
Мафкура
Соҳибқирон ётар устоз пойида,
Жомийни пир тутган Навоий ҳазрат.
Устоз буюк деган буюк қоида
Бу қайтар дунёда азалий ҳикмат.
Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидовнинг ушбу мисраларини ўқиганда беихтиёр хаёлга чўмасиз. Устоз... Бу сўзни эшитганда қалблар жўшиб, кўнгиллар бирдан ёришиб кетади. Ёруғ хотиралар жонланади. Чунки улар бутун борлиғини, куч-ғайрати, ақл-заковати, қалб қўрини, бор меҳрини шогирдларига бахшида эта оладилар ва бундан муносиб эътибор ҳам топадилар.
Саҳиҳ манбаларда келтирилишича, муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берган. Бир зиёратчи ул зотга Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб қаршилайди ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилади. Ундан салом хабарини эшитганида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб, табаррук мактубни икки қўллаб қабул қилиб, эҳтиром билан танишиб чиққан.
Амир Темур вафотидан кейин жасадини устози Саид Бараканинг пойига дафн этишни васият қилади. Мирзо Улуғбек ёшлик чоғларида, гарчи шаҳзодаларга хос одат бўлмаса-да, устози Қозизода Румий ҳазратларининг тўни этагини ўпган экан. Мирзо Бобур Самарқандга лашкар тортиб келганида Хўжа Аҳрор валий ҳазратларининг беҳуда қон тўкмаслик хусусидаги ўгитларига амал қилиб, жанг қилмай изига қайтгани айтилади.
Афлотунга шогирд эди Арасту,
Ул шогирдга шогирд бўлди Искандар.
Бу олтин силсила давоми мангу,
Ўзи устоз бўлар устоз кўрганлар.
XV асрнинг иккинчи ярмида Хуросонда Алишер Навоий атрофида тўпланган аллома, шоир ва донишмандлар орасида машҳур бўлган ва ҳазратнинг шеърларини ўқиган қомусий билим соҳиби Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида “Устоз нимаики айтса, шогирд уни жон дили билан эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши, олган билим ва малакасини амалда адо этиши керак”, дейилади. Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман”, деган хитоби устозлик мақоми юксаклигининг далилидир. Шундай далиллардан яна бири: Пайғамбаримизнинг суюкли куёви ҳазрати Али (р.а) “Менга алиф ўргатган кишининг қулиман, хоҳласа, умрбод кишанбанд қилиб ишлатсин, истаса, озод қилсин”, деган.
Борми мураббийдан бахтлироқ инсон,
Шогирдлари қилса юксакка парвоз.
Бошимизга тожсиз, бор бўлинг омон,
Табарруклар ичра табаррук устоз!
Устозлар кўтарган машъала дунёмизни доим ёритиб турсин. Улар умрини тиккан касби йўлидаги машаққатлари эътибор ва эҳтиромга муносиб. Инсоният бахтига устозлар доим бор бўлсин!
Холиёр САФАРОВ
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Санъат
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ