Адабиёт
Телеканалларда намойиш этилаётган турли-туман рекламалар борасида ижтимоий тармоқларда кескин фикрлар кўпайди. Эфир вақтига нисбатан рекламалар ҳажмининг ошгани, давлат тилига риоя қилинмаслиги, оила даврасида ҳатто телевизорни ёқиш ҳам ноқулайлик туғдираётгани эътирозларга сабаб бўляпти.
Шароф Бошбеков,
ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
– “Гуанжо” хитой тиббиёт марказининг рекламасини бир кунда турли каналларда 70 мартадан 120 мартабагача кўравериб-кўравериб, асаблар бутунлай тугаб, қон босимим фалакка чиқиб кетди, қўлим қалтирайдиган бўлиб қолди.
Ўзингиз ўйланг, мен кўрмоқчи бўлган кино, спектакль, кўрсатувларни кўролмасам, унинг ўрнига бир ёқимтойгина қизнинг: “Эркаклик кучингизни тикланг ва аёлингизни хурсанд қилинг” деган “насиҳат”ини эшитиб ўтирсам! Теледастурлар – йўлига, аслида ит эгасини танимайди.
Дардимга ҳеч қанақа лактавита, ҳеч қанақа ламиналайфлару седана ёғлари фойда қилмади. Ўзимизнинг поликлиникага чиқдим. Врач рецепт ёзиб берди. Мана шу сўзлар ёзилган экан: “Ўзбекистон телевидениесини икки ой кўрмай туринг, отдай бўп кетасиз”.
Айтганини қилган эдим, ёшим 70 дан ошган бўлса ҳам, ўзимни 25 яшар йигитдай сезяпман. Соғлом бўлай десангиз сиз ҳам мендан ўрнак олинг!
Тоғаймурод Ортиқов,
журналист:
– Телевизорда аёлларнинг ўзлари ҳам гапиришга истиҳола этадиган шахсий гигиена воситаси тинмай реклама қилиняпти. Дастурхон атрофида ўтирган беш ёшли болакай “Ая, бу нима?” деб сўрайди. Онаси нима деб жавоб беришни билмай, ўзини эшитмаганга солиб, гапни айлантиради. Аммо кўзлари қизиқишга тўлган болакай яна сўрайди. Охири аёл ночор қолиб “Ҳа, уми, калишга солинадиган патак”, дейишдан бошқа жавоб тополмади. Бу уйдирма эмас, ҳаётий воқеа!
Дарҳақиқат, шу кунларда “патак” ҳам ҳолва бўлиб қолди. Телевизор ёки радиони қўйсангиз, шарм-ҳаё пардасини сидириб ташлаган сухандонлар дийдиёсини бошлайди:
“Клиникамизда эркакларнинг жинсий касалликликлари, жинсий заифлик, муддатидан олдин бўшалиш, аёлларнинг...” – буёғини айтиш учун одамнинг бети камида без бўлиши кераг-ов! Ҳой, биродарлар биз қаердан яшаяпмиз. Ўзбекнинг хонадонида ота-она, қайнота-қайнона, ўғил-келинлар, набиралар жамулжам бўлиб овқатланади, суҳбатлашади, маданий дам олади. Оила аъзолари бирга телевизор кўриш, радио эшитишдан ҳам безиллаб қолди!
Ўзбекистон телерадиокомпанияси раҳбарларига аччиқ, аммо очиқ таклифимиз: шаҳвоний рекламаларга ишқингиз тушиб қолган бўлса, илтимос, фақат ўз оилангиз даврасида кўринг! Халқнинг пешона теридан йиғилган бюджет маблағлари ҳисобига тайёрланадиган телекўрсатув, радиоэшиттиришларга ҳаром-харишни аралаштирманг! Агар бу рекламаларга талабгор кўп бўлса, алоҳида реклама канали очинг!
Зуҳриддин Исомиддинов,
адабиётшунос олим:
– Рус тилида қалампир ҳам, мурч ҳам бирдай “перец” деб аталади. Фарқлаш учун «красный перец», «чёрный перец» деб аниқловчи қўшишади. Ана энди ўзбек тилида пайдо бўлган “қизил гармдори”, “қора мурч” сингари таъвия ибораларга нима дейсиз. Мен куйиниб, ТВдагиларга “қора седана” – тавтология эканини, тил бузилаётганини айтсам, елка қисишди – реклама роликлари аллақайси гўрда тайёрланар, ўзгартиришга ҳақлари йўқ экан...
Кўряпсизми, реклама ҳатто бизнинг она тилимизга ҳам зуғум ўтказа бошлабди, пул жаноби олийларининг олдида онамиз – она тилимиз бир чўри мақомига тушибди. Аҳвол шу даражада бўлгач, “давлат тили” деб гапиришнинг ўрни борми, ўзи?
Отабек Йўлдошев,
таржимон:
– Бир мисол айтаман. “Seoul Milk” сут ишлаб чиқариш компаниясининг рекламаси корейс жамиятида катта норозилик келтириб чиқарди. Реклама сюжети мундоқ: камера кўтарган йигитча қалин ўрмондан чиқа туриб ўтлоқда юрган оқ либосли қизларга кўзи тушади. Зўр кадрни мўлжаллаб энди камерасини қўлга олганида ғирчиллатиб ўт-ўланни босволади ва ўгирилиб қараса, қизлар сигирга айланиб қолган бўлади.
Корейс зиёлилари фикрича, аёлларни сигирга қиёслаш “ўта маданиятсизлик”. Кимнидир яширинча, ўзининг рухсатисиз суратга олиш ҳам қонунбузарликдир. Кореяда бундай иш учун яхшигина жаримага тушасиз. Компания жамиятдаги норози кайфият ортидан узр сўраб чиқди ва реклама ролигини “Ютуб” тармоғидан ўчирди. Бизда-чи, зиёлилар норози бўлса, бирор телеканалдан ножоиз реклама ўчирилганини эшитганмисиз?
Ғиёсиддин Юсуф,
муҳаррир:
– Бугун ТВда рекламалар жуда кўпайиб кетди, сони ошгани сари сифати пасайиб бормоқда. Айниқса, одоб-ахлоқ, қадриятларимизга тўғри келмаслиги ачинарли ҳолат. Истаймизми-йўқми, кўпчилик ҳордиқ чиқариш, бироз кўнгил ёзиш учун оилавий йиғилиб ТВ кўради. Кўрсатувлар, киною сериаллар ҳақидаги гаплар ўзи алоҳида мавзу, аммо ўшаларнинг орасидаги оилавий кўриб бўлмайдиган рекламалар ҳам бор.
Масалан, бир рекламага кўзим тушди: ўғил ва қиз бола келин-куёвдек кийиниб олган. Гўё куёв келинга никоҳ узуги совға қилаётгандек реклама қилинаётган маҳсулотни тақдим этмоқда. Маркетинг жиҳатдан ғоя яхши ўйланган, кўпчиликнинг эътиборини тортади, ноодатий ёндашув. Аммо болаларни ҳали гўдаклигиданоқ қарши жинс вакилига қизиқишга, ўзларини келин-куёв сифатида тасаввур этишга ундаш тарбияга салбий таъсир қилади. Одоб-ахлоқи бузилишига олиб келади. Шунинг учун бундай рекламалар олмаслик тарафдориман.
Нигора Ғаниева,
психолог:
– Ҳозир телеканалларда берилаётган аксарият рекламалар биз билган мезонлардан анча олисда. Катта ёшдаги инсонлар ҳаёт тажрибаси бой бўлгани боис бундай рекламалар намойишида бошқа каналга олиши ёки умуман эътибор қаратмаслиги мумкин, лекин ўсмирлик даврида шахс хулқ-атворида тақлидга мойиллик ҳисси юқорилиги кузатилади. ТВда бир кунда йигирма мартадан ошиқроқ энергетик ёки газли ичимлик рекламасини томоша қилган ўсмир албатта татиб кўришга интилади ва буни бажаради ҳам.
Инсон мияси янги ахборотга ўч. Агар қайсидир маълумот ҳадеб такрорланаверса, мия шуни тўғри деб қарор қабул қилади. Шу боис кўп реклама қилинган воситалар ҳар бир одамда қизиқиш уйғотади. Бунга мисол тарзида дорилар рекламасини кўрсатиш мумкин. Кўпинча одамлар реклама қилинаётган дори воситаларини шифокор тавсиясисиз ичаверади ва бу яхшиликка олиб келмаган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганмиз ҳаётда.
Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўз ҳуқуқ ва имкониятларидан тўғри фойдалана олиш, тинч ва осуда ҳаётимизни асрашга қаратилган, огоҳликка даъват этувчи, инсонлараро меҳр-оқибатни кучайтиришга йўналтирилган ижтимоий рекламалар кўпайиши тарафдориман.
Нодира ИБРОҲИМОВА,
oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
5 Изоҳлар
Mehriddin
12:01 / 01.01.1970
Xalqimiz doim ma`rifatga intilib kelgan rostdan ham ayniqsa ayollar gigyenik vositalarini reklamasi odamni hijolatga qo`yadi. ovqat mahali onamiz singlimiz ayolimiz va qizimiz oldida gapirilgan va ko`rsatilgan reklama sabab kanalni almashtirsangiz 15 daqiqa o`tmay unda ham shu reklama. masullar bunga ham e`tibor qaratadi degan umiddamiz.
Абдураззоқ ШАЙМАРДОН
12:01 / 01.01.1970
“Миси чиққан клиника ҳақида аввалроқ огоҳлантирган эдик” Долзаарб мавзу кўтарилгани билан аҳамиятлидир. “Гуанжо” Хитой тиббиёт марказининг рекламасини кўравериб, энсам қотар эди. “Наҳотки, диёримизда ТИББИЁТ тўнини тескари кийган бўлса?..” деган ўй ўтар эди. Хаёлларимни парчалаган воқейлик юз берди: ижтимоий тармоқларда беморларни чув туширган видеолавҳа намойиш этилди. Ўзимизнинг дори-дармонларни ўзимизга пуллган шаввозлар қилмиши фош этилди. Энди улар қонун олдида жавоб беришади. “Хўрозқанд чет элники деса ялайман” дегувчи баъзи бир беморларга ҳам қойил қолмадим. Жаннатмакон диёримиздаги ҳар бир гиёҳ доривор. Кўкатлар ихлос билан истеъмол қилинса, тузалишингиз аниқ. Ҳар куни беморлар ҳолидан хабар олинаётир. Масжидда беморларнинг шифо топиши учун дуолар қилинмоқда. Кўпнинг дуоси ижобат бўлади. Яратганнинг Рамазон ойида бизга берган неъмати бу. Доно халқимизни айбситишга, камситишга, устидан кулишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Халқимизда шундай ибора бор: “Дард берган Эгам шифосини ҳам беради”. Бу ҳикматли сўзни ҳаммамиз англаймиз, тафаккур қиламиз. Қинғир ишнинг қийиғи 40 йилдан кейин эмас, 40 сонияда ҳам чиқмоқда. Шундай! Ўз манфатига қул бўлганларга инсофни Ўзи берсин деймиз. Инсон дард чекканда дардига дармон бўлади. Меҳрибон онажонларимиз: “Дардингни олай болажоним!” дейди. Яхши ният қилайлик. Яратган беморларга шифо берсин. Қарздорларга нажот берсин. Барчамиза эзгуликларга кўмилиб яшайлик. Ёмонларга ҳам инсоф-диёнат тилаймиз. Раҳматли энамнинг гапи бўлар эди: “Ёмон қилиғидан топади. Ёмонларга қўшилманглар. Рўза кунлари одамларга кўпроқ яхшик қилинглар. Шу яхшиликлар бошларингга соябон бўлади, болаларим...” Болалик дамларда бу сўзларга унчалик эътибор бермас эканман. Бир яяхшиликка Яртаган ўнлаб яхшилик билан сийлаётганини энди англаяпман. Дориларни беморларга қиммат нархларда илинаётган ўзбилармонлар масъулиятни ҳис этмаётир. Бебурдлик иллатини шакллантирмоқда. Беморларнинг ҳақига хиёнат қилишмоқда. Бу билан фидойи шифокорларга нисбатан ишончсизлик уйғотаётир. Бу иллат мўмин-мусулмонга хос эмас. Тавба қилмоқ жоиздир!
Mirzayev Gulom
12:01 / 01.01.1970
“Гуанжо” мамлакатимиздаги соғликни сақлаш тизимидаги ҳолатларнинг нечта-нечтасидан балки, неча юзларидан биттаси?! Бундай рекламалар даволаш ўрнига кишилар руҳиятига таъсир кўрсатиб, йуқ жойдан касалликни шакллантириши мумкин. Тил, миллийлик, миллий қадрият(шарм, ҳаё, ибо, ор, ғурур каби)ларнинг йўқолишига олиб келади. Бундай тартибдаги нафсига қул, ўзининг халқига жароҳат етказаётганлар алал-оқибат тил ва миллатни кушандасига айланиши мумкин. Бунга лоқайд бўлиб туриш яхшиликка олиб келмайди.
Soliha
12:01 / 01.01.1970
Assalomu alaykum. Tanqidlar juda o'rinli. Darhaqiqat oila davrasida TV ko'rib dam olishga ham iloj qolmayapti. Agar turli dori vositalari yoxud tibbiyot markazlari kimgadir kerak bo'lyapti desangiz bir gazeta, kanal oching. Shifobaxsh dorilaringizni shu gazeta yoki kanalda taqdim etaverasiz xohlagan odam o'zi ko'rib olaveradi. Haqiqatdan ham reklamaga shunchalik o'ch insonlar bo'lsa ular uchun ham alohida bir kanal ochgan ma'qul. Ma'rifat va madaniyatdan yiroq bo'lgan bunday reklamalaringiz bilan oila davrasida noqulaylik tug'dirmang, insonlarning tinchgina dam olishiga xalaqit bermang. Reklamalardan holi birgina kanal topa olmayapman. Bu reklamalardan birortasi biz uchun foyda keltirmaydi. Xalqimizdan va Televideniyadan, Televideniya kanallaridan iltimos qilib qolamiz. Avvalo o'rinli reklama qiling! Iloji bo'lsa reklama qilmang!
Zilola Qulmurodova
12:01 / 01.01.1970
Nodira opa, men chin dildan umid qilib qolamanki, ziyolilarimizning tanqidlari va siz juda aniq qilib yoritgan bu maqola kengroq, kattaroq auditoriyada albatta, jiddiy muhokama etiladi va yechimiga amaliy harakat qilinadi ! Rahmat sizga !