Меҳмон кутиш ва кузатиш одати дунёдаги аксарият миллатларга хос бўлган хусусиятдир. Ўзбек халқи эса бу борада ҳамиша эътирофга сазовор бўлиб келган. Бу жўмард одат жуда қадим замонлардан бошлаб ихтиёр этилган. Маданиятимизнинг кўҳна манбаларида меҳмондорчилик инсоннинг, оиланинг, қабила ва халқнинг одамийлиги, маданий ва маънавий муносабати ва мулоқот мезони сифатида жуда катта эҳтиром билан тилга олингани ҳам бежиз эмас.
Шарқ халқлари орасида машҳур бўлган Ҳотами Той ҳикоятлари, Алишер Навоий асарлари орқали кўпчиликка таниш. Уларда энг сўнгги луқмасигача сахийлик билан меҳмонга тутқазган, оила ва қабила шаънини сақлаб қолган инсон ҳақида ҳикоя қилинади. Халқимиз қадим замонларданоқ “Меҳмон отангдек улуғ” деган ақидага амал қилган ҳолда меҳмонни хуштавозе, кўнгли очиқлик билан кутиб олган (Қувонова Ф. Меҳмон кутиш санъати. − Т., “Янги аср авлоди”, 2007. −Б. 5).
Тарихимизга назар ташлаб меҳмондўстликнинг ибратли намуналарини учратишимиз мумкин. Қадимдан Шарқда махсус мусофирхоналар, карвонсаройлар мавжуд бўлган. Ўзга шаҳар ва мамлакатлардан келган сайёҳлар, савдо-тижорат аҳллари, мусофирлар бу масканларда бошпана топишган. Ўзига тўқ ота-боболаримиз шаҳар ва қишлоқларни туташтириб турувчи йўлларнинг бўйларида работлар қуришган. Йўловчилар ана шу работларда ҳордиқ чиқариб, яна йўлларида давом этишган. Ҳозирда ҳам қадимги “Буюк ипак йўли”, Термиз-Қарши автомобиль йўлининг Деҳқонобод туманидаги Оқработ қишлоғида шундай работлардан бирининг деворлари сақланиб қолган. Қишлоқ илгари “Охир Работ”, кейинроқ “Оқ Работ” деб атала бошлаган (Дала ёзувлари. Деҳқонобод тумани, Оқработ қишлоғи. 2018 йил).
Карвон йўлларининг чорраҳаларида мусофирхоналар, карвонсаройлар (маълумотларга қараганда ҳар 24 км. масофада, яъни бир кунлик туя йўли ҳисобида қўналғалар қурилган) бўлган. Қадимда ҳар бир бой хонадоннинг ташқарисида меҳмонхона жойлашган. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида марғилонлик савдогар Мирзакарим қутидорнинг меҳмонхонаси ҳақида։ “Ҳовлининг кун чиқарида кун ботишига қараб солинган, унча махтарлик бўлмаса ҳам аммо замонасининг олдинги биноларидан ҳисобланган бир айвон билан бир уйга кўз тушадир. Саҳн ва бинолар киши зотидан бўш, шунинг учун бу ҳовли оиланинг ташқари қисми – меҳмонхона эканлиги англашилур” (Қодирий А. Ўтган кунлар. −Т.: “Hilol media”, 2019.−Б.26). Оддий хонадонлар ҳам уйининг бир хонасини меҳмонлар учун алоҳида ажратиб, шунга яраша жиҳозлаб қўйишган. Бу хона имкон қадар қулайликлар билан таъминланган (Усмон Ҳосил. (Қорабоев). Одатнома. −Т., “O’zbekiston”, НМИУ, 2016. −Б. 141). Алоҳида меҳмонхона учун хона ажратиш имкони бўлмаган хонадонлар чиройли матолардан тикилган 3-4 кўрпача, 3-4 болишни (ёстиқни) хоналардан бирининг бурчагига тахлаб, қўйишган. Бу кўрпача ва ёстиқлар меҳмонлар келгандагина ишлатилган.
Халқимизда хонадонга меҳмон келиши маълум маънода шараф ҳисобланади. Кўп меҳмон келадиган оилаларга нисбатан “Эшикли уй”, “келди-кетдиси кўп”, “меҳмондўст”, “меҳмоннавоз”, “дастурхони очиқ уй” деган хайрли иборалар ишлатилади. Ота-боболаримизнинг меҳмон кутиш одатлари келаётган кишининг обрў-эътибори, жамиятда тутган мавқеига ёки яқинлигига қараб турлича бўлган. Кимгадир оддий чой-нон қўйилган. Юксак ҳурматга муносиб меҳмонлар бўлса, қўй сўйилиб, қўни-қўшни ва яқинлар чақирилиб, зиёфат берилган. Катта амалдорлар орасида меҳмондорчилик ҳатто тўн бериш даражасигача кўтарилгани тарихдан маълум (Усмон Ҳосил. (Қорабоев). Одатнома. −Т., “O’zbekiston”, НМИУ, 2016. −Б. 141). Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Амир Темур Испания элчиси нигоҳида” деган асарида соҳибқирон Амир Темурнинг меҳмонларга кўрсатган ҳурмат-эътибори ҳақида маълумотлар келтирилган։ “Испания ва бошқа турли мамлакатлардан келган элчиларни ўтқазишиб бўлганларидан сўнг, кўпгина қайнатилган, димланган, қовурилган қўй гўштидан ва қовуриб пиширилган от гўшти билан меҳмон қилишди. Бу қўй гўштларини тутқичли катта терида олиб келишди. Соҳибқирон гўштдан тановул қилишни истаса, хизматкорлар терини устидаги таоми билан унинг олдига олиб боришар, чунки гўшт кўплигидан терини кўтарсалар ёрилиб, йиртилиб кетиши мумкин эди.
Соҳибқироннинг олдига йигирма қадамча қолганда хизматкорлар тўхташди ва гўштни нимталаш учун қассоблар қўлларига тери қўлқоп кийган ҳолда келишди ва тиз чўкишиб гўштларни нимта-нимта қилишди, бўлакларини бирма-бир мис, сопол, кумуш, тилла ва қимматбаҳо чинни идишларга солишди.
Яхши кўриб ейдиган овқатлари пиширилган от гўшти бўлиб, у отнинг бел қисмидан, суяксиз ҳолда пиширилган бу таомни тилла ва кумуш идишларга қўй гўшти билан ёнма-ён солишди, яна ёнига муштдай келадиган пиширилган от жигари ҳамда қўй каллаларидан солишди. Шунга ўхшатиб тайёрланган бошқа таомларни ҳам ёнма-ён қўйишди. Кейин хизматкорлар идишларида шу таомнинг шўрвасини олиб келишиб, ҳалиги гўштлар устидан қўйиб, таомларнинг устига тўрттадан ёпилган нонлардан қўйиб, иккита ва учтадан бўлишиб таомларни Соҳибқироннинг ва меҳмонларнинг олдига олиб боришди. Соҳибқирон ҳурмат юзасидан олдидаги таомлардан икки хилини элчиларнинг олдига олиб қўйдирди. Шу гўштни қўйиши биланоқ, унисини олишиб, яна бошқа гўштни олиб келиб қўшди. Биринчи қўйилган гўшт одат бўйича меҳмон ўзи билан олиб кетиши учун қўйилар, лекин кўплигидан уни кўтариб кетишнинг ўзи бўлмас эди. Агарда элчиларнинг олдига қўйилган гўштларни олиб кетишнинг иложи бўлганда эди, улар учун бу ярим йилгача етар эди.
Қовурилган ва пиширилган қўй гўштини олиб ўрнига димлаб пиширилган қўй гўшти ва ҳар хил таомлар билан меҳмон қилиб, сўнгра ширин-шакар ҳўл мевалардан-олма, узум, шафтоли, тарвуз, қовун, кейин олтин ва кумуш кўзаларда қанд солинган от сути олиб келишди. Айтишларича, жуда ширин, мазали бу ичимлик асосан ёзнинг иссиқ кунларида кўпроқ ичилар экан... Элчилар қабул қилинган боғнинг номи “Дилкушо” эди” (Руи Гонсалес де Клавихо. Амир Темур Испания элчиси нигоҳида. –Т., “Zamin nashr”, 2019. −Б. 118˗120).
Карим Маҳмудов (1926–1990) ўтган аср 80-йилларида чоп этилган “Меҳмоннома” номли асарида шундай ёзади: “Мўътабар кексалар билан суҳбатда аниқландики, қадим замонлардан буён самарқандликлар меҳмонни худди нон-насиба каби ҳурмат қилар эканлар. Меҳмонга атаб атайлаб махсус патирлар пиширилган, нонни тайёрлаганларида юзини хамирдан нақшинли кунгирадор қилиб безатганлар. Ҳатто баъзан ноннинг юзига шеърий мисралар ва азиз меҳмонларнинг номлари битилган. Меҳмонлар кетар пайтида баёт битилган, чиройли безатилган нонларни уларнинг қўлига тутқазишган. Ушбу нонларни меҳмонлар эъзозлаб санъат асари каби ўз уйлари деворларига осиб қўйганлар. Яхши меҳмондорчиликдан эсдалик бўлган нон яна безак вазифасини бажариб турган” (Маҳмудов К. Меҳмоннома. –Т., “Ёш гвардия”, 1989. −Б. 8).
“Уйга меҳмон келганда дастурхонга жуфт нон қўйилган. Нонни сотиб олиш (одат) бўлмаган. Оилада нон тугаган бўлса ёки шу куни нон пиширилмаган тақдирда, қўни-қўшнидан бир-иккита олиб турганлар ва у эрта-индин қайтариб берилган. Шунингдек, удумга кўра, кимда-ким нон ёпса, албатта, қўшнига битта чиқарган. Нон узилаётган вақтда тандир ёнидан бирор ўткинчи ўтиб қолса, таомилга кўра, иссиқ нондан бир ушатим унга узатилиб, меҳмон қилинган.
Овулга эшон келганда барча хонадонлар уни меҳмон қилишга ҳаракат қилишган. Одатда, қавм пирлари муайян хонадонларга жойлаштирилар, ҳар бир хонадон эгаси ўзининг энг тансиқ таомини эшон қўнган уйга олиб борар эди. Буламиқ, ширбиринч, қаймоқ аҳолининг энг тансиқ таоми ҳисобланган. Қадрдон дўсту биродарлар келганда катта иззат-икром билан меҳмон қилишган. Иложи етганлар дўст ҳурматига мол сўйиб, барча қариндош, қўшниларини ҳам чақиришган. Овулда (қишлоқда) бирон киши мол сўйганда, бутун овулдошлар чақирилиб меҳмон қилинган.
Келган меҳмон уйнинг тўрида, мезбон унинг қаршисида ўтирган. Катта ёшли одам, хоҳ меҳмон, хоҳ мезбон бўлсин, биринчи бўлиб ҳол-аҳвол сўрашни бошлаган. Жийда ёки беҳи баргидан чой дамланган. Мезбон чойнакдаги чойни уч марта қайтарган. Биринчи пиёлани ўзига олган, кейин меҳмонларнинг ёшига қараб навбати билан чой узатилган. Камбағал оилаларда пиёла кам бўлгани учун битта пиёла навбати билан айлантирилган. Овқат ҳам шундай ейилган бир товоққа бир қошиқ қўйилиб, навбати билан шўрва (қайнатма шўрва, лочира шўрва) ичилган. Палов ва бошқа қуюқ овқатлар эса, қўл билан ейилган” (Умаров И. ва бошқалар. Сурхон воҳасида этник тарих ва этномаданий жараёнлар (Хатакилар уруғи мисолида). −Т.: “Ўзбекистон миллий кутубхонаси”, 2014. −Б. 164˗165).
Уйда, айниқса, тўй-маърака ва йиғинларда дастурхон соладиган, хилма-хил таомларни дастурхонга чиройли қилиб тортадиган ва нозу неъматларнинг ҳаммага баравар тақсимланишини таъминловчи кайвонилар бўлган. Тўй ва байрам тантаналарида меҳмонлар учун дастурхон юксак дид билан безатилган.
Ўзбекча дастурхон безатишнинг ўзига хослиги шундаки, даставвал, иссиқ овқатлардан ташқари ҳамма хўраклар, жумладан, ҳар хил ширинликлар, яхна овқатлар, мева-чевалар жой-жойига қўйилиши зарур. Меҳмон дастурхони доимо тўкин бўлиши зарур. Бунинг учун ҳамма егуликлар муҳайё этилиб, дастурхонга ноз-неъматлар бирваракай тортилган. Бу эса меҳмонларнинг таомлар хилига қараб, тегишли иштаҳани сақлай олишлари ва овқатланишнинг тўғри ташкил этилишига имкон берган.Миллий урф-одатимизга биноан меҳмонларни дастурхон атрофига жойлаштириш, асосан, уларнинг ёшига ва эл олдидаги ҳурматига қараб тўрдан бошланган. Фотиҳа ўқилгач, аввал нон ушатилиб, меҳмонга чой берилади, кейин иссиқ овқатлар тортилади. Овқат ҳам дастлаб ёши катталарга ва тўрда ўтирганларга берилган. Чой ҳар бир меҳмонга бир пиёла берилади, жанубий вилоятларда яшовчи туркманларда (масалан, Термиз яқинидаги Паттакесар туркманларида, Қашқадарёда Помиқ туркманларида) ҳар бир кишига биттадан кичикроқ чойнак ва биттадан пиёла берилади ва меҳмон ўз хоҳишига кўра чойни қуйиб ичаверади. Кўпчилик жойларда чойни мезбоннинг ўзи қуйиб беради ёки бу вазифа меҳмонлар орасидаги энг ёшига юклатилади.
Одат бўйича, ўзбек хонадонига келган киши чой ичиб кетинг, чой қилиб бераман, чойга ўтиринг каби ширин сўзлар билан дастурхонга таклиф этилади. Ўзбеклар қаерда бўлмасин таомланаётган бўлса, яқин кишисини таниш-билишини ўз таомига шерик бўлишга таклиф этади. Байрам ва ҳайит кунлари хонадонда ширин таомлар пиширилса, қўни-қўшниларга узатилади. Бу одат ҳозиргача кўпроқ қишлоқ аҳолиси орасида кузатилади. “Бор товоғим, кел товоғим, бормасанг, келмасанг ўрта ерда син тавоғим” – бу мақолни қишлоқ момолари келинлари ва қизларига бот-бот қайтариб туради, бу мақол қўшнилар орасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Бугунгача қишлоқларда боғларида пишган мевалардан, сабзавотлардан, полиз экинларидан қўшниларга улашилади, яъни “ҳамсоя товоқ” қилинади (Жабборов И. Ўзбеклар: турмуш тарзи ва маданияти. −Т.: “Ўқитувчи”, 2003. −Б. 60).
Мезбон меҳмонни таомларимизнинг султони — палов билан сийлаган, меҳмон шошиб турган бўлсаям битта ош (палов) емасдан кетмайсиз деб туриб олган, ҳозир ҳам шундай: иззатли меҳмонга битта ош едирмасдан жавоб берилмайди.
Дашт қишлоқлари аҳолиси иззатли меҳмонни “жонлиқ” сўймасдан уйидан чиқармайди. Меҳмоннинг мавқеига қараб “жонлиқ” эчки, қўй, улоқ ҳеч бўлмаганда хўроз бўлиши мумкин.Шаҳарларда, катта қишлоқларда қассобхоналар бўлиб, қассоблар гўштни бозорлардаги махсус гўшт расталарида ёки уйларидаги гўшт дўконларида сотишган. Қассоблик отадан болага “мерос” ҳисобланган ёки ота боласини қассоб бўлишини истаса, уста қассобга шогирдликка берган. Бугун ҳам бу анъана давом этмоқда. Жарқўрғон туманида яшовчи Санақуловлар сулоласи шундай сулолалардан бири ҳисобланади. Катта ака Шайдулло қассоб, Нарзулло қассоб, Сайфулло қассоб, Тиллоҳожи қассоб, иккинчи авлод: Саъдулло қассоб, Шуҳрат қассоб, Сирожиддин қассоб, Санжар қассоб, Мансур қассоб... Эндиликда учинчи авлод вакиллари ота-боболар ишини давом эттирмоқда (Дала ёзувлари. Жарқўрғон шаҳри. 2019 йил).
И.Жабборовнинг қайд этишича։ “Қадимги чорвадор ўзбекларда меҳмон келганда қўй сўйилса, дастлаб унга гўшт, жигар-ўпка, буйракларидан озроқ ёғда (жизға билан, яъни думба билан) қовуриб берадилар. Кейин шўрва осилиб, гўшти алоҳида лаганда дастурхонга тортилади. Ўзбекистон жанубидаги дашт ўзбекларининг бир қисмида ҳозирда ҳам меҳмонга қўйнинг калласи, оёқ ва ичак-чавоқларини пишириб қўядилар (Жабборов И. Ўзбек халқи этнографияси.−Т.:“Ўқитувчи”, 1994.−Б.163). Мабодо меҳмонга қўйнинг калласи пишириб тортилмаса, мезбон меҳмонни эски гўшт билан меҳмон қилган, яъни ҳурматини жойига қўймаган, деб ҳисобланган (Ўзбекистон ҳудудида анъанавий этнослараро жараёнлар (XIX аср охири XX аср бошлари). −Т.: “Янги нашр”, 2011. –Б. 109).
Бугунги кунгача ҳам халқимиз меҳмондорчилигида қадимий анъаналар маълум даражада сақланиб келинаётганлиги, бу эса ҳудудларда ўзига хос этник ва локал хусусиятлар мавжуд эканлигини кўрсатади.
Карвонсаройлар сони савдо-сотиқнинг ривожи билан боғлиқ бўлиб, Ўрта Осиёда Бухоро амирлиги алоҳида мавқега эга эди. ХIХ асрнинг 60-йилларида Деновда 5 та, Шерободда 3 та, Бойсунда 2 та, Китобда 3 та, Шаҳрисабзда 7 та карвонсарой мавжуд бўлган бўлса, ХХ аср бошларига келиб биргина Шаҳрисабзда улар сони 4 бараварга кўпайиб 28 тага етди (Сухарева О. Бухара (XIX-начало XX в.). −М.: “Наука”, 1966. −С. 52). Бухоро амирлигининг маркази саналмиш Бухоро шаҳрида карвонсаройлар сони тўғрисидаги маълумотлар турли манбаларда турлича қайд этилади. Ф.Ефремов Бухоро шаҳри Чорсусида пишган ғиштдан қурилган 4 та карвонсарой бўлганини қайд этади (Ефремов Ф. Девятилетнее странствование. −М.: “Наука”, 1950. −С.26). Н. Хаников савдо-сотиқ муносабатларининг ўсиши натижасида карвонсаройлар сони ошиб борганини айтиб ўтади (Ханыков Н.В. Описание Бухарского ханства. −СП б.։ Б.И., 1843. −С. 88). ХХ аср бошларига келиб, карвонсаройлар сони 60 дан ортиб кетгани, М.С.Юсупов маълумотларига қараганда, улар сони 70 дан ортиқ бўлган. Уларнинг айримлари ҳақида қисқача маълумот ҳам бериб ўтган. Жумладан, Саройи жаннат макони, Саройи домулла Шер, саройи Ҳаким-ойим, Саройи-Хўжакалон, саройи Қушбеги ва бошқалар (Сухарева О. Бухара (XIX-начало XX в). −М.: “Наука”, 1966. −С. 54–57).
Бугунги кунда сайёҳларни қабул қилиш учун яратилаётган шароитларни биргина Қашқадарё вилояти мисолида олиб қарасак, Қарши шаҳрида 21 та, Шаҳрисабз шаҳрида 2 та, Косон туманида 2 та, Муборак туманида 2 та, Миришкор туманида 1 та меҳмонхона ишлаб турибди. Бундан ташқари, Шунингдек¸ 10 та сайёҳлик фирмаси мавжуд. (Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг ижтимоий˗иқтисодий ривожланишининг комплекс ўрганиш натижалари бўйича йиғма таҳлилий материал. −Т.։ “Sano˗standart” −2017. −Б. 107).
Мамлакатимиз жанубида яшовчи ўзбекларнинг таомлари, пазандачилиги ва меҳмоннавозлик маданияти минг йиллар давомида шаклланиб сайқал топган.Ўтган даврда содир бўлган тарихий жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда рўй берган ўзгаришлар аҳоли турмуш тарзига қанчалик кучли таъсир кўрсатишига қарамасдан элдошларимиз меҳмон кутиш ва кузатиш анъаналарини ҳали ҳануз эъзозлаб келмоқда.
Баҳодир РАҲМОНОВ,
таянч докторант
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ