
Сизда ҳам ҳеч шундай бўлганми: отангизнинг фикрлари эскирган, ҳозирги маълумотларни билмайдигандек ёки жараёнга эски тузум андозасида муносабат билдираётгандек. Аммо улғайганингиз сари ўзингиз пул топиб, кунингизни ўзингиз кўраётганингизда унинг баъзи хислатларини такрорлаётган, баъзи фикрларига қўшилаётгандек бўлганмисиз? Бу нимани англатади? Енгилиш ё қариликними? Йўқ, бу жамиятга мослашаётганингиз белгиси. Буни мақола давомида тушуниб етасиз.
Ота ва ўғил муносабатлари инсоният тарихида доимо мураккаб, кўп қиррали ижтимоий, психологик жараён сифатида эътироф этилган. Чунки айни муносабат оилавий тизимнинг асоси, шахснинг идентификацияси, индивидуал ривожланиши ҳамда жамиятдаги ижтимоий ролини шакллантиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу боис ота ва ўғил муносабатларининг инқирози нафақат оилавий тизимда, балки бутун жамиятда акс беради.
Зигмунд Фрейднинг психоаналитик назарияси (Эдип комплекси) ушбу муносабатларнинг чуқур психологик асосларини очиб беришда беқиёс аҳамиятга эга. Фрейднинг таъкидлашича, боланинг онага бўлган муҳаббати ва отага қарши рақобат туйғуси – инсон руҳиятининг ривожланишида марказий роль ўйнайдиган мураккаб ички конфликтдир. Ушбу назария ёрдамида ота-ўғил муносабатларидаги инқирозларнинг асосий сабаблари ва уларнинг ижтимоий-маънавий оқибатлари чуқур таҳлил қилиниши мумкин.
Падаркушлик (Эдип) комплекси – ота-ўғил муносабатларининг марказий элементи ҳисобланиб, унга кўра, бола психосексуал ривожланишнинг бир босқичида (тахминан 3-6 ёшда) онага нисбатан кучли ҳиссиётлар билан бирга отани рақобатчи сифатида қабул қилади.
Фрейд назарияси инсон психикасини тушунишда инқилобий аҳамиятга эга бўлди, чунки у инсон ички ҳаёти ва ижтимоий муносабатларининг мураккаб қатламларини очишга ёрдам берди. Фрейднинг падаркушлик назариясида бола 3–6 ёш оралиғида фаллик босқичидан ўтади.
Унинг психологик моҳияти. Бола отани рақобатчи деб билади, чунки онанинг эътиборини ота билан «бўлишишга» мажбур. Ички психик босим кучаяди: бола бир вақтнинг ўзида отасини ҳам севади, ҳам ундан нафратланади. Натижада боланинг онг остида хавфли орзу (отани йўқ қилиш) пайдо бўлади ва у бунда ўзини айбдор ҳис қила бошлайди.
Бунинг ижтимоий оқибатлари. Отага қарши норозилик: Бола катталарга, айниқса, отасига нисбатан норозилик ҳиссини онг остида сақлаб қолади. Бу катталашганида ижтимоий тартиб-қоидаларга қарши чиқиш, исёнкорлик, индивидуал дунёқарашга олиб келиши мумкин.
Оила структурасининг заифлашуви: Ота образининг психологик жиҳатдан йўқ қилиниши, яъни унга бўлган ҳурматнинг камайиши — оилада ОТА ўрнининг сусайишига олиб келади.
Етуклик жараёнининг бузилиши: Бола отани йўқ қилиш ўрнига унга тақлид қилиши, идентификация қилиши керак. Бу босқичдан муваффақиятли ўтолмаса, бола тўлақонли шахс сифатида шаклланолмайди.
Маънавий оқибатлар. Айбдорлик ҳисси: Бола отага нисбатан салбий истакларини англагач, ўзини гуноҳкор ҳис қилади. Бу айбдорлик ҳисси онг остида қолиб, бутун ҳаёти давомида унинг ҳаракатларига таъсир кўрсатади.
Ички конфликтлар: Бу истаклар ва айбдорлик ҳисси баъзан ҳаётий танловларда, муҳим қарорлар қабул қилишда иккиланиш, ўз-ўзидан шубҳаланиш, ноаниқ ташвишлар шаклида намоён бўлади.
Маънавий зиддият: Ота кўпинча анъанавий қадриятлар – дин, тартиб ва ахлоқ тимсоли сифатида қаралади. Отага қарши истак маънавий қоидалар билан тўқнашади, бу эса шахсда ички изтироб уйғотади.
Ота ва ўғил ўртасидаги рақобат ва узвийлик ҳар қандай жамиятда бор ва Фрейд назарияси бу зиддиятнинг психологик илдизларини англатган ҳолда унинг маданий, тарихий ва ахлоқий кўринишларини адабий таҳлилга олиб киради.
1. Ички психологик конфликт
Ўғил кўпинча отани севади ва бир вақтнинг ўзида ундан қочишга, унга қарши чиқишга ҳаракат қилади. Бу икки томонлама ҳиссиёт – севги ва қаршилик, ҳурмат ва нафрат – образларда доимий зиддият сифатида акс этади. «Отамга хат» асарида Кафка отасига нисбатан муносабатини очиқ-ойдин тан олади. (Тавсия: агар «Отамга хат» асарини ўз кўзингиз билан кўрмоқчи, Кафкани ҳис қилмоқчи бўлсангиз, «Шамс-Қамар» театрига ташриф буюринг.)
2. Авторитетга қарши чиқиш
Ўғил отанинг фикрига бўйсунмай, ўз йўлини танламоқчи бўлади. Бу ҳолат ота учун «содиқ бўлмаган фарзанд», ўғил учун эса «эркинликка интилиш» сифатида намоён бўлади. Мисол: Рембрандт ван Рижннинг «Адашган ўғилнинг қайтиши» суратида саркаш ўғилнинг эркинлик истаб кетгани сабаб соғинчдан кўзлари кўр бўлган ота ва эркинлик юкини кўтаролмай толиққан ўғилнинг тазарруси ифодаланган.
3. Маънавий ажралиш
Ота ва ўғил бир оилада яшасада, улар бир-бирини тушунмайди. Бу ҳолат ўғилнинг ички ёлғизлигига, тушкунлигига олиб келади. Стендалнинг «Қизил ва қора» романида оддий деҳқоннинг энг заиф ва нимжон ўғли – Жулиен Сорел меҳнатга «яроқсиз»лиги учун отаси битта нонхўрдан қутилиш мақсадида уни черков таълимига беради. Чунки у ерда боланинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги черков томонидан таъминланарди. Натижада Жулиен Сорел отасидан маънавий узилади. Бу жараён Жулиен Сорел ҳаётига салбий оқибатларни бошлаб келади.
4. Қасос, исён ёки рад этиш
Ўғил қаҳрамон отани ҳаётидан бутунлай чиқариб ташлашга ёки унга қарши жиддий ҳаракат қилишга қарор қилади. Бу рад этиш орқали у ўзлигини топмоқчи бўлади. Достоевскийнинг «Ака-ука Карамазовлар» романида ота – Фёдор Павлович ўғилларининг нафратига дучор бўлади. Айниқса, Дмитрий билан бўлган зиддият бу муносабатлардаги тўлиқ ишончсизлик, ахлоқий инқироз ва жамиятдаги оталик моделининг таназзулини кўрсатади.
Фрейднинг падаркушлик назарияси ота-ўғил муносабатларининг психоаналитик асосларидан бири бўлсада, бошқа психолог ва файласуфлар бу масалага турлича ёндашган. Масалан, Фрейд индивидуал онг остини асосий тушунтирувчи восита сифатида кўрган бўлса, Карл Густав Юнг инсон психикасини коллектив онг ости, яъни бутун инсониятга хос архетиплар орқали тушунтиради.
Юнг учун Ота архетипи – муқаддас ҳокимият, тартиб, маданият тимсоли. Ўғил ушбу архетип билан тўқнаш келганда уни рад этмайди, балки унга мослашади, ўз шахсини бу архетип асосида қуришга ҳаракат қилади. Юнгда падаркушлик ҳисси – табиий агрессия эмас, балки психик ривожланишдаги босқич, шахсият шаклланишининг муҳим элементи сифатида талқин қилинади. Асосий фарқи Юнгда ўғил отани «йўқ қилиш» эмас, балки ўзлаштириш орқали ўзлигини топади.
Фрейд инсонни биологик ва инстинктуал мавжудот деб билган бўлса, Фромм уни ижтимоий, маданий ва ахлоқий мавжудот сифатида кўради.
Фромм назарида отанинг икки кўриниши бор:
- Авторитар ота – буюради, жазолайди, севгисини шартли қилади. («Меҳробдан чаён» романидаги Раънонинг отаси каби.)
- Гуманистик ота – йўл кўрсатади, ишонади, шартсиз қабул қилади. («Ўткан кунлар» романидаги Отабекнинг отаси каби.)
Ўғил бу икки образ орасида ҳаракат қилади. Конфликт – авторитар отага қарши ички исён натижасидир. Ота-ўғил муносабати соғлом бўлиши учун ҳурматга асосланган эркинлик бўлиши керак. (Шу ўринда савол туғилади: ота бир вақтнинг ўзида ҳам авторитар, ҳам гуманистик бўлиши мумкинми? Албатта, масалан, Бойбўрини олайлик, у Алпомишга нисбатан гуманистик ота, Ултонтозга нисбатан эса авторитар ота ролини бажарган.) Асосий фарқ: Фроммда падаркушлик ёки нафрат ҳисси табиий эмас, балки нотўғри ижтимоий шароит маҳсули деб қаралади.
Фрейднинг жинсий марказлашган назариясини танқид қилиб, Ҳорней руҳий муаммоларнинг асосида маданий босим, гендер тенгсизлик, севги ва хавфсизлик эҳтиёжи ётади, деб ҳисоблайди. Ҳорнейнинг фикрича, ўғил ўзини отаси назарида эмас, балки бошқалар билан таққослаганда баҳолайди. Агар ота болани рад этса ёки доимий танқид қилса, бу ўғилнинг ички хавфсизлик туйғусини поймол қилади ва ўғил тажовузкорлик ёки ўзини инкор қилиш билан жавоб қайтаради. (Ултонтоз бунинг яққол мисоли. У никоҳсиз фарзанд бўлгани учун отаси томонидан рад этилди. Оқибатда, Ултонтоз руҳиятида нафрат ва тажовузкорлик кучайиб борди.) Асосий фарқ эса Ҳорней муаммонинг марказида падаркушлик эмас, балки руҳий ҳимоя эҳтиёжи туради, дейди.
Ота-ўғил муносабатларидаги инқироз ёки зиддият фольклор ва мифологияда ҳам чуқур илдизларга эга. Ушбу манбалар инсониятнинг архаик онги маҳсули бўлиб, психоаналитик назарияларни тушунишда тимсолий асос бўлиб хизмат қилади. Масалан:
1. Фрейд назариясига асос бўлган Эдип афсонасини олайлик. У ўзи билмаган ҳолда отасини ўлдириб, онасига уйланади.
2. Туркий халқлар фольклори қаҳрамони Алпомиш эса Юнг назариясига мисол бўлади. У отаси ва аждодлари каби алп бўлишга интилади ва қаҳрамонлик йўлини босиб ўтади.
3. Фромм назариясига мисол қилиб «Уч оға-ини ботирлар» эртагини олайлик. Улар гуманистик ота қўллаб-қувватлаши сабаб қаҳрамонлик синовларидан ўтиб, ўз бахтларини топади.
4. Ҳорней назариясига мисол тарзда «Шоҳнома» достони қаҳрамони Суҳробни олиш мумкин – у жамиятдаги хавфсизлигини таъминлаш учун ўз илдизини топиш эҳтиёжи билан йўлга чиқади.
Хулоса қилиб айтганда, ота ва ўғил муносабатларидаги инқироз инсон шахсининг шаклланишида, ижтимоий идентитетининг ривожланишида ва бадиий образлар орқали миллий онгни акс эттиришда марказий ўрин тутади. Бу мавзуни психоаналитик назариялар ёрдамида таҳлил қилиш адабиётшунослик ва психология ўртасидаги самарали илмий мулоқот имкониятини яратади.
Зиёда ТУРДИБОЕВА
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ