Сароймулкхонимнинг аждодлари ким бўлган?


Сақлаш
16:11 / 05.02.2026 14 0

Мақолада Сароймулкхонимнинг генеалогик тарихи ва унинг Темурийлар давлати сиёсий ҳаётидаги ўрни таҳлил қилинади.

 

Амир Темур салтанатининг ҳуқуқий ва мафкуравий асосларида Чингизийлар билан қариндошлик алоқалари ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган. Бу жараёнда Сароймулкхоним (1341–1408) шахси марказий ўрин тутади. У Чиғатой хони Қозонхоннинг қизи бўлиб, Амир Темурга турмушга чиққач, буюк ҳукмдорга “Кўрагон” (“хоннинг куёви”) унвони берилди. Бу унвон Амир Темурнинг нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун мўғул оламида мутлоқ ҳуқуқий мақомга эга бўлишини таъминлади.

 

Сароймулкхоним дастлаб 1355 йилда Амир Қазағоннинг набираси Амир Ҳусайн Мусаллабга турмушга чиқади ва бу турмуш 1370 йил Амир Ҳусайн қатл этилгунига қадар давом этади. Манбаларда Сароймулкхонимнинг Амир Ҳусайн билан никоҳидан фарзандлари бўлгани ҳақида бирон маълумот учрамайди. Малика Амир Темурнинг никоҳига қабул қилингач (1370), Кўрагон вафотига қадар соҳибқироннинг биринчи хоними сифатида тарихий манбаларда “Бибихоним” номи билан ёки “Катта хоним” сифатида эъзозланади. У замонасининг ақл-заковатли, фаросатли, маслаҳатгўй, сиёсий-ижтимоий ҳаётга фаол қатнашган маликаларидан бири бўлган. Бу ҳақда замондош тарихчилар кўплаб ривоятомуз мисоллар ҳам келтирадилар.

 

Сароймулкхоним илм-маърифатни қўллаб-қувватлаган, маданий ҳаётга ҳомийлик қилган. Малика Самарқандда мадраса ва масжидлар қурилишига, жумладан, Бибихоним мадрасаси ва бошқа қурилиш бунёдкорлик ишларида фаол намуна кўрсатган. Шунингдек, Амир Темур билан кўплаб сафарларда ҳамроҳлик қилган ва сарой ишларида маслаҳатлари билан фаол иштирок этган.

 

Тарихий манбаларга кўра, Сароймулкхонимнинг Амир Темур билан никоҳидан ҳам фарзанди бўлмаган. У Соҳибқироннинг ўғли ва набиралари – Шоҳруҳ, Улуғбек, Муҳаммад Султон ва Халил Султон каби шаҳзодаларни тарбиялаб, уларга устозлик қилган.

 

Сароймулкхоним Чиғатой хонлари сулоласининг тўғридан-тўғри вориси эди. Унинг насабномаси Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида қуйидагича келтирилади: Сароймулкхоним – Қозонхон – Ясавур Ўғлон – Урктемур – Тўқтемурхон – Қудағай – Комкор – Чиғатойхон – Чингизхон. Маликанинг отаси Қозонхон (1343–1346) – Чиғатой улусининг сўнгги қудратли хонларидан бири эди. У ҳукмронлиги даврида давлатни марказлаштиришга ва амирлар ўзбошимчалигига чек қўйишга уриниб кўради. Ёзма манбаларнинг деярли барчасида Қозонхоннинг ҳокимиятга келиш санаси чалкаш ифодаланган ва бу ҳижрий 733 (милодий 1332/1333) йилдан экани айтилади, – аммо нотўғри сана. Негаки, бу пайтда ҳокимиятни Чиғатой улусининг ўн еттинчи хони Тармаширинхон бошқараётган эди. Буни нумизматик маълумотлар ҳам исботлайди. Қозонхон даврига оид нумизматик маълумотларда унинг ҳокимияти ҳижрий 744 (милодий 1343/1344) йилдан бошлангани айтилади. А.К.Марков томонидан ўрганилган тангалар орасида Қозонхон номига расмийлаштирилган тангалар ҳижрий 744–747 (милодий 1343–1346) йилларга тегишли. Шунга асосланиб Қозонхон ҳокимияти 1343 йилдан бошланган дейишимиз мумкин.

 

Қозонхон аслида бутун Чиғатой улуси ҳудудида эмас, фақат улуснинг ғарбида, аниқроғи Мовароуннаҳрда ҳокимиятни қўлга олади. Унинг даврида давлатнинг бошқарув маркази Кебекхон ва Тармаширинхон давридаги каби Қашқа воҳасида жойлашган эди. Қозонхон Кебекхон саройидан икки манзиллик ғарбий йўналишда ўзи учун янги сарой қурдиради. У тарихий манбалар ва тадқиқотларда Занжирсарой деб аталгани айтилади. Ўтган йиллар мобайнида олиб борилган археологик қазишма ишлари ва бошқа тадқиқотлар Қозонхон қурдирган Занжирсарой ҳозирда Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳудудида экани аниқланган.

 

Темурийлар даври манбаларининг аксариятида Қозонхон Мовароуннаҳрни қаттиққўллик билан идора қилгани таъкидланади. Хоннинг қатлга зўр бериши ортидан давлатдаги асосий ҳарбий кучлар ҳисобланган турк амирлари унга қарши бирлаша бошлайди. Қозонхон тўғрисида асосан Муиниддин Натанзий асарида атрофлича сўз юритилган. Унда айтилишича, Қозонхон ҳар куни юзлаб одамларни қатл этган (Ҳозирги кунда Занжирсарой атрофида жуда катта қабристон сақланиб қолган ва у кейинчалик “Хожа Ростан” номими олган. Ўлдирилганлар шу мозорга дафн этилган, эҳтимол. Археологлар қабрларни ўргаса, аниқлик киритилиши мумкин). Шунингдек, Қозонхон даври адолатсизлик ҳукмрон бўлган ва қонхўрлик ҳаддан ошган, катта амирлар қатли амалга оширилган давр сифатида эслатилади. Натижада, қораунос қавмидан Мунк (қадимги Хутталон, ҳозирги Балжувон) ва Солисарой (Хутталондаги вилоят) шаҳарлари ҳокими амир Қазағон нўён унга қарши исён кўтариб, икки марта жанг қилади. Иккинчи жангда Қозонхонни ўлдириб (1346), мамлакат бошқарувини қўлга олади. Бу воқеа Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”да ҳам батафсил ёритилиб, жангда Қозонхоннинг бир кўзига ўқ тегиб яралангани, хон қўшинининг Қаршига чекингани тасвирланади. Шунингдек, манбада қиш қаттиқ келганидан қўшиннинг омон қолган отлари нобуд бўлгани, амир Қазағон яна қўшин тортиб келиб, Қозонхонни қатл этгани келтирилган.

 

Фасиҳ Ҳавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида мазкур воқеа қуйидагича тасвирланади: Қозонхон билан амир Қазағоннинг биринчи тўқнашуви Ҳирот яқинидаги Дараи Занги (Қора дара) деган жойда бўлган. Қозонхон катта қўшин билан келиб жангда ғалаба қозонган. Аммо жанг сўнгида нохосдан отилган ўқ Қозонхоннинг кўзига тегиб, уни кўр қилади. Бу воқеа ҳижрий 746 (милодий 1345/1346) йил қишида содир бўлади. Орадан кўп ўтмай, ҳижрий 747 (милодий 1346) йил ёзида амир Қазағон яна қўшин тўплаб келади ва икки ўртадаги ҳал қилувчи жангда Қозонхон енгилади. Бунга сабаб Дараи Зангидаги жангдан кейин Қаршида қишлаётганда қиш жуда қаттиқ келиб, отларнинг озиқ-овқати тугагани ва улар битта қолмай қирилиб кетгани, дейилади манбада. Мавжуд вазиятдан хабар топган амир Қазағон катта қўшин билан келиб, музаффар бўлади ва “Қозонхонни даражаи шаҳодатга еткурди”.

 

Қозонхоннинг ўлдирилиши натижасида Чиғатой насабининг Мовароуннаҳрдаги мустақил ҳокимиятига чек қўйилди. Амир Қазағон Чингизийлар сулоласининг Мовароуннаҳрдаги ҳокимиятини тугатган бўлса ҳам, у ўзини хон деб эълон қилолмасди. Шунинг учун Чингизхон наслидан бўлган турли хонадонга мансуб шаҳзодаларни тахтга чиқариб, давлатни уларнинг номидан бошқаради.

 

Манбаларда Қозонхоннинг отаси Ясавур Ўғлон бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилади. Шунингдек, Ясавур Ўғлоннинг шажараси турли шаклларда ифодаланади. Мўғуллар даври айрим манбаларида Ясавур Ўғлон нисбаси эслатиб ўтилган. Жумладан, “Тарихи Вассаф”да Ясавур ўғул ибн Ўрўқ Темур ибн Буқа Темур ибн Қадақай ибн Бури ибн Митукай-фар ибн Жағатай” шаклида келтирилади. Худди шунга яқин шажара Рашидиддиннинг “Жоме ат-таворих” асарида ҳам эслатилган.

 

Темурийлар даври битикларида Ясавур Ўғлон асосан Чиғатой хони Қозонхоннинг отаси сифатида эслатилса ҳам, бу масалада барча манбаларда якдиллик йўқ. Жумладан, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари муқаддимасида Қозонхон ибн Йисун Темурхон шаклида келтирилади. Фақатгина Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида Қозонхоннинг тўлиқ шажараси келтирилган. Бу шажаранинг биз учун аҳамиятли жиҳати шундаки, унда Қозонхоннинг отаси Ясавур Ўғлоннинг ҳам шажараси хусусида маълумотлар қайд этилган. Манбада ёзилишича, Қозонхоннинг нисбаси қуйидагича, “Қазон султон ибн Ясавур ибн Урктемурхон ибн Тўқтемурхон ибн Қудағай ибн Комкор ибн Чиғатойхон ибн соҳибқирони аъзам Чингизхони муаззам” шаклида берилган. Фасиҳ Ҳавофий ҳам ўзининг “Мужмали Фасиҳий” асарида Ясавур Ўғлоннинг ўғли сифатида Ғазонхонни (Қозон) зикр қилади. Бироқ муаррих бу шажарада Ясавур Ўғлондан кейинги аждодларнинг номини тилга олмайди. Айни ҳолат Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида ҳам такрорланган. Шуни айтиш жоизки, Чиғатой улуси тарихи акс этган кўплаб тадқиқотларда ҳам Ясавур Ўғлон Қозонхоннинг отаси экани таъкидланади.

 

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Қошонийнинг “Тарихи Ўлжойту” асарида келтирилишича, Ясавур Ўғлон ҳижрий 688 (милодий 1289) йил туғилган ва 28 ёшида, ҳижрий 716 (1316/1317) йил вафот этган. Аммо Муиниддин Натанзий “Мунтахаб ут-таворихи Муиний”да у 32 ёшида ўлдирилгани ҳақида ёзади. Манбаларда Ясавур Ўғлон 1301 йил Ўқтой наслидан Қайдухон вафотидан кейин сиёсий тарих майдонига чиққани таъкидланади. Бу давр Марказий Осиё ҳудудидаги сиёсий жараёнларда Чиғатой хони Дувахон билан Қайдухоннинг ўғли Чопар ўртасида Чиғатой улуси сиёсий мустақиллиги ва минтақада таъсир доирасини ошириш масалаларида жадал кураш кечаётган эди. Бу орада Дувахоннинг ўлими (1307) вазиятни янада мураккаблаштириб, Чиғатой улуси тахтини эгаллаш учун курашнинг авж олишига сабаб бўлади. 1307–1309-йилларда бир нечта шаҳзодалар хонлик тахтини эгаллаш учун ҳаракат қиладилар. Бу курашга Ясавур Ўғлон ҳам бош қўшиб, Кунжакхон (1307-1308), Талигухон (1308-1309), Эсон Буқохон (13091318) ва Кебекхон (1309, 1318–1326) ҳукмронлиги йилларида Чиғатой улуси тахтини эгаллаш учун амалий ҳаракат олиб боради.

 

Марказий Осиёда юзага келган Чиғатой ва Ўқтой ворислари ўртасидаги курашдан фойдаланиб, ўз сиёсий мавқеини ошириб олишни мақсад қилган улуғ қоон (бу даврда қоонлик маркази Юан империяси ҳудудида эди) Ясавур Ўғлонга ёрлиқ бериб, бу курашга қонуний тус киритади. Маълумки, Чиғатой улуси ташкил топгач, то Қайдухон давригача Чиғатой хонлари улуғ қоон юборган ёрлиқ асосида ҳокимиятни эгаллаган. Қайдухон минтақада таъсир доирасини кенгайтириб олгач, Чиғатой улусига хон тайинлаш ҳуқуқи Юан қоонларидан “олиб қўйилади”.

 

Эсон Буқохон ҳукмронлигининг учинчи йили охирларида Юан империясининг янги қоони Буянту қоон (1311–1320) Ясавур Ўғлонга улус бошқарувига эгаликни тасдиқловчи ёрлиқ бериб, Чиғатой улусига юборади. Қоон бу билан катта бобоси Хубилай қоон давридаги каби Чиғатой улусининг бошқарувига хонларни тайинлаш ҳуқуқини қайтармоқчи эди. Аммо Юан империяси Ўлжойту Темур қоон вафотидан кейин авж олиб кетган ички курашлар сабабли аввалги куч-қудратини йўқотганди. Шу сабаб Юанда 1308–1332-йилларда олтита қоон алмашади. Аслида, мавжуд вазиятдан келиб чиққанда, Юан империяси Чиғатой улусидаги амалдаги хонни тахтдан ағдариб, янги хонни бошқарувга кўтариш қудратига эга эмасди. Шунингдек, Чиғатой хонлари ҳам аввалги даврлардан фарқли ўлароқ ўз бошқарув ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган кучга эга эди.

 

1313 йил қоон томонидан Ясавур Ўғлонга ёрлиқ берилганидан хабар топган ака-укалар – Эсон Буқохон ва Кебек уни зудлик билан йўқотиш учун йўлга чиқади. Ака-укалар Ясавур Ўғлондан енгилиб, чекинишга мажбур бўлади. Ясавур Ўғлон билан ака-укалар ўртасидаги кураш Чиғатой улуси ичкарисида ҳам давом этади. Икки ўртадаги кураш натижасида Мовароуннаҳр аҳолиси катта қийинчиликларга дучор қилинади. Ясавур Ўғлон Хуросон амирлари ёрдамида Мовароуннаҳр шаҳарларини талаб, Самарқанд, Бухоро ва Кешдан минглаб асирларни ҳайдаб кетади. Темурийлар даври манбаларида ҳам Кебек ва Ясавур Ўғлон кураши Мовароуннаҳр аҳолисига катта зарар келтиргани таъкидланади. Жумладан, Фасиҳ Ҳавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида ҳижрий 716 (1316-1317) йилда Чиғатой шаҳзодаларининг Хуросонга босқини эслатилади. Манбага кўра, Чиғатой шаҳзодаси Ясавур Ўғлон Хуросонга бостириб киради. Бу даврда Хуросоннинг бир қисми Чиғатойлар томонидан идора қилинаётган эди. Шунинг учун ҳам шаҳзода Кебек шаҳзода Ясавур Ўғлонга қарши ҳужум қилади. Фасиҳ Ҳавофийнинг ёзишича, Ясавур Ўғлон Хуросонда кўп вайронагарчиликларни юзага келтиради.

 

Чиғатой улуси билан узоқ йиллардан буён курашиб келаётган Элхонийлар давлати улус ички сиёсатига таъсир ўтказиш мақсадида тахт учун курашга қўшилган Чиғатой шаҳзодаларини ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Қоон томонидан ёрлиқ берилган шаҳзода Ясавур Ўғлонни дастлаб қоонликнинг энг яқин иттифоқчиси Элхонийлар давлати ва Хуросон амирлари ҳам қўллаб-қувватлагани тарихий манбаларда акс этган. Элхонийлар уни доимо қўшин ва ҳарбий таъминот билан таъминлаб турган. Шунинг учун ҳам Ясавур Ўғлоннинг тахт учун курашлари узоқ давом этади ва бу Мовароуннаҳр аҳолисининг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва этник ҳолатига ҳам жиддий таъсир кўрсатади.

 

Манбаларда Ясавур Ўғлоннинг вафоти билан боғлиқ маълумотлар ҳам турлича. Фасиҳ Ҳавофийнинг ёзишича, Ясавур Ўғлоннинг Ҳирот мулкига етказган вайронагарчиликларидан хабар топган султон Абу Саид Баҳодирхон ҳижрий 721 (1321) йил унга қарши катта қўшин тўплайди ва кўплаб шаҳзодаларни ҳам бу жангга жалб қилади. Жангда шаҳзода Ясавур Ўғлон ўлдирилади. “Мужмали Фасиҳий”да шаҳзода Ясавур Ўғлоннинг ўлими жангда кечгани айтилса, Муиниддин Натанзийнинг “Мунтахаб ут-таворихи Муиний” асарида бироз бошқачароқ кечган. Манбада ёзилишича, Элхонийлардан паноҳ топган Ясавур Ўғлон Кебекхондан енгилгач, сиёсий курашлардан чекиниб, Ҳаж сафарига отланади. У Маккада қандайдир жанжалга аралашиб қолади ва ўлдирилади. Ясавур Ўғлоннинг ўлими билан боғлиқ маълумотлар бошқа тарихий манбаларда кузатилмайди. Муиниддин Натанзий маълумотларидаги яна шу жиҳат муҳимки, унда Фасиҳ Ҳавофий келтирганидек шаҳзода Ясавур Ўғлон Элхонийлар билан бўлган жангда эмас, Ҳаж сафари чоғида вафот этган. Шунда у Чиғатой улуси хонзодалари орасида биринчи бўлиб Ҳаж амалига отланган шаҳзода бўлиб чиқади.

 

Ясавур Ўғлон Чиғатой улуси тахтини эгаллай олмаган бўлса ҳам, узоқ давом этган бу кураш давлат тараққиётига  путур етказиб, сиёсий беқарорликларни юзага келтирди. Бу ҳолат Кебек томонидан Ясавур Ўғлон мағлуб этилгунига қадар давом этади. Ясавур Ўғлон вафотидан кейин ҳам унинг тарафдорлари ўз фаолиятларини давом эттиришди. Ундан қолган қўшиннинг бўлинмалари кейинчалик ҳам Ясавурийлар номи остида Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақалардаги сиёсий-ҳарбий жараёнларда иштирок этди.

 

Амир Темур ва Темурийлар давридаги деярли барча форсий манбаларда минтақа ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол ўрин тутган этник гуруҳлар орасида Ясавурий, ясурий номлари билан тилга олинган халқлар ҳам мавжуд. Бу этник гуруҳнинг келиб чиқиши шаҳзода Ясавур номи билан боғлиқ. Ясавур Ўғлоннинг қўшинидагилар ундан кейин ҳам ўзларини Ясавурийлар номи билан атаб, шу ном остида туман шаклида фаолият юритганлар. Натижада, Амир Темур даврига қадар бу ном этнонимга айланиб улгурган. Амир Темур тарихи акс этган асарларда бу даврда ясавурийларнинг бир қисми Самарқандда яшаган ва уларга Хизр Ясурий бошчилик қилгани айтилади. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, Ясавурийлар ХIV асрнинг 60-йиллар воқеалари баёнида гоҳида Туғлуқ Темур бошчилигидаги мўғуллар, гоҳида Боязид жалойир, кейинчалик Амир Темур томонида бўлганлар. Ясурийларнинг бошқа бир қисмига Ҳожи Муҳаммадшоҳ (Маҳмудшоҳ) Ясурий етакчилик қилган. У бошлиқ ясурийлар Амир Темурга садоқат кўрсатиб, унинг бир қанча ҳарбий юришларида иштирок этганлар. Шунингдек, ясурийлар Амир Темур билан қариндошлик алоқаларини ҳам боғлаб, Мирзо Жаҳонгирга Илёс ясурийнинг қизи Бахт Малик оға никоҳланган. Бу никоҳдан Амир Темур давлатининг тахт вориси Пирмуҳаммад Мирзо дунёга келган.

 

Хулоса қилиб айтганда, Сароймулкхоним шахси Темурийлар даври сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган тарихий сиймо бўлиб, унинг мавқеи нафақат Амир Темур билан бўлган никоҳи, балки насл-насабининг юксаклиги билан ҳам бевосита боғлиқдир. У Чиғатой улуси ҳукмдорлари сулоласига мансуб бўлиб, Қозонхоннинг қизи, Ясавур Ўғлон авлодидан эди. Мазкур насаб Сароймулкхонимга “катта хоним” мақомини бериб, Амир Темур ҳокимиятининг сиёсий-легитим асосларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Қозонхон Чиғатой улусида марказий ҳокимиятни тиклашга интилган ҳукмдор сифатида тарихда маълум бўлса, Ясавур Ўғлон эса ушбу сулоланинг сиёсий ва ҳарбий анъаналарини давом эттирган вакилларидан бири ҳисобланади. Ушбу аждодлар фаолияти Чиғатой улусида давлат бошқаруви, сулолавий ҳукмронлик ва сиёсий барқарорлик тушунчаларининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган.

 

Сароймулкхоним ана шу сиёсий тажриба ва сулолавий анъаналар вориси сифатида Темурийлар саройида нафақат рамзий шахс, балки реал ижтимоий-сиёсий таъсирга эга бўлган арбоб сифатида намоён бўлади. У Темурий шаҳзодалар тарбиясида, сарой маросимлари ва давлат мафкурасининг шаклланишида фаол иштирок этган. Шу боис Сароймулкхоним сиймоси Темурийлар давлатининг сиёсий легитимацияси, маданий юксалиши ва сулолавий узвийлиги жараёнида муҳим тарихий бўғин сифатида баҳоланиши лозим. Умуман олганда, Сароймулкхоним ва унинг аждодлари – Қозонхон ҳамда Ясавур Ўғлон фаолиятини ўрганиш Темурийлар даври давлат бошқаруви, сулолавий сиёсат ва тарихий ворисийлик масалаларини чуқурроқ англаш имконини беради ҳамда Марказий Осиё ўрта асрлар тарихини комплекс тадқиқ этишда муҳим илмий аҳамиятга эга.

 

Севинч УЛАШОВА,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

16:02 / 05.02.2026 0 14
Ҳукмронликнинг янги шакли

Тарих

13:02 / 03.02.2026 0 28
Колумбни адаштирган мил





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30709
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//