Ҳар қандай халқнинг маънавий қиёфаси ва тараққийси миллий ғурур, она тилини ардоқлаш ва ўз тарихига эҳтиром билан чамбарчас боғлиқдир. Хўш, биз озод миллат ўлароқ ушбу уч муҳим фазилатни шакллантира олдикми? Албатта, бу борада ютуқларимиз бисёр. Аммо биз мақолада кўпроқ ислоҳ этмоғимиз лозим бўлган жиҳатларга эътибор қаратмоқчимиз. Зеро, танқиду таҳлилдан оқилона хулоса чиқариб, хатоларни ўнглаш ҳам миллатнинг улуғлиги, донишмандлигидан далолат беради.
Аввало, миллий ғурур хусусида мусоҳаба этсак. “Миллий ғурур – ҳар бир миллатнинг ўз-ўзини англаши натижасида содир бўладиган ички руҳий кайфияти. Бу туйғу ўз она замини, аждодлари томонидан қолдирилган моддий, маънавий меросдан, ўз миллатининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасидан, ўзга миллат олдидаги қадр-қиммати, обрў-эътиборидан фахрланиш ҳиссиётидир”, дейилади манбаларда (“Мустақиллик” изоҳли илмий-оммабоп луғати. Тошкент, 1998. 142-143-бетлар).
Биз Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврида жаҳон илму фани ривожига бемисл ҳисса қўшган буюк боболаримиз, хусусан, юртимиз ҳудудида XI ва XV асрларда дорул ҳикматга (Хоразмда Маъмун ва Самарқандда Улуғбек академиялари) асос солган маърифатпарвар ҳукмдорларнинг шарафли хизматидан қалбимизда улкан фахр туямиз. Таассуфки, минтақа уч хонликка бўлинган даврдан бошлаб ифтихор туйғуси тобора сўниб борди ва пировардида биз ўзга миллатлар қаршисида қаддимизни адл тутиб юролмайдиган ҳолга тушдик. Аччиқ, аммо очиқ хулосамизни асосламоқ учун тарихдан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Юртимиз Русия мустамлакасига айланган XIX асрнинг иккинчи ярмидаги ҳодисаларни ёдга олайлик. Чор империяси Ўрта Осиёга ҳужум қилишдан олдин талай омиллар қатори, ўлкада ҳукм сураётган уч ўзбек давлатининг (Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари) ўзаро муносабатларини чуқур ўрганган ва улар ҳатто ғаним босқини вақтида ҳам бир-бирига кўмак бермаслиги тўғрисида қатъий хулосага келган эди. Воқеаларнинг кейинги ривожи ушбу хулосанинг тўғрилигини тасдиқлади. Ҳолбуки, Русия империяси 1853–1856-йилларда Қирим урушидаги мағлубият ортидан оғир аҳволга тушиб қолган эди. Оғзибирчиликнинг йўқлиги сабабли эса хонликлар кучдан қолган давлатга бирин-кетин таслим бўлди.
Русия империяси 1873 йили Хива хонлигига қарши ҳарбий ҳаракат бошлайди. Бу юришда америкалик журналист, “New York Herald” газетаси мухбири Януарий Алоизий Мак-Гаҳан ҳам қатнашган. Унинг Хива юришига оид эсдаликлари “Жаҳон адабиёти” журналининг 1997 йил 2-сонида босилган эди. Мак-Гаҳан ўз хотираларида, жумладан, қуйидагиларни баён этади: “Ўрислар деярли қаршиликка учрамай Амударёдан кечиб ўтдилар. Биз кечувдан минг машаққат билан ўтаётганимизни хиваликлар рўпарадаги баланд қирғоқдан кузатиб туришарди. Улар жуда қулай маррани эгаллаган, ҳатто тош отиб бўлса-да, бизга катта талафот етказишлари мумкин эди... Хиваликларнинг тумшуғи узун мис замбараклари узоққа отишда русларникидан қолишмасди. Афсуски, жанг қилишга хиваликларда на хоҳиш ва на журъат сезилди. Биз қирғоққа тирмашиб, бир амаллаб чиқа бошлагач, чекинишга тушишди. Улар ташлаб кетган кўп замбаракларни ўлжа олдик”.
Америкалик мухбирнинг таъкидлашича, чор армияси кечув чоғида катта талафот кўрган. Аскарларнинг силласи қуриган, озиқ-овқат захираси тугаган, отларнинг ҳам ем-хашаги қолмаган. Сирасини айтганда, босқинчиларнинг мағлубияти муқаррардек эди. Бироқ тақдирнинг ҳазили, тарихнинг истеҳзосини кўрингки, хиваликлар ўз душмани оёққа туриб олишига кўмаклашади, чор аскарларига нон ва бошқа егуликлар улашади, отларига ем-хашак сотади. Ёзувчи Тоғай Мурод таъбири билан айтганда, ғанимга пой-патак бўлади. Мак-Гаҳан ҳам хиваликлар ёғийга илтифот кўрсатганидан чандон ҳайратга тушганини ёзади.
Кейинчалик мухбир Русия пойтахтида Хива хони Иккинчи Муҳаммад Раҳимхон билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган ва уни фавқулодда ҳайрон қолдирган ўша ҳодиса хусусида ҳам сўраган. Мак-Гаҳан хоннинг жавобидан қуйидагича хулосага келади: “Уларнинг сиёсат билан иши йўқ. Энг катта ташвишлари – қорин тўйдириш, тинчгина яшаш; ким уларнинг тирикчилигига кўмаклашса, ўшани дўст тутишади”.
Чеченистоннинг миллий озодлик кураши етакчиси Жавҳар Дудаев бундай деган эди: “Агар бугунги оталарнинг қўрқоқлиги эҳтиёткорлик деб хаспўшланадиган бўлса, эртанги фарзандлар қуллиги содиқлик деб аталади!” Ҳа, топиб айтилган гап.
Агар ўша кезлар Туркистон аҳли қалбида миллий ғурур пойдор бўлганида, эҳтимол, тарих ғилдираги бошқа йўналишда ҳаракатланар эди. Аммо ҳукмдор боболаримиз жанг майдонида бошни тик тутган ҳолда шаҳид бўлмоқдан кўра, Ватан эркини шоҳона ҳаётга алишмоқни афзал билди.
“Дунёдаги энг улкан хиёнат – ҳаёт ҳузур-ҳаловатларига муккадан кетмоқдир. Бу иллат ғурурсиз жамиятда авж олади” деган эди бир машойих. Тўкин-сочинликка ружу қўйган, нафснинг ҳою ҳавасларига берилган тождорларнинг қилмиши миллат бошига улкан мусибатлар ёғдириши тайин. Буни биргина Бухоро амири Музаффарнинг (1860–1885) қисмати ҳам тасдиқлайди.
“Ўзбекистоннинг янги тарихи” китоби биринчи жилдида амир Музаффар хусусида бундай ёзилади: “У босиб келаётган Россия империяси қўшинининг йўлини тўсиш учун Оллоёрбек девонбеги қўмондонлигидаги 30 минг кишили лашкарга Сирдарё даштида жанговар маррани эгаллашга буюради. Амир эса ўз ихтиёридаги лашкар билан Ўратепа яқинидаги Роғун қишлоғида тўхтайди. Тунда қўшин қўмондони Оллоёр девонбегининг ҳусн-жамолда тенги йўқ қизини олиб келтиради. Юрт тақдири учун ҳаёт-мамот жанги олдида амир ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлайди ва ҳарамига киритилган ўн ёшли қиз, лашкарбошисининг фарзанди эканини ҳам унутиб, ишратга берилади... Эртаси куни тонгда қизнинг сўйилган мурдаси топилган. Кўп ўтмай суюкли қизининг мудҳиш ўлими ҳақидаги хабар жанговар маррани эгаллаб турган Оллоёрбекка етиб келади... 1866 йил 8 майда генерал Романовский қўшинининг илғор қисми Эржарда кўриниши билан Оллоёрбек қўшини жанг қилмай, Ховос томон чекинади. Шу тариқа 30 минг кишили қўшин жанг майдонини русларга бўшатиб беради. Натижада руслар амир ихтиёридаги қўшинни бир ҳамла билан тўзғитиб юборади. Музаффар эса жанг майдонини шармандаларча ташлаб қочади” (Ўзбекистоннинг янги тарихи. I жилд. Тошкент, 2000. 95-96-бетлар).
Чор империяси қулагач, ҳокимият тепасига келган большевиклар ҳам миллатимиз бошида тегирмон тоши юргизгани маълум. Мустабид тузум даврида миллатимизнинг асл фарзандлари қатағон қилинганини унутиб бўларканми?! Ўша кезларда ҳам миллий ғуруримиз уйқуда эканда: шўро матбуотида қатағон мавзусида чоп этилган мақолаларга, туҳматномаларга чиппа-чин ишондик, ҳатто қизил ҳукуматнинг зулм сиёсатини олқишладик ҳам... Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов кейинчалик лоқайдлигимиз, ғурурсизлигимиздан ори келиб машҳур “Оломонга” деган шеърини битган эди:
Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?
Суриштирганмидинг Қодирийни ё,
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?
Қаҳрамон шоиримиз “Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?!” дея хитоб қилгани, ўзбекнинг эрка ижодкори Муҳаммад Юсуф “Халқ бўл, элим!” деб бонг ургани бежиз эмас. Зотан, биз ҳали-ҳамон оломонлик кайфиятидан буткул халос бўла олмаяпмиз.
Яқин ўтмишимиздан яна бир мисол. Ўзбек халқининг атоқли фарзанди Шароф Рашидов вафотидан сўнг (1983 йил) унинг хотираси таҳқирланишига бефарқ қараб турганимизни эслаганда юракда бир оғриқ пайдо бўлади. Саркотиб Леонид Брежнев ўлимидан сўнг Москва Ўзбекистонни қайта-қайта нишонга олгани катта авлод вакилларининг ёдидан ўчгани йўқ. Бунинг сабаб-омиллари талайгина. Аммо, назаримизда, бош сабаб яна ўша миллий ғурур ва миллий бирликка бориб тақалади. Дўппи тор келиб қолса, Ўзбекистон раҳбарияти бир-бирини сотишига Москвадаги валламатларнинг ишончи комил эди ва шундай бўлди ҳам.
Ўзбекистон Компартияси МҚнинг 1984 йил июнь ойида бўлиб ўтган машъум XVI Пленумида Шароф Рашидовнинг сафдошлари республикага алоқадор барча салбий ҳодисалар, муаммолар учун айбни марҳум раҳбар гарданига юклади. 1986 йилда эса Шароф Рашидовнинг жасади уч йил аввал дафн этилган жойидан ковлаб олиниб, Чиғатой қабристонига қайта кўмилди. Бундай воқеа собиқ Иттифоқнинг бошқа бирорта республикасида рўй бергани йўқ. Ўша вақтда ҳеч ким, ҳеч бир ташкилот, ҳатто Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам дин ва одамийлик аҳкомларига зид ушбу амалиётга эътироз билдирмади. Гўё шундай бўлиши табиийдек жамият, жамоатчилик сукут сақлади. Бу ҳам миллий ғурур сустлигининг оқибати эди. Буюк бобомиз Амир Темурга нисбат бериладиган “Лочиннинг учорға мадори келмаса, чумчуққа масхарадир” деган ҳикмат айни ўша ҳолатни ифодаламоқ учун айтилгандек.
Алҳол, Ўзбекистонни қарийб чорак аср бошқарган раҳбарни ёмонотлиқ этганларнинг қилғиликларини мум тишлаганча кузатиб, юзимиз олам аро шувут бўлмадими?! Шу ўринда Муҳаммад Юсуф куюниб ёзган қуйидаги сатрларни эслаш жоиз:
Сизни алқаганлар бир халқ, бир денгиз,
Сизни қарғаганлар жўраларингиз,
Сизни адо қилган тўраларингиз,
Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот.
Очиғи, биз қозоқ бовурларимиздек журъату жасорат кўрсата олмадик. Совет Иттифоқи раҳбари Михаил Горбачёв даврида, 1986 йилнинг 16 декабрида Қозоғистон КП МҚнинг биринчи котиби Динмуҳаммад Қўнаев лавозимидан олинади ва ўрнига Геннадий Колбин тайинланади. Бунга қадар Россиянинг Ульянов вилоятига раҳбарлик қилган Колбин, табиийки, қозоқ тилини билмас ҳам эди. Қозоқ ёшлари миллий ғурурнинг таҳқирланишига қарши пойтахт Олмаота шаҳрида қўзғолон кўтаради. Тўғри, норозилик чиқишлари бостирилди, лекин Колбин ҳам кўп ишлай олмади. Мана сизга миллий ғурурнинг қудрати!
Фараз қилайлик, бизда шундай ҳол рўй берганида, яъни Рашидовнинг ўрнига ўзбек тили ва маданиятидан бехабар бирор бир рус мулозими республика раҳбарлигига олиб келиб қўйилганида қандай муносабат кўрсатардик? Биз бу ҳодисани интернационализмнинг амалдаги ёрқин тантанаси деб қабул қилган бўлар эдик. Ўзбекистон Компартияси МҚ аъзолари уни гулдурос қарсаклар ила, жўровозда лавозимга сайлаган бўлар эди...
1983–1989-йилларда марказий газеталарда Ўзбекистондаги вазиятни “фош этиш”га қаратилган ўнлаб мақолалар эълон қилинди. Не тонгки, москвалик муаллифларга қўшилиб ўзимизнинг “байналмилал” қаламкашлар ҳам Шароф Рашидовни балчиққа белади. “Шароф Рашидов Василий Яннинг “Чингизхон”, “Ботухон”, “Сўнгги денгизгача” каби романларини, Исай Калашниковнинг “Қаттол аср” асарини севиб мутолаа қилган. Эҳтимол, у орзулари қанотида ўзини бутун олам хоқони деб хаёл этгандир”, деб ёзган эди ўша кезлар ўзбекистонлик русийзабон бир адиб.
Наҳотки, биз марҳумлар арвоҳини чирқиратадиган, уларни ҳатто қабрида тинч ётишига ҳам қўймайдиган халққа айланиб қолган бўлсак?! Ахир, мустақиллик йилларига келиб ҳам марҳум юрт ойдинларига тош отиш, улар хотирасини таҳқирлаш касалидан қутулолмаганимизни қандай баҳолаш мумкин?!
Таниқли олимларимиздан бири 2014 йили “Халқ сўзи” газетасида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни кескин танқид қилиб чиқди. Мақолада Ҳамза совет ҳокимиятининг оташин куйчиси, “босмачи”ларга қарши курашган, динни таҳқирлаган шахс бўлганидан баҳс этилган. Хўш, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобоев каби ўша даврдаги раҳбарларимиз “босмачи”ларга қарши курашмаган эдими? Усмон Юсупов, Нуриддин Муҳиддинов, Шароф Рашидов, Ислом Каримовлар совет ҳокимиятига хизмат қилмаган эдими? Ҳамза муқаддас исломни таҳқирладими ёки диний мутаассибликка қарши курашдими? У муаллиф даъво этгандек даҳрийлик йўлига кирган бўлса, нега Ҳаж зиёратига боради? Санайман десангиз бу каби жавобсиз қолган саволлар бисёр.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг унга тош отишни собиқ давлат маслаҳатчиси бошлаб берди. И.Каримов хусусида нохолис фикрлар баён қилинган “Адоқсиз ўйлар” деган мақола “Адабиёт газетаси”нинг 2019 йилги сонида чоп этилди. Ваҳоланки, ўша амалдор 1992 йил 5 декабрда “Ўзбекистон овози” газетасида бундай деб ёзган эди: “Республика учун оғир бўлган бир даврда халқимиз пешонасига битилган бахт бўлиб афсонавий қудрат ва жасорат билан Ислом Каримов майдонга чиқди. Адолатпарвар, ҳалол ва матонатли раҳбар бутун бир халқнинг ва мамлакатнинг бахти эканини бутун Ўзбекистон яхши билади. Тақдир мени И. Каримов мактабидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар этган экан, бундай тақдирдан икки сабабга кўра розиман: биринчиси, республикада ҳаётнинг бурилиш нуқтасида мамлакат тепасида шундай қатъиятли ва донишманд раҳбар бор бўлганидан ва иккинчиси, онгли ҳаётимни шундай адолатли сиёсатга сафарбар этишга муяссар бўлганимдан”.
Бугун айрим тарихчи олимларимиз ҳам муқбилтошотарлик бобида собиқ мулозимдан улги олмоқда. Биз, аслида, марҳум раҳбарларимиз, улуғларимизни қадрлашни ўрганмоғимиз керак эмасми? Тарихга, тарихий шахсларга холис, объектив баҳо бериш, йўл қўйилган хатолардан оқилона хулоса чиқариш керак, албатта. Аммо аламзадалик, шахсий хусумат важидан айтилган танқидлар жамиятга асло наф келтирмайди.
Бизнингча, марҳум давлат арбобларини асоссиз танқид қилишни тўхтатмоқ лозим. Негаки, бу ҳол ўтганларга нисбатан ҳурматсизлик бўлиб қолмай, ёш авлод онгу тафаккурида тарихимизга нисбатан шубҳа-гумонларни шакллантиради; ўтмиш билан фахрланиш, буюкларни қадрлаш каби хислатларни сўндиради. Донишмандлар бежиз “Ўтмишга ҳурмат-ла боқиб, келажак томон ишонч ила шахдам қадам ташла” демаган, ахир!
Миллий ғурур фақат фахр туйғуси бўлиб қолмай, миллат тақдири, унинг келажаги учун масъулиятни ҳис эта билиш ҳамдир. Шундай экан, миллий ғурурни ўстириш ва мустаҳкамлаш учун мамлакатимиз эришаётган муваффақиятлар бўрттирилмаслиги, камчиликлар ҳам рўй-рост айтилиши муҳим. Қолаверса, давлат амалдорлари сўзининг устидан чиқиши, берилаётган ваъдалар пайсалга солинмай бажарилиши, фуқаролар давлат сиридан бошқа барча маълумотлардан тўлиқ хабардор бўлиши, хушомадгўйликнинг ҳар қандай шакли тақиқланиши мақсадга мувофиқдир.
Мақола дебочасида қайд этилганидек, миллат қиёфасини белгиловчи иккинчи муҳим омил бу – она тилига ҳурматдир.
Профессор Қозоқбой Йўлдош таъбири билан айтганда, айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида тил – миллат юраги, маънавияти ва руҳиятини шакллантирадиган, асрайдиган энг муҳим воситага айланди. Аммо бизнинг лоқайдлигимиз, миллий ғуруримиз ҳаминқадарлиги сабаб тилимиз ўз мавқеини йўқотиб бораётир. 1989 йилдаёқ ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган эди. Мана, орадан 36 йил ўтди ҳамки, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни тўла-тўкис ҳаётга татбиқ эта олмадик. Ахир, қонунда давлат тилининг сўзсиз устунлиги белгиланиши лозим эмасмиди? Мазкур ҳужжатда эса, имтиёз у ёқда турсин, тайин мажбурият ҳам кўзда тутилмаган. Қонуннинг 20-моддасига эътибор қаратайлик: “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”.
Афсуски, мазкур модда талаби ҳеч бўлмаганда шу қонунни қабул қилган Олий Мажлис, унинг ижросига масъул Вазирлар Маҳкамаси, қонуннинг бажарилишини назорат этувчи Бош прокуратура қўним топган пойтахтимизда ҳам тўлиқ бажарилгани йўқ. Биринчи марта Тошкентга келган чет эллик сайёҳ ажнабий тилларда ёзилган пешлавҳаларни кўриб Ўзбекистонда эканига ҳам шубҳаланиб қолади.
Миллат вакиллари жонажон тарихи, ўзи мансуб бўлган халқнинг этногенези ва унинг дунёдаги мақом-мавқеини пухта билмоғи лозим. Чунки бу – халқнинг, давлатнинг маънавий қиёфасини шакллантирувчи учинчи муҳим омилдир.
Тарихимиздаги оқ ва қора саҳифалардан зарур хулосалар чиқармоқ – тақдируламал масала. Сир эмас, тарих фани кўпинча мафкурага дастёрликка мажбур этилади, сиёсий мақсадлар йўлида қурбон қилинади. Бинобарин, тарих ҳеч бир замонда ҳаққонийлик тамойилига уйғун равишда ёзилмаган. Сираси, кечмишни битишда нисбатан холисроқ бўлмоқ мумкин, холос. Бунга ҳам тарихдан кўплаб мисол келтирса бўлади. Лекин ёш авлодни мозийдан бездириш, уларда аждодларга нисбатан лоқайдликни кучайтириб қўйиш истиҳоласи сабаб тарих ва ҳаққонийлик мавзусидаги мулоҳазаларимизни мухтасар қиламиз.
Нима бўлганда ҳам тарихимизни ёлғону ўтриклардан имкон қадар тозаламоқ лозим ва лобуд. Ўзбек хонликларининг мустамлакага айланиши тарихини ёдга олайлик. Агар шўро тузуми давридаги тарих дарсликларида “Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олиниши прогрессив аҳамият касб этган’’ деган уйдирма баён этилган бўлса, бугун фақат Русия империясининг босқинчилик сиёсатини қоралаш тенденцияси кузатилмоқда. Яъни, тарихий воқеликнинг мусбат ва манфий қутблари инобатга олинмаётир. Бир неча йил аввал 10 жилдли “Ўзбекистон тарихи” китоби нашр этилди. Тўпламнинг биринчи жилдига “Россия империяси истилоси” мавзуси ҳам киритилган бўлиб, унда Ўрта Осиёни босиб олишнинг иқтисодий сабаби ёритилган, холос. Негадир сиёсий сабабларга эътибор қаратилмаган.
Китобдаги мана бу ғалат талқинга кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсиз: “1873 йилда имзоланган Россия-Хива сулҳ шартномаси шартларига кўра, Иккинчи Муҳаммад Раҳимхон русларнинг барча талабларини бажаришга, ўзини Россия империясининг “содиқ хизматкори” деб тан олишга мажбур бўлди” (Ўзбекистон тарихи. 1-жилд. Тошкент, 2022. 318-бет).
Энди асл манба – шартномага назар солайлик: “Менким, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Соний Баҳодирхон ўзимни улуғ рус салтанатининг қули деб тан оламан” (“Ватан тарихи”. 1-2-китоблар. Тошкент, 2020. 394-бет). Шу сатрларни ёзяпману яна хаёлимга “пой-патак” деган сўз келмоқда.
Муҳтарам журналхон бу фикрларимизни босқинчиликни оқлаш ёки ёқлашга уриниш деб қабул қилмаслигини сўрардик. Русия истилоси сабаб халқимиз бошига ёғилган фалокатларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Аммо биз тарихий воқеликни ёритишда ўз хато-камчиликларимиз, заиф жиҳатларимизни ҳам рўй-рост баён этиш ва улардан сабоқ чиқариш лозим деб ҳисоблаймиз.
Тарих ҳақиқатини бўямай-бежамай, дадилдангал ёзишимизга нима халал бермоқда? Эҳтимол, андиша тилимизни боғлаётгандир? Ё қўрқоқлик йўлини тутган боболаримизнинг қилмишидан уялиш ҳиссими?..
“Ҳақиқат – отангдан улуғ” дейдилар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини доимо ёдда тутмоғимиз лозим: “Ўтмишдаги ютуқ ва ғалабаларидан куч-қувват олиб, хато ва мағлубиятларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшайдиган халқ ўзининг тараққиёт йўли ва келажагини тўғри белгилай олади”.
Хулосаи калом: тарих шунчаки кечаги кун баёни эмас, балки бугунги кун учун ибрат, келажак учун эса огоҳлик қўнғироғи эканини унутмайлик!
Усмон ЖЎРАЕВ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Бизни тарк этаётган туйғу” мақоласи
Тарих
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ