(Жангда бир кўзидан айрилган истеъфодаги полковник Қудрат Худайбергановдан ҳаётий ҳикоя)
Болалик чоғимда...
Исми-шарифим Қудрат Худайберганов. 1973 йил 9 июнь куни Хоразм вилоятининг Гурлан туманида, оддий ишчи оиласида туғилганман. Ота-онам меҳнаткаш кишилар: дадам оддий ҳайдовчи, онам эса фабрика ишчиси. Оиладаги доимий меҳнат, интизом ва масъулият кейинчалик менинг ҳаёт йўлимни белгилаган бўлса, ажаб эмас.
1980 йилда туманимиздаги А.С.Макаренко номли 2-сонли мактабнинг биринчи синфига чиқдим. Эсимда, ўша йиллари ҳарбий хизматга бўлган ҳавас ва ҳурмат жуда кучли эди. 5-6-синфга ўтганимда ҳозирги “Темурбеклар мактаби”га ўхшаш дастлабки ҳарбийлаштирилган мактаблар очила бошлаганди. Мактабимиздан ҳам бир неча ўқувчи шу таълим даргоҳига қабул қилиниб, махсус ҳарбий формада бизга тез-тез кўриниш берарди. Улардаги мағрур қиёфа, ўзини тутиш маданияти ҳарбийликка бўлган қизиқишимни баттар оширган.
Авваллари армияга кузатиш, хизматдан қайтганларни кутиб олиш тўйга уланарди. “Солдат тўйи”ни катта авлод вакиллари яхши эслашади. Амакиларим, қўшниларимнинг ҳарбийдан формада келишини катта ҳаяжон билан қабул қилганман. Уларнинг фуражкаси, либоси ичимни ёндирарди. Уларни яширинча ва ошкора кийиб, ўзимни жангчидай тасаввур қилган кунларим кўп бўлган. Бу оддий қизиқиш эмас, юрагимда катталашиб бораётган ҳаёт йўлим эди.
1988 йилда Урганч шаҳридаги ҳарбий лицейга киришим орзуларим сари ташланган илк катта қадам бўлди. У ерга тез кўникдим, чунки интизом, талабчанлик ва жавобгарлик муҳити менга бегона эмасди.
Вақт ўтиб, 1991 йилда Киев олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига қабул қилиндим. Бироқ орадан кўп ўтмай, СССР парчаланиб, тарқаб кетди. Шундан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, ҳозирги Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида (ўша пайтдаги Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти) таҳсилни давом эттириб, уни 1995 йилда муваффақиятли якунладим. Қўмондонлик тактик қўшин разведкаси йўналишида ўқиганим учун менда кучли ирода, таҳлил қобилияти яхшигина шаклланди.
Шу-шу, мен ҳарбий хизмат оламида яшай бошладим.
Синовлар фурсати
Термиз шаҳридаги икки йиллик фаолиятим менга ҳарбий хизматнинг моҳияти, жанговар тайёргарликнинг ҳақиқий қийматини англатди, десам адашмайман. 1998 йилда у ердан қайтиб, Махсус операция кучлари таркибида хизмат фаолиятимни давом эттирдим. Хабарингиз бор, ўша йиллар мамлакатимиз учун осон кечмади. Турли радикал оқимлар, дин ниқоби остидаги экстремистик гуруҳлар фаоллашиб, жамият тинчлигига жиддий таҳдид сола бошлаган эди. 1999 йилдаги “Саримой” воқеалари ҳам кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Кейинчалик “Жасур” фильми шу воқеалар асосида суратга олинди. Боткент ҳодисалари ўша йилнинг ўзида содир бўлди.
1999 йилнинг ноябри. Батальон шахсий таркиби дала-ўқув майдонида хизмат машғулотларини олиб борар эди. Шу пайт тўсатдан буйруқ тушди. Батальон шахсий таркиби зудлик билан Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмга йўл олди.
Ангрендан кейинги йўналиш Янгиобод посёлкасидаги далаҳовлилар ҳудуди бўлди. Воқеа жойига етиб келганимиздагина вазият нақадар жиддий эканини англадик. Террорчилар билан ички ишлар органлари ходимлари ўртасида отишмалар бўлиб ўтган, қисқа вақт ичида Ўзбекистон ҳудудига қуролланган жангарилар кириб келгани аён бўлган эди.
Бизга жангарилар гуруҳларини топиш ва йўқ қилиш вазифаси қўйилди. Операцияни ўша пайтда полковник (ҳозир генерал-полковник) Қобул Бердиев бошқарган. Бизнинг тўғридан тўғри командиримиз подполковник Ботир Абдуллаев эди. Эрталабки тарқатувда ҳар бир гуруҳга муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ҳар ким бу операциянинг мамлакат тинчлиги учун нақадар зарурлигини чуқур ҳис қилиб турарди.
Куз ойининг охири эмасми, қаттиқ совуқ, тоғли ҳудудларга қалин қор тушган. Ўша куни мени батальон командири чақирди. Кечки пайт қоровул хизматида турган курсантлар тунда тоғдан далаҳовли ҳудудига фонар ёруғида тушган шубҳали кишиларни кўрганини маълум қилган. Бу ахборотни аниқлаш вазифаси менга юклатилди. Гуруҳимдаги олти нафар жангчи билан разведкага чиқиш буйруғини олдим.
Биз далаҳовлиларга тўғридан тўғри эмас, эҳтиёткорлик билан айланма йўл орқали бориб, ҳудудда кимдир бор-йўқлигини текширишга киришдик. Тоғ ён бағирларини синчков ўрганар эканмиз, тез орада изларга дуч келдик. Излар чуқур ва дона-дона. Бу эса оғир юкли бир неча киши битта издан юрганини англатарди.
Шу заҳоти рация орқали батальон командирига номаълум шахслар тоғдан тушиб келгани ҳақида ахборот бердим. Излар атайлаб чалкаштирилган, қайси томонга кетилганини аниқлаш жуда қийин. Шундан сўнг, гуруҳни уч қисмга бўлиб, далаҳовлидаги уйларни текшириш учун жўнатдим.
Бироздан кейин олдимга бир жангчим келиб, ахборот берди:
– Ўртоқ катта лейтенант, далаҳовлини текшириш чоғида ичкарида қора кийимли одамлар ҳаракатини сезгандек бўлдим…
Дарҳол гуруҳ билан айтилган жойга йўналдик ва далаҳовлини ўраб олдик. Икки нафар жангчим прапоршик А.Юнусов ва сержант О.Худоёровни ичкарига кириб, текширишга буйруқ бердим. Улар эндигина остонага қадам босишган эди, “Аллоҳу акбар” ҳайқириғи янгради ва отишма бошланиб кетди. Биз ҳам дарҳол позицияни эгаллаб, душман томон ўқ уза бошладик. Ичимни “наҳот икки жангчимни ўлдиришди”, деган ўй тирнарди.
Орадан беш-ўн дақиқа ўтгач, ичкаридагиларни отишмани тўхтатишни, ҳудуд ўраб олингани ва таслим бўлишлари ҳақида огоҳлантирдим. Улар сас-садосиз ўқ узишни давом эттирди. Биз ҳам тинимсиз жавоб қайтардик. Улар кам-кам, лекин аниқ отарди. Шу пайт маълум бўлдики, уюшган жиноятчилар қулай жойлашиб олган, уй ичида баррикадалар қуриб, мустаҳкам ҳимоя яратган экан.
Шунга қарамай, ҳужум тўхтатилмади. Яқинимда ётган жангчимдан “душманни кўряпсанми?” деб сўрадим. “Ҳа” деб тасдиқлади. “От” деб қатъий буйруқ бердим. У кутилмаган ҳужумдан саросимада эди. Тирик инсонга қараб ўқ узиш ҳам уни яхшигина довдиратгани рост. Шу пайт “Барс” бўлинмаси жангчилари етиб келди. Отишма яна ярим соатча давом этди.
Биринчи ўқдонимдаги патронларим тугади. Иккинчиси ҳам бўшади. Учинчисини нимчамдан олаётган пайтим, ортимдан кимдир бошимга кувалда билан ургандек бўлди. Кўз олдим қоронғилашиб, ташқи дунёдан бир зум узилгандай бўлдим. Қулоғимга жангчимнинг овози ғира-шира эшитилди:
– Ўртоқ катта лейтенант, кўзингизга ўқ тегди, ўқ...
Негадир кўз олдимдан тинмай фарзандларим ўтди. Ўша пайтда ўғлим тўрт, қизим икки яшар эди. Мени сал нарироқда позицияда турган “Барс” бўлинмасидан катта лейтенант Каримов судраб, хавфсиз жойга олиб чиққан экан.
Кейинчалик маълум бўлдики, душман снайпери фақат кўз ва бош соҳасига ўқ узган экан. Ички ишлар тизимининг уч-тўрт нафар йигитлари ҳам қўл, бўйин, бош қисмидан яраланган. Ўқ узилган жой билан менинг орамдаги масофа жуда яқин бўлгани учун ўқнинг тезлиги кучаймаган чоғи, кўзимга тегиб, бош ичида қолиб кетган.
Хайриятки, дастлаб далаҳовлига кирган икки жангчим ҳам тезкор позицияни эгаллаб, ҳимояланишга улгурган экан. Ўша лаҳзаларда, афсуски, жанг тақдирини автомат билан ҳал қилиб бўлмасди. Бизникиларнинг махсус тезкор гуруҳи БТР (зирҳли ҳарбий техника) ва КПВТ (йирик калибрли ҳарбий пулемёт)дан ўт очиб, душман жойлашган нуқталарни тўлиқ яксон қилди.
Отишма бўлиб ўтган далаҳовлида уч нафар жангари яширинган экан, яна қуролланган 7 нафари қўшни дачага ўрнашган. Энг хавфлиси, нариги далаҳовлидан ҳам бизга қарата ўқ узиб турилган. Демак, улар ҳаракатни пухта келишув асосида олиб борган.
Эртаси куни қўшимча кучлар жалб этилди. Қўшни дачалар “Барс” ва “Қоплон” бўлинмалари томонидан тўлиқ қамал қилинди. Кечагидан ҳам қаттиқ тўқнашувлар бўлиб ўтди. Жон олинди, жон берилди. Вазирлик тизимидаги бўлинмалар ўз вазифасини охиригача мардонавор бажарди.
Воқеалар таҳлилида яна бир ҳақиқат ойдинлашди. Биз жанговар ҳаракатларга кутилмаганда, ноқулай жой ва шароитда киришдик. Душман эса олдиндан пухта тайёргарлик кўрган, ҳаракат режасини аниқ белгилаб олган эди. Яна аниқландики, уларнинг барчаси Афғонистон ва ҳудудларда юқори жанговар тайёргарликдан ўтган, ҳақиқий жанг тажрибасига эга профессионаллар экан.
Ўйлашимча, бузғунчиларнинг асосий мақсади турли йўллар билан Чорвоқ сув омборини портлатиш, аҳоли орасида ваҳима уйғотиш, мамлакатда тартибсизлик яратиш эди. Уни чиппакка чиқариш эса ҳарбий хизматчиларнинг қатъияти, жанговар руҳи ва ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлари сабаб амалга ошди.
Ўша вақтдаги хабардан парча:
...1999 йил 20 ноябрда Тошкент вилояти Янгиобод туманининг тоғли ҳудудлари орқали мамлакатимизга суқилиб кирган террорчиларга қарши жангларда Мудофаа вазирлигининг махсус операцияларни амалга оширувчи кучлар батальони ҳарбий хизматчиларидан капитан Қудрат Худойберганов, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи Отабек Худоёров, Абдужаббор Юнусов, Сафарали Расулов ҳамда Ички ишлар вазирлиги ички қўшинларининг махсус вазифаларни бажарувчи қисм капитани Равил Василев ва шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи Владимир Воронов жасорат кўрсатдилар.
“Кейин армияда қоламанми, йўқми?”
Жангда яраланган ўша куним ҳақида икки оғиз. Аҳволим оғир эди. Дастлаб, мени Янгиободдаги шифохонага олиб боришди. Ўшандаям эс-ҳушимдан айрилмаган эдим. Шифокорга ўзим ҳақимдаги барча маълумотларни айтиб турганим ёдимда. Докторлар зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатиб, жароҳатни тикишди, аммо ўқни олиб ташлашмади. Ангренга махсус вертолёт чақирилди ва мени зудлик билан Марказий ҳарбий клиник госпиталга олиб кетишди. Ўша пайтдаги мудофаа вазири генерал-полковник Ҳикматулла Турсунов ва юқори раҳбарият ҳам шифохонага етиб келишди. Менинг ҳаётимни сақлаб қолиш учун қатъий топшириқ берилган экан. Операциям учун бутун госпитал оёққа турган. Балки айтсам бўлар, “агар шу йигитни сақлаб қолмасанглар, эртага уруш бўладиган бўлса, ҳаммаларингни қўлингизга қурол бериб, жангга киргизаман” дейилган экан докторларга.
Худога беҳисоб шукр, тирик қолдим. Шифокорлардан чексиз миннатдорман. Улар “кўйлакда туғилган экансиз, бу ҳолда омон қолиш имконияти жуда кам эди”, дейишди. Кўз шифокори Фахриддин ака (ҳозир нафақада) вазиятни очиқ ва қатъий тушунтирди:
– Ўқ теккан кўзингизни олиб ташлаймиз, бошқа илож йўқ!
Биринчи айтган гапим шундай бўлган:
– “Кейин армияда қоламанми, йўқми?”
Сизга ҳавойи гапдай туюлар, аммо армия бор-йўғим эди. Мен хизматдан четлатилишдан жуда қўрққанман.
– Буни биз ҳал қилмаймиз, – дейишган.
Сезганимдек, шифокорлар мени “ҳарбий хизматга яроқсиз” деб хулоса беришди. Лекин таслим бўлмадим. Вазирнинг номига рапорт ёздим. Қарор қабул қилинди: “У хизматга лойиқ”. Шу билан тизимда қолдим.
Жангдан оғир “жанг”
1999 йилги воқеалардан кўп ўтмай, 2000 йил 4 август куни Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида янги жанговар ҳаракатлар бошланди. Бу сафар ҳам бизнинг батальон ҳарбий хизматчилари террорчиларга қарши курашда иштирок этди. Ўша оғир тўқнашувларда сафимиздан ўн олти нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.
Мен ярадор бўлганим учун тўғридан тўғри жангга жалб қилинмадим. Аммо ундан ҳам оғир топшириқни бажаришимга тўғри келди. Жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган йигитларни оиласига олиб борганман. Эсласам, ҳозир ҳам юрагим орқага тортади. “Қудрат, жангда қатнашганинг минг марта осон эди”, дейман ўзимни койиб. Ахир қайси юз билан онанинг олдига вафот этган ўғлини олиб бораман? Унга нима деб тушунтираман, саволларига қандай жавоб бераман?
Бир сафар: “Нега менинг болам ўлди? Нега сен тириксан?” дейишган. Ердан кўзимни узмай тураверганман. Буни тушунтириб беришим қийин. Афсуски, уруш инсонга ҳам, кўнгилга ҳам шафқат қилмади.
Яна бир воқеа... Эсласам, ҳўнграб йиғлагим келади.
Мен бортда юборилаётган ҳалок бўлган жангчиларни қабул қилиб, уларни машиналарга жойлаб, Самарқанд ва водий ҳудудларига олиб борардим. Шундай кунларнинг бирида қўшимча топшириқ берилди.
Сариосиёда жанг қилаётган фельдшер Қаҳрамон Мадолимовнинг турмуш ўртоғи Чирчиқда қолган эди. Унинг ой куни яқинлашган, қўлида фарзандини кўтариб олган. Уни ҳам бортда олиб кетишим керак эди. Машинада аеродромгача бордик. Ниҳоят, самолёт келди. Унда жангда ҳалок бўлганлар ҳам бор эди. Биз ўшанга чиқдик. Энг ёмони, ўша рейсда мен уйига олиб бораётган аёлнинг эри – Қаҳрамон Мадолимовнинг жасади ҳам бор эди. Аёл ўз эрининг жасади билан ёнма-ён кетарди. Бундан ортиқ даҳшат борми?
Жонфидо жангчилар Сайёр Садинов, Бобур Ғаниев, Қаҳрамон Мадолимовнинг жасадини олиб бориш... Хуллас, осон бўлмаган... Худдики Иккинчи жаҳон урушида қора хат олиб келган почтачини алам устида урадиган оилаларни бир эсланг. Қонга тўлган оғзи-бурнини енгига артиб, бир аҳволда қайтарди...
Разведкачи сифатида баҳо берсам, хунрез душманлар ичидан пишган айёр эди. Улар “Афғон усули”дан моҳирона фойдаланишди. Аввал битта жангчини ярадор қилиб, унга ёрдамга келаётган иккинчи жангчини ҳам яралайдилар. Бу усул ёрдамга ошиққан фельдшер ва бошқа хизматчиларни ҳам нишонга олиб, ҳаракатдан тўхтатишга хизмат қилар эди.
Буларнинг бари жангчиларимиз учун катта мактаб бўлган. Ҳозир ҳарбий стратегия, пухта ўйланган режа, тезкор қарорлар урушлар тақдирини ҳал қилади.
Жангчи ва тарбиячи
Армияда афсуски, тарбиячининг ишини қўл билан ушлаб кўриб бўлмайди. Аслида ҳарбий хизматчининг асл қудрати унинг жисмоний қобилиятида эмас, балки руҳий тайёргарлигида, стрессга бардошлилиги ва жанговар қарорларни тез ва аниқ қабул қила олишида. Жангчи қанчалик бақувват, нишонга аниқ отадиган бўлмасин, бора-бора унинг руҳияти барини ҳал қилади. У олға боришга, вазифани сўнггигача бажаришга куч топа оладими, йўқми – масала шу. Шунинг учун армияда тарбиячилар ва психологларнинг роли ниҳоятда катта.
Шахсан ўз тажрибамда кўрганман: сиз ҳар томонлама тайёргарликка эга деб ўйлаган ҳарбий хизматчилар ҳам жанг бошланиши билан стрессда қолиб кетиши мумкин. Қизиғи, кўзга ташланмай юрган йигитлар эса жангда “очилади”. Бу психологик қудрат ва ички руҳиятнинг уйғониши билан бевосита боғлиқ.
Шунинг учун тарбиячилар ва психологлар фақат қоида ва йўриқлар билан чекланмай, ҳар бир хизматчининг ички тайёргарлигини баҳолаш ва ривожлантириш бўйича иш олиб борадилар.
Бугун миллий армиямиз йигитлари дунё ареналарида юрибди. Улардаги фидойилик, билим ва тактикага ҳавас қилмай иложимиз йўқ.
***
Дарвоқе, 2005–2007-йилларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида (ҳозирги Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети) таҳсил олдим. 2007 йилдан Терроризмга қарши курашиш корпусининг махсус бўлинмасида фаолият юритдим. 2014 йилдан Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида кафедра бошлиғи ўринбосари лавозимида хизмат қилдим. 2018–2025-йиллари Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида ўқитувчи, цикл бошлиғи, кафедра бошлиғи лавозимларида ишладим. Ниҳоят, 2025 йилнинг октябрь ойида нафақага чиқдим. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий университетининг Ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази ўқитувчисиман. Ҳарбий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент даражасига эгаман.
2000 йилда II даражали “Шон-Шараф” ордени билан ҳамда бир қанча кўкрак ва эсдалик нишонлари билан тақдирландим.
Хотима ўрнида: Жангда ғалаба ёки мағлубият кўп ҳолларда инсоннинг ички матонати, иродаси ва руҳиятига боғлиқ бўлади. Қудрат Худойберганов ҳаёти бунинг ёрқин исботидир. Оғир жароҳат, йўқотишлар, жисмоний чекловлар ҳам Ватанга чин дилдан хизмат қилиш йўлини тўса олмайди. Аксинча, жангда ҳам, жангдан кейин ҳам бурч ва масъулиятни елкада олиб юриш шарфини кўрсатади.
Капитан Бобур ЭЛМУРОДОВ оққа кўчирди.
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ