Амир Темурнинг болалиги Хўжа Илғор қишлоғида кечган (1360 йилга қадар). У болалигидан турли халқ ўйинлари: “кураш”, “кўпкари”, “оқ суяк”, “чурр-кес”, “пойга”, “тош кўтариш”, “Подшоҳ-подшаҳ”, “Така лов-лов” ва бошқалар билан шуғулланади. Мазкур халқ ўйинларининг аксарияти Марказий Осиё халқлари тарихида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, айримлари ҳозиргача туркий халқлар этнографиясида бор.
Амир Темур даврида халқ ўйинлари ҳарбий тайёргарлик, стратегик фикрлаш ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида муҳим рол ўйнаган. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг анъанавий халқ ўйинлари – кураш, кўпкари, пойга, шахмат ва бошқалар бугунги кунда ҳам миллий спорт ва маданий байрамларда сақланиб қолган.
Марказий Осиёда халқ ўйинлари қадимдан ҳарбий машқлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Оилада ўғил фарзанд туғилса, у гўдаклигидан бошлаб турли халқ ўйинларини ўйнаб улғайган. Халқ ўйинлари ўзининг хусусиятларига кўра, шартли равишда гўдакликда, болалик ёшида, ўсмирликда ва йигитлик ёшида ўйналадиган жисмоний ва ақлий ўйинларга бўлинади. Турли ёш даврларида ўйналадиган ўйинлар ўзининг оғир-енгиллиги, хавфли-хавфсизлиги билан алоҳида ажралиб турган. Масалан, гўдакликда асосан камчилик билан, болалик ёшида тенгдош болалар билан, ўсмирликда ва йигитлик ёшида сараланганлар билан ўйинлар ўйналган.
Амир Темур ўз лашкарларини тайёрлашда жисмоний ва ақлий машқлардан фойдаланган. Масалан, у шатранж (шахмат) ўйинини яхши кўрган ва бу ўйин унинг стратегик фикрлашини ривожлантиришга ёрдам берган. Амир Темур ўзи шахматнинг кенгайтирилган версиясини ихтиро қилган, унда доска каттароқ ва фигуралар сони кўпроқ бўлиб, бу “Темур шахмати” номи билан машҳур. Бу ўйин нафақат ўйин-кулги, балки ҳарбий тактикани ўргатиш воситаси сифатида ишлатилган, чунки у мураккаб ҳаракатлар ва режалаштиришни талаб қилади.
Темурбек тенгқурлари билан шу ўйинни кўп ўйнар, унинг роса машқини олган экан. Ўйинда беш-олти тенгқур бола қалпоғи ёки телпагини бирданига осмонга тикка отади. Кимнинг қалпоғи ёки телпаги энг баландга отилса, ўша бола “подшоҳ”, иккинчи баланди “вазир”, ундан пастроғи “жаллод”, қолганлар эса “фуқаролар” бўлади. Бу ўйинда ҳам Темурбек қалпоғини энг баландга отиб, доимо “подшоҳ” бўларкан.
“Подшоҳ” тоштахтда ўтириб, “вазир”дан эл-улус аҳволини сўрайди. “Вазир” шу кунларда эл-улус тинч-осойишталиги, аммо битта-иккита бузғунчи исёнчи борлиги, бу “гуноҳкорлар” тутиб келтирилгани ҳақида “подшоҳ”ни огоҳ этади. “Подшоҳ”, “вазир”, “жаллод” ёнларида йўнилган қилич тақиб олишади. Шундай ўйинларнинг бирида Темурбек тахтида подшоҳ бўлиб ўтирган бир паллада “жаллод”га “гуноҳкор”нинг “бошини кесиш”ни буюради. “Жаллод”нинг қўлида занглаган расмона қилич бўлиб, у қиличининг орқаси билан “гуноҳкор”нинг бошини кесиб ташлайди. Шу пайт ўйин қоидасига мувофиқ “гуноҳкор” ерга йиқилиб, жон талвасасида ўлмоғи лозим эди. Аммо бу сафар “гуноҳкор” йиқилмай, “подшоҳ” ва “жаллод”га қараб тиржайиб тураверади. “Подшоҳ”нинг жаҳли чиқиб: “Гуноҳ иш қилдинг, бошинг кесилди! Нега жон талваса қилмай, ўлмай, бақрайиб турибсан?” дейди. Шунда гуноҳкор: “Сенинг амрингга бўйсунишни хоҳламайман, сен ҳақиқий подшоҳ эмассан!” деб жавоб қайтаради. Жаҳли чиққан Темурбек: “Ҳали шунақами, тўра-тузукка қаршимисан, подшоҳ амрига бўйсунмаганнинг моли таловда, жони жаҳаннамда”, дейди. “Гуноҳкор” бола баттар мағрурланиб: “Нима десам ҳам сендек ўйинчоқ подшоҳга итоат этмайман”, деганида Темурбек “жаллод”нинг қўлидан занглаган қиличини тортиб олиб “гуноҳкор”нинг бўйнига солади. Қилич “гуноҳкор” боланинг бўйин ва юзларини кесиб юборганидан қон сизиб чиқа бошлайди…
Амир Тарағай Баҳодир ўғлининг бу ножоиз ишидан кейин ҳалиги “гуноҳкор” боланинг ота-онасидан кўп узрлар сўраб, уларга кўп мол ҳадя қилиб, Темурбекнинг гуноҳини сўраб олади…
“Така лов-лов” ўйини
Бу ўйинда йигирматача бола диаметри ўттиз метрча келадиган майдонда давра қуриб ўтиришади. Уларнинг орасидан беш-олтита бола икки гуруҳга бўлиниб, бир гуруҳи доира – “қўрғон” ичидаги “ўрда”ни бир оёқда “лов-лов”лаб қўриқлашади, иккинчи гуруҳи эса “ўрда”га ҳужум қилади. Бир оёқда лов-ловлаб юрувчи қўриқчилар ҳужумчиларни оёқ билан тепиб “асир” олишар, тушганлар эса ўрдага зиндонбанд қилинар, яъни ўртага ўтирғизиб қўйилади. Бу ўйин икки уч-соат давом этган. Мудофаачилар бир оёқда такага ўхшаб сакраб юрганлари учун ўйин “Така лов-лов”деб аталган.
Темурбек гуруҳи доимо ҳужумчилар бўлиб қатнашгани ривоят қилинади. Улардан ҳеч ким асир тушмас, ўрдани моҳирлик билан тез эгаллаб олишаркан. Натижада, қўриқчилар лов-ловлаб югуриб, чарчаб ўрдани ташлаб қочишга мажбур бўларкан.
Олиш-олиш (кураш) ўйини
Амир Темурнинг болалик даврида ҳам Хўжа Илғор мавзесидаги қишлоқларда полвонлик ўйини – олиш (кураш) машҳур бўлган. Бу ҳақда Темурийлар даври асосий манбаларида ҳам, ХVIII-ХIХ асрларга оид форсий ва туркий тиллардаги “Темурнома” асарларида ҳам эслатилган.
Ривоятларга кўра, у 10-11 ёшга етганида қўшни қишлоқда катта тўй бўлади. Тўйда, анъанага мувофиқ катта полвонлардан олдин ёш болаларнинг кураши уюштирилади. Шу тўйда Темурбек ўз тенгдошларидан ўнтача болани йиқитади. Йиғилганларнинг кўпчилиги тўй бўлаётган қишлоқ болалари эди. Бунга тўй эгаси – оқсоқолнинг ўн беш яшар ўғлининг ҳамияти келиб даврага тушади. Бакавул аввалига 10 яшар Темурбек билан 15 яшар оқсоқолнинг ўғлининг кураш тушишига қарши бўлади. Аммо Темурбек “кураш тушаман!” деб даврани худди катта полвонлардек айланишидан кейин кўпчилик “майли, олишсин” деб ҳайқиришларидан курашга розилик беради ва кураш бошланади. Шунда Темурбек ўзидан беш ёш катта болани елкасидан ошириб отади. Бундан тўй эгаси оқсоқол, бакавул ва бошқалар изза бўлиб қолишади.
Тўй олиш-кураши тугаб, ҳамма уй-уйига тарқалади. Темурбек тенгқурлари билан Хўжа Илғорга қайтиб келаётса, бир гуруҳ барзанги болалар уларнинг йўлини тўсади. Оқсоқолнинг ўғли аламидан 3-4 та болани ишга солиб фитна уюштирган экан. Икки ўртада муштлашиш бошланиб кетади. Барзанги бир ўсмир Темурбекнинг оёғига таёқ билан уради ва синдиради. Шундан сўнг Темурбекнинг оёғи оқсоқланиб юрадиган бўлади (Аслида, Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийларнинг “Зафарнома” асарларида Амир Темурнинг оқсоқланиб қолиши Сейистон жанггида содир бўлгани таъкидланади. Бу жангда унинг ўнг оёғи ва ўнг елкасига бехосдан ўқ тегиб, жароҳат олади ва шу жароҳат туфайли умрининг охиригача оқсоқланиб қолади. Бу тўғрида “Темур тузуклари”да шундай қайдлар келтирилади: “Сейистон волийси ваъдасига вафо қилмагани учун иложсиз йўлларини тўсиб, жангу жадалга киришдим. Шу пайт бир ўқ келиб билагимга қадалди, яна бири оёғимга тегиб яралади… Ўша вилоятда яраларим битгунча икки ойча туриб қолдим”). Манбаларда Амир Темурнинг оқсоқланиб қолишига Сейистон жанггида олган жароҳатлари сабаб бўлгани айтилса, юз йиллар мобайнида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган халқ ривоятларида бу болалаликда олган жароҳати сабаб қилиб кўрсатилади. Нима бўлганда ҳам, Амир Темур болалалигиданоқ олиш-курашда моҳир полвонлардек кучли ва эпчил бўлгани кўплаб ривоятларда учрайди.
“Полвонтош” кўтариш
Ҳозирги кунга қадар “Хўжа Илғор ота” қабристонида, бузрукворнинг қабрларига яқин супада “илоҳий” қудратга эга бўлган “Полвонтош” сақланиб қолган. Кўкимтир рангда, тўртбурчак, сал узунчоқ йўнилган бу тошнинг оғирлиги 6 пуд (96 кг)дир.
Ривоят қилишларича, Темурбек ўспиринлик йиллариданоқ “Полвонтош”ни шу ердан тепаликкача олиб чиқиб, тушар, ҳатто бемалол у қўлдан бу қўлга олиб ўйнатар экан. Аммо “Полвонтош”ни кўтариш ўша пайтларда ҳам, ҳозир ҳам барчага насиб бўлавермайди. Ҳайит кунларида йигитлар “Полвонтош”ни кўтаришади. Аммо манаман деган полвонлар-да бу тошни ердан узолмаган пайтлар ҳам бўлади. Ривоятларда келтирилишича, кимки юрагида эътиқоди мустаҳкам бўлса, пок юрса, ҳалол луқма билан кун кечирса, ўша кишига “Полвонтош”ни кўтариш насиб бўларкан.
Амир Темур номи билан боғлиқ халқ ўйинлари Марказий Осиё маданиятининг ажралмас қисми бўлиб, улар ҳарбий стратегия, жисмоний тайёргарлик ва ижтимоий бирликни таъминлаган. Бу ўйинлар нафақат тарихий мерос, балки замонавий жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш воситаси сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Севинч УЛАШОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган адабиётлар
1. Ғафуров Ғ. ва бошқ. Яккабоғ тарихи. Тошкент: Шарқ. 1997.
2. Улашова С.У. Темур бешигини тебратган гўша // Педагогик таълим (илмий-назарий ва методик журнал). – Т., 2006. №1. – Б. 92-93.
3. Улашова С.У. Хўжа Илғор тарихи. – Т.: Фан, 2006. – 162-б.
4. Ватаннинг даҳо халоскори. Тошкент, 1996.
5. Шоҳ Мурод Шароф. Хўжа Илғор ҳақида ривоят // “Қашқадарё ҳақиқа ти” газетаси. 1995 йил 15 февраль.
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Тил
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ