АҚШнинг Венесуэладаги «ҳарбий операцияси»: Президентнинг ағдарилиши, ўнлаб қурбонлар ва аросатда қолган халқ


Сақлаш
16:04 / 04.01.2026 35 0

2026 йилнинг 3 январь куни АҚШ Венесуэла пойтахти Каракасдаги ҳарбий ва фуқаровий объектларга ҳаво ҳужумини юборди. Аввалига, Оқ уй ва Пентагон бу борада расман баёнот бермади. Венесуэла ҳукумати АҚШни мамлакатга ҳужум қилганликда айблаб, фавқулодда ҳолат жорий этди, БМТнинг Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиб, АҚШни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Кейинроқ эса АҚШ раҳбари Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетганини маълум қилди. Айни дамда Венесуэла президенти Николас Мадурога наркотерроризм бўйича айблов қўйилиб, у Нью-Йоркда, Бруклиндаги юқори хавфсизликка эга қамоқхонага жойлаштирилган, келаётган ҳафта бошида эса Манхеттен федерал судида судланади.

 

Қуйида АҚШ-Венесуэла уруши бўйича ҳозиргача маълум бўлганлари ҳақида танишасиз.

 

 

АҚШнинг Каракасга юборган ҳаво зарбалари

 

3 январь куни тунда АҚШ томони Венесуэлада “ҳарбий операцияси“ни бошлади: Пойтахтда камида еттита кучли портлаш овози эшитилган, шаҳарда пастлаб учувчи ҳарбий самолетлар кўринган. Бир қанча туманлардаги электр тармоқларида узилишлар кузатилган. Портлаш жаранги Каракас шимоли, мамлакат қирғоғида жойлашган Ла-Гуайрда, шунингдек, Миранда штати Игуэротда ҳам эшитилган. Тутунлар 2005 йилдан буён Венесуэла ҳарбий базаси жойлашган Ла-Карлота аэропорти ҳудудида ҳам сезилган.

 

Нью-Йорк таймс нашрига кўра, АҚШнинг мамлакатга ҳужуми натижасида камида 40 киши ҳалок бўлган. Улар орасида тинч аҳоли, шунингдек, ҳарбийлар ҳам бор. Бир қатор туман аҳолиси саросимага тушиб, хонадонларини тарк эта бошлаган.

 

Венесуэла расмийлари АҚШ ҳужумидан мақсад “Венесуэланинг стратегик ресурсларини, хусусан, нефть ва минералларини қўлга олиш“ ҳамда “мамлакатнинг сиёсий мустақиллигини бузиш“га уриниш деб атайди ва Николас Мадуро мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган.

 

 

Мамлакат аҳолиси аросатда қолган: Каракасдаги тартибсизлик фонида мамлакат президенти Николас Мадуронинг АҚШ томонидан қўлга олингани ҳақидаги янгиликка баъзилар умид, қўрқув ва ишончсизлик билан қарамоқда. Маҳаллий фуқаролардан бири Дина АҚШдан мамлакат президентини “йўқотгани“ учун миннатдор бўлганини, “ҳеч бўлмаганда туннель охирида яна ёруғлик кўраётганини“ айтган. Мадуро ҳокимияти тарафдорлари бўлса АҚШдан мамлакат лидерини озод этишларини талаб қилиб кўчага чиққан. Мадуро ҳукуматга келгач мамлакатни тарк этган кўплаб венесуэлаликлар эса очиқчасига байрам қилиб юборган.

 

 

АҚШ: Мадуро халқаро кокаин савдоси тармоғи билан чамбарчас боғлиқ

 

Оқ уй маъмурияти эса ушбу операцияни гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш деб изоҳламоқда.

 

“АҚШ Венесуэла ва унинг Лидерига қарши йирик масштабли операциясини муваффақиятли амалга оширди: президент Николас Мадуро рафиқаси билан бирга қўлга олиниб, самолетда мамлакатдан олиб кетилди. Ушбу операция АҚШ Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда амалга оширилди“, деб ёзади ўзини Тинчлик президенти деб номлаган, айни дамда Флонренциядаги қароргоҳида меҳнат таътилини ўтказаётган Дональд Трамп.

 

Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау эса Мадуронинг ҳокимиятдан ағдарилиши ҳақида шундай ёзади:

 

Венесуэла учун янги давр! Золим кетди. У ва ниҳоят, жиноятлари учун одил судлов олдида жавоб беради“.

 

Дональд Трамп Венесуэла ҳукуматини аввалдан “наркотерроризм“да айблаб, мамлакатга зарба бериш билан бир неча марта таҳдид қилган. 2025 йилда Қўшма штатлар Венесуэла қирғоқлари яқинидаги ҳарбий иштирокини ошириб, гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор деб даъво қилинган кемаларни Вашингтон нишонга ола бошлади. АҚШ расмийларига кўра, Мадуро халқаро кокаин савдоси тармоғи ва Cártel de los Soles (Қуёш картели) картели билан чамбарчас боғлиқ.

 

 

АҚШ Мадуронинг президентлик сайловидаги ғалабасини тан олмаган ва уни қонуний президент деб ҳисоблашдан бош тортган. 2020 йил, Дональд Трампнинг илк президентлик муддати даврида АҚШ Венесуэла президентини қўлга олиш учун 15 млн АҚШ доллари миқдорида таклиф қилган. 2025 йил январида бўлса бу “мукофот“ миқдори 25 млн долларгача, август ойида 50 млн долларгача оширилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 28635
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//