
Рустам Собирович Қосимов ҳақида сўз борса, суюкли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг қуйидаги гаплари ёдимга тушади. Ёзувчи мактаби ёнидаги чархпалакни эслаб ёзади: “Чархпалак кафтида сув кўтариб, юқорига олиб чиқади... тепага чиқиб олган сув ортига қайтмайди... Чархпалак ҳам бундан ранжимайди. Янгидан янги сув томчиларини юқорига кўтариб бераверади...
Сўнг... бир ҳақиқатни англадим. Мен чархпалакни эмас, устозларимни қўмсар эканман.
Сув – сув эмас, мен эканман! Чархпалак – чархпалак эмас, ўқитувчиларим экан!
Мени – бир томчи сувни катта ҳаёт йўлига олиб чиқиб қўйган чархпалак – устозларим заҳматини оқлай олдиммикан? Билмадим...”
Мен 2017-2020-йиллар устоз Рустам Қосимов раҳбарлигидаги Давлат бошқарув академиясида декан бўлиб ишлаганман. Ўша пайтда олдимизга янгиланаётган Ўзбекистоннинг замонавий фикр ва ғояларга эга, билимли, ватанпарвар кадрларини тайёрлаш вазифаси қўйилган эди. Бу жуда катта масъулият ва машаққат талаб этарди.
Давлатимиз раҳбарининг ўша пайтлар “Сени нима ўйлантиради, деб сўрашса, ҳеч иккиланмасдан, кадрлар масаласи, деб жавоб бераман”, дея таъкидлагани ҳам илмли ва малакали, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, меҳнатсевар, фидойи мутахассисларни топиб, жой-жойига қўйиш мамлакат, халқ тақдирига дахлдор қанчалик муҳим вазифа эканини кўрсатиб турарди.
Тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган мамлакатимизда янги авлод кадрларини тайёрлашдек масъулиятли иш айнан Рустам Қосимовдек зукко ва маърифатли зот зиммасига юклатилгани бежиз эмас эди.
Кўп йиллар давомида Олий ва ўрта махсус таълим вазири, вазир ўринбосари, Бош вазирнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият масалалари бўйича ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори каби масъул лавозимларда хизмат қилган инсоннинг бу борадаги тажрибасига Президент ҳам, ҳукумат раҳбарлари ҳам ишонарди ва бу юксак ишонч оқланганини кейинчалик ҳаётнинг ўзи кўрсатди.
Ўша йиллари Рустам Собирович, машҳур адиб таъбири билан айтганда, ҳақиқий чархпалак вазифасини ўтаб, юзлаб бошқарув кадрларини тайёрлашга улкан ҳисса қўшди.
Агар кимдир мендан сенинг бахтинг, омадинг нимада, деб сўраса, ҳеч иккиланмай, менинг бахтим – ҳаётимда кўп улуғ инсонларга дуч келганим, улардан сабоқ олиб яшаётганим, деб жавоб бераман.
Ана шундай инсонлардан бири Рустам Қосимов эди. У киши билан бирга ишлаган кезларим мен наинки, раҳбарлик мезони ва маҳорати, жамоа билан, одамлар билан ишлаш, мулоқот қилиш маданияти, энг асосийси, эл-юртга садоқат билан хизмат қилиш нима эканини англаб етдим.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, ишга кириш учун суҳбатга туни билан тайёрланганман, ўқиганларимни такрорлаб, инглиз тилидан, қонун ҳужжатларидан савол-жавоб бўлишини ўйлаб, шунга яраша ҳозирлик кўрганман.
Суҳбат эса буткул бошқача руҳ ва мазмунда кечган.
Салом-аликдан сўнг устоз жиддийлик билан сўраганлар: “Қаердансан?”
“Олмалиқданман”, – деб шошиб жавоб берганман.
“Хўш, яхши, Олмалиқ тарихини биласанми?”
Мана шу ерда менинг, аввало, ўз она шаҳрим, вилоятим, Ватаним тарихини севишим, ундан фахрланишим қўл келган. Мана шу муҳаббат мени тарихни чуқурроқ ўрганишимга сабаб бўлган, жумладан, Олмалиқ тарихини ҳам...
“Ҳа”, деганман ичимда қувониб ва ўқиганларим, отамдан эшитганларим асосида жавоб берганман. Шундан сўнг маҳаллам тарихи, музейлар, муқаддас қадамжолар ҳақида сўраганлар.
Бу суҳбат ҳаётимда янги саҳифа очди: ишга қабул қилиндим. Кейинчалик бирга ишлаб, яқиндан билдимки, Рустам Собирович ниҳоятда миллатпарвар, юртсевар инсон экан. У кишининг кўпгина ҳаётий ўгитлари ҳамон ёдимда: “Ҳеч қачон унутма, ўз тарихини яхши билган одам, аввало, юртини яхши кўради, ватанни қадрлайди, халққа хизмат қилади. Ҳар қандай билим ватанпарварлик билан боғлансагина, ривожланишга хизмат қилади”;
“Кайфиятинг ўта кўтаринки ёки тушкун ҳолатда бўлсанг, ҳеч кимга ҳеч нарсани ваъда қилма, қарорларни фақат ақл ва тафаккур билан қабул қил”;
“Президентимиз давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, демоқда. Академия битирувчилари мана шу талабга энг биринчи бўлиб “лаббай” деб жавоб беришлари керак”;
“Академия битирувчилари, ҳар бир бўлажак раҳбар-ходим, албатта, ўзбек мумтоз адабиётининг энг нодир намуналарини ўқиган бўлиши шарт”;
“Билимли кадр – бу ҳали яхши кадр дегани эмас. Яхши кадр бўлиши учун у тарбияли, миллатпарвар, юртпарвар ҳам бўлиши керак”.
Бу каби ҳикматли сўзлар жонкуяр устознинг биз, ёш ходимларга уқтирган энг қимматли панд-у насиҳатларидан бир шингил, холос. Аслида, домла билан бирга кечган йилларимнинг ҳар бир куни сабоқ, ҳар соати тажриба билан бойиб бораверганини бугун англаб етяпман.
Баъзан ўйлаб қоламан, кимдир маълум бир даврни тилга олиб, мен ўша йиллари устозлардан сабоқ олганман, дейди. Назаримда, устозлар сабоғи йиллар билан эмас, балки биз – шогирдлар қилган ишларнинг салмоғи ва самараси билан ўлчанади. Чунки, ҳар бир эзгу амалимиз, ҳаракатимиз, қабул қилган қароримиз ортида улардан олган ҳаёт дарсимиз натижаси кўриниб туради.
Рустам Собировичнинг бугунги кўпчилик ёш раҳбар-у мутахассислар, айниқса, интернет ва ижтимоий тармоққа ҳаддан зиёд берилиб кетган ўғил-қизларимизга ўрнак бўладиган бир ажойиб фазилати бор эди. Доимий банд бўлишига қарамасдан, у киши мутолаага албатта вақт топарди. Ҳар куни камида юзлаб саҳифа китоб ўқишдан ташқари, вақтли матбуот нашрлари (улар орасида хорижда чоп этиладиган газета ва журналлар ҳам бўларди), илмий мақолалар, янгиликлар билан танишиб боришни ўзларига мунтазам одат қилиб олган эдилар.
Ҳа, устозларнинг ҳар бир сўзи – хазина, ҳар бир ҳаракати биз учун мактабдир. Бугун ўйлаб қарасам, Рустам Собирович ўзларининг эзгу амаллари, олижаноб шахсияти билан бизга мана шундай ибрат намунасини кўрсатиб кетган эканлар.
Руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин.
Отабек ҲАСАНОВ,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори
“Жадид” газетаси, 2025 йил, 5 сентябрь, 36-сон
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ