабда алоҳида дарс мажлиси бўлган, унда жуда кўплаб талабалар қатнашган ва бир неча мўътабар манбалар бўйича ижозалар олишган.
Шунингдек, Фотима Самарқандия турмуш ўртоғи раҳбарлигидаги Ҳалавия мадрасасига доим ҳомийлик қилган. Бу тўғрида манбаларда айтилишича, Фотима ўзининг тилла тақинчоқларини сотиб, пулини мударрис ва талабаларга тарқатиб берган. Рамазон ойи давомида уларга ифторлик дастурхонини уюштириб берган. Шундан кейин ҳозиргача ҳомийлар томонидан Ҳалавия мадрасасида ифторлик дастурхони ёзиш анъана бўлиб қолган. Шунингдек, Рамазон ойидаги махсус ҳадяларни мадраса устозлари ва талабаларига беришни ҳам биринчи бўлиб Фотима Самарқандия жорий қилган.
Манбаларда Абу Бакр Косоний турмуш ўртоғини кўп қадрлагани, эҳтиром қилгани таъкидланади. Ҳалаб тарихчиси Камолиддин ибн Адим айтади: “Менинг отам бу аёлни (Абу Ҳанифа) мазҳабини мукаммал билишини, кўп маротаба умр йўлдоши – Косонийнинг жавобларидаги йўл қўйилган камчиликларини кўрсатиб берганини, Косоний ҳам унинг маслаҳатларини мамнуният билан қабул қилганини ҳикоя қилиб берган”. Косоний Фотима Самарқандия вафот этганидан сўнг ҳам хотинига содиқ қолган ва унинг қабрини ҳар жума оқшоми зиёрат қилишни тарк қилмаган. Бу сўзлар Абу Бакр Косоний ўз хотини буюк олима Фотима Самарқандияни қанчалик ҳурмат қилганини кўрсатади ва ушбу маълумотлар орқали минг йиллар илгари Туронда зиёли оилада эр-хотин муносабатлари бугунги кунимиз учун намуна бўладиган йўсинда кечганини билишимиз мумкин.
Фотима Самарқандия 1187 йил Ҳалабда вафот этган ва шаҳар ташқарисидаги Мақоми Иброҳим Халил мақбарасига дафн этилган. Кейинроқ турмуш ўртоғи ҳам 1191 йили дунёдан ўтганда ушбу ерга дафн этилиши билан қабристон “Эр ва хотин қабристони” деб атала бошлаган.
Хулоса қилиб айтсак, Фотима Самарқандия тимсолида Туронда минг йил илгариги аёллар ҳаёти, уларнинг жамиятдаги ўрни юқори бўлгани, эркаклардан қолишмайдиган даражада билим олишгани, илм-фан билан шуғулланиб, жамиятнинг турли соҳаларида, хусусан, сиёсий жараёнларда ҳам фаол бўлишганини билишимиз мумкин. Шунингдек, Фотима Самарқандия ва Абу Бакр Косонийнинг ўтган турмуши орқали ўтмишда ўзбек хонадонидаги оилавий муносабатлар, эр ва хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат ришталари, қайнота-куёв алоқалари қандай кечганлиги тўғрисида қимматли маълумотларни олишимиз мумкин. Булар эса бугунги ёш авлодни ўзбек миллий тутумлари (анъаналар) асосида тарбиялашда, умуман, оилавий муносабатларни қуришда намуна бўлиб хизмат қилади.
Ислом БЎРИЕВ,
ЎзР ФА Тарих институти кичик илмий ходими
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тил
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ