
Мафкура
ХХ асрнинг илк ўн йилликлари жамият ҳаётида туб бурилишлар даври сифатида тарихга кирди. Шўро ҳукумати томонидан ўрнатилган янги сиёсий режим қатор жабҳаларни, хусусан маънавий-маърифий муҳитни ҳам кескин ўзгартириб юборди. Бу жараёнда айниқса шоир-ёзувчилар, халқ орасида донғи чиққан бахшилардан ҳам сиёсий тарғибот воситаси сифатида фойдаланилди. Ижод аҳлининг тили ва сози тушовланди, улардан муайян сиёсий ғояларни куйлаш, халқ орасида ёйиш талаб этилди.
Шу тариқа улкан истеъдодлар ҳам бирров совет чопонини кийиб юришга мажбур бўлди. Ҳатто бахшилар ҳам...
Эргаш Жуманбулбул ўғли замон тақозоси билан “Октябр”, “Шўро”, “Қизил” каби термаларни, “Ўртоқ Ленин” достонини ижро этди. Пўлкан шоир “Мардикор”, “Ҳасан батрак”ни куйга солди. Фозил Йўлдош ўғли “Октябрни қутлайман” термалари, “босмачилар”ни қораловчи “Очил Дов” достонини ёзишга мажбур бўлди.
Мақолада туркистонликлар учун озодлик курашчиси, шўролар учун халқ қароқчисига айланган Очилбек қўрбошининг сийратига тарихий манбалар асосида назар соламиз.
“Очил Дов” достонидан иқтибос:
“Октябр инқилоби бўлиб, Шўро ҳукумати қурилиб, ишчи-деҳқонлар – эзилган меҳнаткаш халқлар, озодликка чиқиб яшайдиган замон бўлгандан кейин, қадимги амалдор, сипоҳилар, беклар, қози, мингбошилар, бойлар, муллалар чекка-чеккадан йиғилиб, Шўро ҳукуматини йўқотмоқнинг маслаҳатини қилиб, Шўро ҳукуматига қарши отланиб чиқа берди.
Шу вақтлар Самарқанднинг кунчиқар бетидан, Қўштамғали найман уруғидан Очил Жўрабой ўғли деган чиқиб, аввалги иши бешта-ўнта бўлиб, неча ерларни оқшом босиб олиб кетиб юрди. Одамлардан Очил эканини билмай қолганлар ҳайрон қолиб, билганлар Очил ўзини танитмаса ҳам, Очил, деб гумон қилиб, бир хиллари ҳукуматга хабар бериб, бир хил камбағаллар ҳукуматга ҳам хабар қила олмай, ўзи ушлай олмай: “Бу босмачи деган бало қайдан чиқди? Энди яшаймиз десак, бу балони бизнинг устимизга ким юборди экан? Оёғимизни узатиб ухлай олмасак, топган-таянганимизга ўзимиз эга бўлиб, ўз ош-у нонимизни ўзимиз еёлмасак”, деб юрур.”
Парчада Самарқанд қўрбошиларининг қўмондони Очилбек ҳақида сўз бормоқда. Ўша вақтда халқ қаҳрамонлари болшевиклар томонидан “босмачи” деб аталди.
Хўш, бунинг қандай ижтимоий-сиёсий сабаблари бор эди?
Юқорида таъкидлаганимиздек, совет ҳокимияти ўз мавқейини барқарор мустаҳкамлаш йўлида ҳеч нарсадан қайтмади. Ҳатто халқ достонларида ҳам совет ғояларини акс эттириш, бу талаб бажарилмаган достонларни эса куйлаш тақиқлана бошланди.
Фозил Йўлдош ўғлининг ижодий фаолиятига бўлган кескин аралашув, унинг истеъдодини тузум манфаатлари йўлида ишлатишга бўлган ҳаракатлар бекор кетмади. Бахши замон мафкураси тазйиқи остида бадиий савияси суст, сиёсий ғояларга тўйинган достонларни яратишга, ижро этишга мажбур бўлди.
“Очил Дов” ана шундай сиёсий буюртма маҳсули сифатида юзага келди. Унда қўрбоши Очилбек қаторида Туркистон озодлиги учун курашган буюк фидойи Анвар Пошшо ва кўплаб маърифатли шахсларнинг салбий образлари яратилди.
“Очил Дов” достонида маърифатли қўрбошини қароқчига айлантириб берган турли парчаларга гувоҳ бўламиз:
“...Камбағал деҳқонлар: “Бу баччағар босмачи бизнинг еб турган ошимизни, битта-яримта оёқ-улов қилиб турган байтал-сайталимизни олган билан тўярми? Дунёдор одамлар қолади, биз – таланамиз”, деб ҳайрон бўлади. Бойларга бориб: “Бизникини босмачи босиб кетди, сизга тегмадими?” деса, улар: “Милтиқ-анжомимиз бор, бизга босмачи ботинолмайди”, дейди.
***
...Татарда Каримқул чўтир болаларини тўйи бор. У катта одам. Мулла Ҳаким суднинг уйида тўй бўлаётганди. Бари элнинг бойлари эди.
Очилнинг жўралари унинг шуҳратини элга овоза қилиб, қишлоқдан 4-5 одам жўнатиб туради. Ҳар кун кундуз озайиб, оқшом кўпайиб, элни босиб, неча кунларни ўтказди. Бозорчи Жомбойнинг бозорига келадиган аттор, баззоз, жаллоб, чойфуруш, ширафуруш – жами савдогар-бозорчиларни тўнайверди. Бозорга кетаётган товуқфуруш, тухумфурушни ҳам қўймади.
***
...Бир хиллар бозорга яхши от миниб келган. Отини кишанлаб, бойлаб қўйган, калитини хуржунга солиб, остига босиб ўтирган. “...Ё ўларсан, ё отингни берарсан” деб милтиқнинг қўндоғи билан ураётир...”
Кўринадики, достон матнида қўрбоши образи халққа зулм ўтказган, саводсиз ва муросасиз шахс сифатида жонлантирилади. Бироқ Аҳмад Закий Валидий “Хотиралар”ида мазкур тасвир кескин рад этилиб, қўрбошилар Ватанга садоқатли, замона воқеликларини яхши англайдиган ва халқ озодлиги йўлида курашган фидойи шахслар сифатида намоён бўлади. Шу жиҳатдан, достондаги мафкуравий-сиёсий талқин билан Валидий хотираларидаги тарихий-бадиий ёндашув ўртасида қиёсий ўрганиш қўрбошилар ҳаракати ҳақидаги ҳақиқий манзарани аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
“Очил Дов” достонининг бадиий савия жиҳатидан заиф эканлиги ҳақидаги фикр илмий адабиётларда ҳам тасдиқланган. Хусусан, Фозил Йўлдош ўғли ижодини махсус тадқиқот обекти сифатида ўрганган Т.Ғозибоев мазкур асарнинг шакл ва мазмун жиҳатидан мукаммал эмаслигини, бахши ўз имкониятларини тўлиқ намоён этолмаганини қайд этади. Буни, албатта, шоир ижодига ташқи мафкуравий босимнинг таъсири сифатида баҳолаш мумкин.
Очилбек чиндан ҳам саводсиз ва талончи эдими?
Бу саволга “Хотиралар”да аниқ жавоблар бор. Олим Очилбек атрофидаги кишиларнинг насл-насаби, маълумоти, дунёқараши ҳақида ҳам қимматли маълумотларни берадики, уларни жамлаш орқали самарқандлик қўрбошиларнинг ақлий салоҳияти ва билим даражасига баҳо бериш имкони пайдо бўлади.
Унинг таъкидлашича, руслар босмачиларнинг барчасини талончи ва босқинчи сифатида кўрсатишга уринган. Аслида эса Самарқанд вилоятидаги қўрбошиларнинг кўпчилиги Ватанга садоқатли, фидойи ва замона воқеаларидан яхши хабардор шахслар эди.
Айниқса, Валидийнинг Очилбек қўрбоши билан бевосита елкадош бўлиб жангларда қатнашгани ва бу воқеаларга шахсан гувоҳлик бергани қўрбошилар ҳаракати ҳақидаги кўплаб бирёқлама ва мафкуравий талқинларни қайта баҳолаш имконини яратади.
Қўрбошиларнинг ақл-заковати, ён атрофидаги сафдошларининг даражаси “Хотиралар”да тўла намоён бўлади. Айрим парчаларни келтираман:
“Очилбекнинг 1500 одами бор эди. Ёнида Жамият вакили сифатида Самарқанд вилоятининг энг билимли зиёлиларидан бири, Жамият Марказий Қўмитаси аъзоси Қори Комил бўлди. Очилбек ёнида, шунингдек, Самарқанд вилояти қорақалпоқларидан Очил Тўқсоба ва Челак касабаси уламоси наслидан Катта Махдум, Кичик Махдум деган обрўли кишилар юрди.
***
...Шундай қилиб, конгрессда босмачи гуруҳлар раҳбарларининг ҳар бири олдига сиёсий маслаҳатчи юборишга қарор қилинди. Самарқанд вилоятининг бош қўрбошиси, найманлардан бўлган Очилбой ёнига ўзбек зиёлиларидан Қори Комил исмли бир обрўли кишини тайинладик.
***
...Жиззах атрофида жойлашган Очилбек гуруҳи ихтиёрида Ниёзбек ва Туроббек исмли икки зиёли бор эди.
***
...Улар Самарқандда русча ўрта маълумот олишган, коммунистлар партиясига кирган, милиция идораларида раҳбарлик вазифаларида ишлаган ёшлар. Иккови ҳам 1916-йилдаги қўзғолонда кўп зарар кўрган ўзбек уруғларидан.
***
...Катта Махдум, Кичик Махдум деган обрўли кишилар юрди. Баҳромбекка Самарқанд ёнидаги Пастқишлоқдан Ҳамроқулбек исмли бир киши ёрдамчи бўлди. У ҳам Очилбек сингари ориятли, қаҳрамон, ўқимишли, Самарқанд жадидларининг муаллимларидан бири Шокирийнинг ўқувчисидир.”
Ушбу фактлар Самарқанд қўрбошилари раҳбари Очилбек шахси атрофида тўпланган кучларнинг ижтимоий-маънавий хусусиятини очиб беради.
Очилбек халқ орасида “Очилдов”, “Оcҳил дев” номи билан машҳур бўлган. Бундай аталишнинг бир қанча сабаблари бор. Улардан энг биринчиси унинг девдек алпқомат, жасур ва бақувват эканлиги билан изоҳланади. 1921-йилдан бошлаб у Туркистон Миллий Бирлиги кўрсатмалари асосида фаолият юритиб, ўз ҳаракатларини кучайтириб боради. Бу вақтда унинг қўл остида 4000-5000 йигит бўлганлиги айтиб ўтилади.
Бу ҳақда ҳам Валидий ўз хотираларида ёзиб ўтади:
“Очилбек найман ўзбекларининг Қўштамғали деган жойида туғилиб ўсган, ўттиз саккиз ёшида, ниҳоятда жасур, ахлоқ-одобли, меҳр-оқибатли, аввалдан ўйлаб иш юритадиган, ҳалол бир инсон. Россия ва дунё сиёсати тўғрисидаги газеталарни ўқиб фикр қилади.
Даврон Очил деган ғайратли, ишнинг кўзини биладиган укаси ҳам ёнида эди.”
Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов “Туркистон қўрбошилари” китобида туркиялик тадқиқотчи Али Бодомчининг Очилбек ҳақидаги фикрларини келтириб ўтади:
“Очилбек Самарқанд ва унинг теварагида мустаҳкам ҳокимликка эришган кучли бир қўрбошидир. Самарқанд – Зарафшон водийси ҳудудидаги Матчо тоғлари этакларига қадар бўлган жойларда Очилбек ягона ҳоким бўлган... Кураш бошлашдан аввал узоқ муддат Тошкентда бўлган, русчани ўрганган, жадид мактаблари таъсирида маданий савиясини орттирган... Очилбек ватаний ахлоққа эга, жасур, вазмин табиатли шахсият соҳибидир. Қўрбошиликни бошлашдан аввал у Бухоро амирининг амакиси Саид Акрам Тўранинг хизматида бўлиб, аскарликни ўрганган.”
Шундай бўлишига қарамай, “Очил Дов” достонида қўрбошиларнинг нўноқлиги жиддий кулгига олиниб, қизил аскарларнинг кучига юқори баҳо берилади.
“Қизил аскар зўрлигини билдирди,
Четдан отишганни отиб ўлдирди.
Халққа оралаган кўпи, кўзлаб отмайди,
Очил йиғлаётир, “бизни ўлдирди”.
“Хотиралар”дан аёнлашадики, самарқандлик қўрбошилар ва шўро аскарлари ўртасида муросага уринишлар ҳам бўлган. Бунга шахсан гувоҳ бўлган Валидий қизиқ фактларни келтириб ўтади:
“...Рус армияси қўмондонлиги ҳам айни шу йўл билан бир зобитни жўнатиб, Очилбек билан гаплашмоқчи эканлигини билдирди. “Хоҳласанг, бориб гаплаш”, деди Очилбек менга. Самарқанд қўмитасининг аъзолари эса менинг у ерга боришимни хавфли деб ҳисобладилар.
Учрашув Челак ва Кумуш тоғ қишлоқлари орасида бўлиши керак. Икки томондан ҳам бештадан одам келиши лозим. Махдумлар деб аталган босмачилар гаплашиладиган жойни қўриқлаб, ўраб турадилар, руслар ҳужум қилмасалар, улар ҳам ҳеч кимга тегмайдилар.
Очилбек билан Баҳромбек менинг ихтиёримга русча биладиган Абдулҳалим билан яна бир кишини беришди.
Музокараларни махдумлар олиб боришади. Мен рус зобити билан гаплашмайман, ўзимни русча билмаган киши қилиб кўрсатаман. Шундай ҳам қилдик. Зобит, жангни тўхтатиб, советлар билан келишинглар, деди.
Гаплашувдан натижа чиқмади. Биз кўришган жой тарихда Амир Темур билан амир Ҳусайн яқинлари яраш тузиш учун учрашган жойдир. Учрашув ўша замонда ҳам самара бермаганди. Руслар шу тарзда аҳволни билмоқчи бўлган эдилар, лекин бундан бирор натижа чиқмаслигини ўзлари очиқ кўрдилар.”
“Очилдов”нинг ўлими
Тарихчи Қаҳрамон Ражабов манбаларга таяна туриб, 1923-йил 10-май куни Китоб атрофида қизил аскарлар билан кечган жангда Очилбек Қўрбоши мардларча ҳалок бўлгани, унинг ўғли Даврон Очил (1906-йилда туғилган) хорижга чиқиб кетганини ёзади.
Ўзбекистон Миллий архивида қўрбошининг ўлими қуйидагича тасвирланади:
“Қарши вилоятига келиб, Китоб шаҳридан 20 чақирим шарқдаги Варганза (Вағанзи) қишлоғида ўрнашган Очилбек гуруҳи билан қизил аскарлар ўртасида 1923-йил 9-майда тенгсиз олишув бўлди. 10-майдаги маълумотларга қараганда Очилбек гуруҳи Китоб атрофидаги муваффақияциз жангда ўз байроғини йўқотиб ва бир неча ўликларни, шу жумладан, Очилбекни ҳам қолдириб, Тахта Қорача довони орқали Қайнар Булоқ йўлидан Самарқанд вилоятига жўнаб кетишди. Очилбекнинг ўлимидан сўнг 130 йигитдан иборат гуруҳга Зиёвуддин бошчилик қила бошлади”.
Аммо совет ҳукумати учун уларга қарши чиққан ҳар қандай исёнчи умри аянчли якун топиши керак эди. Натижада “Очил Дов”да унинг ҳалокати фожиали йўсинда тасвирланиб, қўрбошининг шахсий жасорати ва озодлик йўлидаги курашини камситишга қаратилган сюжет яратилади:
“Қизил аскар ғайрат қилди,
Кеч бўлганин энди билди.
Босмачини қувиб, суриб,
Очилни кўкракдан урди.
...Мирзаполвон Очилнинг ўлигини нима қиламиз, деб оғиз солди. ...Ҳовлисидан гўр қаздириб, Очилга жаноза ўқиб, кўмди. Устидан тонг отмай, қўш қўштириб, бирдай қилиб ҳайдатиб ташлади.
Шундай қилиб қизил аскарнинг кучи билан, милицияларнинг қуввати билан, эл одамнинг ёрдами билан босмачиларнинг тухуми қуриб, эл тинчиб, ободонлик бўлиб, Шўро ҳукумати ривож олиб, кун-кундан даража топиб, эндиги замонлар бўлиб кетди.”
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, “Очил Дов” достонида воқеалар чуқур тарихий ҳақиқат асосида эмас, балки Шўро ҳукуматининг “муқаррар ғалабаси” устувор восита сифатида асосий ўринга чиқади. Ушбу достон қаҳрамоннинг шахсий фожиаси совет идеологияси ғалабасини тасдиқловчи рамзий воситага айлантирилган бўлиб, асар бадиий йўналишдан кўра кўпроқ мафкуравий-тарғибот вазифасини адо этган.
Аслида, қўрбошилар ҳаракати иштирокчилари – ҳар бири мустақил достонга арзиган тарих ва тақдир эгаларидир. Уларнинг ҳаётидаги мардлик, фидойилик, айни пайтда аччиқ ва аянчли воқеалар миллий озодлик кураши тарихининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бироқ афсуски, юзлаб қўрбошиларнинг тарихий шахсияти ва фаолияти илмий асосда чуқур тадқиқ этилмаган, улар ҳақидаги асарлар эса саноқли манбалар билан чекланиб қолмоқда. Шу боис қўрбошиларнинг ҳаёти ва меросини ҳужжатлар, архив материаллари асосида ўрганиш, уларнинг ҳақиқий қиёфасини қайта тиклаш тарихимиз ва адабиётимиз олдидаги долзарб вазифа сифатида кўрилиши зарур. Бу жараён нафақат тарихий адолатни тиклашга, балки миллий ўзликни англаш ва мустақиллик ғояларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Мафкура
Таълим-тарбия
Маънавият
Тарих
Санъат
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ