Асабга кони зарар рекламалар – таниқли ёзувчи телеканалларни кўрмасликка чақирди


Сақлаш
15:46 / 18.01.2022 4105 1

Телеканалларда намойиш этилаётган турли-туман рекламалар борасида ижтимоий тармоқларда кескин фикрлар кўпайди. Эфир вақтига нисбатан рекламалар ҳажмининг ошгани, давлат тилига риоя қилинмаслиги, оила даврасида ҳатто телевизорни ёқиш ҳам ноқулайлик туғдираётгани эътирозларга сабаб бўляпти.

 

 

Шароф Бошбеков,

ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

 

– “Гуанжо” хитой тиббиёт марказининг рекламасини бир кунда турли каналларда 70 мартадан 120 мартабагача кўравериб-кўравериб, асаблар бутунлай тугаб, қон босимим фалакка чиқиб кетди, қўлим қалтирайдиган бўлиб қолди.

 

Ўзингиз ўйланг, мен кўрмоқчи бўлган кино, спектакль, кўрсатувларни кўролмасам, унинг ўрнига бир ёқимтойгина қизнинг: “Эркаклик кучингизни тикланг ва аёлингизни хурсанд қилинг” деган “насиҳат”ини эшитиб ўтирсам! Теледастурлар – йўлига, аслида ит эгасини танимайди.

 

Дардимга ҳеч қанақа лактавита, ҳеч қанақа ламиналайфлару седана ёғлари фойда қилмади. Ўзимизнинг поликлиникага чиқдим. Врач рецепт ёзиб берди. Мана шу сўзлар ёзилган экан: “Ўзбекистон телевидениесини икки ой кўрмай туринг, отдай бўп кетасиз”.

 

Айтганини қилган эдим, ёшим 70 дан ошган бўлса ҳам, ўзимни 25 яшар йигитдай сезяпман. Соғлом бўлай десангиз сиз ҳам мендан ўрнак олинг!

 

 

Тоғаймурод Ортиқов,

журналист:

 

– Телевизорда аёлларнинг ўзлари ҳам гапиришга истиҳола этадиган шахсий гигиена воситаси тинмай реклама қилиняпти. Дастурхон атрофида ўтирган беш ёшли болакай Ая, бу нима? деб сўрайди. Онаси нима деб жавоб беришни билмай, ўзини эшитмаганга солиб, гапни айлантиради. Аммо кўзлари қизиқишга тўлган болакай яна сўрайди. Охири аёл ночор қолиб “Ҳа, уми, калишга солинадиган патак”, дейишдан бошқа жавоб тополмади. Бу уйдирма эмас, ҳаётий воқеа!

 

Дарҳақиқат, шу кунларда патак ҳам ҳолва бўлиб қолди. Телевизор ёки радиони қўйсангиз, шарм-ҳаё пардасини сидириб ташлаган сухандонлар дийдиёсини бошлайди:

 

“Клиникамизда эркакларнинг жинсий касалликликлари, жинсий заифлик, муддатидан олдин бўшалиш, аёлларнинг...” – буёғини айтиш учун одамнинг бети камида без бўлиши кераг-ов! Ҳой, биродарлар биз қаердан яшаяпмиз. Ўзбекнинг хонадонида ота-она, қайнота-қайнона, ўғил-келинлар, набиралар жамулжам бўлиб овқатланади, суҳбатлашади, маданий дам олади. Оила аъзолари бирга телевизор кўриш, радио эшитишдан ҳам безиллаб қолди!

 

Ўзбекистон телерадиокомпанияси раҳбарларига аччиқ, аммо очиқ таклифимиз: шаҳвоний рекламаларга ишқингиз тушиб қолган бўлса, илтимос, фақат ўз оилангиз даврасида кўринг! Халқнинг пешона теридан йиғилган бюджет маблағлари ҳисобига тайёрланадиган телекўрсатув, радиоэшиттиришларга ҳаром-харишни аралаштирманг! Агар бу рекламаларга талабгор кўп бўлса, алоҳида реклама канали очинг!

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов,

адабиётшунос олим:

 

– Рус тилида қалампир ҳам, мурч ҳам бирдай “перец” деб аталади. Фарқлаш учун «красный перец», «чёрный перец» деб аниқловчи қўшишади. Ана энди ўзбек тилида пайдо бўлган “қизил гармдори”, “қора мурч” сингари таъвия ибораларга нима дейсиз. Мен куйиниб, ТВдагиларга “қора седана” – тавтология эканини, тил бузилаётганини айтсам, елка қисишди – реклама роликлари аллақайси гўрда тайёрланар, ўзгартиришга ҳақлари йўқ экан...

Кўряпсизми, реклама ҳатто бизнинг она тилимизга ҳам зуғум ўтказа бошлабди, пул жаноби олийларининг олдида онамиз – она тилимиз бир чўри мақомига тушибди. Аҳвол шу даражада бўлгач, “давлат тили” деб гапиришнинг ўрни борми, ўзи?

 

 

Отабек Йўлдошев,

таржимон:

 

– Бир мисол айтаман. “Seoul Milk” сут ишлаб чиқариш компаниясининг рекламаси корейс жамиятида катта норозилик келтириб чиқарди. Реклама сюжети мундоқ: камера кўтарган йигитча қалин ўрмондан чиқа туриб ўтлоқда юрган оқ либосли қизларга кўзи тушади. Зўр кадрни мўлжаллаб энди камерасини қўлга олганида ғирчиллатиб ўт-ўланни босволади ва ўгирилиб қараса, қизлар сигирга айланиб қолган бўлади.

 

Корейс зиёлилари фикрича, аёлларни сигирга қиёслаш “ўта маданиятсизлик”. Кимнидир яширинча, ўзининг рухсатисиз суратга олиш ҳам қонунбузарликдир. Кореяда бундай иш учун яхшигина жаримага тушасиз. Компания жамиятдаги норози кайфият ортидан узр сўраб чиқди ва реклама ролигини “Ютуб” тармоғидан ўчирди. Бизда-чи, зиёлилар норози бўлса, бирор телеканалдан ножоиз реклама ўчирилганини эшитганмисиз?

 

 

Ғиёсиддин Юсуф,

муҳаррир:

 

– Бугун ТВда рекламалар жуда кўпайиб кетди, сони ошгани сари сифати пасайиб бормоқда. Айниқса, одоб-ахлоқ, қадриятларимизга тўғри келмаслиги ачинарли ҳолат. Истаймизми-йўқми, кўпчилик ҳордиқ чиқариш, бироз кўнгил ёзиш учун оилавий йиғилиб ТВ кўради. Кўрсатувлар, киною сериаллар ҳақидаги гаплар ўзи алоҳида мавзу, аммо ўшаларнинг орасидаги оилавий кўриб бўлмайдиган рекламалар ҳам бор.

 

Масалан, бир рекламага кўзим тушди: ўғил ва қиз бола келин-куёвдек кийиниб олган. Гўё куёв келинга никоҳ узуги совға қилаётгандек реклама қилинаётган маҳсулотни тақдим этмоқда. Маркетинг жиҳатдан ғоя яхши ўйланган, кўпчиликнинг эътиборини тортади, ноодатий ёндашув. Аммо болаларни ҳали гўдаклигиданоқ қарши жинс вакилига қизиқишга, ўзларини келин-куёв сифатида тасаввур этишга ундаш тарбияга салбий таъсир қилади. Одоб-ахлоқи бузилишига олиб келади. Шунинг учун бундай рекламалар олмаслик тарафдориман.

 

 

Нигора Ғаниева,

психолог:

 

– Ҳозир телеканалларда берилаётган аксарият рекламалар биз билган мезонлардан анча олисда. Катта ёшдаги инсонлар ҳаёт тажрибаси бой бўлгани боис бундай рекламалар намойишида бошқа каналга олиши ёки умуман эътибор қаратмаслиги мумкин, лекин ўсмирлик даврида шахс хулқ-атворида тақлидга мойиллик ҳисси юқорилиги кузатилади. ТВда бир кунда йигирма мартадан ошиқроқ энергетик ёки газли ичимлик рекламасини томоша қилган ўсмир албатта татиб кўришга интилади ва буни бажаради ҳам.

 

Инсон мияси янги ахборотга ўч. Агар қайсидир маълумот ҳадеб такрорланаверса, мия шуни тўғри деб қарор қабул қилади. Шу боис кўп реклама қилинган воситалар ҳар бир одамда қизиқиш уйғотади. Бунга мисол тарзида дорилар рекламасини кўрсатиш мумкин. Кўпинча одамлар реклама қилинаётган дори воситаларини шифокор тавсиясисиз ичаверади ва бу яхшиликка олиб келмаган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганмиз ҳаётда.

 

Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўз ҳуқуқ ва имкониятларидан тўғри фойдалана олиш, тинч ва осуда ҳаётимизни асрашга қаратилган, огоҳликка даъват этувчи, инсонлараро меҳр-оқибатни кучайтиришга йўналтирилган ижтимоий рекламалар кўпайиши тарафдориман.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА,

oyina.uz

 

1 Изоҳ

Odina Valiyeva

12:01 / 01.01.1970

Жудаям тўғри фикрлар билдирилган, хақиқатдан хам бундай, эфирга узатилаётган реклама ролликларини нахотки назорат қиладиган мутасаддиларимиз топилмаса, тўғри ушбу рекламалар орқали тклеканаллар хисобига маблағлар тушади аммо миллийлигимизга хам бир эътибор бериб қўйиш вақти келмадимикан, асабинг бузилади, бизни кореяликлардан қайеримиз кам сериаллар борасидаку гапирмасак хам бўлаверади, миллий сериал деб бонг урамизку миллийликдан асар хам йўқ балки юқоридаги депутатларимизга хам мурожаат этиб кўриш керакмикин

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//