Нури ўчган икки зиё маскани


Сақлаш
15:52 / 08.01.2022 996 1

Энди бу тўғрида кўп гапириш, кўп ёзиш, аллакимларга алланарсаларни роса тушунтириш мумкин. Аммо гап кўп, кўмир оз – муддаога ўтақолайлик.

 

2002 йил бошларида Республика илмий-техникавий адабиётлар кутубхонасини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат кутубхонаси таркибига қўшиш ва шу негизда Миллий кутубхона ташкил этиш тўғрисида қарор чиқди. У даврларда нимаики қисқартирилса ё тугатилса, ёхуд бошқасига қўшилса, бу ёқимсиз янгилик “оптималлаштириш” деган жозибали андава билан чиройли қилиб сувалар, аммо оқибати – талай йиллар ишлаб турган, юзлаб одамларнинг азиз умри ўтган корхонаю ташкилотлар паторатга юз тутар, ходимларнинг аллақанча қисми ўзига бошқа иш топиш кўйида тентирашга маҳкум бўлар эди. Хуллас, 48 киши дуппа-дуруст ишлаб турган РИТАК (Республика илмий-техникавий адабиётлар кутубхонаси)нинг тақдири ҳам қайсидир кабинетда ҳал этилгани хабарини эшитган ходимлар ҳанг-манг бўлиб қолишди. Чунки давлат кутубхонаси миллий кутубхона мақомини олиши учун унга бирон нимани қўшиш шарт эмасди – Марказий Осиёдаги энг улкан бу зиё маскани шу ҳолида ҳам тап-тайёр миллий кутубхона эди. 277 кишилик жамоага яна 48 ходимни қўшиб, таркибни қайта тузиш, ўтган 2001 йилда 6,5 миллионлик китоб фонди ва шунга яраша даврий матбаа нашрлари фонди билан ўзи ҳам бошқа бинога кўчиб ўтиб, сўлоғи чиққан жамоа учун энди РИТАКнинг фондини ҳам кўчириб олиб келиб жойлаштириш ташвишлари янги бошоғриқ эди, албатта.

 

Бу хабарнинг маъноси кейинроқ аниқ бўлди: РИТАК – Фан ва техника қўмитасига қарар, унга маблағ туширмас, аксинча, ундан доим пул олиб турарди. Қўмита раҳбарларига эса фойда бермайдиган “балласт”дан қутулиш чандон афзал кўринган. РИТАКни миллий кутубхонага “ошириш” аллакимнинг калласига кепқолиб, каттаконларни шунга кўндиришган эди...

 

Кимдир қизиқсиниб, сўраши мумкин: ўша 48 киши янги жойда, янги жамоа бағрида ўз ишини давом эттирадиган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Гап шунда-да. Бир-икки ой ўтгач, 325 кишилик жамоага айланган эдик ҳамки, Миллий кутубхонадан вакил сифатида каминани юқори идорага чақириб қолишди – энди Миллий кутубхонани оптималлаштириш керак бўпқопти.

 

Молия вазирлигидан келган бир йигитча жуда ўктам овозда Миллий кутубхона таркибини 150 нафар ходим қилиб белгилашни талаб қилди. Менинг, “ташкилотимиз 325 кишидан иборат, сиз айтган 150 кишилик штат мутлақо кам, ҳолбуки, масалан, фонди ҳам, ўқувчилари сони ҳам ярмимизча келадиган Қирғизистон миллий кутубхонасида 330 одам ишлайди, деган эътирозимга Молия вакили бир туки ҳам қилт этмай, “Ока, ахир унақада сизлар Молия вазирлигидан ҳам котта бўлиб кетасизлар-ку?” деди. “Нима, дунёда Молия вазирлигидан катта ташкилот бўлмасин, деган бирон қоида борми, бўлса кўрсатинг!” деган саволимга эса жавоб айта олмади. Аммо эртасига қарор билан таништиришди – 150 штат бирлиги! Бояги йигитча эса ўзининггина гапини айтмаган экан, буни энди тушундик.

 

Мақсад-муддао ходимларни кўпайтира бериш эмас. Аммо 325 киши базўр бажараётган ишни 150 нафар одам қанчалик эплаб-уддалай олади? Бунинг устига, шу 150 кишининг (асосан – аёллар) елкасини мамлакатдаги бир эмас, энг йирик икки кутубхонанинг залворли юки босиб турган бўлса.

 

Оқибат нима бўлди? Орадан бир-икки йил ҳам ўтмай, РИТАК Миллий кутубхона таркибига сингиди-кетди – ўзига хос функциялари барҳам топди. Унга келиб турадиган инженерлар, техника соҳаси олимларининг ташрифлари барҳам топди. Республика техник ходимларининг илмий маркази бўлган бир ажойиб зиё маскани бой берилди. Ҳолбуки, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт каби соҳаларда марказий тармоқ кутубхоналарига дахл қилинмади ва улар ҳозирда ҳам ишини давом эттираётир.

 

Биздан бошқа барча МДҲ давлатларида илмий-техникавий адабиётлар кутубхонаси ишлаб турибди. Россияни айтмай қўя қолайлик, масалан, ёнгинамиздаги Қозоғистон РИТАК муассасаси бир ўзи эмас, 10 минтақавий филиал ва 3 та қўшимча хизмат кўрсатиш маркази билан бирга иш юритяпти. Биз эса ягона илмий-техникавий кутубхонамизни ҳам сақлаб қола олмадик. Йигирма йил ўтди, тиклаш ҳақида ҳам ўйламаяпмиз. Нима, ё давлатимизнинг техникавий илм-фан соҳасида юксалишини унча хоҳламаймизми?

 

РИТАКнинг чироғи ўчгач, тўққиз йилдан сўнг, 2011 йилда “оптималлаштириш” ишқибозларининг нигоҳи деразаларидан нур таралиб турган яна бир зиё масканига – Миллий китоб палатасига қадалди. Қирғизистон китоб палатасида 33, Қозоғистонда 50 нафар ходим ишлагани ҳолда, бизда – Марказий Осиёдаги энг катта китоб палатасида атиги 13,5 нафар одам жон олиб меҳнат қилиб, тоғдай вазифаларни уддалаб келаётгани билан ишлари бўлмади, уни ҳам Миллий кутубхонага қўшиб юборишди.

 

Кутубхона нима эканини ҳамма билади, аммо китоб палатаси деган ташкилотни икки оғиз тушунтириб ўтайлик. Китоб палатаси мамлакатдаги китоб, газета-журнал, бюллетендан тортиб, плакат ва афишалар, чойқоғоз этикеткасию кефир шишасининг ёрлиғигача – барча босма маҳсулотни қабул қилиб олади, китобларнинг, журналлар, тўплам ва газеталардаги асосий материалларнинг библиографияси ва статистикасини тайёрлайди ва ўз фондида абадий сақлаш учун миллий матбаа архивини ташкил этади. Матбаа нашрларининг халқаро стандарт белгилари (ISBN, ISSN)ни жорий этиш ҳам унинг зиммасида. Барча кутубхоналар, шунингдек, олимлар, тадқиқотчилар, шифокорлар... хуллас, турфа касб-кордаги мутахассислар учун бу ташкилот бамисоли чексиз уммондаги бир маёқ – ҳар ким унга мурожаат қилиб, ўзига керакли ахборот манбаини дарров топиб олади.

 

Миллий кутубхонага палатанинг бир неча ходими ишга олинган бўлди, қолганларига эса “эркин қуш” мақоми берилди. Гап иш-тирикчилик воситаси топишда ҳам эмас, ҳеч ким кўчада қолиб кетгани йўқ. Аммо РИТАК ва Миллий китоб палатаси ишини юргизиб турадиган, шу соҳанинг ҳадисини олган, институтни битириб, шу ерга келган ва умрини шу ишга бағишлаган энг ноёб кадрлар тирқираб кетди. Ҳолбуки, китоб палатаси деган муассаса, бошқаларни қўятуринг, ҳатто бугунги кунда Туркманистонда ҳам ишлаб турибди, чунки унга эҳтиёж катта. Ўзбекистон китоб палатасининг дунёда фақат бир нусхада сақланиб қолган фонди эса Миллий кутубхона янги биносининг зах ва қоронғу подвалининг минус иккинчи қаватига жойлаштирилди, Миллий кутубхона икки нусха ва китоб палатаси оладиган бир нусха мажбурий нусха иккитага туширилди, хуллас гуркираб яшнаб турган бир дарахтни қоқ белидан арралаб ташлагандай иш бўлди.

 

Хўш, нега бизда бу идораларга барҳам берилган эди унда, дейсизми? Менимча, биз бозор иқтисодиётига ўтиш деганни хато англадик – даромад топмайдиган, конкрет пул олиб келмайдиган нимаики ташкилот бўлса, воз кечишга тушдик. Иккинчи сабаби эса шундай масалаларни ҳал этадиган, аммо бунақа муаммоларни англамайдиган, шу сабабли фақат буйруқ кутиб ўтирадиган ва қанақа топшириқ бўлса, “ижросини таъминлаш”га тушиб кетадиган одамлар катта-кичик ишлар бошида эканлиги бўлди. Ана ўша даврда кутубхоналарга қирғин келган эди. Яхши ёдимда, 2000 йил бошларида Тошкент вилоят болалар кутубхоналаридаги жами манбаларнинг учдан икки қисми беш йил ичида йўқ бўлиб кетганлиги аниқланди. Қаёққа кетган – ҳеч ким “билмайди”. Ва бунга бирон киши жавобгар ҳам бўлмади.

 

Ана энди шунинг киясини тортяпмиз: китобхонлик маданияти паторат топди, халқимизнинг, айниқса – ёшларнинг савияси пастлаганданпастлади. Тезроқ аслимизга қайтайлик, китобхонлик мамлакати қурамиз, дея бирон йигирмата-ўттизта китоб ўқиганини исбот қилганларга машина ҳадя қилишгача боряпмиз. Аммо савияни умумиллий миқёсда қайта тиклаш – бу бамисоли бир дарахт – бир-икки йилда мева бера қолмайди.

 

Шунинг учун ҳам, эндиги вазифаларимиздан бири ўринсиз қисқартириб юборилган шу икки зиё масканининг чироғини қайта ёқишдир. Чунки илм-фан ва техника тараққиётисиз бир қадам ҳам олға силжий олмаслигимизни, шунингдек, мамлакатимизда нашр этилган барча асарларнинг ишончли сақланиши зарурлигини, улар юзасидан тузилган библиографик маълумотномалар нақадар кераклигини яхши биламиз.

 

Ҳозирда ижтимоий вазиятни янада яхшилаш, миллат қаддини тиклаш учун турли ташкилотларга давлат тили бўйича бошлиқ маслаҳатчиси, ҳар бир маҳаллага эса туман ҳокимининг ёрдамчилари бириктириляпти. Шундай эзгу ва хайрли ишларнинг эндигиси – оғир иқтисодий шароит, ё ўзга сабабларга кўра “оптималлаштирилган” – тугатилган, қўшиб ташланган, қисқартиб юборилган зиё масканларини қанча тез тикласак, шунча яхши. Зеро мақсадимиз – маърифатли демократик жамият қуришдир. Илм-фанни юксалтириш орқали янги Ренессансга кириб бормоқчимиз.

 

Ренессанс уйғониш демакдир. Бир пайтлар олақоронғуликни афзал кўрган аллакимлар ўчириб кетган зиё масканларининг қандиллари яна аввалгидан ҳам чароғонроқ бўлиб нур сочса, онгимиз равшанлашади. Мудрай бошлаган ижтимоий зеҳниятимиз уйғонади. Зеро, биз интилаётган янги тамаддуннинг эшиклари кутубхона ва мактаб остоналарига ўрнатилган.

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

 

Hurriyat газетаси, 2021 йил

22 декабрь, 49 (1269)-сон

1 Изоҳ

Мунаввархон

12:01 / 01.01.1970

Ассаллому алайкум, Oyina ижтимоий канали маъсуллари, каналда берилаётган хар бир хабар эътиборимдан четда колмайди,жамиятдаги энг огрикли масалалардир,кутубхоналарни ташкил этиш керак.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//