«Аксилмигрант сиёсатнинг маҳсули» – Москвада тожикистонлик ўқувчининг ўлдирилиши муҳокамаларга сабаб бўлди


Сақлаш
15:11 / 18.12.2025 20 0

16 декабрь куни Россиянинг Москва вилоятида 15 ёшли ўсмир кичик мактаб ўқувчиларига ҳужум қилди ва улардан бирини ўлдирди. Ҳалок бўлган ўқувчи тожикистонлик 10 ёшли Қобилжон Алиев эди. Қотил болаларга ҳужум қилишдан олдин улардан қайси миллатдан эканини сўраган.

 

Россия Федерациясининг Москва вилоятида жойлашган Горкий-2 посёлкасидаги мактабга 16 декабрь куни 15 ёшли ўсмир Тимофей. К бостириб кирган. У қўлида пичоқ билан бир ўқувчи ва мактаб қоровулига ҳужум қилган. 10 ёшли ўқувчи олган жароҳатлари сабаб ҳалок бўлган.

 

Ҳужум қилган ўсмир қўлга олинган. ОАВ ёзишича, ушбу ўсмирнинг бошида америкалик неонацист, 2014 йилда Чарльстон шаҳридаги черковда тўққиз нафар қора танлини ўлдирган Дилан Руфдан иқтибослар ёзилган шлем бўлган. У ўз ҳужумини видеога олган. Кадрларда у ўқитувчиси билан турган бир гуруҳ ўқувчиларга яқинлашгани ва улардан қайси миллатга мансублигини сўрагани акс этган.

 

Ҳалок бўлган ўқувчи тожикистонлик 10 ёшли Қобилжон Алиев эди. Фаоллар ҳужум миллатчилик асослари билан содир этилганини таъкидламоқда.

 

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги вазият қатъий назоратга олингани, Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий хат юборилганини маълум қилди. Вазирлик ушбу ҳужум «миллатга нафрат асосида» содир этилганини қайд этган.

 

Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорев Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Унга «Россия томонидан ушбу фожиали ҳодисани зудлик билан, холис ва беғараз тергов қилиш ҳамда барча алоқадор шахсларни қонуннинг бутун қатъийлиги бўйича жавобгарликка тортиш талаби билан» нота топширилган.

 

Ўзбекистонлик фаоллар ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб, Россияда охирги вақтлар миллатчилик кайфияти ошиб бораётганини таъкидлади.

 

«Россияда ишлаётган юртдошларимиз яъни муҳожирлар билан боғлиқ тарғибот-ташвиқотга тўлиб кетган постларни, мақолаларни кўриб наҳотки тарғибот постлар ёки мақолаларга бу мамлакатда шунчаки рухсат берилса, деб ўйлаб қолдим.

 

Муҳожирлардан қўрқиш кераклиги ҳақида жуда кўп постларни ўқидим. Уларни суратини сунъий интеллект орқали шу қадар қўрқинчли ва бачканалаштирганки, ҳар қандай муҳожирлар билан боғлиқ мавзуларда бундай суратларни изоҳ ўрнида ёки сарлавҳага олиб чиқиши табиий ҳол. Тўғри, муҳожирлар билан боғлиқ жиноий ишлар ҳам учраб туриши рост. Ва бу жиноий ишлар рус медиасида кўпиртирилиб, ваҳима билан тақдим қилиниши ҳам бор гап.

 

Куни кеча нимагадир, бошланғич синфда ўқийдиган тожик миллатига мансуб ўқувчини ўлдирган ўсмир мавзуси рус ОАВларида у қадар ваҳимали тарзда ёритилмаяпти.

 

Ва энг даҳшатлиси, бола вафот этган ҳақидаги постга ачинган, йиғлаганлардан ҳам кўпроқ кулгили смайликларнинг қўйилган. Бу дегани ўша мазахлаб кулган канал эгасидан тортиб уни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам потенциал қотил дегани эмасми, бундай каналлар, «муҳитлар» қотилликни нормаллаштиришга йўл очмаяптими?

 

Ҳозиргина ўша 300 мингга яқин обуначиси бор каналда болакайнинг қонга ботган видеоси жойланди. Яна шундай кесатиқли фикрлар билан пост қўйилган, мазмуни буларнинг биттага камайгани яхши бўлди деган маънода...», деб ёзади Барно Султонова Facebook ижтимоий тармоғида.

 

Фаол Шаҳноза Соатова эса бундай даҳшатли фалокат юз беришига сиёсий доиралар ҳам айбдорлигига эътибор қаратган.

 

«Сўнгги йилларда Россия сиёсий доиралари, хусусан, депутатлари ва партия лидерлари томонидан мигрантларга қарши чиқишлар кўпайди. Улар ҳали қарасанг мигрантларнинг болаларини мактабларимизда ўқитмаймиз, ўз юртингга кет дейишди, ҳали қарасанг, мигрантлар урушга бориши керак, бўлмаса Россиядан ҳайдаймиз дейишди.

 

Мигрант таксистларнинг агрегаторлардаги аккаунтлари блокланди, ҳатто мигрант курьерларни ҳам ишлагани қўйишмади. Россия ҳуқуқ-тартибот органлари эса мигрантларга қарши рейдларда қўпол муносабат, куч ишлатиш, ҳатто инсоний шаън ва қадр-қимматни таҳқирлашдан тийилмай қўйганига анча бўлди.

 

Бу ҳол ўзининг заҳарли меваларини бера бошлади. Украинада «фашизмга қарши» курашаётган мамлакатнинг ўсмирлари Москва биқинида миллий мансубликка кўра одамларни сўймоқда – бу ҳолатни таърифлашга сўз тополмадим.

 

Маълум бўлишича, қотилликда гумонланаётган ўсмир бундан бир неча кун аввал 11 варақлик «Менинг ғазабим» деган манифест ёзиб танишларига тарқатган. Унда ғайридинларга, бошқа миллат вакилларига, айниқса, мигрантларга қарши кучли нафрат акс этган. Афсуски, бунга ҳеч ким эътибор бермаган.

 

Жойинг жаннатда бўлсин, Қобилжон. Онангга ва яқинларингга сабр берсин!», дея ёзди Шаҳноза Соатова.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Юксалиш умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳам воқеага ўз муносабатини билдирди.

 

«Мен бу воқеадан чуқур қайғудаман. Марҳум болакайнинг оиласига ва бутун тожик қардошларимизга сабр тилайман. Бу ваҳшийликнинг сабабини англашга уринар эканман, авваламбор, бу йиллар давомида юритилган аксилмигрант сиёсатнинг маҳсули деб биламан. Ўйлайманки, биз – Марказий Осиё бир тану бир жон бўлиб, бирдамлик сиёсатини қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак», деди Бобур Бекмуродов.

Журналист Илёс Сафаров ҳам воқеага муносабат билдириб, бу кимларнингдир шахсий амбициялари маҳсули эканини айтган.

 

«Бир нарса аниқ, бу ҳодиса мактабларда учраб турадиган «навбатдаги жиноят» эмас. Бу – рус жамиятида тобора кучайиб бораётган миллатчилик ва ксенофобиянинг болалар ҳаётига ҳам кўчиб улгурган акси. Россия жамиятида йиллар давомида рус бўлмаганларга нисбатан кучайиб бораётган зўравонлик ва шу зўравонликни оқлаш кайфияти ана шундай фожиалар учун муҳит яратмоқда.

 

Энг аянчлиси шундаки, бундай фожиаларда бегуноҳ болалар ўзларига алоқаси бўлмаган инсонларнинг шахсий амбициялари, улар миллатчилик ва ксенофобия билан заҳарлаган муҳитнинг қурбонига айланмоқда. Болалар бу нафратни яратмади, уни танламади, лекин айнан улар энг оғир оқибатларни қабул қиляпти».

 

Журналист болалар кенг тарзда олиб борилаётган тарғибот қурбонига айланаётганига урғу берган.

 

«Миллатчилик ҳар ерда бор. Менга ўхшаб йилларки мусофирчиликда яшаётганлар буни яхши билади. Охирги вақтда бу ҳатто ўзини цивилизация ўчоғи деб биладиган Англияда ҳам билиняпти. Лекин, давлатга қараб миллатчиликнинг даражаси ва кўлами барибир фарқ қилади. Миллатчилик (айниқса оқларнинг устунлигига ишонч) Ғарбда кўпинча ўқимаган, ота-бобоси мануфактура замонида фабрикаларда қул бўлиб ишлаган одамлар орасида кенг тарқалган, чунки уларда миграция сабабларини, ўз миллатининг жиноятларини тушуниш қобилияти йўқ, билими йўқ, инсонийлиги йўқ, чунки кўп қийинчилик кўрган – кимнидир айблаши керак.

 

Лекин, Россияда бу ҳатто ўзини ўқимишли, зиёли, руҳан ва маънан етук деб билган қатлам орасида ҳам кенг тарқалган. Тарқалмай бўладими, йилларки ҳукумат шу тарғиботни кучайтириб, миллатчи эҳтиросларни атайин қитиқлаб келаётган бўлса. Ҳатто Лондонга келиб узоқ яшаганлари орасида ҳам бу яра қўрғошиндек ўрнашиб қолганини сезганман.

 

2003 йилда мени Тошкентдан Москвадаги ББC бюросига бир ойга ишга юборишди. Яхши ишладим, чунки муддатим охирига бориб менга инглиз катта раҳбар доимий иш таклиф қилди. Лекин, у ердаги очиқча ксенофобия ичра яшашимга кўзим етмади. Эслайман, жамоамизнинг рус раҳбари иш куни охирида метрога отланганди.

 

«Тўхтаб туринг, мен ҳам кетаман» дея компьютерни ёпа бошлаганимда, у аввалига секин тисарилиб, сўнг даҳлиздан шаталоқ отиб югуриб кетаётганини кўрдим. Том маънода, қочди мендан. Кўчалардаги молсифат «этика»ни айтмасам ҳам биласиз. Йўл-йўриқ сўрасанг ҳам, тишлаб олади. Бу қўполлик, мараз муносабатни кўравергач, ё мен бировни бир ёқлик қиламан, ё мени қилишади деб ўйладим, ва иш таклифини рад этдим», деб ёзди таниқли журналист Ибрат Сафо.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 26029
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//