
Мафкура
Ким қанча яшаса ҳам ҳосиласи “дунё деразаси”дан бир боқишлик муддат бўлиб қолаверади. Муҳими, ўша деразадан қандай боқишда. Изидан келаётганлар ибрат олишга арзирли мерос қолдира билишида. Ана шунда у бу дунё деразасидан мазмунли боқиб кетган бўлади. Бугун профессор Шомирза Турдимов билан ана шу мавзулар хусусида суҳбатлашдик.
– Инсон тақлид қилиб ўсади, яшайди деган гап бор. Чунки тақлидчилик ҳар қандай тирик мавжудот ривожланишининг асосий усулларидан бири. Энг ажабланарлиси, одам мияси ўзиники бўлгани билан ундаги маълумотларнинг аксари жамоавий онг ҳосиласи экан. Демак, инсон онги жамоавий тушунчалар, рамзлар ва ишончлар сандиғи, уларни ишлаб чиқарадиган ва тарқатадиган воситадир. Шу ўй-хаёллар таъсирида сиздан сўрамоқчи бўлганим: жамоавий онг шаклланадими ёки тайёр ҳосилами?
– Энг аввал инсон ҳаётида тақлиднинг ўрни масаласига тўхталсак.
Ҳақиқатан ҳам тақлид болаликда ҳаётий тажрибаларни ўзлаштиришнинг энг асосий воситаси. Болалар фолклори, ўйинларининг жуда кўп қисми тақлид асосида экани шуни исботлайди. Лекин инсон ҳаётида тақлиднинг даражалари бор. Агар инсон бир умр тақлидчи бўлиб қолса, унда шахс шаклланмайди. Чунки шахс дегани инсоннинг ўзини ўзи намоён этиши ва ҳимоя қилишидир. Шахс бўлиб етилмаса, инсон омманинг ичида йўқолиб кетади. Ҳақиқий катта шахслар йўлбошловчи бўлади.
Маълум миқдордаги баъзи шахслар омманинг ниқобида юради. Омма ва оммавий онг деган тушунчалар ҳам мавжуд. Булар нима ўзи? Ҳар бир атаманинг аниқ чегараларини белгилаб олиш даркор. Оммавий онгнинг аҳамияти айниқса ҳайвонлар ҳаётида яққол билинади. Биологларнинг тасдиқлашича, агар оммавий онг бўлмаса, ҳайвонларнинг мавсумий кўчиши содир бўлмайди.
Сиз сўраган саволга келсак, инсоният ҳаётида жамоавий онг қаердан пайдо бўлади, қандай ривожланади деган масаладан бошлаш керак. Шу ўринда бир ўхшатишни келтирмоқчиман, аммо айтиб қўяйки, ҳар қандай ўхшатиш айбли бўлади, чунки у битта масалани изоҳлайди ва фақат ўша масала юзасида ўзини оқлайди, аммо бошқа тарафдан айбли бўлиши эҳтимоли кўп. Юмалоқ фавворани кўз олдимизга келтирайлик. Унинг умумий сатҳи, отиладиган ўрни бор, лекин отиладиган жойи умумий сатҳдан баланд бўлади. Умумий сатҳ жамоавий онг деганимизга тўғри келади ва маълум маънода омманинг фикр даражасини белгилаб ҳам беради. Сув отилиб чиқадиган жойни ШАХСнинг онгига қиёслаш мумкин. Шахсларнинг оммадан ажралиб туриши уларнинг отилиб чиқишида кўринади.
Машҳур Тесла айтади: “Менинг миям радиоприёмник, бутун кашфиётларнинг ҳаммасини тепадан, ана шу ядродан оламан, лекин у ядронинг қаерда эканини аниқ билмайман, аммо борлигига иймоним комил”. Динда ҳам бу атаманинг муқобили бор. Лавҳул маҳфузда бутун дунё тақдири битилган дейилиши ана шу тушунчага тўғри келса керак. Мен диншунос эмасман ва бу нарсаларга аниқ жавоб бера олмайман, бироқ маълум миқдордаги англамларимдан Тесла айтган ядро Лавҳул маҳфуз бўлса керак деб ўйлайман.
Барча инсонларнинг тақдири олдиндан битиб қўйилган деган оддий ифодадан оладиган хулосамиз шуки, инсон ҳаётида ўзлаштирадиган нарсаларнинг ҳаммаси бир-бирини такрорлайди. Инсоннинг “тақдири азалий, иймони амалийдир”. Тақдирнинг азалийлиги қачон туғилишимиз, қачон ўлишимизни билмаслигимиз бўлса, иймоннинг амалийлиги бажарган амалларимизда кўринади. Шунингдек, кулли ақлимиз амал билан, тажриба билан, фикрлаш билан кўп нарсага эришиш имконига ҳам эга. Қолаверса, шахс сифатида шаклланишимизда амаллар муҳим ўрин тутади. Агар одам тақлид доирасида қолиб кетса, у шахс бўлолмайди. Тақлидчилар умумий сатҳдан нарига ўтолмайди. Инсоннинг имконида доимо янгиланиш эҳтиёжи бор.
“Муҳаббат эски нарса, ҳар кўнгил уни янгиртар” дейдилар. Муҳаббатнинг ҳам даражалари борки, юксак севгига эришган билан авом севгисига эга бўлганларнинг кўнгли бир-бирига мос келмас. Сабаби, сувнинг тепадан тўкилиши бор, тепага отилиши бор. Шу каби ҳар бир тушунчанинг қайси ўринда, даражада турганини баҳолаш муҳимдир.
– Фикрлаш ҳар кимнинг шахсий доирасида рўй беради, аммо амалиётда оммавийлик ҳукмрон. Шу сабабданми ривожланиш кўпчилик қабул қилган йўналишда амалга ошади.
– Шаҳарда яшашнинг ўз қоидалари, кенг далада яшашнинг ўз амаллари бор. Икковининг шарт-шароити бир-бирига тўғри келмайди. Масалан, шаҳарда йўл ҳаракати светофор орқали бошқарилади ва буни ҳамма қабул қилади, қабул қилмаган жаримага тортилади. Аммо чўлнинг ўртасида светофор ўрнатиш ақлдан ташқари нарса. Шу каби кўпчилик қабул қилган йўналиш – жамият қабул қилган йўналишдир. Кийим кийиш жамият ахлоқ нормаларига мос келади, аммо ўрмонда яшайдиган одам учун бунинг аҳамияти йўқ. Бундай қоидалар жамиятнинг ривожланишига хизмат қилади. Ахлоқ диннинг асоси эканлиги бекорга эмас, чунки одамга уят, ҳалол-ҳаром деган тушунчалар сингдирилган бўлиши керак. Шу тушунчалар поймол бўлганда жамият издан чиқади ва ривожланиш тўхтайди.
Шахснинг баъзи ҳаракатлари оммага тўғри келмаслиги мумкин, чунки шахс омма учун яшамайди. У ўзи учун яшайди, омма у учун қизиқ эмасдек. У қарашларини омманинг мезонлари билан ўлчамайди. Шуниси эътиборлики, фолклорда ҳам, мумтоз адабиётда ҳам, ҳаётда ҳам хослар деган тушунча бор. Фолклорда эранлар, ҳомийлар “айбли” тасвирланади. Бунинг сабабини жуда оддий тушунтириш мумкин. Агар омма бир одамни эран деб билса, шу одамда катта қувват борлигини сезса, албатта уни суиистеъмол қилишга ҳаракат қилади. Ҳаётда ҳомийларнинг қувватини омма суиистеъмол қилмаслиги учун табиат дейсизми, худо деб оласизми, умуман борлиқни тартибда ушлаб туруви бир қудратли КУЧ уларнинг ҳаракатини яширади.
Масалан, эртакда ҳомийлик қилувчи бўрининг чўлоқ бўлиши шундан. Аслида бу бўрининг қуввати жуда катта. Буни эса фақат қаҳрамонгина англайди, лекин бошқара олмайди, ўзи бошқарилади. Бу кучни англаганнинг даражаси ҳам ҳомийнинг даражасига яқинлашиб қолган бўлади. Булар сирни ошкор қилмайди, ошкор қилса қувватдан маҳрум бўлади. Шу учун айтиладики, хосларнинг йўли ТИҒ йўлидир, агар хато қилса, тиғ уни кесиб кетади. Худди шу каби ҳар кимнинг фикрлаши шахсий бўлса-да, ривожланиш умумий бўлади. Хосларнинг фикрлари кўпинча омманинг мезонларига тескари келади. Хоснинг хослигини омма билмаслиги керак, мана шу – мезон.
Агар билса, унинг хослиги йўқолади ва кучи қолмайди.
Ҳар бир даврнинг ўз эранлари, чилтанлари бўлади, бу ҳақда авом ва хос ўртасидаги фарқни сезган, билган, ҳис қилган одамлар гапиргани маъқул, биз оддий одамлармиз, фолклорда тасвирланганини айта оламиз, холос.
– Инсон табиатида ботиний онг, яъни интуиция (савқи табиий) аксарият ҳолларда онгли фикрлашдан келади. Шундай ҳолда қай бирига қулоқ солган маъқул?
– Интуиция дегани инсоннинг асл ва табиий ҳолатига уйғунлигидан келиб чиқади. Бирор нарса қилишдан аввал хаёлингизга келган оний фикр “йўқ” деган бўлса-ю, сиз унга қарши бориб, тескарисини қилсангиз, у кўпинча амалга ошмайди. Баъзи одамларнинг ички сезгиси сувдек тиниқ бўлади. Интуиция, сезиш табиатга уйғунликдан дарак беради. Ўтмишнинг одамлари табиатга ҳамиша яқин бўлган. Табиатга яқинлик табиий қонуниятларга бўйсуниб яшашни билдиради. Инсоннинг ҳалқуми тоза бўлса, табиатга терс бормайди. Ҳалқуми тоза дегани ҳалол еб, ҳалол яшаш демакдир. Кишининг ўйи, сўзи, амали уйғунлашиш керак, бу эса ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди.
Одамда жузъий ва куллий ақл бор. Жузъий ақл – қўриқчи. Ақлнинг даражалари халқ эртакларида айтиб қўйилган. Уч ака-уканинг биринчиси жузъий ақл эгаси бўлиб, у танаси нимани буюрса, шуни қилади. Унинг борадиган жойи ошпазга ўт ёқувчиликдир. Иккинчиси ҳаммомга боради, ақли етарли, фақат танасини тозалайди-ю, кўнгилни тозаламайди. Кенжа эса борсакелмас йўлдаги ақл ва муҳаббатни танлайди. У ялмоғиз – нафсни енгиши керак. Нафсни эса ўлдириб бўлмайди, уни енгиш мумкин. Ялмоғиз – нафс сувга чўктирилади. Сув эса кўнгил ойнасидир. Халқ қўшиқларида:
“Эшик олди ойдин кўл,
Ойна солсам ботмайди.
Мен ёримга хат ёзсам,
Жавоблари келмайди”,
деб айтилади. Бу ерда ҳам кўнгилнинг ойнага ўхшатилиши бор. Кўнгил ойнаси қанчалик тоза бўлса, унинг тубидаги хазиналар шунчалик кўринади.
– “Тилни шахслар эмас, халқ яратади” деган нақл бор. Сўзларни ҳам одатда халқ топади. Айрим сўзларни олимлар, ёзувчилар ёки тилшунослар яратган бўлиши мумкин, лекин шу сўзлар ҳам омма фойдалана бошлагандан кейингина тан олинади, муомалага киради. Шундай экан, сўзда алоҳида шахсларнинг эмас, балки жамоанинг онги ўз аксини топади. Одамзотнинг жамоавий донолиги халқ ижодида барҳаёт. Сўзнинг магик хусусияти ҳам айнан кўпчиликка тегишли эканида, унда кўпчиликнинг улуши борлигида, шундай эмасми?
– Маълумки, Момо Ҳаво Одам Атонинг қовурғасидан яралган, яъни қайта ишланган “маҳсулот”. Одамнинг фаришталардан устунлиги унга барча нарсаларнинг исми ўргатилганида эди. Исм фақат сўзгина эмас, у ҳар бир нарсанинг қуввати ҳамдир. Сўзнинг қувватини фолклорда магия деймиз. Компютернинг рақамли кодлари орқали программалар яратилганидек, сўздан ҳам қувват яралади. Лекин биз сўзни мардикордек ишлатамиз, ўтмишдагилар сўзнинг поэтик қувватини сезишган, тирик сақлашган. Масалан, “қип-қизил нартдек юз” деган иборани олайлик. Нарт – узумнинг шохаси. У соғлом бўлса, қизариб туради. Юзнинг ҳам тозаси қизариб, нурли бўлиб туради. Халқ эса ўхшатишларнинг барини табиатдан олган. Инсон сўз яратиши мумкин, аммо яралган нарсалар асосида яратади. Сўз яралишининг ибтидоси, структураси у ёқда турибди. Инсон эса бор сўзлардан сўз ясай олади. Мен “ла” сўзи ҳақида кўп гапираман, ашула, ялла, алла, ўлан, лапар ва ҳоказо. Бу сўзларнинг барининг ўзагида “ла” турибди. Буни жуда қадимий сўз, оҳанг бўлса керак деб ўйлайман. Чунки у куйга, ирга ўхшайди. Буни аниқ биламан деб айтолмайман, чунки “биламан” дейиш инсон имкониятларини чеклаб қўяди. Нарсаларнинг устидан ҳукмронлик қилиш, уни енгишдек кўринса-да, аслида енгилишдир. Нарсалар ва одамларни борлигича қабул қилиш керак, лекин ҳукм чиқариш шарт эмас, ҳукм фақат Оллоҳдан.
Фолклорни халқ яратади, оммавий онг шундай яралади. Инсон каналлари илҳом ҳолатида ядро билан боғланади. Ижод ва ижро йўли ядрога боғланган пайти сўз ҳам, шакл ҳам, куй ҳам осонгина қуйилиб келади. Буни ўргатиб бўлмайди. Жалолиддин Румий билан Шайх Табризийнинг бир-бирига муҳаббатини “пастдаги”лар тушунмайди, уни англаш учун ўша даражага яқин келиши керак. Одамнинг гапираётган сўзига қараб баҳолаш мумкин, лекин унинг онгида қандай фикрлар кечаётганини кўриб бўлмайди. Одамлар бир-бирини тўлиқ англай олмайди. Инсон интуицияси, сезгиларини сўз билан ифодалаш мушкул, бу ерда сўз ожиз қолади.
Фолклордаги бирор қўшиқ ё эртак бир одамнинг тақдиридан сўзламайди, у бутун халқнинг тақдирини гапиради, унда бутун халқнинг қуввати йиғилган. Биз шу қувватга боғланамиз ва улар англаганини англаймиз. Бунинг ҳам даражалари мавжуд. Қанчалик катта даражада англанса, шунчалик қувватга эга бўлади. Масалан “Аҳмадлар” деган эртакни олайлик. Ундаги Аҳмад сувчи, Аҳмад тошчи ва Аҳмад камалак каби кўмакчиларнинг барча қувватини Аҳмад қаҳрамон енгиб, уларнинг бор кучини ўзига сингдириб олади. Натижада йиғма Аҳмад пайдо бўлади. Шу каби инсоннинг қуввати унинг эгаллаган билимлари билан эмас, балки борини жонли қабул қилишига боғлиқ.
– Кишининг руҳий ҳолати шундайки, у қаерда бўлмасин, нима қилмасин ҳар доим ёлғиз эмаслигини онгли ёки онгсиз равишда ҳис қилади. Шу боис одамлар орасидами, ўзими, чўлдами, тоғдами – қатъи назар ўзини якка сезмайди. Ҳар доим руҳий олам билан алоқадорлик бор. Ушбу жамоавий руҳий ҳолатнинг шаклларга кириши, сўзга айланиши фолклорнинг кучини, яшовчанлигини таъминловчи омил деб биламан. Сизнинг бу борадиги фикрларингиз?
– Рауф Парфининг қанчалик қувватли шоир эканини кўпчилик билади. Унинг бир гапи бор: «Одамни қамаб қўйиш мумкин, лекин унинг руҳини занжирлаб бўлмайди». Яна бир энг қизиқ гапи: «мен тушимни бошқара оламан» деб айтади. Мен буни бекорга айтмаяпман. Шахс қанчалик ўзини-ўзи англаса, билими шунга етса, у катта қувватга эга бўлади ва унга одамлар билан суҳбатлашиш шарт эмас. Туш билан ҳушнинг унга фарқи қолмайди. Туш билан ҳушнинг фарқи шуки, тушда замон ва макон йўқ, ҳаммаси аралашиб яхлит сингишган бўлади. Одамга бекорга туш ва ҳуш берилмаган деб ўйлайман. Чунки бу ҳолат одамни навбатдаги босқичга тайёрлаш. Навбатдаги босқични биз фақат тахмин қиламиз, чунки ҳеч ким бориб қайтмаган. Тушларни таҳлил қиладиган бўлсак, шунинг ўзи бизга кўп билим ва тажрибаларни ўргатади. Сўз, ҳолат, замон, макон ҳақида ҳам мен шуғулланадиган соҳанинг шу тажрибалар ичида тургани хурсанд қилади. Одамнинг одамга муносабати ҳам унинг қайси даражада турганини билдиради. Уни яшириб бўлмайди – сўзидан, ҳаракатидан, амалидан билиниб туради. Бу ерда фалончи дейиш шарт бўлмайди, чунки унинг фалончилигини ўзи гапириб, билдириб қўяди. Сўзларни, ҳаракатларни биров изоҳлаши шарт эмас, буни англамаганлар амалга оширади. Ҳар бир ҳаракат одамнинг ўзидан гапиради.
– Аксарият ижодкорлар услуб, шакл ҳақида бош қотирадилар. Ўзига хос овоз, йўналишга эга бўлиш – ҳамма ижодкорларнинг орзуси, маслаги. Сизнинг фолклоршунос бўлишингизга нима туртки бўлган ҳамда услубингиз рамзлар билан ўралганининг сабаби нима?
– Мен ёшликдан фолклоршунос бўламан деган ниятда ўқишга кирганман. Эргаш отанинг ишини давом эттирамиз деб ўйлаганмиз. Эргаш Жуманбулбулнинг юбилейидан сўнг унинг ижодига қизиққаним сабабли фолклоршунос бўлишим кераклигини англаганман. Бу қондан ўтгандир балки. Одамлар ўқиб ўрганадиган нарсаларни мен эшитиб ўсганман. Дастлаб Хоразм халқ қўшиқларини ўқиганман. Қўшиқда айтиладики:
“Шойи рўмолимни шамолга ёйдим,
Тилло дузувимни бўйнимга осдим,
Тут остида ётган экан бўз бола,
Опажон, билмайин оёғин босдим”.
Кўп қўшиқларда рўмол образига дуч келавердим. Ва уларнинг барини бир жойга йиғиб кўрдимки, рўмол ўз маъносида келмаяпти. Рўмолнинг оила рамзи эканлигини, унинг маросимдаги ўрни ва халқ қўшиқларидаги мазмунининг уйғунлигини кўрдим. Шундан сўнг бошқа рамзларга қизиқиб кетдим. Шу тариқа рамзни жаҳон адабиётшунослигидаги мезонлар асосида ўрганиб чиқдим. Ҳар бир жанр, ҳар бир асарнинг семантикасини ўрганишга эҳиёж туғилган. Барча нарсаларнинг моҳиятида рамзлар ётганини интуиция орқали сезганман. Ёшлигимдан “Гўрўғли” достонларини ўрганиш асосий мақсадим бўлган. Чунки Қўрғон достончилик мактабини ва унинг тарихини ўрганишда “Гўрўғли” достонлари муҳим ўрин тутади. Унинг моҳиятида ўлиб тирилувчи миф турганини англаб етгач, асос – ўзанга тушиб олганман. Менделеев жадвал тузгани каби “Гўрўғли” достонлари моҳиятини, унинг структурасини ягона жадвалга солиб олдим.
Расм чизишга қизиқаман, лекин рассом бўламан деб ҳаракат қилмаганман. Ҳеч қачон фалончини чизаман ёки фалон рамзни чизаман деб ўйламаганман, қўлим ўзи чизиб кетаверади. Буям бир неъмат деб биламан.
– Ижод азалдан инсон тақдири, унинг эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги ўрнини доим кўрсатиб келган. Инсоннинг моҳияти унинг курашувлари замирида очилиб борар экан, асли унинг маъно-моҳияти нимадан иборат ўзи?
– Дунё динларини олайлик, уларнинг бари Оллоҳ ягоналигини тарғиб қилади ва пайғамбарларга бу йўлда курашиш кераклиги айтилади. Ижод инсоннинг ўзини намоён қилиши бўлиб, эгаллаган билим ва тажрибалари юзага чиқади. Шу ўринда яҳудийларнинг бир латифаси эсга келади. Бир Закий Закия деган одам туғилибди, яшабди ва худонинг олдига борибди. Худо ундан сўрабди:
– Сен кимсан?
– Мен Закий Закияман.
– Тўғри, сени Закий Закия қилиб жўнатганман, лекин менинг олдимга Закий Закия бўлиб келмадинг, сен Закия эмассан, – дебди худо.
Маноқибларнинг охирги нуқтасини олиб қарайлик, ҳаммасида инсоннинг зиммасига қандай вазифа юкланган бўлса, ўша вазифани уддалаб бориши туради. Руҳнинг эзгу ҳолатда манзилига етиб бориши муҳим. Энг мукаммал илоҳий билимлар тепадан тушса, инсон эгаллаган билимлар тепага бормоғи лозим. Инсон муқаддас китобларда айтилганидек яшаса, ўйи, сўзи, амали бир бўлса, адашмайди. Бу йўлда инсон аввало ўзи билан ўзи курашиши керак. Булар айтиб келинган гаплар. Ўзингни англа, ўзингни намоён қил деган гаплар янги гап эмас. Қўшиқларда айтилади:
“Амударё оқар кетар,
Қирғоғини йиқар кетар,
Бу дунё бир деразадир,
Ҳар ким ундан боқар кетар”.
Бунда жуда чуқур маъно бор. Амударёнинг оқиши умрнинг ўтиши бўлиб, дунё деразасига бир келиб, боқиб кетиш ҳамманинг бошида бор. Муқаддас битикларда айтилганидек, моҳият инсоннинг ҳаёт йўлини муносиб яшаб ўтишидадир. Бутун билимлар инсон ҳаётда муносиб яшаб ўтишига қаратилган. Аллада боланинг онгига оҳанг ёзилади. Топишмоқ ва туталда оламни образли тасаввур қилиш бошланади. Эртакда билимлар англанади. Ўйинда эса боланинг жамиятга қўшилиши йўллари ўргатилади. Масалан, “Одамтой” эртагини олайлик. Унда қўли, кўзи ва оёғи йўқ бир қизни олиб қочиб, қалъага борганда кун кўриш учун овга кетишади. Қиз ҳар куни уй тозалаб, битта майиз топади ва буни мушуги билан бўлиб ейди. Бир куни мушук келмайди. Қиз майизни еб қўяди. Мушук келиб сўраса, еб қўйганини айтади. Мушукнинг жаҳли чиқиб, оловни ҳўллаб, ўчириб қўяди. Қиз олов излаб ялмоғизнинг олдига боради. Кампир бит қовуриб ўтирган бўлади...
Эртакдаги қалъа ниманинг рамзи, майиз нега битта? Буларни англаш эртакдаги билимни очади. Буларни бола қандай бўлса шундай, борича қабул қилади. Халқимиз бежиз “болага беш ёшгача подшодек муносабатда бўл” демайди. Шу пайтда унинг гард қўнмаган онгига барча билимлар ёзилади. Ўн тўрт ёшгача қулдек ва кейин дўстдек бўлиш уқтирилади. Ана шу пайтда ўсмирнинг шахси шаклланади, тақлид даври тугаб, фикрлаш жараёни бошланади, шу даврда у билан ҳамфикр бўлиш жуда зарур. Масалан, Навоийнинг тўққиз ёшида “Мантиқут-тайр”ни ёдлаб олгани бежиз эмас, ҳеч ким унинг бошида туриб “ёшингга муносиб асар ўқи” демаган, чунки кўнгли шунга тўғри бўлган.
Навоий бобо нимани идрок қилган билмайман, лекин ёзган асарлари шундан далолат берадики, у космик планда фикрлаган.
Шу нарса аниқки, адабиёт ри-вож-лан-май-ди, адабиёт янгиланади. Эски нарсалар янги шаклга киради, холос. Чунки ривожланиш учун кейингиси аввалгисини инкор қилиши керак. Ҳар бир даврнинг ўз адабиёти бўлади. Навоий даврини биз адабиётнинг энг чўққиси деб биламиз, аммо ҳар бир даврнинг ўз юлдузлари бўлади. Темирийлар салтанатининг маҳобати Навоийнинг поэтик тафаккурида кўринади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур, устоз!
Жамила АСҚАРОВА суҳбатлашди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 3-сон.
“Тақлидчи ва шахс шарҳи” суҳбати
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Маънавият
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ