Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзбек шоири Абдулҳамид Чўлпон шеърини ўқиди: “Босқин ва зулм чидаб бўлмас даражага етган 1930 йиллари Ўзбекистоннинг жасур ўғлони Сулаймон Чўлпон, кейинчалик отиб ташланиб, бадалини ҳаёти билан тўлаган шеърида, шундай ҳайқирган эди:
Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Саҳар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?
Билмам не учун қушлар учмас боғчаларингда?
Сўнгги икки асримиз фақат миллатимиз учун эмас, балки бутун туркий дунё учун ҳам қийинчиликлар, изтироблар, машаққатлар ва босқинлар билан ўтди. Маданий географиямизнинг кўплаб ҳудудларида ўша заминнинг қадимий ўзликлари, тиллари, эътиқодий қадриятлари тақиқланди, халқлар парчаланди. Том маънода хазон фаслини яшадик.
Озарбойжон шоири Рустам Беҳрудий бу даврда бутун туркий дунёнинг тақдирига айланган манзарани шундай тасвирлайди:
У қайси миллатдир – тақдири сирдир,
Юз отга бўлинди, барибир бирдир...”
Ражаб Тоййиб Эрдўғон туркийларнинг ягона юрак ва ягона билак бўлиб бирлашмаслиги учун не-не қатағонлар уюштирилганини таъкидлади. Миллий ўзлигини ҳимоя қилган, миллий қадриятларига содиқ қолган зиёлилар “турончи”ликда айбланиб, ё қамоққа ташланган, ё сургун қилинган ёхуд Чўлпон сингари ўққа учган, дор оғочига салом берган.
Сиёсий нутқдаги иккинчи шеър ҳам ўзбек адабиёти билан алоқадор чиқиб қолди. Уни озарбойжон шоири Рустам Беҳрудий Самарқандда Амир Темур қабри қошида ёзган экан (худди Фитрат каби). Шеърнинг тўлиғини топдим, “Салом дор оғочи... Алайкум салом” деган мисра нақоратдек такрорланади. Дарҳол Эргаш Жуманбулбул ўғли ижросидаги “Кунтуғмиш” достони ёдга тушди; ундан илҳомланиб озарбойжоннинг ўзбек ўғлони Акиф Бағир битган, унинг таъсирида эса Рауф Парфи яратган машҳур шеърни эсладим – “Ассалому алайкум, дорнинг оғочи” (“Абдулла Қодирий” фильмида шоирнинг ўзи ўқиган аудио вариантидан фойдаланганмиз). Ҳойнаҳой, Рустам Беҳрудий шу туркумни давом эттирган.
Туркия Президенти аввал ҳам Чўлпоннинг “Тўфон” ва Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеъридан ўқигани ижтимоий тармоқдаги ўзбек сигментида илиқ қарши олинган эди. Таъсирчан мисралар кўпчиликнинг хаёлини банд этиб, асосий масаладан доимгидек чалғиб қолинди. Жаноб Эрдўғон қаерда ва нима учун бу ўтли сатрларга мурожаат этди?
Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси 198 бетдан ва 14 бўлимдан иборат “Турк дунёси нигоҳи” ҳужжатини эълон қилди (Türk Dünyası Vizyon Belgesi; “vizyon” сўзини таржимада “истиқбол” деб олган яхши эмасми, негадир “нигоҳ”ни маъқул кўришибди). “Онадўли” ахборот агентлиги хабар беришича, тақдимот тадбирида Туркия Президенти сўзга чиқиб, мазкур дастур келгуси асрни барпо этишда муҳим қўлланмага айланишига ишонч билдирган. Чўлпоннинг шеъри ушбу нутқда бадиият намунаси сифатида эмас, балки сиёсий хотира ва умумий тақдир рамзи сифатида янгради.
Дастурда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли мақсадлар белгиланган бўлиб, туркий давлатлар орасида кўп қиррали ҳамкорликни институтлаштириш, энергетика, савдо, транспорт, технология ва маданият соҳаларида интеграцияни чуқурлаштириш ҳамда глобал даражада биргаликда ҳаракат қилиш салоҳиятини ошириш мақсад қилинган.
Ҳужжат туркий дунёни глобал тизимда янада фаол факторга айлантириш стратегияси асосида тайёрланган. Қардош мамлакатларнинг умумий мақсадлари, глобал қарашлари ва стратегик ёндашувлари акс эттирилган. Туркий давлатлар жаҳон аренасида юксалаётган куч маркази сифатида шаклланиши устувор мақсад қилинган.
Ўзаро савдони ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар қаторида қўшма электрон тижорат платформаларини яратиш, умумий бозор механизмларини шакллантириш, “Турк дунёси” бренди остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг халқаро майдонда тан олинишини таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, савдо низоларини ҳал этиш учун қўшма ҳакамлик (арбитраж) марказларини ташкил этиш ҳамда Туркиянинг туркий давлатлар билан умумий ташқи савдо ҳажмини 100 миллиард доллардан ошириш марраси қўйилган.
Туркий дунё инвестиция харитасини тайёрлаш, икки карра солиқ солишнинг олдини олишга қаратилган келишувларни кенгайтириш, Тараққиёт ва тикланиш банкини ташкил этиш каби амалий вазифалар белгиланган. Тўлов операцияларини осонлаштириш учун “Turkcoin” ёки шунга ўхшаш рақамли валюта яратиш ҳам яхши ғоя. Шунингдек, молиявий интеграцияни чуқурлаштириш учун қўшма валюта лойиҳаси ҳамда Туркий дунё марказий банклари форумини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ҳужжатда Транскаспий табиий газ қувури лойиҳасини амалга ошириш, янги энергетика коридорларини барпо этиш, минтақавий энергия савдо биржаларини ташкил қилиш, нефть ва газ қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, Туркий дунё энергетика агентлиги ҳамда Туркий дунё энергетика иттифоқини тузиш каби истиқболли режалар ўртага ташланган.
Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт имкониятларидан унумли фойдаланиш ниҳоятда муҳим. Шу мақсадда қўшма стратегия ишлаб чиқиш, электрон тижорат қоидаларини мувофиқлаштириш, қўшма дастурий таъминот платформалари, электрон ҳукумат тизимларини ўзаро уйғунлаштириш, Туркий дунё текнофестлари, Технология агентлиги ва Рақамли иқтисодиёт платформасини ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Туркий дунё терроризмга қарши кураш маркази, Киберхавфсизлик агентлиги, стратегик пойтахтларда қўшма дипломатик ваколатхоналарни очиш, қўшма консуллик нуқталарини ташкил этиш зарурати таъкидланган. Қардош халқлар ёшлари иштирокида Ёшлар Мажлисини тузиш имконияти тилга олинган.
Туркий дунё умумий тилплатформаси, Умумий медиа платформаси, Умумий тарих комиссияси, Туркий дунё музейи, визасиз режим, умумий шахсни тасдиқловчи карта орқали эркин ҳаракатланиш каби мақсадлар ҳам ҳужжатдан ўрин олган.
Сув ресурсларини бошқариш доирасида белгиланган вазифалар қаторида Туркий дунё сув стратегиясини ишлаб чиқиш ва Туркий дунё сув тадқиқот институтини ташкил этиш назарда тутилган.
Дастурда Туркий дунё Адлия ва ҳуқуқ кенгашини шакллантириш мақсади белгиланган. Шунингдек, ягона электрон ҳукумат тармоғини яратиш мамлакатлар ўртасида маълумот алмашинуви ва хизматлар интеграциясини осонлаштириши шубҳасиз. Турк инсон ҳуқуқлари кенгашини тузиш режаси ҳам эътибордан четда қолмаган.
Туркий дунё технология стратегияси ҳужжатини тайёрлаш орқали умумий мақсадларни белгилаш, Технология ва инновация фонди, Технология трансфери маркази ҳамда Туркий дунё космик агентлигини ташкил этиш мақсадлари бирма-бир санаб ўтилган.
Ўрта коридор, Нахчивон коридори, Тараққиёт йўли каби лойиҳаларни интеграция қилиш орқали узлуксиз савдо йўлларини яратиш, Ўрта коридор ва Транскаспий транспорт йўлагини мустаҳкамлаш орқали халқаро савдони Туркий дунё орқали йўналтириш мақсадлари кўзланмоқда.
“Туркий дунё асри”ни қуришдек улуғвор мақсад йўлида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасидаги кучли ҳамкорлик механизмларини янада мустаҳкамлаш талаб этилади. Узоқ муддатли мақсадларни белгилаш, стратегик мувофиқлаштириш ва қарор қабул қилишни тезлаштириш учун Туркий дунё истиқболи кенгашини ташкил этишга зарурат сезилиши шубҳасиз.
Бу каби йўналишлар туркий дунёни алоҳида давлатлар йиғиндисидан геоиқтисодий маконга айлантиришни кўзлайди. Мақсадлар амалга ошса, туркий бирлик шунчаки ҳиссиётга чулғанган орзу эмас, мустаҳкам институтлар орқали бирлашган муштарак келажак сифатида бўй кўрсатади.
Чўлпон “Гўзал Туркистон, сенга на бўлди?” деб нола қилган даврда туркий халқларни бирлаштириш учун на ривожланган институтлар бор эди, на пухта ишлаб чиқилган стратегиялар, на сиёсий ирода... Шоир сатрлари мағлубият тасаллиси эмас, айрилиб айиққа ем бўлган тақдирларнинг аламли оҳи эди. Шу маънода бу шеър Анқара минбаридан янграганда фақат адабий иқтибос бўлиб қолмай, балки тарихий хотирага қилинган сиёсий мурожаатга айланди.
Туркий дунё машъум ўтмишини фақат эслаш билан чекланмасдан, балки муштарак келажак қуриш учун маънавий асосга айлантиришга уринаётир. “Турк дунёси нигоҳи” ҳужжати эса айни шу ироданинг қоғозга, режага, механизмга кўчган шаклидир. Агар шоир Туркистоннинг сўлган гуллари учун йиғлаган бўлса, энди туркий давлатлар ўша гулларни қайта ундирадиган сиёсий, иқтисодий ва маданий муҳитни яратишга бел боғламоқда.
Олдимизда турган масала ўтли сатрлардан мутаассир бўлиш билан кифояланмай, истиқболли режаларни изчил амалга оширишга киришишдир. Туркий дунё фақат ҳиссиётлар ичра эмас, умумий манфаатлар, мустаҳкам институтлар ва кучли стратегия теграсида бирлашиш имкониятига эга бўлди. Бундай тарихий имконият қўлдан чиқса, Чўлпон сатрлари яна неча йиллар мағлубият рамзи ўлароқ янграши... Худо сақласин.
Ўтмиш овози бугун биздан йиғини бас қилиб, жавобгарликни бўйинга олишни талаб қилмоқда. Туркий дунё асри баландпарвоз шиорлар билан эмас, изчил қарорлар, қатъий ирода ва ҳамжиҳат ҳаракат билан қурилади. Тарихда яшаш вақти ўтди. Энди тарих яратиш навбати – тирик авлодлар қўлида!
Фаррух ЖАББОРБЕК
Чўлпон сатрларидан “Туркий дунё асри”гача мақоласи
“XXI asr” газетаси, 2025 йил, 50 (1152)-сони
Тарих
Маънавият
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ