Ҳар йили медиа таҳлилчилар соҳага оид янги кутилмаларни эълон қилади. Уларда журналистлар, таҳририят масъуллари учун тавсиялар, контент яратишга доир муҳим фикрлар бўлади. Хўш, бу йил медиа оламда қандай ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда?
Классик «Ҳамстер ғилдираги» парчаланиши мумкин
«Ҳамстер ғилдираги» ва ундаги сичқонча қанча ҳаракат қилса ҳам, жойидан бир қадам жила олмаслиги ҳеч биримизга сир эмас. Виржиния университети медиа профессори Сетҳ Левиснинг фикрича, бугунги кунда таҳририятлардаги янгилик ёзувчиларнинг фаолияти ана шу сичқончанинг ҳаракатига ўхшайди. Улар доимий янгиликларни кузатиш, шов-шув орқасидан югуриш натижасида чуқур таҳлил ва оригинал репортажларга вақт ажратолмай келяпти. Бу сичқончанинг доирада қолиш учун ҳаракат қилганидек, журналистнинг ҳам тафаккурсиз ҳажм ортидан югуришидир.
Сўнгги кузатувларга кўра, 2026 йилда сунъий интеллект сабаб журналистикадаги «ҳамстер ғилдираги» – доимий ҳаракат бор, лекин натижа жуда кам мазмунидаги метафора ўз маъносини йўқотади. Ҳатто бутунлай парчаланиши мумкин. Бу эса журналистларни тезликни бир четга суриб, яратажак материалларини ўқишли қиладиган бошқа омилларга эътибор қаратишга ундайди.
Ўтган ўн йилни эсласак, техника-технологияларнинг кашфи «ғилдирак»ни тезроқ айланишига замин яратди. Масалан, мобил технология журналистикани иш столидан нисбатан ажратди. Масофадан ишлаш имконияти туғилди. Аммо бу ўзгаришлар фақат мавжуд ҳолатни тезлаштирди, холос. Ғилдиракни айлантирувчи двигатель-инсон, ўз вазифасида қолаверди.
«Сунъий интеллект ривожланган сари журналистика асл моҳиятига яқинлашиб боради. У бошқа касблар каби инсонларни соҳадан чиқариб юбормайди, балки журналистларга ўз ишларини нима учун муҳим ва ноёб эканини аниқлашлари учун шароит яратади», - дейди Сетҳ Левис.
Шунингдек, СИ журналистикага ёрдам берадими ёки кутувларни оширадими, бу кўп жиҳатдан таҳририят раҳбарларининг қарорларига боғлиқ. Агар раҳбарлар фақат « молиявий тежамкорлик» ва «ходимларни камайтириш»ни ўйласа, СИ журналистларга ёрдам бермайди. Аксинча, унга техник ходим сифатида қаралиб, газетчилар кўпроқ ижод билан банд бўлса, яхши натижаларга эришиш мумкин. Хусусан, дунёда кўплаб таҳририятлар сунъий ақл чиқиши билан, ходимларини қисқартиришни бошлаган. Олимга кўра, бу хато амалиёт бўлиб, нашр хабарларининг сифати ва ўқишлилик даражасини тушириб юборган.
Аммо танганинг икки тарафи бор деганларидек, инсонлар энди сайтга кириб, хабар ўқигандан кўра сунъий интеллект тақдим этган воқеанинг қисқа мазмуни билан кифояланишни бошламоқда(масалан, Googleда Гемини чатботи). Натижада сайтга киришлар сони камайиб, кўплаб янгилик нашрлари фаолиятининг давомийлиги савол остида қолади. Мутахассисларнинг фикрича, бундай пайтда инсонларни қизиқтирадиган ҳикоя (сторйтеллинг)лар, оригинал репортажлар, таҳлиллар яратиш аудиторияни сақлаб қолади ёки шундай контентлар ёқадиган мухлисларни жалб қилади.
«Электрон матбуот гувоҳномаси»ни яратиш заруратга айланади
Ахборот асрида журналистлар учун «электрон матбуот гувоҳномаси» яратиш жуда зарур. Шу йўл билан уларнинг матн ва расмларини криптографик тарзда ҳимоялаб, ўзгартириб бўлмас ҳолга келтириш мумкин.
Эзопнинг чўпони ёлғондан бўри келяпти, деб бир неча бор қишлоқ аҳолисини алдагани ҳақдаги масални эслайлик. 2025-2026 йилларда «чўпон» – алгоритмга айланди. У «қишлоқ»ни заҳарли ахборот: чексиз чиқинди контент ва жуда ишончли кўринадиган деэпфейклар билан тўлдирмоқда. Биз эса қишлоқ аҳолиси каби ҳолатдамиз. Орамизда айрим одамлар хабар ўқишни секин-аста тўхтатаётганига гувоҳ бўляпмиз. Гап ахборот сифатида эмас, балки қайси бири ҳақиқат, қайси бири ёлғон эканини ажратиш тобора қийинлашиб бораётгани ҳақида кетяпти. Бу ҳолат «Ёлғончи дивиденди» деб аталади. Яъни, ҳамма нарса сохта бўлиши мумкин бўлган пайтда, ҳар қандай контентнинг қиймати гўёки нолга тушиб кетади. Аммо айнан шу ерда имконият пайдо бўлади. Агар СИ асрида чалкашлик бир бозор бўлса, унда аниқлик ва ишонч энг қимматли маҳсулотга айланади. Буни тушуниб етган медиа компаниялари зарур чора-тадбирларни кўра бошлади. Йирик ахборот агентликлари журналистларини Леиcа, Sony ва Никон каби компанияларнинг C2ПА технологиясига эга камералар билан таъминлай бошлади. Европа радиоэшиттириш иттифоқи (ЭБУ) ва ББC эса бу технологияни телевидениега қандай жорий этиш устида ишламоқда.
Менимча, улар чексиз сунъий (сохта) контент бўлган дунёда, исботланган ҳақиқат – энг камёб ва қиммат бойлик эканини яхши тушунишади. Одамларнинг эса сифатли контентга рағбат кўрсатиш эҳтимоли юқори.
«2015 йилда биз интернетда яшил қулф (HTTPS) учун курашган эдик. Бу медиада хавфсизлик масаласида яхши натижаларга эришишимизга сабаб бўлди. 2026 йилда эса медианинг ҳақиқийлигини исботлайдиган, кўзга кўринадиган, криптографик белгиларни яратишни ният қилдик. Маълумот манбасининг энг бошидаёқ ҳақиқийлик белгилари жойлаштириладиган тизимларни ишлаб чиқамиз. Бу ўқувчиларга ҳақиқатни ёлғондан ажратишда ёрдам беради. Ўзимиз олиб борган тадқиқотлар ва ҳамкорликлар шуни кўрсатадики, медиа маҳсулотига контекст ва криптографик исбот қўшилганида, биз фақат ўқувчини эмас, журналист меҳнатининг қийматини ҳам ҳимоя қиламиз», дейди Стенфорд ва Жанубий Калифорния университетлари ҳузуридаги ҳуқуқ дастури директори Басиле Симон.
«Қайта ишлаб чиқарувчи медиа» оммалашади
Ижтимоий тармоқларда фотографик ҳақиқатнинг ўлими ва унинг ўрнини сунъий интеллект асосида яратилган тасвирлар эгаллаши ҳақидаги фикрлар кўпайиб бормоқда. Танқидий медиа материаллари тадқиқотчиси Анниэ Руднинг фикрича, бундай фикрлар фотошоп ишга туширилган паллаларда ҳам урчиган. Бу сафарги «фотография ўлди» деган гапларнинг сабаби – Нано Банана Про. (Googleʼнинг сунъий интеллект асосидаги энг янги тасвир яратиш воситаси) Нано Банана Про ҳақида «ҳақиқий суратдан ажратиб бўлмайдиган даражада реал» деган таърифлар берилмоқда.
«СИ ёрдамида расм яратишнинг бошқа усуллари каби, Нано Банана Про фотографиядан тубдан фарқ қиладиган технологиядир. Фотография реал ҳаётдаги одамлар, буюмлар ёки муҳитни тасвирласа, СИ тасвир генераторлари улкан маълумотлар базасига таяниб расм яратади. Яъни улар ҳаётни «кўрмайди», балки мавжуд маълумотларни қайта йиғиб, ўхшаш тасвирлар чиқаради. Шу маънода, буларни «қайта ишлаб чиқарувчи медиа» деб аташ мумкин», дейди тадқиқотчи.
Бундан келиб чиқадики, 2026 йилда кўплаб ахборот воситалари СИ ёрдамида яратилган тасвирларни фақатгина суратлар реал воқеани аниқ акс эттириши шарт бўлмаган журналистика соҳаларида ишлатади. Чунки газетада ҳар доим ҳам барча фотосуратлардан мутлақ аниқлик талаб қилинмайдиган бўлимлар мавжуд. Бу жойларда аввалдан «янгилик иллюстрациялари» (воқеани тушунтирувчи, рамзий расмлар) ишлатиб келинади. СИ расмлар айнан шу соҳаларда кўпроқ қўлланилиши кутилмоқда.
Краудсорсинг (маълумот тўплашда кенг оммага юзланиш)га асосланган журналистик текширувлар оммалашади
Тобора аҳоли иштирокида маълумот йиғиш орқали олинган ҳисоботлар муҳим аҳамият касб этяпти. Расмий манбаларга кириш имконияти камайиб бораркан, краудсорсинг кўплаб таҳририятлар учун мажбурий ечимга айланмоқда.
ПроПублиcа ва Cорреcтив каби таҳририятлар йиллар давомида аудитория билан ишлаш ва краудсорсингга ихтисослашган махсус жамоаларни шакллантирган. Улар журналистлар учун браузер қўшимчалари яратган, минглаб фойдаланувчилардан иборат панеллар тузган ва онлайн сўровномалар орқали муҳим саволларга жавоб топган.
Bloomberg журналисти Леон Йин воқеликка қуйидагича изоҳ берган: «Бундай материаллар катта имкониятлар борлигини кўрсатади, лекин краудсорсингнинг чекловлари ҳам бор. Одамларни жалб қилиш қийин, иштирокчилар ҳамма қатламни тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин ва бундай лойиҳаларни юритиш кўп вақт талаб қилади. Бу борада бир муҳим жиҳат – журналистлар инсонларга уларнинг маълумотлари қандай ишлатилиши, яшириладими-йўқми, қандай хавфлар борлиги ҳақида очиқ айтиши керак. Мен Нью-Йоркда Uber, Lyft ҳайдовчиларнинг меҳнат шароитларини ўрганиш учун WhatsApp бот яратганимдан кейин краудсорсингнинг кучига ишондим. Биз ҳайдовчиларга қулай бўлган жойда уларни топдик, улар эса бизга ишониб, суҳбатлар ва далилларни тақдим этишди».
Журналистикада асосий савол ўзгаради
Доcументед сайти бош муҳаррири Этҳар эл Кататнейниннг ёзишича, жорий йилда катта аудиториянинг ортидан қувиш тенденцияси ўз мазмунини йўқотади. «Янгиликларнинг келажаги кимга хизмат қилишини аниқ танлай оладиган ташкилотларга тегишли бўлади. Тўгри, бундай аудиторияни топиш қийин. Лекин катта аудиторияни қувиш садоқат олиб келмайди. Садоқат узоқ вақт давомида эътибордан четда қолган жамоаларга сармоя киритиш орқали пайдо бўлади», дейди муҳаррир. Яъни, журналистнинг прогнозига кўра, 2026 йилда таҳририятлар садоқат фақат нашр қилиш билан эмас, балки доимий иштирок, саволларга жавоб бериш, одамларга ҳақиқатан керак бўлган пайтда фойдали бўлиш орқали пайдо бўлишини тушуниб етади.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил журналистика учун технологик эмас, балки мазмуний ва ижодий бурилиш йили бўлиши мумкин. Зотан энди аудитория шунчаки кузатувчи, журналист – монополь контент яратувчи эмас. Бундан келиб чиқадики, журналистиканинг келажаги кўп жиҳатдан технологияга эмас, ижодкорнинг ўзига хос, оригинал, ишончли материалларига боғлиқ, дейиш мумкин.
Меҳриноза ФАРМОНОВА
Тил
Тарих
Маънавият
Жараён
Ватандош
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ