Товус ўзининг чиройли патларини юлиб улоқтириб, танасини хунук ҳолатга келтиргани — “Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар


Сақлаш
14:33 / 11.06.2025 20 0

Бир ҳаким саҳрода сайр этиб юраркан, ногоҳ ўз патларини юлаётган товусни кўриб қолди ва унга деди: “Эй товус! Шундай ажойиб, кўркам патларингни қандай қилиб шафқатсизлик билан туб-тубидан юляпсан? Шундай ноёб, қимматбаҳо нарсани юлиб, лойга улоқтиришга қандай журъатинг етди? Ҳар бир патинг нодир ва чиройли бўлгани учун ҳофизлар уни Қуръон саҳифалари орасига қўядилар. Ҳавони фойдали ҳаракатлантириш мақсадида патларингдан елпиғич ясайдилар. Бу қандай ношукурлик, бу қандай қўрқув билмаслик? Унинг Наққоши ким эканини наҳотки билмасанг? Ёки била туриб ноз қиляпсанми? Бу безакларни атайлаб юляпсанми? 

 

Товус йиғидан тўхтаб деди: “Кет бу ердан, чунки сен рангу ҳид асирисан! Мана шу қанотларим туфайли менга тўрт томондан юзлаб хавфу хатарлар ёғилаётганини наҳотки кўрмаётган бўлсанг! Шу патларимни деб ҳар ерда менга тузоқ қўяётган раҳмсиз овчиларнинг сон-саноғи йўқ! Қанотларимни деб, менга мўлжалланган ўқларини бўшатаётган ёйандозлар ҳам истаганча топилади. Токи менда бу ҳукмга, бу ҳамлага, бу синовга қарши куч ва иқтидор йўқ экан, тоғу саҳроларда хатардан йироқ бўлишим учун хунук ва бадбашара бўлганим афзалроқдир. Бу қилган ишим манманлигимга, ўзимга бино қўйишимга қарши қуролга айланди. Ахир манманларга, такаббурларга юзлаб балолар ёғдирадиган ҳам уларнинг манманлиги, такаббурлиги эмасми!”

 

* * *

Қобилият – тузоқ ичидаги донни кўриб, тузоқни кўрмайдиган хомлар учун ҳалокатдир. “Аллоҳдан қўрқинг!”[1] даъватига биноан ўзини бошқарганлар учун танлов яхшидир. Тақвою парҳезинг бўлмаса, эҳтиёт бўл! Ўшанда асбоб-ускуналарнинг баҳридан ўтиб, танловдан воз кеч. Патларим ўзни намоён қилишим ва танловимдир; патларимни юламан, ахир улар бошимга бало ёғдиради! Сабри борлар ўзларининг патлари билан ҳисоблашмайди, чунки патлари уларни бало ва изтиробга гирифтор этмайди. Шундай экан, патлари зарар келтирмайдиганларга: “Уларни юлмагин!” деб айт. Уларда учаётган ўқларни тўсгувчи қалқони бор. Аммо, токи ўзимни намоён қилишдан тийилмас эканман, чиройли патларим менинг қаттол душманларимдир. Агар сабру камтарлигим мен учун раҳнамо бўлганда эди, танлов имкониятидан улуғворлигим ва шоним юксалган бўларди. Мен худди гўдак ёки мастга ўхшайман: васваса ичра қўлим тиғ тутишга лойиқ эмас. Агар менда жиндак ақл ва барқарорлик бўлганида эди, қилич менинг қўлимда ғалаба келтирувчига айланарди. Менга қуёшдек нур таратгувчи, тегишли равишда, зарур бўлгандагина тиғ билан зарба берувчи ақл керак. Модомики, менда ярқироқ ақлу идрок ва мулоҳазакорлик йўқ экан, қурол-яроғимни қудуққа ташлашдан ўзга не иложим бор? Айни дамда қилич ва қалқонимни қудуққа ташлайман, акс ҳолда улар душманимнинг қуролига айланади, куч, мадад ва таянчим йўқлиги боисидан душманларим қиличимни мендан тортиб олиб, у билан ўзимга зарба беради. Мен юзини яширмаган, тубан хулқ-атворли нафсга қасдма-қасд равишда, жамоли ва камолини камайтириш учун ўз юзимни юламан. Қачонки, юзимни гўзаллик тарк этса, кўнгилсизликлар ва ноқулай вазиятларга камроқ дучор бўламан. Агар мен уни шу ният билан тирнасам, бу гуноҳ саналмайди, чунки бу юзни жароҳатлар остида яширишим керак! Агар юрагим камтарона хулқ-атворли бўлганида эди, гўзал чеҳрам покликдан ўзга нарса пайдо этмаган бўларди. Ўзимда қудрат, қобилият, мулоҳазакорлик кўрмаганимдан сўнг, душманимни кўргач, қиличим унга қўшимча чора, восита бўлмай, ханжарим ўзимга ҳалокат келтирмай бурун тезлик билан қуролларимни синдирдим. Токи томиримда қоним айланар экан, мен қочаман. Ўздан қочиш осонми? Кимки бошқа бировдан қочаркан, ундан узоқлашгач тинчланади. Менким, ўзимга ўзим душман эканман, қочиш билан овораман. Дам-бадам ирғиб туриш ва қочиш бир умрлик машғулотимдир. Зеро, душмани ўзининг сояси бўлган кимсани Ҳиндда ҳам, Хўтанда ҳам хавфу хатарлар таъқиб этаверади.

 

Хулқи ёмон кимсаларнинг илм, молу давлат ва мартабага эга бўлиши уларга иснод келтириши

 

Феълу атвори бузуқ одамга илму ҳунар ўргатиш – қароқчининг қўлига қилич тутқазиш билан баробар. Маст занжининг илкига тиғ бергандан кўра, нокаснинг қўлига илмни топшириб қўйиш чандон афзалроқдир. Илм, молу мулк, юқори мансаб, юксак мартаба, омад – барчаси феълу атвори бузуқ одамнинг қўлида фитна ҳамда офат қуролига айланади. Бу ёвуз феъл-атворли кимсанинг қўлидаги қиличини тезда тортиб олгин. Юксак лавозимнинг жоҳиллар билан қилган шармандалигини юзлаб шерлар тўдаси қила оладими?! Нодон кимса куч-қудратга ёки бойликка етмагунга қадар унинг нуқсон ва иллати кўринмайди. Аммо у ҳаракат қилиш имконига эга бўлганда нуқсу иллатлари ёриқдан илондай судралиб чиқиб келади. Нодон фармойишлар берувчи шоҳга айлангач, у қарор топган жой илонлар ва чаёнларга тўлиб кетади.

 

Мартаба ва молу мулкка эга бўлган нокас кимса ҳамиша ўз бадномлигини ахтаради: ё бахиллик қилиб кам эҳсон қилади, ёки ўринсиз саховат кўрсатади. Аҳмоқнинг инъоми – шоҳни пиёдалар хонасига қўйишдан бошқа нарса эмас. Ҳокимият гумроҳнинг қўлига тушиб қолса, у бу жараённи юксак мақом деб ўйлайди, аслида эса у чуқурга қулаётган бўлади. Йўлни билмай туриб, йўл кўрсатади, қабиҳ жони бутун оламга фитна солади.

 

Маънавий қашшоқлик йўлидаги турмуш тажрибасига эга бўлмаган мишиқининг раҳнамоликни ўз зиммасига олиши – турли шаклларга кириб, одамларни йўлдан адаштирувчи жиннинг йўл кўрсатишига ўхшайди. Унинг ўзи ойни ҳеч қачон кўрмаган бўлса-да: “Келгин, мен сенга ойни кўрсатай!” дейди. Қандай кўрсатасан? Ахир ўзинг ҳатто сувдаги ой аксини ҳам кўрмагансан-ку, эй эси паст! Аҳмоқлар даҳо бўлдилар ва алломалар ваҳму қўрқувдан бошларини чакмонларига буркаб олдилар.

 

Жалолиддин РУМИЙ,

“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар

Насрий баён муаллифлари:

Одил ИКРОМ ва ОЙДИННИСО


[1] “Оли Имрон”, 200-оятга ишора.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

15:06 / 11.06.2025 0 25
Ҳамзанинг “мактублари”





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18674
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//