Тарихда мустаҳкам Троя деворларини 10 йиллик уруш енга олмаган эди, аммо биргина “жозибали совға” – Троян оти шаҳарни ичкаридан вайрон қилди. Бугунги куннинг “Троя оти” – айнан деструктив ғоялардир. Улар бизга очиқ душман сифатида эмас, балки “замонавий маданият”, “эркинлик” ёки “янгича қараш” ниқоби остида кириб келмоқда. Биз бу “жозиба”ни қабул қилиб, ўз маънавий қўрғонимиз дарвозаларини ўз қўлимиз билан очиб бермаяпмизми?
Бугунги геосиёсий жараёнлар шуни кўрсатмоқдаки, ахборот макони – бу шунчаки янгиликлар лентаси эмас, балки стратегик майдондир.
Аслида, деструктив (бузғунчи) ахборот – ХХI аср ихтироси эмас. Инсоният пайдо бўлибдики, ахборот ҳукмронлик қуроли бўлиб келган. Тарихчиларнинг ёзишича, ҳатто Чингизхон қўшинлари ҳужумдан олдин шаҳарларга савдогар қиёфасидаги жосусларини юбориб, “Мўғул армияси сон-саноқсиз ва шафқаncиз” деган ваҳимали миш-мишларни (қадимги “фейк”ларни) тарқатишган.
Бугун эса бу жараён технологик ва илмий тус олди. Америкалик социолог Жозеф Овертон назариясига кўра, жамият учун мутлақо ёт ва жирканч ғояни ҳам секин-аста “норма”га айлантириш мумкин. Деструктив контент яратувчилари айнан шу технологиядан фойдаланадилар: аввал тақиқни бузиш, кейин муҳокама қилиш, сўнгра кўникиш ҳосил қилиш. Таниқли футуролог Элвин Тоффлер огоҳлантирганидек, инсоният “Ахборот ортиқчалиги” касаллигига учради, натижада ҳақиқатни ёлғондан ажрата олмай, руҳий ҳимоя қобиғи синди.
Хўш, бу назариялар ҳаётимизда қандай акс этяпти? Авваллари бузғунчи ғоялар яширин йиғинлар орқали тарқалган бўлса, бугун механизм тубдан ўзгарди. Ижтимоий тармоқлар алгоритми фойдаланувчига фақат унга ёқадиган нарсани кўрсатишга мослашган. Кузатувчи томоша қилган видео ёки умуман шунга ўхшаш контентни тизим “тиқиштира бошлайди” ва уни ўша “ботқоқ”қа тортиб кетади.
Келинг, узоққа бормайлик, оддийгина “тренд”га чиққан “пранк” (қалтис ҳазил) видеоларини таҳлил қилайлик. Кўриниши – кулгили, мақсади – “лайк” йиғиш (монетизация). Аммо унинг ичида даҳшатли “вируслар” яширинган:
Биринчидан, қадриятларнинг емирилиши. Кўчада кекса одамни қўрқитиш ёки ўқитувчини мазах қилиб видеога олиш – шарқона “ҳурмат” ва “андиша” тушунчаларини илдизи билан қўпориб ташлайди.
Иккинчидан, оила муқаддаслигига тажовуз. Ижтимоий тармоқларда эр-хотинлик муносабатлари, ҳатто ётоқхона сирларига оид мавзуларни “ҳазил” ниқоби остида олиб чиқиш урфга кирди. Аёлнинг ўз турмуш ўртоғини масхара қилиши ёки эрнинг ўз аёлини қўрқитиб, устидан кулиши – бу шунчаки ҳазил эмас. Оиладаги парданинг кўтарилиши ва ҳурматнинг синишидир. Оила-шахсий макондан ҳар қандай масаласини оммага муҳокама қилдирадиган “айланма стол”га айланди.
Учинчидан, ваҳима ва шафқатсизлик. Ахборот маконидаги бузғунчиликнинг яна бир чўққиси – бу инсоннинг раҳм-шафқат туйғуси билан ўйнашишдир. Масалан, қўлидаги “гўдак”ни (аслида қоғирчоқ) кўприкдан ташлаб юбориш саҳнаси акс этган “пранк”лар. Бу ерда блогер инсонларнинг ҳаётни сақлаб қолиш инстинктини эксплуатация қилмоқда. Оқибатда нима бўлади? Одамларда бефарқлик уйғонади. Эртага ҳақиқий бола ёрдамга муҳтож бўлганида, одамлар “бу яна навбатдаги пранк бўлса керак” деб иккиланиб қолишади. Бу миллатнинг ижтимоий ишонч пойдеворини емиради.
“Вертер эффекти” ва ижтимоий тақлид
Ушбу феноменнинг келиб чиқиши ХVIII аср немис адабиётига бориб тақалади. 1774 йилда буюк немис ёзувчиси Иоганн Волфганг фон Гёте ўзининг “Ёш Вертернинг изтироблари” (Die Leiden des jungen Werthers) романини нашр эттиради. Асар сюжети жавобсиз муҳаббат туфайли чуқур изтиробга тушган ва якунда ўз жонига қасд қилган йигит – Вертер ҳаётига бағишланган эди. Роман нашр этилгандан сўнг Европада кутилмаган ижтимоий резонанс кузатилди. Асар ёшлар орасида шу қадар машҳурлашдики, у нафақат кийиниш услубига (кўплаб ёшлар Вертер каби сариқ нимча ва кўк фрак кия бошладилар), балки уларнинг хулқ-атворига ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатди. Германия, Франция ва Данияда роман қаҳрамонига тақлид қилган ҳолда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари тўлқинсимон тарзда кўпайиб кетди. Вазият шу даражага етдики, Лейпциг, Копенгаген ва Миланда ҳукумат ушбу китоб тарқалишини тақиқлашга мажбур бўлди. Бу – ахборот маҳсулотининг деструктив потенсиали намоён бўлган тарихдаги илк йирик ҳодисалардан бири эди.
Орадан икки аср ўтиб, 1974 йилда америкалик социолог Девид Филлипс (Давид Пҳиллипс) ушбу тарихий воқеликни илмий асослаб берди ва унга “Вертер эффекти” терминини қўллади. Филлипс ўз тадқиқотларида оммавий ахборот воситаларида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қанчалик кенг ва сенсацион руҳда ёритилса, жамиятда шунга ўхшаш ҳаракатлар сони статистик жиҳатдан ортишини исботлади.
Замонавий интернет маконидаги аҳамияти: Бугунги рақамли даврда Вертер эффекти ўзининг классик шаклидан ўтиб, янги – “Рақамли Вертер эффекти” кўринишини олди. Агар ХVIII асрда ёшларга бадиий асар таъсир ўтказган бўлса, ҳозирги кунда интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлардаги (TikTok, YouTube, Instagram) пранклар, хавфли челленжлар ва трендлар худди шундай тақлидий занжир реакциясини келтириб чиқармоқда. Статистикага эътибор беринг: агар ижтимоий тармоқда битта “оригинал” бузғунчи видео (масалан, ўқитувчини мазах қилиш) трендга чиқса, кейинги 24 соат ичида унинг 10 мингдан ортиқ нусхалари (клонлари) пайдо бўлади. Нега? Ёшлар онгидаги оддий арифметика: демак, видео 1 миллион марта кўрилган бўлса, улар ўша заҳотиёқ ўзларини ҳам худди шундай тутиб, видеога олиб тарқата бошлайдилар.
Худди вируснинг тарқалишидек. Биргина “бемор” (блогер) бир кунда неча юз минг, эҳтимол миллионлаб онгни “касаллантириши” мумкин. Натижада, кечагина уят саналган ҳаракат, бугун минглаб одамлар такрорлайдиган оддий ҳолатга – нормага айланади.
Рақамлар ва диққат
Microsoft компанияси ўтказган тадқиқотларга кўра, 2000 йилда инсоннинг диққатини бир жойда ушлаб туриш вақти ўртача 12 сония бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 8 сонияга тушиб қолди (таққослаш учун: тилла балиқчанинг хотираси 9 сония). Деструктив контент “ижодкорлари” буни жуда яхши билишади. Улар видеонинг дастлабки 3 сониясидаёқ шок, қичқириқ ёки агрессия билан кузатувчининг диққатини “қармоқ”қа илинтиради.
Яна бир оғриқли факт. Таҳлилларга кўра, ижтимоий тармоқлардаги кўнгилочар ва “фаст-фуд” контент (пранк, енгил ҳазил) таълим ва тарбиявий контентга қараганда ўртача 6 баробар тезроқ тарқалади ва 10 баробар кўпроқ изоҳ йиғади. Бу шуни англатадики, бизнинг маърифий китоб ёки мақоламиз бир қадам ташлагунча, бузғунчи видео аллақачон дунёни айланиб чиқишга улгурмоқда.
“1-9-90 қонуни”га қарши кураш
Минтақамиздаги энг қадимий таълимотлардан бири бўлган Зардуштийликда деструктив ғоя илк бор тизимлаштирилган тушунча сифатида Аҳриман образида келади. Демак, аждодларимиз бундан 3000 йил олдин ҳам ёвузлик аввало инсоннинг онгидан бошланишини англаганлар.
Алишер Навоий эса “Маҳбуб ул-Қулуб” асарида бугунги “деструктив контент” – ёлғон ва иғвони қаттиқ қоралаб, шундай дейди: “Ёлғон – барча балоларнинг бошидир... Ёлғончи киши – элнинг офати, унинг сўзи – заҳарлик илоннинг нишидир.” Навоий сўзнинг (ахборотнинг) қудратини таърифлаб:
“Сўз ўқидур, онга поён йўқ,
Етти фалак жисми нишон, жон йўқ.”
– дея огоҳлантиради. Яъни, нотўғри сўз етти қават осмонни ҳам тешиб ўтишга қодир вайронкор кучдир.
Хўш, нима қилиш керак? Тақиқ – ечим эмас. “Интернетни ёпиш керак” деган фикрлар глобаллашган дунёда ўзини оқламайди. Физикада оддий қонун бор: табиат бўшлиқни ёқтирмайди. Муаммонинг илдизи ва ечими ҳам айнан шу бўшлиқда.
Табиат қонунига кўра, бегона ўтлар ўсиб чиқиши учун меҳнат қилиш шарт эмас, улар ўз-ўзидан кўпаяверади. Аммо гул ўстириш учун машаққатли меҳнат ва доимий парвариш керак. Бугунги деструктив ғоялар – ана шу парваришсиз қолган онгимизда ўсаётган “ёввойи ўтлар”дир.
Даниялик олим Якоб Нилсеннинг (“Participation Inequality” – иштирок этиш тенгсизлиги назариясини ишлаб чиққан.) “1-9-90 қонуни”га кўра (1 фоизи яратувчилар, 9 фоиз изоҳ ёзувчи қолган 90 фоизи жим кузатувчилардир), интернет фойдаланувчиларининг атиги 1 фоизи контент яратади. Қолган 99 фоиз одам истеъмолчи. Фожиа шундаки, бугун ўша фаол 1 фоизни зиёлилар эмас, “пранк”чилар эгаллаб олди.
Интернетдаги “бўшлиқ”ни ўзимизнинг миллий, сифатли ва жозибадор контентимиз билан тўлдиришимиз, “1 фоиз”даги пранкчиларга қарши “100 фоиз” зиёли курашчилар бўлишимиз шарт. Токи ёшларимизнинг “маънавий иммунитети” шундай кучли бўлсинки, улар таклиф қилинган “заҳарлик илон ниши”ни ўзлари ажрата олсинлар. Зулматни ҳайдашнинг ягона йўли – у билан олишиш эмас, балки чироқ ёқишдир.
Шоҳиста ЮНУСАЛИЕВА,
журналист
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ